Озодлик радиоси: Туэлда ўзгаришлар анчагина

“Озодлик” радиосида Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Туэл қишлоғига оид лавҳа эълон қилингандан сўнг бу ерда анча ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Маълумотларга қараганда, қишлоқда ширкат ишчиларига маош тарқатила бошлаган, ичимлик сув муаммосини ҳал қилиш учун янги қудуқ қазилмоқда.

“Озодлик” мухбири қишлоқда амалга оширилаётган ўзгаришларни ўрганиш учун Туэлда бўлди. Маҳалла масжиди имоми, 80 ёшли ҳожи Абдумажидхўжанинг таъкидлашича, қишлоқ аҳли узоқ йиллардан буён ичимлик сувга муҳтож бўлган.

Кишилар бошқа маҳалладан кечалари навбатда туриб сув олиб келган. Энди эса бу муаммони ҳал қилиш учун қудуқ қазилмоқда. Туэлликлар бундан миннатдор бўлаётир.

Туэл маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркин Қўзиевнинг айтишича, яқинда қишлоққа Фарғона вилояти ҳокими Алишер Отабоев келган. Ҳоким қишлоқ аҳлига мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатишини билдирган. Орадан кўп ўтмай, умумий қиймати 40 миллион сўмлик сув қудуғи қазиш ишлари бошлаб юборилган.

“Озодлик” мухбири бу ишларни ўз кўзи билан кўриш мақсадида қудуқ қазилаётган жойга борди. Қишлоқнинг юқори ҳудудида экин майдонидан бўшатилган 10 сотихча майдонда ер қазиш ишлари авжида эди. Маҳалла посбони Мухтор Раҳимовнинг билдиришича, қишлоқда 650 хўжалик бўлиб, қудуқ фойдаланишга топширилгач, уларнинг ярмидан ортиғи сув билан таъминланади.

Қишлоқ одамларининг маълум қилишича, улар шу вақтгача фақат пахта терими чоғида терилган хомашё учун нақд пул олган. Бошқа пайтларда хўжалик уларга иш ҳақи ўрнига имкони борича ун ва пахта ёғи берган. Лекин яқинда бу борада анча ўзгаришлар бўлди. Далаларда ишлайдиганлар март ва апрель ойлари учун 2-2,5 минг сўмдан аванс пули олди. Тўрт нафар ишчига эса 10 минг сўмдан тарқатилган.

10 минг сўм маош олганлардан бири Ўктамхон Қодировадир.

“10 минг сўмни 5 май куни кечқурун бериб кетишди. Бунча пулни олганимдан шошиб қолдим. 10 минг сўм олган бошқа шерикларим билан эртаси куни пулларни далага олиб бордик. Ширкатдан қарзим бор, шунча қарз устига яна пул олиб қачон қутулиб кетаман, деб раисимиз ва агрономга айтдим. Улар қўрқмай ишлатаверишимни таъкидлашди. Бу пулни уч кун белимга бойлаб олиб юрдим. Кейин посбонимиз билан Эркин Қўзиев келиб қолди. Улар далада шунча меҳнат қилаётганимни, шунинг учун бу пулни болаларимга ишлатаверишим мумкинлигини айтди”, дейди Ў.Қодирова.

Ширкат ишчиси Дилрабо Зокирова яна шундай ўзгаришлар бўлиб турса, пилланинг пули ҳам берилишидан умид билдирди.

Э.Қўзиевнинг сўзларига қараганда, вилоят ҳокими қишлоқ аҳли билан ўтказилган йиғилишда янги уйларга электр линияси ўтказишга ҳам ёрдам кўрсатишга ваъда берган. Орадан бир неча кун ўтиб, 28 та симёғоч олиб келинган ва улар айни пайтда қишлоқ кўчаларига ўрнатиляпти.

Туэлликлар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркин Қўзиевнинг жуда халқпарвар экани, ўзининг уйида дарвозаси бўлмаса-да, фақат эл ташвиши ҳақида ўйлашини таъкидлади. Шундай суҳбатларнинг бирида “Озодлик” мухбири Ғаниобод қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Муҳаммаджон Ғаниевни учратиб қолди ва ундан қишлоқдаги ўзгаришлар ҳақида гапириб беришни сўради. У бу каби ўзгаришлар “Озодлик”да шу қишлоқ ҳақида лавҳа тайёрлангандан олдин ҳам бўлганини айтиб қолди. Бироқ фуқаролар дарҳол унинг гапларини инкор қилди.

Мухбир қишлоқ аҳли билан суҳбатлашиб турганида Ўзбекистон тумани ҳокими Умар Тожибоев пахта даласида экани ҳақида хабар келди. Мухбир ундан қишлоқдаги ўзгаришларга муносабат билдиришни сўради. Бироқ ҳоким жаноблари “Озодлик” мухбирига интервью беришни рад этди.

Туэлликларнинг айтишича, маҳаллий маъмурлар жорий йилги пилла ҳосили учун ҳам аҳолига пул тўлаш, қишлоқ йўлларини асфальтлашга ваъда берган.

Эслатиб ўтамиз, “Озодлик” радиосида эфирга узатилган лавҳада Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” кўрсатуви мухбири Муҳаммаджон Обидов мазкур қишлоқдан тайёрлаган материалида сохталикка йўл қўйгани, яъни ишчиларга маош берилаётгани ҳақида нотўғри маълумот тарқатгани таъкидланганди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.