Пора бермагани сабаб қийноқ қўлланиб, қотиллик ва номусга тегиш жиноятида айбланиб, қамалди
ТЕЛЕГРАММА
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй. Президент девонига Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига
Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!
Яқиндагина чаласавод ва порахўр, ашаддий жиноятчи – Фарғона вилояти Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзақов Республика бош прокуратурасида ўтказилган аттестация синовидан ўта олмагани сабабли хизмат вазифасидан четлатилди. Лекин унинг буюртмасига кўра хибсга тиқилган айбсиз айбдор фуқаролар масаласига ойдинлик киритилгани йўқ.
Ўша порахўр прокурор оғзига сиққан суммада пора билан таъминланса ашаддий қотилни ҳам айбсиз деб топиб, айбсиз фуқароларни ўта хавфли жиноятчи тарзида расмийлаштириб, ўз ҳуқуқини билмаган фуқароларни умрини қамоқда чиритиш учун узоқ йилларга қаматгизган холатлари бисёр.
2002 йил 1-июль куни кечаси Олтиариқ туман Файзиобод қишлоқ қурилиш жамоасига қарашли боғ қоровули Олимжон Ҳомиталиев ушбу боғда ваҳшийларча ўлдирилиб, ўлиги ёндириб юборилган.
Ушбу жиноят иши бўйича ўтказилган тезкор текширувларда бу жиноятни Маъмир Қобулов исмли шахс томонидан содир этилганлиги аниқланган. Ҳаттоки жиноят ишининг 1-жилди 107-вароғида 3-июль кунги прокуратура терговчиси Баҳтиёр Пўлатов томонидан расмийлаштирилган “Гумон қилинувчи Маъмир Қобуловдан қон намунасини олиш тўғрисидаги” баённома мавжуд.
Шунингдек, жиноят ишининг 30-вароғида Турдиевни кўргазмасида, 40-вароқда Азимов Эминжонни, 120-вароқда Қодиров Исроилни кўргазмасида маҳрум билан нафақат Маъмир Қобулов, балки унинг хотини Ҳазинахон ҳам уришиб юргани, 99-вароқда Маъмир Қобуловни Олим Ҳомиталиевни ўлдиришига асоси борлигини билдириб берган кўргазмаси мавжуд.
Лекин Олтиариқ туман Ички Ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Аминжон Юсуфжонов орқали 10 минг АҚШ доллари пора олган порахўр прокурор гумонланувчи сифатида қон намунаси олинган шахс Қобуловни ҳаттоки гумонланувчи тариқасида ҳам сўроққа жалб қилмаган.
Ушбу жиноят содир этилгандан кейин кўплаб ёш йигитлар хибсга олинганлар. Қотиллик жинояти содир этилган пайтда оила аъзолари билан бирга ўз хонадонида бўлган камбағал ва ночор оилалар фарзандлари Турсунов Шамсиддин, Орифжонов Ҳамдам ва яна уларни 8 нафар ҳамқишлоқлари ҳам бошқалар қатори ИИБга тутиб келтирилганлар.
Ушбу 8 нафар ҳамқишлоқлар ИИБда хибсда ўтирганларига бир неча кун бўлган пайтда Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди раиси Тожиддин Вахобов ИИБда хибсда ўтирган йигитларни кўчада безорилик жинояти содир этганликда айблаб, Турсунов Шамсиддин ва Орифжонов Ҳамдамни 3-июль куни кўчада безорилик қилганликда айблаб, маъмурий жавобгарликка тортиш ишини кўриб чиққан ва 4 июль кунги қарор билан Орифжонов Ҳамдамга 5 сутка, Турсунов шамсиддинга 10 сутка қамоқ жазоси берган. Турсунов Ҳусниддинни эса 8-июль куни кўчада безорилик қилганликда айблаб, 9-июль куни суднинг маъмурий жавобгарликка тортиш ва 10 суткага қамаш ҳақидаги қарорни чиқарган.Судянинг бегуноҳ йигитларга қамоқ жазоси белгилаб, йигитларни ҳимоясиз ҳолатга тушириб, прокурор ва Ички Ишлар бўлимидаги жиноятчиларга емиш қилиб берган.
Жиноят ишининг 88-вароғида Турсунов Шамсиддинни 5-июль кунги қотиллик айбига иқрорлик баённомасида қийноқлар эвазига ғижимланган хужжатга имзо чеккани яққол кўриниб турган бўлсада, 168- вароқда 10-июль куни гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган.
184-вароқда Олтиариқ туман ИИБ бошлиғи Мусо Хонкелдиевдан прокурор Умурзақовга маълумотнома бўлиб, унда Орифжонов Ҳамдам ва Турсунов Шамсиддинларга нисбатан 3-июль куни МЖтКнинг 183-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб, Олтиариқ туман судининг қарори билан Орифжоновга 5 сутка, Турсунов Шамсиддинга 10 сутка қамоқ жазоси берилгани, 4-июлдан улар Фарғона вилоят ИИБ ВУТХга юборилгани маълум қилинган.
Фақатгина 16-июль кунигина (251-253 вароқлар) Турсунов Шамсиддин ва Орифжонов Ҳамдамни эҳтиёт чораси қамоққа олишга прокурор санкция берган. Турсунов Хусниддинга эса 22-июлда санкция берилган (354 вароқ)
4-июлдан 5 суткага қамалган Ҳамдам Орифжонов 7 кун, 10 суткага қамалган Турсунов Шамсиддин 2 кун, Турсунов Ҳусниддин 3 кун ҳеч қандай хужжатсиз хибсхонада сақланганлар. Турсунов Шамсиддин ва Ҳусниддинларни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарори ғайриқонуний эканлигини уларнинг адвокати исботлаб берганлиги боис 2002 йил 5-август кунги вилоят судининг қарори билан бу ғайриқонуний қарор бекор қилинган.
Ғайриқонуний тарзда хибсга олинган бу фуқароларга нафақат қотиллик, балким қотилликка сабаб қилиб 2001 йил февраль ойида Эргашева Зулҳуморни номусига текканликда айблаб ака-ука Турсуновларга яна қўшимча сохта айбловлар қўйилган.
Ушбу жиноятни ёпиштириш учун тергов гуруҳида бўлмаган прокурор Ғайрат Умурзақов 343-вароқда Асқарова Дилдорани, 340-вароқда Мадумарова Қийматхонни, 327-вароқда Мамажонов Қобилни, 318-вароқда Усмонов Ғайратни сўроқ қилган.
Аслида жиноят ишининг 2-вароғида тергов гуруҳи тузиш ҳақида 2-июль кунги қарор мавжуд бўлиб, унда гуруҳ раҳбари Баҳтиёр Пўлатов, ИИБ Бошлиқ ўринбосари Амин Юсуфжонов, терговчи И.Исмоилов, Т.Рахимов ва А.Хикматиллаевлар тергов гуруҳига аъзо бўлганлар.
Қотиллик жинояти содир бўлишидан бир йил олдин ака ука Турсуновлар томонидан ҳеч қандай номусга тегиш жинояти содир этилмаган, бу ҳақда маъмурий органларга ҳеч қандай шикоятлар ёзиб топширилмаган бўлсада, чаласавод прокурор Ғайрат Умурзақов ҳеч қандай экспертиза аниқламаган номусга тегиш жиноятини ака ука Турсуновларнинг қотиллик жиноятига сабаб қилиб кўрсатиш мақсадида ўйлаб топган. Чунки номусга тегиш жиноятида жабрланувчи сифатида талқин қилинган Эргашева Зулхумор ҳеч ким номусига тегмаганлигини, номусга тегиш жинояти ҳақидаги аризани Ғайрат Умурзақов бошчилигидаги маъмурий органлар вакиллари тайзиқлар ва таҳқирлар орқали ёздириб олганликларини расман баён қилган.
Одил судловни зиммасига олган масъуллар!
Дарҳол махсус комиссия тузиб, ушбу телеграммамда баён қилинган ва ёритилмаган ҳолатларни жиноят иши вароқлари орқали текшириб, адолат ўрнатишингизни талаб қиламан.
Акс ҳолда Ғайрат Умурзақов ўтган йили ўзининг фохиша ва қўшмачилари, наркобарон шерикларига мени аёвсиз калтаклаткизган куни – 20 августда Турсуновлар оила аъзолари, қариндош уруғлари, тарафдорлари, ҳамқишлоқлари ва «Ўтюраклар» Клубининг фаоллари билан биргаликда Фарғона – Тошкент йўлини транспорт харакатларига тўсқинлик қилиб, Зилха қишлоғида тўсамиз.
26 август куни эса Турсуновлар оила аъзолари билан биргаликда Олий Мажлис биноси рўпарасида хукумат рахбарлари исътефосини талаб қилиб, ноқонуний намойишлар, кўча юришлари ташкиллаб ўтказаман ва ўтказган тадбирим учун қонун олдида жавобгарликка тортилишга тайёрман.
Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31 уй 31 хонадонда яшовчи
«Ўтюраклар» Клуби рахбари, Мустақил журналист
Мўътабар Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish