Валижон Қўчқоров: Агар сизни ўлдирсам, мен ҳам жавобгарликдан озод бўламанми?…

Снимок,,,,,,,

ОШКОРА ҚОТИЛЛИКЛАР

Нуруллох Шамсиддин ўғли

2004 йил 11-октябрь куни Фарғонада антиқа суд жараёни бўлиб ўтди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг аппеляция хайъатида мухокама қилинган ушбу суд жараёнида қотилликка чорлаган “чолчалар” ҳақида гап кетди.

Прокурор хоним Тожихон Шерқулова эса Искандар Ғаниев хотинини нафақат ўлдириб, балким тириклайин кўмганлигини эътибордан қочирган.

Улар қўл оёғи боғланган, оғзига латта тиқилган, яланғоч холатдаги кўмилган аёл қотил томонидан олдиндан махсус тайёрланган чуқурдан чиқиш учун жон аччиғида интилганлиги, жон беришга қийналганлиги, кўзи очиқ холида қинидан чиқиб кетганлиги холатларига эътибор бермасдан, суд психиатрик экспертлари билан биргаликда тўқиган эртакларига бошқаларни ҳам ишонтирмоқчи бўладилар.

Воқеа қуйидагича бўлган эди:

2004 йил 18-июнь куни соат 12-30лар чамаси Ёзъёвон туман Янгиобод ҚФЙ Янгиобод қишлоғида жойлашган “Абдурахим ота 100» фермер хўжалиги худудидан оқиб ўтувчи зовур ёқасидаги чуқурда устига хашак ва тупроқ ташланган аёл кишининг жасади топилди.

Бу жасад Ашурова Нодира Исмоиловнага тегишли бўлиб, у қўли орқасига боғланган, оғзига лозим иштони тиқилган, бўйин қисми матодан қилинган сиртмоқ билан бўғилиб, вахшийларча ўлдирилган эди.

Мана шу белгиларни инобатга олиб, Ёзъёвон туман прокуратураси томонидан мазкур холат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми бўйича прокурор Шерқулова Тожихон имзоси билан жиноят иши қўзғатилган эди. Айни шу куни прокуратура терговчиси Аҳроров Отабек гувоҳлантириш ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган…

Ушбу қарорда қуйидаги сўзлар битилган: “… Мазкур жиноят иши бўйича мархума Ашурова Нодиранинг турмуш ўртоғи Ғаниев Искандар Усмоновичнинг бадани кўздан кечирилганда унинг кўкрак қафасида ва бўйин, орқа елка қисмида тирналмалар мавжудлиги аниқланди. Шунинг учун Искандар Ғаниевни баданидаги тирналмаларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун уни Марғилон туманлараро суд тиббиёт экспертиза бюроси экспертларига қуйидаги саволларга аниқлик киритиш учун юборишни лозим топган.

1. Искандар Ғаниевнинг кўкрак қафасидаги, бўйин сохасидаги ва орқа елка қисмидаги тирналган жарохатларнинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш;

2. Искандар Ғаниевнинг баданидаги тирналган жарохатлар ўзаро олишув вақтида келиб чиққанми?…”

Шу куниёқ суд тиббий экспертиза бюроси эксперти Абдурафиқ Сотволдиев ўзининг 625-сонли экспертиза хулосасида “Маҳаллий соха кўрув вақтида Искандар Ғаниевнинг баданида тан жарохатлари аниқланмади” деб кўрсатган.

Қизиқ, прокуратура терговчиси ва гувохлантириш тергов ҳаракати ўтказиш пайтида холис сифатида иштирок энган инсонлар кўрган тан жарохатлари қаерга йўқолди?

Бу жарохатларни балким қотил Искандар Ғаниевнинг “чолчалари” йўқотгандир!

“Қандай “чолчалар” ҳақида гап кетяпти?” деб сўрашингиз табиий, албатта.

Бу “чолчалар”ни Фарғона вилояти 1-сонли рухий касалликлар шифохонаси бош врачи ўринбосари К.Каримов, врач психиатр А.Хакимов, врач психиатр М.Абдурахимова ўзларининг 2004 йил 22-июнь кунги 101-сонли суд психиатрия хулосасида, Ўзбекистон Республикаси Клиник психиатрия шифохонаси бош врачи профессор Ф.Абдулқосимов, суд психиатрия экспертизаси вакили Э.Назарова, Р.Икромов, С.Ахмедовлар ўзларининг 2004 йил 17 август кунги 160-сонли суд психиатрия экспертизаси хулосаларида “пайдо” қилишган. Улар ўзларининг бу хулосаларида ушбу қотиллик жиноятида Ғаниев Искандарни эмас, балким унинг тушига кириб, “хотинингни ўлдир, хотинингни ўлдир” деб буйруқ берувчи ғойибдаги “чолчалар”ни айбдор деб кўрсатишган.

Шу билан биргаликда улар ўзларининг хулосаларида ашаддий қотил Искандар Ғаниевни руҳий касаллик билан хасталангани сабабли ўзи содир этган харакатларни англай олмаслиги боис тергов ва суд жараёнларида қатнаша олмаслиги, ижтимоий хавфли харакатларни ақли норисолиги туфайли содир этганлиги учун жиноий жавобгарликдан озод этилишини сўрашган.

Прокурор хоним Тожихон Шерқулова эса Искандар Ғаниев хотинини нафақат ўлдириб, балким тириклайин кўмганлигини эътибордан қочирган. Улар қўл оёғи боғланган, оғзига латта тиқилган, яланғоч холатдаги кўмилган аёл қотил томонидан олдиндан махсус тайёрланган чуқурдан чиқиш учун жон аччиғида интилганлиги, жон беришга қийналганлиги, кўзи очиқ холида қинидан чиқиб кетганлиги холатларига эътибор бермасдан, суд психиатрик экспертлари билан биргаликда тўқиган эртакларига бошқаларни ҳам ишонтирмоқчи бўладилар.

Натижада, 2004 йил 28-август куни прокурор хоним айбланувчи рухий касаллиги муносабати билан мажбурий тиббий даволаш чораларини қўллаш учун судга юбориш ҳақида қарор қабул қилган ва ушбу қарорни тасдиқлаш учун жиноят ишини судга юборган.

2004 йил 10 сентябрь куни эса Жиноят Ишлари бўйича Ёзъёвон туман суди прокурорнинг қарорини қўллаб қувватлаб, вахший қотилни жиноий жавобгарликдан озод қилган.

Хўш ундан кейинчи!?

Мархуманинг етим қолган иккита гўдагини бобоси, яъни жабрланувчи Исмоил Ашуров фарзандининг қотили бўлмиш куёви Искандар Ғаниевни қонуний жавобгарликка тортилишини сўраб идорама – идора кеза бошлади.

Фарғона вилоятидаги 10га яқин адвокатлар идораларига бош суқди бечора. Отанинг фожеаси, аянчли аҳволини адвокатлар сукут сақлаб тингладилар. Аммо унинг адвокатларга тўлаш учун пули йўқлигини билгач, яна ўша сукут билан ёрдам беришдан бош тортдилар.

Шундан кейин Исмоил Ашуров Инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилоти вакилларига мурожаат қилди. “Ўтюраклар Клуби” рахбари Мўтабар Тожибоева, “Ҳалқпарвар” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Содиқжон Қиронов, жабрланувчининг ҳамқишлоғи 70 ёшли Каромат Хасанова, маҳалла кўмитаси раиси Бозорбой Жабборов, Учкўприк туманилик жабрдийда, дарди ташвиши Исмоил отаникидан кам бўлмаган Валижон Қўчқоров, Фарғона шаҳрилик Хилола Охуновалар ўзларининг беминнат хизматларини аямадилар. Улар нотариал идора орқали ишончномалар расмийлаштириб, жабрдийдаларнинг химоячиларига айландилар.

Мўтабар Тожибоева суд жараёнида иштирок этиш учун адвокат ҳам ёллади. Ҳимоячилар жиноят иши материаллари билан танишар эканлар, ажабтовур далилларга дуч келдилар.

Жумладан, жиноят ишининг 43, 59, 63 ва 90 вароқларида Искандар Ғаниевнинг тушунтириш хати, гумонланувчи, айбланувчи сифатида берган кўргазмаларида уни ҳеч қандай руҳий касаллиги аломатлари сезилмаган. 21-вароқда 2004 йил 18 июнь куни 625-сонли суд тиббий кўригидан ўтказилган пайтида ҳам берилган саволларга тўғри ва аниқ жавоб берганлиги ёзилган. 49-вароқда Искандар Ғаниевга маҳалла томонидан берилган тавсифномада уни ақли расо йигит эканлиги, жамоат жойларида ўзини яхши тутиши ёзилган.

Жиноят ишининг 56, 67, 104, 109-110, 113, 142, 145, 148-вароқларида гувоҳлар Йўлдошева Феруза, Ашуров Солижон, Ғаниев Рустам, Ғаниева Мухаббат, Парпибоева Лазокат, Рустамов Мухитдин, Ғаниев Усмон, Давлатов Бахром, Жабборов Бозорбойлар берган гувоҳлик кўргазмаларида Искандар Ғаниев ҳеч қачон рухий касал бўлмаганлиги, характерида шунга хос хислатлар сезилмаганлиги ёзилган.

Ёзъёвон туман марказий шифохонасининг 60-61 сонли маълумотномаларида қотилнинг ҳеч қачон рухий ва наркологик касалликлар билан оғримаганлиги, шифокорларга мурожаат қилмаганлиги ҳамда уларнинг хисобида турмаганлиги ёзилган.

Айниқса, ваҳший қотилнинг укаси Ғаниев Илхомнинг жиноят ишининг 119- вароқдаги кўргазмаси диққатга сазовардир. У ўз кўргазмасида шундай дейди: “Акам Искандар Ғаниев менга ёки ота онамга кўзига кимлардир кўринаётганидан шикоят қилмаган. Нодира опамни жасади топилганидан сўнг акам ИИБ ходимларига ўзидан ўзи “Кўзимга ҳар хил нарсалар кўриняпти” дея бошлади ва шу гапни ўзича ушлаб юрибди. Менимча уни эс-хуши жойида, атайлаб айтаётганга ўхшайди. Уни нима учун бундай гапни тўқиб чиқараётганига хайронман”.

Юқорида баён қилинган далилларни кўрган инсон ҳуқуқи ҳимоячилари бор ҳақиқатни юзага чиқариш учун кураш осон кечмаслигини тушуниб етдилар.Улар энг аввало қишлоқ аҳолиси ўртасида тушунтириш ишлари олиб бордилар. Шу билан биргаликда қотилни рухий касаллиги масаласига ойдинлик киритиш учун Ҳалқаро миқёсдаги холис суд тиббиёт эксперт гуруҳи жалб қилинишини, акс ҳолда бутун қишлоқ фуқаролари ёппасига хукуматни истеъфосини талаб қилиб намойишлар ўтказишлари ҳақида мамлакат президенти Ислом Каримовга телеграммалар юбордилар.

Жиноят Ишлари бўйича Фарғона вилоят суди аппеляция инстанциясига судни Янгиобод қишлоғида кўрилишини талаб қилиб бутун Янгиобод қишлоқ аҳолиси номидан 100 га яқин фуқаро имзо чекиб жўнатдилар.

2004 йил 11 октябрь куни бошланган суд жараёнида маҳаллий журналистлардан Салимахон Рустамова ва Шохиста Толиповаларнинг иштирок этишларини сўраб ариза ташкил қилдилар.

Аппеляция суди давомида гувоҳ тариқасида чақирилган психиатр М.Абдурахмонова уялмай нетмай ушбу жиноятни содир этишда Искандар Ғаниев эмас, унинг “чолчалари” айбдор эканлигини айтиб кўргазма берди. У ўзининг бу кўргазмасини Искандар Ғаниевнинг сўзларидан олганлигини баён қилди.

Шунингдек у И.Ғаниевга ўхшаган камгап, одамови кишилар рухий касал бўладилар, характерларида рухий касалликлар аломатлари кўзга чалинади” деб айтди. (Республика Президенти Ислом Каримов ҳам ўта камгап дейишади Н.Ш.)

Мўтабар Тожибоева жиноят иши материаллари орасидаги тириклайин кўмилган аёл фотосуратини врач психиатрга кўрсатиб, “…Сизни қизингизни ҳам куёвингиз “чолчалари” буйруқ бериб, шу алфозда ўлдириб юборса нима қилардингиз?” деган саволига психиатр хоним жавоб беролмасдан йиғлаганича суд залини тарк этди.

Айникса, 2004 йил 3 май куни қизи Қўчқорова Наргизани эри Рахмонов Баҳтиёр томонидан уриб ўлдириб, кейин осганлиги юзасидан жиноят ишини тергов инстанцияларида 11 марта кўрилиб, 11 марта тўхтатилган жабрдийда отахон Валижон Қўчқоровнинг психиатр аёлга қарата “.. ҳозир мени хам одамларим Сизни ўлдиришга топширик беришяпти. Агар сизни ўлдирсам мен хам жавобгарликдан озод бўламанми?

Аввал сиз менинг саволимга жавоб беринг, кейин мен “чолчаларимни” буйруғини шу ерни ўзида адо этаман” деган гапи судья жанобларини қўрқувга солди чамаси судьялар Маъруф Тешабоев, Мавжуда Рўзиева ва Вахобжон Сиддиқовлар Искандар Ғаниевнинг рухий касал бўлмаганлиги ва ҳея қачон рухий касалликлар хисобида турмаганлиги ҳақида берилган иккита маълумотномага жиддий ёндашдилар ва Искандар Ғаниевни комиссион тарзда қайта экспертизадан ўтказиш учун ишни қайта кўришга ажрим чиқардилар.

Инсон ҳуқуқлари химоячилари бундан кейин юқорида кўрсатилган врач экспертларнинг кирдикорлари хаспўшланадиган бўлса Республика Соғлиқни Сақлаш вазири Феруз Назиров ва Республика суд тиббиёт экспертизаси Бош бюроси рахбари Зайдиддин Ғиёсовларнинг истеъфоларини талаб қилиб Тошкент шаҳрида рухсат этилмаган, тинч норозилик намойиш, кўча юришлари бошлашлик ҳақида қарор қилганлар.

Фарғона – Наманган – Тошкент.

Agar sizni bugib uldirsam…

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.