Жиноятчи амалдорларга қонуний чора кўрмасангиз сиз бошқараётган хукумат истеъфосини талаб қиламиз
ТЕЛЕГРАММА
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй Президент девонига
Президент Ислом Каримовга ва Президент хузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига
Олтиариқдан Охунбобоев туманига қараб транспорт харакатларига тўсқинлик қилиб, Сиз бошқараётган хукумат рахбарларини, судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясини, Олий суд рахбарларини исътефосини талаб қилиб кўча юришлари, намойишлар бошлашга мажбур бўламиз.
27.10.2004 йил
Мухтарам жаноблар ва хонимлар!
Биз бундан 40 кун аввал Олтиариқ тумани хокимлигининг молия бўлимини, Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди суд раиси Тожиддин Вахобовни, Олтиариқ туман ИИБ Маъмуриятини, ИИБ терговчиси Умид Лутфиллаевни, ИИБ ХООБ профилактика инспекторлари Шерали Махмудов, Қосим Тошболтаев, Абдубанноп Давроновларни, даъвогар Турсунов Хусниддин, Турсунов Шамсиддинларни ноқонинй жавобгарликка тортиб қийноқ ҳамда муомила ва жазолашнинг қаттиқ, шавқатсиз, инсонийликка зид, қадр қимматни камситувчи турларидан фойдаланиб, 10 кун ғайриқонуний хибсда сақлагани учун, даъвогар Мўътабар Тожибоевани ғайриқонуний жавобгарликка тортиб, мол мулкини мусодара қилиш учун рўйхатга олиш даражасига етказганликлари, суд тиббий эксперти Тохир Толиповни ва Давронов Абдубаннобни, Шерали Махмудовни, Қосим Тошболтаевларни Мўътабар Тожибоева шифохонада оғир аҳволда ётган пайтда ҳақорат қилди деб тухмат уюштирганликлари, даъвогар Рўзиева Юлдузхонни хонадонига терговчи Умид Лутфиллаев бостириб бориб, хонадон эгаларига тайзиқ ўтказганлиги учун Рўзиев Мамасобирни юраги ишламай қолиб инфарк бўлишига ва ўлимига сабабчи бўлганлиги учун, қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилганлик учун етказилган маънавий зарарни қоплаш ҳақида ва етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида Риштон туманлараро фуқаролик судига 4 та даъво аризани 70 миллион 120,0 минг сўм ундириш учун топширганмиз.
Фуқаролик Процессуал Кодексининг 131-моддасига зид равишда топширилган аризаларни судда кўриш муддати ҳеч бир сабабсиз ўтказиб юборилди. 4 та даъво аризани ҳамма хужжатларини тўғрилигини тўлиғича текшириб олган судья Ориф Ишматов Олтиариқлик наркобарон ва қўшмачихоналар эгалари бўлган ИИБ рахбарлари, Жиноят ишлари суди раиси Тожиддин Вахобовнинг жиноий кирдикорларини хаспўшлаш билан банд.
Бизни бугун 27 октябрь кунига судга чақиришди. Биз кеч соат 15гача жавобгарларни кутдик. Лекин жавобгарлар судга келишмади. Ҳаттоки Олтиариқ туман Жиноят ишлари суди биносида бўлаётган судда бино эгаси жавобгар Тожиддин Вахобов ҳам қатнашмади.
Кейин суриштирсак Олтиариқ тумани ерларини талон-тарож қилган ашаддий жиноятчи Олий Мажлис Депутати Ноъмон Омонов Охунбобоев Туманига хоким бўлиб тайинланибди.
Олтиариқ туманига хоким бўлиб Вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, пора эвазига жиноятчи кимсаларни ҳам милицияга ишга жойлайверганидан кейин милициядан ишдан хайдалган Олтиариқ туман ИИБнинг наркобарон ва қўшмачихона, фохишахоналар эгалари Мусо Хонкелдиев , Амин Юсуфжонов, Абдубанноб Давронов, Султон Тошпўлатовларнинг акахони Абдуҳамид Абдуллаев тасдиқланибди.
Жиноятчи рахбарлар хокимни лавозим билан табриклаб, хокимиятда базми-жамшид уюштираётган эканлар. Барча жавобгарлар хокимнинг атрофида гирдикапалак бўлганликлари учун судга «келиша олмабди».
Биз Олтиариқлик жиноятчилар хомийси Ориф Ишматов ўйлаганчалик анойи ва ожиз эмасмиз. У эса бизни судга чақириб овора қила-қила ишни кўрмаганидан кейин судга келмай қўйсак «Даъвогарлар судга чақирув қоғози олган бўлсада келмади, шунинг учун ишни кўрмасдан қолдирилсин» деб қалбаки ажрим чиқариш учун харакат қиляпти. Шунинг учун кунда кун ора бизни овораи сарсон қиляпти.
Чунки мен Мўътабар Тожибоева 27 октябрь куни вақтим йўқлигини билдириб телеграмма юборгандим. Ориф Ишматов бугундан кечикишим мумкин эмаслигини, агар келмасак аризани кўрмасдан қолдиришини айтиб ўдағайлаган эди.
Риштон туманлараро фуқаролик суди судьялари Олтиариқлик жиноятчи амалдорларнинг жиноятларини яшириш учун жиноятга қўл уришдан асло чўчимайдилар.
Фуқаролик судининг судяси Хамидулло Тўхташев Олтиариқ туманининг собиқ прокурори Ғайрат Умурзақовни жавобгар сифатида судга жалб қилмаслик учун биз даъвогар Гулчеҳра Ахмадалиева ва унинг ишончли вакили Мўътабар Тожибоевани судда иштирок этиб, жавобгар Ғайрат Умурзақов ва бошқа мансабдорларни судга чақиртиришни талаб қилганимизда, бизнинг қонуний талабларимизни бажармаган судьянинг холислигига шубха билдириб, отвод берган кунимиз бизни «Даъвогарлар судга бир неча маротаба чақиртирилсада, келмади. Шунинг учун иш кўрмасдан қолдирилсин» деб ғайриқонуний ажрим чиқарган экан. Ҳаттоки Гулчеҳра Ахмадалиева номидан қалбаки ариза уюштириб, имзосини ҳам сохталаштирган экан.
Биздаги маълумотларга қараганда ушбу 4 та даъво аризамизни кўрмаслик учун ҳар қандай жиноятни содир этишга хукумат вакиллари тайёрлар. Биз, судьялар Тожиддин Вахобовни, Хамидулло Тўхташевни, Ориф Ишматовни, Олтиариқ тумани ИИБ рахбарлари Мусо Хонкелдиев, Амин Юсуфжонов, Султон Тошпўлатовни ва Қирғизистон чегарасидан 2,3 кг. наркотик моддани Ўзбекистонга олиб ўтаётганда чегара божхона ходимлари томонидан қўлга олиниб, хизмат гувохномаси, кишан ва тўппонча кўпаросини чегарачиларга ғайриқонуний ташлаб келган, милиция формасидан давлат чегарасини бузиб ўтиб, наркотик моддалар ташиб келтиришда фойдаланган худуд профилактика нозири Абдубанноб Давроновларни исътефога чиқариб, зудлик билан Абдубанноб Давроновга нисбатан жиноят иши қўзғашга топшириқ беришингизни талаб қиламиз.
Акс ҳолда Олтиариқдан Охунбобоев туманига қараб транспорт харакатларига тўсқинлик қилиб, Сиз бошқараётган хукумат рахбарларини, судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясини, Олий суд рахбарларини исътефосини талаб қилиб кўча юришлари, намойишлар бошлашга мажбур бўламиз.
«Ўтюраклар» Клуби фаолларидан:
Мўътабар Тожибоева, Махбуба Пирматова, Гулчеҳра Ахмадалиева, Мўйдин Мусурмонқулов ва бошқалар.
Манзилимиз: Марғилон шаҳар «Зуҳро» кўчаси 31 уй 31 хонадон.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish