Бўғиб ўлдирилган ташаббус ёхуд жамоатчилик назоратидан қўрққан ким?

Снимок,,,,,,,

Ўзбек хукумати «фуқаролик жамияти барпо этиш» ва «демократик тузум каби турли туман жозибали шиорлар билан нафақат ўз ҳалқи, балки бутун жаҳон ҳамжамиятини ҳам алдаб юрибди

ТЕЛЕГРАММА

Мен истеъфодаги милиция майори – Маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси бўла туриб, умуман беайб бўлган ўз ўғлим Рахимов Салимбекни маъмурий органлардан ҳимоя қила олмадим.

Натижада ўғлимни 24 ноябрь куни қалбаки хужжатлар билан хибсга тиқдилар ва ҳимоядан ажратиб, тинимсиз калтаклаб, қийнаб, азоблаб, унинг зиммасига 2001 йилда содир этилган ва очилмаган қотиллик жиноятини қўйишга уриндилар.

Янада аниқроғи фақатгина амалдорларга “беминнат хизмат кўрсатиб” ўрганган Фарғоналик Нилуфар исмли фоҳишани вахшийларча ўлдирилганлиги, шунингдек Шоҳиста исмли фоҳишага нисбатан босқинчилик, талончилик жиноятлари содир этганлик жиноятларини ўғлимнинг зиммасига илишга тинимсиз интилишди.

02.02.2005 йил

– Тошкент. Хукумат уйи. Олий мажлис Сенат раиси Мурод Шарифхўжаевга
(2003 йил Шарқ нашриёти «Ўзбекистонда очиқ фуқаролик жамиятининг шаклланиши» номли китоби)

– Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй. «Ҳалқ сўзи» газетаси бош муҳаррири Аббосхон Усмоновга. (2002 йил 12 июнь кунги “ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ” мақоласи);

– Тошкент. Навоий кўчаси 23 уй, «Хуррият» газетаси бош муҳарририга ва журналист Турсунали Акбаровга (2002 йил 14 август кунги “…Зораки закунчи бўлсак…” мақоласи);

– Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй. «Фидокор» газетаси бош муҳарририга ва газетанинг махсус мухбири Ҳабибулло Олимжоновга (2002 йил 8 октябрь кунги «НАЗОРАТ ВАЗИФАСИНИ ЖАМОАТЧИЛИК БАЖАРИШИ КЕРАК») мақоласи);

-Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй. «Ўзбекистон Овози» газетаси бош муҳаррири Сафар Остоновга (2003 йил март кунги “Жамоатчилик назорати” мақоласи);

-Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй «Маҳалла» газетаси бош муҳаррири Чори Латиповга;

– Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй. «Ҳуқуқ» газетаси бош муҳарририга «2002 йил 19 июнь кунги «Кун тартибида жамоатчилик назорати» мақоласи);

– Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй. Россия Федератив Республикасининг «Труд» газетаси Ўзбекистон бўйича вакиллигига (2002 йил 19 ноябрь кунги «ОБЩЕСТВЕННЫЙ КОНТРОЛЬ» мақоласи);

– Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй. «Қадрият» газетаси бош муҳарририга;

– Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй. Республика «Ишонч» газетаси бош муҳарририга: Газетанинг 7 октябрь кунги 156 сонидаги «Жамоатчилик назорати бўйича услубий тавсия», «Маҳалла — фуқаролик жамиятининг асоси» рукни остидаги 28 октябрь кунги 167 сонли ва 29 октябрь кунги 168 сонидаги «Жамоатчилик назорати — катта куч», 1 ноябрь кунги 170 сонли «Вақтинча меҳнатга лаёқатсизликка доир нафақа қандай тайинланади?», 4 ноябрь кунги 171 сонида «Даъвогар талаби» 5 ноябрь кунги 172-сонли «Даъвогарлик хисси» номли мақолалари);

– Фарғона шахри. Вилоят “Маҳалла” Жамғармасининг рахбари Толибжон Ҳафизовга («Маҳалла — фуқаролик жамиятининг асоси» номли китоби);

– Бухоро шаҳри. Бухоро Технология институти профессори Маметқули Мустафоевга;

– Тошкент. Сайилгоҳ кўчаси 35-уй. Юридик институт қошидаги «ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ» илмий-назарий журнали бош муҳаррири Мирзаюсуф Рустамбоевга (2002 йил 4-12 сонидаги «Асосий қонун-фуқаровий жамият ва легитим хокимият кафолати» номли мақоласи);

– Тошкент. Навоий кўчаси 65 уй. Республика «Мохият» газетаси бош муҳарририга
(2003 йил 10 октябрь кунги «Фуқаролик жамияти сари — Одимлар, муаммолар, ечимлар» мақоласи)

– Тошкент. Моваррауннахр кўчаси 6 уй. Тошкент шаҳар Оқсоқоллар Кенгаши ва «Маҳалла» Хайрия Жамғармаси раисининг ўринбосари, юридик фанлар номзоди, доцент Марат Ғуломовга

Муҳтарам жаноблар!

Мен 26 январь куни Ўзбекистон Оқсоқоллар Кенгаши ва «Маҳалла” Жамғармаси бошқаруви раиси Аъзамжон Гадойбоевга очиқ хат йўллаб, ушбу очиқ хатимни «Маҳалла» газетасида чоп эттиришни сўраган эдим. Энди эса барча матбуотларда чоп этилишини сўрайман.

Чунки Аъзам Гадойбоевнинг «Ҳалқ йўл — ҳақ йўл» деб номланган китобнинг 196-вароғида «Хужжатларни милиция ва ижроия органига топшириш масаласига келсак, фуқаролар йиғини маҳалла аъзоси то жиноий жавобгар деб топилмагунча уни ҳимоя қилиш, кафилликка олиш, тарбиялашга харакат қилади» дейилган гаплари ёлғон.

Мен истеъфодаги милиция майори – Маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси бўла туриб, умуман беайб бўлган ўз ўғлим Рахимов Салимбекни маъмурий органлардан ҳимоя қила олмадим. Натижада ўғлимни 24 ноябрь куни қалбаки хужжатлар билан хибсга тиқдилар ва ҳимоядан ажратиб, тинимсиз калтаклаб, қийнаб, азоблаб, унинг зиммасига 2001 йилда содир этилган ва очилмаган қотиллик жиноятини қўйишга уриндилар. Янада аниқроғи фақатгина амалдорларга “беминнат хизмат кўрсатиб” ўрганган Фарғоналик Нилуфар исмли фоҳишани вахшийларча ўлдирилганлиги, шунингдек Шоҳиста исмли фоҳишага нисбатан босқинчилик, талончилик жиноятлари содир этганлик жиноятларини ўғлимнинг зиммасига илишга тинимсиз интилишди.

Ўғлимнинг ҳимояси учун ёллаган адвокатларим қўлидан ҳеч нарса келмади.Чорасаз қолиб, Мўьтабар Тожибоевани қидириб бордим, Тожибоева жамоатчи ҳимоячи сифатида ўғлимни ҳимоя қилди ва 31 январь куни ўғлим бағримга қайтди.

Ўз ўғлини, жигарбандини азоблардан, қийноқлардан, қонун посбонлари жандасига ўранган қонунбузарлардан ҳимоя қила олмаган Маҳалла фуқаролар йиғини раиси қандай қилиб ўзгаларни ҳимоя қила олади?!

Булар ҳақида ўз матбуотларингиз орқали ёритишларингизни сўрайман.

Очиқ хатим матнини қайтадан илова қиламан:

Фарғона вилояти Охунбобоев тумани Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси — истеъфодаги милиция майори Мамасодиқ Рахимовнинг Ўзбекистон Оқсоқоллар кенгаши ва «Маҳалла» Жамғармаси бошқаруви раиси, Ўзбекистон Шахмат Федерацияси Президенти Аъзамжон Гадойбоевга

ОЧИҚ ХАТИ

26 январь 2005 йил

Бўғиб ўлдирилган ташаббус ёхуд жамоатчилик назоратидан қўрққан ким?

Жаноб Гадойбоев!

Мен Сизга ушбу хатим орқали очиқ ва аччиқ ҳақиқатни ёзиб албатта ёмон кўринсам керак, чунки аччиқ ҳақиқат ҳеч кимга ёқмайди. Менинг ушбу ҳақиқат сўзларим учун ишдан четлаштиришингиз мумкин. Ҳар қандай чора кўрсангиз ҳам мен тайёрман. Лекин ҳақиқатни ёзишга мен мажбурман. Мени Сизга ушбу очиқ хатимни ёзишга «Ҳалқ йўли -Хақ йўл» деб номланган китобингиз мажбур қилди. Мен китобингизни ўз яқинларим билан биргаликда ўқиб чиқдим.

Мен 2000 йилдан буён маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаб келмоқдаман. Мен Ҳар йили, айниқса декабрь, январь, февраль, март ойларида хокимиятига қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини чақиртириб, газ ва электр энергияси учун пул йиғишни топширилади. Газлар номига ёнади, уйлар умуман исимайди. Баъзи бир маҳаллаларда газ умуман йўқ. Электр энергияси ҳам узлуксиз берилмайди, тинимсиз узиб қўйилади.

Биз хокимиятни топшириғи билан уйма уй юриб тўловларни тўлашларини сўрасак, одамлар “Олдин газни ёқиб қўй, кейин биздан ҳақини сўра” деб бизни жуда бехурмат қилиб юборишади. Газлаштириш идораси вакиллари бажариши керак бўлган ишларни нима учун бизни зиммамизга юклашган? Биз ўзимизни ишимиз қолиб пул йиғиштириш билан бандмиз. Буни жуда ҳам яхши биласиз. Лекин нечун бу ҳақда ўз китобингизда бонг урмадингиз?

Тўловларни йиғиштириш фуқаролар йиғини раислари вазифасига кирадими? Ҳар йили хокимият рахбарлари агар газчилар билан бирга уйма-уй юриб, тўловларини йиғишга ёрдам берсангизлар тўпланган пулдан 5 фоизини фуқаролар йиғинлари хисобига ўтказиб берамиз деб ваъда беришади, лекин амалда ҳеч вақо йўқ. Одамларда норозилик ўта кучайиб бормоқда.

Мухтарам жаноб!

Ушбу китобингиздаги «Мансаб инсон билан мухтарам» деб номланган мақолангизни 33-вароғидан 48- вароғигача икки мартадан босилибди. Ана шу мақолангизда “Ўзингизни хислату нуқсонларингиз ҳақида бошқалар гапиргани маъқул” дебсиз.

Сиз Республика «Маҳалла» Жамғармаси рахбарлигида янги иш бошлаган паллангизда, яъни 2002 йилда Марғилон шаҳар боғининг ичида бир нечта шаҳар ва туманлар қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва посбонлари иштирокида йиғилиш ўтказилган эди. Ўша йиғилишда «Кимда қанақа муаммо бўлса тортинмай гапиринглар, ҳал қиламиз» деган эдингиз. Шунда Охунбобоев тумани Ахмад Яссавий маҳалла фуқаролар йиғини раиси «Мен иш бошлаганимга уч ой бўлди, хокимият ёшлар учун стадионга жой бермаяпти» деганида Сиз Охунбобоев туман хокими ўринбосари, Хотин-қизлар кенгаши раиси Олтиной Мирзақуловага қарата «Мана шундай раислар сафи кенгайсин, ташаббускор инсонларни қўллаб қувватлаш бизнинг бурчимиз.

Ёшлар учун стадионга ер ажратиб берасизларми?» деганингизда у «эртагаёқ ўлчаб кўрсатиб берамиз» деган эди. Яқинда ҳокимиятда тўпланиб қолганимизда ўша Сизнинг ва Мирзақулованинг ваъдалари ҳақида гап чиқиб кетди. Кейин билсак ёшлар стадиони қуриш учун ҳанузгача хокимият ер ажратмабди. Сизни ҳурматингиз қайда қолди? Ваъдабоз рахбарлар тоифасига қўшилиб қолмадингизми, бу билан?

Дарвоқе ташаббус ва ташаббускорлик ҳақида.

Президентимиз Ислом Каримов Ҳалқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 2004 йил 15 октябрь кунги навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида «… диёримизнинг бошқа жойларида бўлаётган янгиликларни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, холисона айтганида, кейинги беш олти йил ичида Фарғонадан ўрнак қилиб кўрсатишга арзийдиган бирор-бир ташаббус чиққанини эслай олмайман. Холбуки, Ўзбекистон тарихида энг кўзга кўринган, кўпчилик ҳавас қиладиган қанча-қанча ибратли ташаббуслар, амалий ишлар, мехнатда фидойилик намуналари аввало мана шу Фарғона вилоятидан бошланганини ҳаммамиз яхши биламиз…» деган.

Президент Ислом Каримов иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сессиясида қилган “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари» номли маърузасида «Бизнинг вазифамиз мамлакатимизни, жамиятимизни демократлаштириш ҳамда янгилаш йўлидаги харакатларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва бу борада амалга оширилган ижобий ишларимизни қатьият билан давом эттириш, уларни ҳалқимиз орзу қилган марраларга етказишдир. Мана шундай мақсадларни ўзида мужассам этган дастурнинг негизини нималар ташкил қилиши керак ва аввало қандай вазифалар биз учун устивор бўлмоғи лозим?

… Бешинчи устивор йўналиш – фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти бўлиб, бу жамият ҳаётида нодавлат ва жамоат ташкилотларнинг ўрни ва аҳамиятини кескин кучайтиришдан иборат. Ёки бошқача қилиб айтганда, бу — «Кучли давлатдан кучли жамият сари» деган тамойилни амалда ҳаётга жорий этиш демакдир.

Ҳаммамизга аёнки, бу йўналиш ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ кўп масалаларни ҳал қилишда давлат тузилмаларининг ролини камайтириш ва бу вазифаларни босқичма-босқич жамоат ташкилотларига ўтказа боришни тақазо этади.

… Қонунлар ижросини таъминлаш, мамлакатда қабул қилинган ва амалда бўлган меъёрий хужжатларни ҳаётга жорий қилишда давлат хокимият органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим ахамият касб этади. Биз «Адолат — қонун устиворлигида» деган ҳаётий тамойилга қатьий амал қилиб яшашимиз зарур. Биз учун бундан бошқа йўл йўқ. Шуни унутмайликки, биз давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва назорат органини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади. Шунинг учун биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан, унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам жамоат назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бу масалада бўлган бошқа муқобил йўл йўқ.

… Ҳаётимизни эркинлаштириш йўналишларининг яна бир мухим йўли марказий ва юқори давлат бошқарув идоралари вазифаларини давлат хокимиятинииг қуйи тузилмаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказа боришни таъминлашдир.

Бу масалада фуқаролик институтлари ва ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантириш учун энг мақбул ташкилий-ҳуқуқий механизмларни, яъни тегишли қонунчилик асосини шакллантириш, ташкилий-техникавий, моддий шарт-шароитларини, давлат ва жамоат бирлашмалари ҳамкорлигининг самарали усул-услубларини вужудга келтириш ўта мухим аҳамият касб этади…» (Президентнинг ушбу сўзларини 2003 йил — Обод маҳалла йилига бағишлаб 15000 нусхада чоп этилган, нашр учун сиз масъул бўлган «МАҲАЛЛА Фуқаролар ўзини — ўзи бошқаришининг ҳуқуқий асослари” номли китобнинг 18 вароғидан олдим).

2003 йил 10 октябрь куни Республика «Мохият» газетасининг 40 сонида Тошкент шаҳар Оқсоқоллар Кенгаши ва «Маҳалла» Ҳайрия Жамғармаси раисинииг ўринбосари, юридик фанлар номзоди, доцент Марат Ғуломов ва Республика Ҳуқуқий маърифат тарғиботи марказининг бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди Содиқ Мўминовнинг «Таҳлил – Обод маҳалла йилининг охирги чорагидан” рукни остида «ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ САРИ Одимлар, Муаммолар. Ечимлар» номли мақола газетхонлар ихтиёрига ҳавола қилинди.

Ушбу мақолада «Фарғона вилоят прокурорлари ўз ташаббуслари билан моддий ёрдам ва нафақа тайинланиши қонунийлигини текшириб, 1999 йилда 732 та ариза, 2000 йилда 606 та ариза, 2001 йилда 215 та ариза асоссиз рад этилганлигини аниқлаган, аммо уларнинг бирортаси на прокурорга, на судга мурожаат этган, ҳуқуқини тиклаш учун курашмаган…» деб ёзилган.

Яна шу мақолада «Фуқароларимиз оддий ҳақ ҳуқуқларини талаб қилмасликларига яна бир сабаб бор. Ўзбекчилик, юз-хотир, андиша деган тушунчалар мавжуд. Қолаверса «ёзғувчи», «иғвогар», «жанжалкаш» деган номдан хазар қилишади. Ўз ҳақ ҳуқуқини талаб қилиб тортишган инсонга кулманг. Ундан ўзингизни тортманг. Унинг учун уялманг, андиша қилманг. Аксинча, ундан ўрганинг. У ўз харакати билан адолатсизликка, тўрачиликка муросасизлик қиляпти. Ҳақ ҳуқуқини талашяпти, жамиятда қонун устиворлиги, адолат мезони бузилмаслигига хисса қўшаяпти» дейилган.

Вахоланки, бу сўзлар 2002 йилда Фарғона нашриёти томонидан теришга берилган ва 750 нусхада чоп этилиб, барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига тарқатилган Фарғона
вилоятинииг собиқ прокурори Юсуп Усанович Абдукаримов томонидан ёзилган «Даъвогарлик хисси» номли китобинииг 10 вароғи 3-4-5 абзацларидан сўзма-сўз кўчирилган, яьни бу икки буюк шахслар ўзгалар фикрини ўзлаштирганлар.

2002 йил 5 февраль куни Ҳалқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари 2-чақириқ IХ сессияси бўлиб ўтди. Бу сессияда вилоят прокурори, адлия катта маслахатчиси Ю.У.Абдукаримов «Жиноятчиликка қарши кураш – барчанинг иши!» мавзусида маьруза қилди (Вилоят прокуратурасининг «Адолат йўли» газетаси 2002 йил 9 февраль кунги 392-сони).

У ўзининг маърузасида “…Қонунларнинг оғишмай ижро қилишни таъминлашга таъсир қилувчи яна бир омил, оралиқдаги бўшлиқни тўлдирувчи куч етишмаётганини ҳис қиласан. Шу бўшлиқни тўлдириш учун нима қилиш керак? Жамият ўз танасидаги иллатни давлат идоралари назорати орқалигина эмас, балки ўз кучи ва хоҳиш иродаси билан ҳам танасидан ситиб чиқариш йўлларини излаш лозиммикин?

Бу ҳақли саволларга жавобни ҳам, йўл-йўриқни ҳам ўтган йили 7 декабрь куни Конституциямизнинг 9 йиллигига бағишланган Туркистон саройида бўлиб ўтган тантанали маросимда президентимиз Ислом Каримов ўз маърузаларида кўрсатиб бердилар. Ана шундан келиб чиқиб бу давлат назорати, хусусан прокуратура ва бошқа назорат идораларининг назорати камайиши, давлат назорати ўз ўрнини, вазифасини жамоат ва нодавлат ташкилотларга, фуқаролар уюшмаларига, маҳалла тизимига маълум даражада ва босқичма босқич бериб бориши лозим. Улар орқали эса жамоатчилик назорати шаклланиши ва мустаҳкамланиши даркор.

Аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини шакллантиришни қайтадан кўриб чиқиш ва такомиллаштириш зарур. Ана шуларни ҳисобга олиб, хурматли Президентимизнинг маърузаларидан келиб чиқадиган вазифалар асосида «Жамоат, нодавлат ташкилотлари ва ўзини ўзи бошқариш идоралари орқали жамоатчилик назоратини ташкил этиш, фуқароларнияг ҳуқуқий билимини ошириш, уларда ўз ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан даъвогарлик хиссини шакллантиришга оид» дастур тайёрладик. Дастурда ўзини ўзи бошқариш идоралари ва касаба уюшмалари мехнат жамоалари билан биргаликда 28 та йўналишда жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириб бориши кўзда тутилган…» деди. («Адолат йўли» газетаси 9 февраль 2002 йил 392-сон).

Прокурорнинг маърузасидая келиб чиқиб, сессияда «Вилоятда қонунчиликни мустахкамлаш, жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш ва олдини олиш юзасидан қарор” қабул қилинди ва «Жамоат, нодавлат ташкилотлари ва ўзини ўзи бошқариш идоралари орқали жамоатчилик назоратини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларда ўз ҳуқуқ ва зркинликларига нисбатан даъвогарлик хиссини шакллантиришга оид» Харакат Дастури тасдиқланиб, кенг жамоатчилик ўртасида мухокама қилинди ва амалий иш бошланди. («Адолат йўли» газетаси 1 март 2002 йил 395-сон).

Сессияда Республика Бош Прокуратураси умумий назорат бошқармаси бошлиғи Б.Шомирзаев қатнашди ва сўзга чиқди.

“ – Мен жамоат ташкилотлари ва ўз-ўзини бошқариш органлари иштирокида Фарғонада Республикамизда биринчи бўлиб ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ МАРКАЗИ тузилаётган анжуманда иштирок этаётганимдан беҳад мамнунман, деди у ,- Ишончим комилки, Фарғонада бошланган бу ташаббус бутун мамлакатимизга кенг ёйилади ва ўзининг ижобий самарасини беради”.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари кўмитаси раиси Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.

“- Фарғона вилоятида, – деди ўз сўзида Акмал Холматович, – қонунчиликни мустахкамлаш ҳамда жиноятчиликка қарши кураш соҳасида кейинги йилларда қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бугун ўтказилаётган тадбир ҳам келгусида бу борада ҳуқуқ тартибот органлари билан жамоат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлигини мустахкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз». (Вилоят хокимлигининг “Фарғона ҳақиқати» газетаси 2002 йил 7 февраль 11-сон).

Вилоятда Ҳалқ Депутатлари вилоят Кенгашининг 2-чақириқ навбатдан ташқари 9- сессиясида тасдиқланган Дастур ижросини таъминлаш юзасидав бирмунча ишлар амалга оширилган.

Жумладан, вилоят прокуратураси томонидан тегишлича мутахассислар жалб қилинган ҳолда дастурда қамраб олинган йўналишларда жамоатчилик назоратини ташкиллашга доир услубий қўлланмалар тайёрланиб, 15 минг нусхада кўпайтирилган. Шу билан биргаликда Абдукаримов қаламига мансуб «ДАЪВОГАРЛИК ХИССИ» ва «ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ. Унинт моҳияти, аҳамияти ва бугунги кундаги зарурияти» номли китобчалар нашрдан чиқарилиб, кенг жамоатчиликка тарқатилган.

Вилоятда фаолият юритаётган қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари, «Нуроний» Жамғармаси, Касаба уюшмалари, Хотин-қизлар кўмиталари, “Камолот” ёшлар Уюшмаси, «Ногиронлар» Жамиятлари ва бошқа жамоат, нодавлат ташкилотлари вакилларини жалб қилган ҳолда икки гуруҳда 5 кундан, жаъми 10 кун 60 соат ўқув машгулотлари ўтказилди. Ўқув жараёнида тингловчиларга 15 минг нусхада тайёрланган жамоатчилик назоратини ташкиллашга доир услубий тавсиялар тарқатиб берилди. Ўқув машғулотларига тегишли мавзуларга дахлдор вилоят идораларининг рахбар ва мутахассислари жалб қилиниб, тингловчиларнинг муаммо ва саволларига ўз жойида ечимини топиш ва ҳал қилиш чоралари кўрилган.

Жамоатчилик назоратини ташкиллашга қаратилган 2-босқичдаги тадбирлар доирасида 2002 йилнинг июль ойида вилоят касаба уюшмалари тизими рахбар ва ходимлари ўқуви ташкилланган. Тингловчиларга жамоатчилик назорати тартибида текширишлар ўтказиш услубий тавсиялари тарқатиб берилган.

Жамоатчилик назоратини ташкил қилишга қаратилган тадбирлар давомида фаолиятга ошкоралик бериш масалаларига жиддий зьтибор қаратилган. Амалга оширилаётган ишлар ҳақида Республика телевидениесининг ўзбекча ва русча «Таҳлилнома», «Ахборот» ижтимоий-сиёсий ва бошқа кўрсатувларида батафсил ахборотлар берилган. Вилоят, Қўқон шаҳар ва Данғара туман телевидениелари ўтказилган машғулотлар ва амалга оширилган ишлар жараёнини мазмунан ёритиб борган.

Айни шу паллада «Озодлик радиосида жаоатчилик назорати бўйича танқидий эшиттириш эфирга қўйилган.

2002 йил 6 июль куни «Адолат йўли» газетасининг 27-сонида “Луқма” рукни остида «ОЗОДЛИК»нинг БИР «ШЕВАСИ» ХУСУСИДА” номли танқидий мақола чоп этилди.

Жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш бўйича бошланган ташаббус деярли барчани тинчини бузди. “У оддий ҳалққа нима беради, натижаси қандай бўлади?” деган ҳақли саволлар барчани ўйлантирарди.

Амалга оширилаётган ишлар ҳақида Республика Олий Мажлис ва Вазирлар Махкамасининг «Ҳалқ сўзи» рўзномасида «Фуқаролик жамияти сари» рукни остида «ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ Фарғона вилоятида унинг жамиятдаги ўрнини шакллантириш йўлидаги харакатлар» номли, Республика прокуратурасининг «Ҳуқуқ” гезетасида 2002 йилнинг 19 июнь кунги сонида «Фуқаролик жамияти сари” рукни остида «КУН ТАРТИБИДА – ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ» Фарғона вилоят прокуратураси ходимлари унинг жамиятдаги ўрнини шакллантиришга харакат қилишяпти» номли мақолалари, «Хуррият» газетасининг махсус мухбири Турсунали Акбаров 2002 йил 14 август куни газетанинг 32-сонида «Эътироф» рукни остида “. . . ЗОРАКИ, «ЗАКУНЧИ БЎЛСАК…», 2002 йил 8 октябрь кунги «Фидокор» газетасининг махсус мухбири Хабибулло Олимжонов «Кучли давлатдан — кучли жамият сари» рукни остида «НАЗОРАТ ВАЗИФАСИНИ ЖАМОАТЧИЛИК БАЖАРИШИ КЕРАК” деди Президент Ислом Каримов Олий Мажлиснинг IХ сессиясида. Бу иш Фарғона вилоятида кенг кўламда амалга оширилмоқда ва фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан даъвогарлик хиссини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда» номли мақоласини чоп этдилар.

Шунингдек Россиянинг «ТРУД» газетаси ўзининг 2002 йил 19 ноябрь кунги сонида вилоят прокурори Абдукаримовнинг «ОБЩЕСТВЕННЫЙ КОНТРОЛЬ о процессах формирования гражданского общества в Республике Узбекистан» номли мақоласини чоп этди. Бундан ташқари «Қадрият», «Маҳалла», “Ишонч» Республика газеталарида катта катта мақолалар берилди. Бу мавзуда вилоятда нашр этилаётган барча рўзномаларда ёритиб борилди.

Матбуотларда ёритилгани бўйича сессиядан кейинги ўтказилган ўқувдан йўл йўриқларни ўрганган Вилоят касаба уюшмалари жамоатчилик назорати тартибида кўрган чоралари натижасида 2 миллиард 125,9 миллион сўм иш ҳақидан бўлган қарз тўланишига эришилди. Жамоатчилик назорати тартибида қўлланилган таъсир чоралари натижасида иш ҳақидан қарздорлик 2002 йил 30 август холатига 2002 йилнинг 1 январига нисбатан 535,5 миллион сўмга камайган.

Туман, шахар прокуратураларининг кўрсатган ҳуқуқий-услубий кўмаклари натижасида 2002 йилнинг 1 сентябр холатига жамоат ташкилотлари 1127 та текшириш ва тахлиллар ўтказиб, бевосита жамоат ташкилотларининг ўзлари, шунингдек улар тақдим этган материаллар асосида прокуратура идоралари томонидан қонун бузилишларни бартараф этиш ва олдини олишга қаратилган таъсир чоралари қўлланилган.

Ж у м л а д а н :

Жамоатчилик назорати натижасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва олдини олиш юзасидан 1 сентябргача бўлган қўлланилган жаъми таъсир чоралари қуйидагича:

Текширишлар сони 1159 та, тақдимнома 391 та, протест 1 та, огоҳнома 25 та, 6 миллион 300 минг сўм зарар ихтиёрий қопланган, 119 та 868,5 миллион сўмга судга даьво аризаси киритилган, интизомий жазо 38 та, маъмурий жазо 10 та, жиноят иши 5 та, 226 нафар фуқарони ҳуқуқлари низосиз тикланган, 70 та материаллар маъмурий идораларга ўтказилган 245 нафар мансабдор шахслар ахборот беришган, 6245 киши йиғилишда
мухокама қилинган, 132 та талабнома ёзилган ва хакозо …

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасида Шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинининг ваколатларига қонунлар ва бошқа қонун хужжатларининг, шунингдек ўз қарорларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳам 2002 йил 6 февралдаги ҳайъат мажлисида ушбу масалани мухокама қилиб, «Қонунларни аниқ ва бир хилда бажарилишини назорат қилишда жамоатчилик ёрдамидан кенг фойданилсин, фуқароларнииг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва маҳаллалар, касаба уюшмалари, ижтимоий жамғармалар ҳамда бошқа нодавлат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширилишига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб борилсин» деб қарор чиқарган.

Минг афсуски, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов асос солган жамоатчилик назорати институтинин ҳаётга тадбиқ этиш ва жонлантириш юзасидан доимий мақсадга йўналтирилган ҳамда узлуксиз иш ва изланишлар олиб борилмади.

Т а ш а б б у с   с ў н д и !

2003 йил «Обод маҳалла йили» муносабати билан бир қанча нуфузли меҳмонлар билан сентябрь ойида Фарғонага ташриф буюрдингиз. Вилоят «МАҲАЛЛА МАРКАЗИ» очилиши маросимида қатнашиб, 2002 йил 7 февраль кунги Ҳалқ Депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши 2-чақирик 9-сессиясида «Вилоятда қонунчиликни мустахкамлаш, жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш ва олдини олиш юзасидан қарор” қабул қилиб имзо чеккан ва бу қарорни амалда тадбиқ этиш ўрнига, унга турли йўллар билан тўсқинлик қилган вилоятнинг собиқ хокими Алишер Отабоевга «Обод маҳалла йили» Дастурини амалга оширишда алоҳида намуна кўрсатгани учун «Маҳалла жонкуяри» Фахрий Нишони билан тақдирланганини айтиб, ушбу мукофотни тантанали равишда Отабоевга топширдингиз.

2003 йил якунида вилоят хокимининг ўринбосари Гулнора Маъруфова Ҳалқ Депутатлари вилоят Кенгашинииг сессиясида «Вилоятда «Обод маҳалла йили» давлат дастурининг бажарилиши аҳволи тўғрисидаги» масала юзасидан килган маърузасида қуйидагиларни гапирганди:

“Президентимиз томонидан мамлакатимиз ривожлангаи, юксак босқичларга кўтарилгани сари давлат ваколатига кирадиган кўплаб вазифалар, шу жумладан назорат вазифаси жамоат ва нодавлат ташкилотларга, фуқаролар уюшмалари ва идораларига берилиши зарурлиги ғояси давлат дастурида ҳам ўз аксини топган. Бу ғояни амалда тадбиқ этиш учун вилоят прокуратураси «Маҳалла» Жамғармаси Республикада биринчи бўлиб иш бошлади ва махсус дастур ишлаб чиқилди. Унда аҳолининг зарур истеъмол товарлари билан таъминлаш, ногирон ва пенсионерларга нафақаларни ўз вақтида тўланишини назорат қилиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тортиб, аҳолини ижтимоий мухофазасига оид кўп қиррали масалалар ўз ифодасини топган.

Вилоятдаги 972 та шаҳарча, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида тузилган жамоатчилик назорати гуруҳлари томонидан 4832 марта текширишлар ўтказилди. Мутасадди идораларга 735 та талабнома чиқарилиб, 595 та тақдимнома киритилди, 197 та даъво аризаси қўзғатилиб, 172 та ҳуқуқий низо адолатли ҳал қилинди. Бунинг натижасида фуқароларнинг юқори идораларга ариза ва шикоятлар билан бориши кескин камайди…».

Қарангки, 2002 йилнинг атига уч ойида жамоатчилик назорати гуруҳлари томонидан 119 та даъво ариза судга топширилган бўлса, тўлиқ 2003 йилда атига 197 та даъво аризаси қўзғатилиб, судга топширилибди.

2004 йилнинг август ойида Вилоят Хотин Қизлар кўмитасининг хисобот-сайлов конференциясида вилоят Хотин-Қизлар кўмитаси раиси Гулнора Маъруфова жамоатчилик назорати ҳақида умуман гапирмади. Чунки 2002 йилда туғилган янгилик, ташаббус 2003 йилда мажбурий тарзда юритиб турилди ва 2004 йилда батамоам тугатилди. Шунинг учун 15 октябрь кунги сессияда Президентимиз Фарғонада бўлган бирорта ташаббусни эслай олмаслигини гапирди. Агар ушбу ташаббус давлат миқёсига олиб чиқилиб ҳал этилганида эди…

Фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилган ташаббуснинг йўлига бўлган сохта тўсқинликлар, ғовлар натижасида мамлакатнинг иқтисодий ижтимоий -сиёсий ҳолатини ўзгартириши мумкин бўлган ўта мухим жараён барбод қилинди.

Республика «Маҳалла» газетасининг 2004 йил 9 июнь кунги сонида чоп этилган “Маҳалла майдони»да мунозара рубликаси остида газетанинг Фарғона вилоят бўйича махсус мухбири Қодир Шодмонов қаламига мансуб «ФАОЛИЯТДАН ТАШҚАРИ ХОЛАТ» («Маҳалла Жамғармаси Фарғона шаҳар бўлинмаси идораси эшигини мухрлаб қўйишди. Нега? Бундай қилишга кимнинг ҳуқуқи бор? Афсуски шаҳар хокимлигида бу ишни бажарганлар мазкур саволга асосли жавоб бера олишмади” номли танқидий мақола яққол мисол бўла олади.

Ушбу мақола қуйидаги жумлалар билан бошланган:

“Ўтган йилнинг 10 ноябрида Фарғона шаҳар Оқсоқоллар Кенгаши ва “Маҳалла” Жамғармаси шаҳар бўлинмаси раиси хонаси эшигида «мухрланган, очиш мумкин эмас» деган ёзувнинг пайдо бўлиши кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Мухрлашни амалга оширган шаҳар хокимлигининг ташкилий ва кадрлар билан ишлаш гуруҳи рахбари Маъруф Хўжаев бу холатни «Мен шаҳар хокимининг топшириғини бажардим, сабабини билмайман» дея изоҳлади холос. Ҳақиқатдан ҳам бундай ишга гуруҳ рахбарининг журъати етмаслиги маълум эди.

Бунгача шахар хокимияинг ўринбосари шаҳар Хотин-қизлар кўмитаси раиси Раъно Бойқўзиева шахар хокими Р.Болтабоевга “Ушбу билдиришнома орқали “Маҳалла» Жамғармаси Фарғона шаҳар бўлинмаси раиси вазифасини бажарувчи Ёқуб Эрматовнинг ножўя харакатига эътиборингизни қаратмоқчиман. У мунтазам равишда хокимлик ишига тўсқинлик қилгани ҳолда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини хокимлик топшириқ ва буйруқларини бажармаслик, бўйин эгмасликка чақирмокда. Ушбу холатни хисобга олган ҳолда Ёқуб Эрматовни эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки лойиқ эмаслигини кўриб чиқишингизни илтимос қиламан» деган мазмунда билдиришнома киритади.

2003 йилда хукумат рахбарининг ташаббуси билан фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун бошланган жараённи мамлакатдаги деярли барча матбуотлар, ҳуқуқшунослар, олимлар тарғиб қилишди.

Ҳаттоки Президент Ислом Каримовнинг устози Тошкент молия институти ректори Мурод Шарифхўжаев муаллифлигида 2003 йилда чоп этилган “Ўзбекистонда очиқ фуқаролик жамиятининг шаклланиши» номли китобини 311- 320 бетларида;

Юридик фанлари номзоди, доцент Марат Ғуломовнинг «Маҳалла — фуқаролик жамиятининг асоси» номли китобида;

2003 йил октябрь-ноябрь ойларида Марат Ғуломовнинг китобидан парчалар ҳаттоки Республика матбуотларида, жумладан «Ишонч» газетасининг 7 октябрь кунги 156 сонида “Жамоатчилик назорати бўйича услубий тавсия, «Маҳалла — фуқаролик жамиятининг асоси» рукни остида 28 октябрь кунги 167 сонли ва 29 октябрь кунги 168 сонидаги «Жамоатчилик назорати — катта куч» мақоласида;

“Ишонч” газетасининг 1 ноябрь кунги 170 сонидаги “Вақтинча меҳнатга лаёқатсизликка доир нафақа қандай тайинланади?» мақоласида;

“Ишонч” газетасининг 4 ноябрь кунги 171 сонидаги “Даъвогар талаби» мақоласида;

“Ишонч” газетасининг 5 ноябрь кунги 172-сонидаги «Даъвогарлик хисси» номли мақоласида;

Фарғона вилоят “Маҳалла” Жамғармасининг рахбари Толибжон Хафизов муаллифлигидаги «Маҳалла — фуқаролик жамиятининг асоси» номли китобида 2002 йил 5 февраль кунги Ҳалқ Депутатлари Фарғона вилоят Кенгашинииг 11 -чақириқ IХ сессиясида қабул қилиниб, ижрога қаратилган Қарор ва тасдиқланган Дастур ҳақида, ушбу Қарор ва Дастурга асосан маҳаллалар фаолларини ҳуқуқий билимини ошириш учун ўтказилган ўқувлар, тайёрлаб тарқатилган 15 мингдан зиёд методик қўлланмалар ҳақида ёзилсада, бу ташаббус фақатгина бир йил умр кўрганлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Жаноб Гадойбоев!

«Ҳалқ йўли – Ҳақ йўл” номли китобингизни «ОЗОД ЮРТГА ОБОД МАҲАЛЛА ЯРАШАДИ» деб номланган бўлимида қуйидагиларни ёзгансиз:

“ЖамғарманингҲалқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлиги йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Жумладан, 2003 йилда ҳамкорликда қуйидаги тадбирлар бажарилди;

– Конрад Аденауэр (Олмония) Фондининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий ваколатхонаси билан биргаликда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва жамият қурилиши бошқарувидаги иштироки» мавзусида барча вилоятларда маҳалла раислари учун семинарлар ташкил қилинди;

Мазкур Фонд «Маҳалла» Жамгармаси ва Фридрих Науман Фонди (Олмония) билан ҳамкорликда 2003 йил З ноябрда пойтахтимизда «Обод маҳалла йили: натижа ва истиқболлар» мавзусида Ўзбекистон — Олмония Ҳалқаро Конференцияси ўтказилди;

– Европада Ҳавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотинииг Тошкентдаги Маркази билан ҳамкорликда “Маҳаллалар ва атроф-мухитни мухофаза қилиш» мавзусида ККР, барча вилоятлар, Тошкент шаҳри маҳалла раислари учун семинарлар ташкил қилинди;

– Америка Қўшма Штатлари Ҳалқаро ривожланиш агентлиги томонидан сармояланувчи “Маҳалла” харакатини сармоялаш дастурининг Сурхандарё ва Кашкадарё вилоятларининг 72 та маҳалласида бажарилган ва бажарилаётган лойихаларда иштирок этилди;

– Шунингдек «Маҳалла» Жамғармаси Республика Бошқарувида Англия, Япония, Олмония, АҚШ ва бошқа давлатларда фаолият кўрсатаётган йигирмадан ортиқ Ҳалқаро ташкилотлар вакиллари билан “Ўзбек маҳалласи – фуқаролик жамиятининг асоси» мавзусида учрашувлар, сухбатлар ташкил қилинди…».

2002 йилнинг 20 сентябрь куни Европада Ҳавфсизлик ва хамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги маркази раҳбари Фарғона вилоят прокурорига мурожаат қилганлиги ҳақида вилоят хокимиятида ўтказилган йиғилишда хокимият рахбарлари Фарғонада бошланган ташаббус Ҳалқаро ташкилотларни ҳам қизиқтираётганлиги ҳақида тўлқинланиб гапиришганди. Бу ҳақда ўша пайтда вилоятдаги телевидение журналистлари ҳам «Жамоатчилик назорати” деб номланган махсус кўрсатувда алоҳида тўхталишганди.

Ўша пайтда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги маркази рахбари вилоят прокурорига унинг бошчилигида жамоат назорати институтини ташкил қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида Фарғона вилоят прокуратураси тавсия усулида қатор методик қўлланмалар ишлаб чиқилганидан хабар топганлиги ҳақида ёзганди. Шунингдек у ўз хатида ташкилотнинг Тошкентдаги марказига ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган фуқаролардан кўплаб шикоятлар келаётгани, марказнинг фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнида фаолиятини кучайтириш мақсадида ушбу методик қўлланмалардан ташкилотнинг кутубхонасига фойдаланиш учун беришини прокурордан илтимос қилган экан.

Сиз «Ҳалқ йўли – Ҳақ йўл» деб номланган китобингизда Ҳалқаро ташкилотларни ҳам қизиқтирган, 2002 йили Конституция байрами муносабати билан ўтказилган анжуманда Президент Ислом Каримов алоҳида тўхталиб, мақтаган ушбу ташаббусни ривожлантириш ўрнига, аксинча бўғиб ўлдирилгани ҳақида бир жумла ёзганингизда эди мен ҳам бу китобни ўқиган бошқалар сингари “Ўзбек хукумати «фуқаролик жамияти барпо этиш» ва «демократик тузум» каби турли-туман жозибали шиорлар билан нафақат ўз ҳалқи, балки бутун жахон ҳамжамиятини ҳам алдаб юрибди” деган ҳаёлга бормаган бўлардик.

Жамоатчидик назорати бўйича ҳуқуқий билими оширилган, ўқувларда қатнашган ҳар бир Маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг кўнглидан ҳам шу гаплар ўтган бўлса ажабмас.

Афсуски, хозир ҳамма ҳақиқатни гапириб, балога гирифтор бўлишдан кўра сукут сақлашни афзал кўради.

Мен эса ушбу очиқ хатимни Ўзбекистон Оқсоқоллар Кенгаши, “Маҳалла” Жамғармасининг нашри “Маҳалла» газетаси орқали чоп эттиришга беришингизни сўрайман.

Фарғона вилояти Охунбобоев
Тумани Оқтепа Маҳалла
Фуқаролар йиғини раиси: МАМАСОДИҚ РАХИМОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.