ФИБ Риштон туманлараро суди судьялари ва Фарғона вилоят прокуратураси амалдорларининг жиноятлари ҳақида телеграмма
Т Е Л Е Г Р А М М А
Биз ушбу жиноят содир этилганлиги ҳақидаги расмий билдиргимиз билан порахўрлик ва воситачилик жинояти ҳақида сизларга хабар беряпмиз. Бу хабаримиз тахминимизча ўнинчиси бўлса керак.
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй. Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;
Нусхаси: Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди малака ҳайъатининг Раиси З.Ҳомидовга;
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига;
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумига;
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига;
Нусхаси: Фарғона вилояти прокуратурасига;
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирига;
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Миллий Ҳавфсизлик хизмати рахбариятига;
Нусхаси: Фарғона вилоят миллий хавфсизлик хизмати бошқармасига;
Нусхаси: Фарғона вилоят хокимиятига;
Нусхаси: Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасига:
Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча чет эл элчихоналарига, Ҳалқаро ташкилотларга, Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига, Ҳалқаро ва маҳаллий матбуотларга
Олтиариқ тумани Янгиқўрғон қишлоғи Фарғона кўчаси 35–уйда яшовчи Қосимов Мирзахалим ва унинг нотариал идора орқали расмийлаштирилган ишончли вакили, “Ўтюраклар” Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист Мўтабар Тожибоевадан
ЖИНОЯТ ҲАҚИДА РАСМИЙ БИЛДИРГИ
19 март 2005 йил
Мухтарам хонимлар ва жаноблар!
Биз ушбу жиноят содир этилганлиги ҳақидаги расмий билдиргимиз билан порахўрлик ва воситачилик жинояти ҳақида сизларга хабар беряпмиз. Бу хабаримиз тахминимизча ўнинчиси бўлса керак.
Биз ушбу жиноят содир этилганлиги ҳақидаги расмий билдиргимиз билан “Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, ҳолисона адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан” дея қасам ичиб судялик мартабасига эришган, лекин қасамёдига ҳиёнат қилиб, порахўрлик ва воситачилик жиноятлари содир этган судялар Риштон туманлараро фуқаролик суди судялари Хамидулло Тўхташев ва Ориф Ишматовлар ҳақида ёзмоқчимиз.
Ачинарли томони шундаки, Ориф Ишматов ва ХамидуллоТўхташевларнинг жиноят содир этишига ён атрофдагилар барчангиз шериксиз. Айниқса Ўзбекистонда қонунлар ижросини назорат қилиши керак бўлган прокуратура тизими кўпроқ айбдор. Бунинг исботи тариқасида Фарғона вилоят прокурорининг 1–ўринбосари Ориф Аҳмаджоновни Мирзахалим Қосимовга 2005 йил 2–февраль кунги 21–04 рақамли ёзишмасидан ҳам билиб олиш мумкин.
Унда қуйидагилар ёзилган:
“Сизнинг 2005 йил 29–январь куни Фарғона вилояти прокуратурасига Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти Риштон туманлараро суди судяси Х.Тўхташев томонидан сизга нисбатан таъмагирлик қилиб пулингизни олиб, хозирда сиз яшаб турган 19–сотиҳ ердан акангиз М.Қосимов фойдасига ҳал қилиб қисман ажратиб бергани тўғрисидаги ёзган аризангиз, 2005 йил 1–февраль куни Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судига хизмат текшируви ўтказиб, қонунийлигини ўрганиш учун юборилганлигини маълум қиламан. Хизмат текшируви хулосаси олинганидан сўнг сизга ушбу ҳақда қўшимча хабар қилинади”.
Чаласаводликни, онгсизликни кўрингки, Қосимов прокуратурага Хамидулло Тўхташевнинг таъмагирлиги ҳақида эмас, балким порахўрларлиги ҳақида ариза ёзган. Албатта, Аҳмаджоновни ҳам тушунса бўлади. Ахир айтадилар–ку “Қарға қарғани кўзини чўқимас” деб. Таъмагирлик билан порахўрлик жиноятини фарқини билмайдиган кимса қандай пуллар билан вилоят прокурори ўринбосари лавозимини эгаллаганлиги ҳақида ўйласанг, Тўхташевлар сони кам эмаслигини ҳис қиласан киши.
Аҳмаджонов ва унинг ҳамкасблари Мирзахалим Қосимов, пора олиш жинояти ҳақида ариза берганидан кейин ҳам ўз шерикларини қутқариб қолишга тинимсиз интилишди.
Қарангки, Қосимовга 2 марта пора ҳақида Хамидулло Тўхташев билан сухбатлашиш учун махсус расмийлаштириб диктофон берилди–ю икковида ҳам “билмасдан” ишламайдиган, “бузуқ” диктофонни беришибди. Ахир бу эртакка боғча боласи ҳам ишонмайди–ку. Вилоят прокуратурасидаги жаноблар мухтарам Президентимиз Ислом Каримов томонидан тасдиқланган судяларнинг жиноятчи бўлиб чиқишларидан чўчиганми ёки Тўхташевнинг ва унинг жиноий кирдикорларини жиноят содир этганликда айблаб жиноят иши қўзғатилса, Тўхташев ва унинг шериклари фуқаролардан олган пораларининг маълум қисмини “акахонлар”га берганлик фактларини фош қилиб юборишидан қўрқишганми?
Вилоят прокуратурасидаги порахўрлик жиноятлари бўйича фойдаланиладиган барча диктофонлар “бузуқлиги” сабабли охир–оқибат “Ўтюраклар” Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига қарашли диктофон билан Хамидулло Тўхташев ва Қосимов Мирзахалим ўртасида пора масаласида сухбатни ёзиб олинди. Қарангки,бу сухбатда Хамидулло Тўхташев порахўр фақатгина ўзи эмаслигини, қуйи суддагилар озгина суммага ҳам кўнаверишларини, вилоят судидагилар адвокатлар воситачилигида катта–катта поралар олишлари, пораларни олволгач, туманлараро фуқаролик судларининг пора эвазига чиқарилган бўлса ҳам қонуний чиқарилган ҳал қилув қарорларини ўйлаб ўтирмасдан ажрим билан бекор қилиб юбораверишларини, энду бу ажримларни бекор қилдириш учун Олий судга бориб, у ердагилар билан “гаплашиш” (!!!) кераклигини, лекин уларнинг номи Олий суд бўлганлиги сабабли ҳам бериладиган ҳақ миқдори ҳам йирик бўлиши кераклиги ҳақида тўлқинланиб гапирган. Бу сухбатда вилоят судининг қайси судьяси қайси адвокат орқали кимдан қанча пора олганлиги ҳам аниқ тиниқ гапирилган.
“Бузуқ диктофонлар” тузатилганидан кейин, ёки тузатилишга мажбур бўлганидан кейин прокуратурадагилар Тўхташевни 4–маротаба Ўзбекистоннинг суд тизимидаги порахўрлик тизимини чиройли қилиб тушунтириб берган сухбатини расман хужжатлаштириб ёзиб олишган. Вилоят прокурори ўринбосари Ориф Аҳмаджонов албатта бу 2 та диктофондаги “иқрорнома”ларни эшитган, бу иқрорномада фақатгина порахўрлик асосида шаклланганлигини судьянинг ўзи чироқли тушунтириб берган. Агар пора билан таъмани фарқига бора олмайдиган чаласавод бўлганида уни бу юксак лавозимга тасдиқлашмасди. Балким унинг бу лавозимга ўтиришшига ҳам ўша нарса сабаб бўлгандир балким.
Жаноблар ва хонимлар!
Хозирда порахўрлик ва воситачилик жинояти содир этилганлиги юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Хизмат текшируви натижаси ҳақида олдиндан фол очмоқчи эмасмиз. Лекин Ўзбекистонда яшаётган эканмиз яхши биламизки ҳар доимгидек “важимиз тасдиғини топмайди”, яъни ачинарлиси важимиз тасдиғини топмаганидан кейин биз албатта кимгадир тухмат қилган бўламиз. Лекин тухмат қилганлигимиз учун ҳам бизга жиноят иши қўзғатилмайди.
Бизнинг “важларимиз тасдиғини топмаслиги” мумкин. Биз бунга ҳам тайёрмиз. Мирзахалим Қосимов 7–февраль куни Жиноят Ишлари бўйича Фарғона вилоят суди биноси рўпарасидаЎзбекистонда суд тизимидаги порахўрликларга қарши ўтказилган пикетда қатнашган эди ва у ерда Тўхташев Хамидуллонинг порахўрлик жинояти содир этганлигини, кейинчалик олган порасининг 580 минг сўмини қайтариб берганлигини, яна 34 минг сўм пули қолганлигини, унинг пора олганлигини ва олган порасини қайтариб берганлигини гувоҳлар билан тасдиқлашини айтганди.
Бизнинг ушбу жиноят ҳақидаги расмий билдиргимиз аввалги ёзишмаларимиз сингари оқибатсиз қолдирилса, жуда қисқа кунларда Тошкентда, Президент девони биноси рўпарасида порахўр ва чаласавод кимсаларни, жиноятчиларни судялик лавозимига тавсия этган Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги судяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясини ва уларни тасдиқлааб лавозимига қўйган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни истеъфога чиқарилишини талаб қилиб, норозилик намойиши бошлаймиз. Ушбу намойишда Хамиддулло Тўхташевнинг Ўзбекистонда суд тизимининг қанчалар коррупциялашиб кетганлигини исботловчи овозини кучайтиргич мосламалар орқали барчага эшиттирамиз.
Бундан ташқари бутун ўзбек ҳалқига мурожаат қилиб суд идораларидан жабр тортганларни барчасини биз Тошкентда намойиш бошлаган пайтимизда ўз худудларидаги суд идоралари олдида хукумат истеъфосини талаб қилиб узлуксиз намойишлар бошлашга чақирамиз. Шу билан биргаликда биз бошлаган норозилик намойишида иштирокчи сифатида қатнашсалар улар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмасликларини, балким қонун бўйича ташкилотчи сифатида фақатгина бизлар жавобгарликка тортилишга ҳам, қамалишга ҳам тайёр эканлигимизни ҳалққа тушунтирамиз. Билмадик, ўзбек ҳалқининг қанча фоизи уйида қоларкин бу тадбирга бефарқ бўлиб. Тасаввур қила олмаяпмиз. Чунки Ўзбекистонннинг ҳар бир бир бурчаги, ҳар бир хонадонида адолатсиз судлов туфайли жабр тортган фуқаролар топилади.
Жиноят ҳақида такроран расмий хабар берувчилар
Мўтабар Тожибоева
Мирзахалим Қосимов
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish