Шўрсувда ишчилар ҳақларини талаб қилишмоқда
27 апрель 2005
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабарига кўра, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги “Шўрсув кон–кимё комбинати“ акциядорлик жамиятининг жондан тўйган 400 дан ортиқ ишчи ва хизматчилари ўз хиссалари (акциялари) нинг талон–торож қилинганидан ва маошларини ололмаётганларидан норози бўлиб 25 апрель куни сўнгги чора сифатида очлик эълон қилишди.
Улар ўз ҳақларининг тикланиши ва маошлари вақтида берилиши талабида қатъий туришга азму қарор қилганликларини билдирмоқдалар.
Ишчилар Ўзбекистон президентига телеграмма ҳам йўллашди. Телеграммада талаблари бажарилмаган тақдирда, улар ўзларини “ҳимоя қилолмайдиган, ҳақ–ҳуқуқларини поймол қилиб, кўчада оч–яланғоч қолдирадиган“ Ўзбекистон хукуматининг истеъфосини талаб этишларини таъкидлаганлар.
Ишчиларнинг айтишларича, акциядорлик жамиятининг 10 йил ишлаган ва бултур ишдан олинган рахбари Аъзам Абдураҳмонов Фарғона давлат мулк кўмитаси билан тил бириктириб, ишчиларнинг акцияларини алдов йўли билан ўзлаштириб юборган экан. Бу ҳол янги рахбар ишга келгач, ўтган йил охирида маълум бўлган. Шу кунларда собиқ рахбарнинг иши судда.
Лекин суддан бирор натижа чиқишига ва айбдордан катта маблағ ундирилишига кўзи етмаган ишчилар, юқорида айтганимиздек, очлик эълон қилишди ва буни давом эттиришмоқда. Боз устига, маошлар ишчиларга 8 ойдан бери берилмаётгани ҳам улар учун “дард устига чипқон“ бўлган.
Кеча комбинат ишчилари Шўрсув шахарчасида транспорт йўлларини тўсиб қўйганликлари тўгрисида ҳам хабарлар олинди.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish