Мўътабар Тожибоева: Аюбхон Баратов ўз ихтиёри билан ИИБга борган бўлсада, ғайриқонуний йўллар билан уриб, қийнаганлар ва ҳибсга олганлар!

Снимок,,,,,,,

Биз ҳукумат раҳбарлари Наманган вилоятидаги контрабанда савдосига кенг йўл очиб берган «жабрланувчи»нинг ҳомийларига, ўз жиноий хатти–ҳаракатларини яшириш мақсадида «Нобель» мукофоти Номенанти бўлган Мўътабар Тожибоевани «Давлат сиёсатига қарши гапирди! Президентни ҳақорат қилди! Давлат тўнтариши қилмоқчи бўлди!» дея қалбаки ҳужжатлар расмийлаштирган «ЖИНОЯТ ҚИДИРУВ БЎЛИМИ (!!!)» мансабдор шахсларига нисбатан қатьий чоралар кўрадилар деб ишонамиз.

11 июль 2005 йил

Наманган шаҳри. Нодим Намонгоний кўчаси. Наманган шаҳар Ички Ишлар бошқармаси тергов бўлими бошлиги ўринбосари Равшан Назаровга;

Нусхаси: Матбуотчилар кўчаси 6 уй. Президент девонига Президент Ислом Каримовга;

Нусхаси: Наманган шаҳри Лутфий кўчаси Наманган вилоят прокурорига

Мухтарам жаноблар!

Наманган вилояти Наманган шаҳар Намуна кўчаси 13 уйда руйхатда туриб, Дилшод кўчаси 31–уйда яшовчи 1966 йилда туғилган Баратов Аюбхон Исмоиловичнинг оила аъзолари биз билан ҳамкорликда ишловчи «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари, мустақил журналист, «Фуқаролик Жамияти» Халқ ҳаракати асосчиси Мўътабар Тожибоевага июнь ойи охирларида мурожаат қилган.

Аюбхон Баратовни қилмаган жиноятларини бўйнига қўйиб, Жиноят Кодексининг 277–моддаси З–қисми «а» банди, 168–моддаси З–қисм «а» банди билан жиноят иши қўзғаб, терговчи Шуҳрат Сидиров томонидан қийноқлар қўлланилиб, ўзлаштирмаган, ўзлаштирилганлиги ҳали терговда тасдиғини топмаган 25 миллион сўм пулни зудлик билан Аюбхоннинг собиқ турмуш ўртоғи – контрабанда билан шуғулланувчи Латифа Каримовага тўлашини айтиб, қийнаётганликлари учун қочиб яширинишга мажбур бўлиб, 20–апрелдан буён расман қидирувда бўлгани учун уни ҳимоя қилишни сўрашган.

Бизга берилган маълумотларга қараганда Баратов Аюбхон ҳеч қандай жиноят содир этмаган. Агар тергов ҳаққоний ва ҳар тарафлама одилона олиб борилиб, Аюбхон Баратовнинг барча важлари атрофлича ўрганилса қора курсида Аюбхон Баратов эмас, балким бошқалар ўтириши аниқ. Шунга ишонч хосил қилгач биз Абюбхон Баратовни қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга рози бўлдик ва ўзаро тузилган шартномага асосан адвокатлик ордерини топширдик.

Аюбхон Баратов қидирувни ва санкцияни бекор қилишни, кафолат билан очиқликда қолдиришни сўраб ўз ихтиёри билан 2–июль куни Наманган вилоят Ички Ишлар бошқармасига қонуний вакили Мўътабар Тожибоева билан биргаликда борди. У Наманган вилоят прокурори ўринбосари А.П.Қаҳҳаровга ва Наманган вилоят ички Ишлар бошқармаси бошлиғи Усмоновга ихтиёрий келганлик ҳақидаги аризасида қуйидагиларни ёзганди:

«Мен Баратов Аюбхон Исмоилович, юқоридагиларни ёзиб Сизга шуни маълум қиламанки, собиқ турмуш ўртоғим Латифа Каримованинг ёлғонлардан иборат, тухмат ёзишмасига асосан 2005 йилнинг февраль ойида Наманган шахар ички Ишлар бўлими тергов бўлимида менга нисбатан Жиноят Кодексининг 168–моддаси 3–қисми билан ва 277–моддасининг 2–қисмига биноан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши тергови фақатгина Латифа Каримовани манфаатини кўзлаб бир ёқлама олиб борилаётганлиги учун ҳамда менга нисбатан терговчи Сидиров Шухрат руҳий қийноқ қўллаганлиги, доимо қамоққа олиш билан қўрқитганлиги учун мен бу руҳий азобларга дош бера олмаганлигим учунгина апрель ойида қочиб, яширинишга мажбур бўлдим. Менга 19–апрель куни қидирув эълон қилинганини оила аъзоларимиз орқали билдим.

Чунки мен 1994 йилда ҳам собиқ турмуш ўртоғим Каримова Латифанинг тухмат ва бўхтонлари туфайли Жиноят Кодексининг 87–моддасига асосан З йил муддатга озодликдан махрум қилиниб, 43 кун хибсда ўтирганман, ва шу йили аппеляция инстанциясига ёзган шикоят аризам бўйича озодликка чиқарилганман. 1995 йилда яна айнан ўша иш билан суднинг хукми билан З йил муддатга озодликдан махрум қилиниб, 1996 йилнинг август ойида амницияни қўлланиб қамоқдан озод қилиндим. Яна Латифа Каримованинг тухмат бўхтонлари натижасида қамоққа олиш учун харакат қилишаётганлигини эшитиб, аввалги мен қилмаган жиноятларни ҳам уриб, қийноқларга солиб, руҳий азоблар бериб зиммамга қўйганликлари натижада буткул соғлигимдан айрилганлигим, ярим жон бўлиб қолганлигим учун қўрқиб қочиб кетдим.

Шундан буён ҳақиқат қидириб жуда кўплаб давлат идораларига, нодавлат ташкилотларга, Республика миқёсидаги маҳаллий журналистларга мурожаат қилдим. Минг афсуски журналистлар очиқдан очиқ хозир адолатсизлик хукмронлигини, адолат топиш учун фақатгина инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилишим кераклигини айтишди.

Шунда нуфузли лавозимда ишловчи бир амалдор Марғилон шаҳрига бориб «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари мустақил журналист Мўътабар Тожибоевадан мени ҳуқуқларимни ҳимоя қилишини сўраб мурожаат қилишимни маслахат берди. Мен оила аъзоларимизга Марғилонлик Мўътабар опа деган аёлни топишларини айтдим. Улар бир ярим ойдан ортиқ вақт сарфлаб опани топишди. Улар Мўътабар опа билан учрашганликларини, мени З маротаба ноҳақдан тухматга учраётганлигимни, мени ҳуқуқ ва эркинликларимни ҳимоя қилишни сўрашган.

Оила аъзоларимиз «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига ёзган аризаларига асосан 26–июнь куни вилоят Ички Ишлар бошқармасига келиб терговни тўлақонли олиб борилиши, мени ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш учун ўзининг қонуний вакилим бўлиб терговда иштирок этишга розилик берилиши юзасидан рахбарлар билан сухбатлашганидан кейин, у киши мен билан учрашишни, мени ўзининг олдига олиб боришларини талаб қилганидан кейин, бугун 2–июль куни Мўътабар Тожибоевани олдига келдим.

Биз Мўътабар Тожибоева билан Тошкентдан қайтганидан кейин вилоят Ички Ишлар бошқармасига келишимиз ҳақида келишиб бўлинганидан кейин айнан 26–июнь куни кундуз соат 13ларда Наманган шаҳар Ички Ишлар бўлимидан 5 нафар милиционерлар мени фарзандларим яшаб турган уйга бостириб киришга харакат қилиб, оила аъзоларим уйда йўқ бўлишига, биргина Гулноза исмли мактабни битирган узоқ қариндошимиз уйда ёлғиз эканлигига қарамасдан эшикни синдириш билан қўрқитиб, хозир эшикни очишмаса кечаси Зда келишларини айтиб қариндошимизни ва ҳаттоки қўшниларимни қўрқитишган.

29–июнь куни кундуз соат 10ларда 3та ТИКО ва 2 та ДАМАС автомашиналарда тахминан 15га яқин милиционерлар уйга бостириб киришга харакат қилишган. Оила аъзоларимиз қаршилик қилганларидан кейин битта милиция ходими уйимизни текшириб чиқибди. Лекин оила аъзоларимиз уйни тинтув қилишга ордери бор йўқлигини сўраганларида ҳеч қандай ордерлари йўқлиги маълум бўлган.

Мен нотариал идора орқали ишончнома расмийлаштириб, Мўътабар Тожибоевани қонуний вакилим сифатида расмийлаштириб, қонуний вакилим ва мени конституцион ҳуқуқларимни ҳимоя қилишга келишиб, 27–июнь кунги тузилган шартномага асосан Фарғона шаҳар «Магдиев адвокатлик фирмаси адвокати Дилафрўз Нурматованинг 253–сонли ордери ва Охунбобоев тумани юридик маслахатхонаси адвокати Мухаррам Тожибоева билан 27–июнь кунги тузилган шартномага асосан 1323–сонли ордерни олган холда менга нисбатан эълон қилинган қидирувни бекор қилишни сўраб ўз ихтиёрим билан Вилоят Ички ишлар бошқармасига келдим.

Мен ҳеч қандай жиноят содир этганим йўқ. Аксинча менга тухмат қилиб конутитуцион ҳуқуқларимни бузаётган собиқ турмуш ўртоғим Латифа Каримованинг ўзи контрабанда билан шуғулланиб келади, яширин цехлари мавжуд. Унинг жиноий кирдикорлари юзасидан батафсил ариза ёзиб, Республика бош прокуратурасига, Миллий Хавфсизлик хизмати Республика кўмитасига, шунингдек вилоят Ички Ишлар бошқармасига мен ва турмуш ўртоғим Нодира Кенжаева аризалар ёэганмиз.

Шунинг учун шикоят аризаларимизда баён қилинган холатлар бўйича суриштирув ишлари олиб бориб мени айбсизлигимни исботлаб, жиноятлар содир этаётган Латифа Каримова ва унинг жиноий шерикларига жиноят иши қўзғаб, мени қонуний ҳуқуқларимни ҳимоя қилишларингизни сўрайман.

Мен ҳар қандай суриштирув, тергов харакатларида менинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларимни ҳимоя қилиш учун Марғилон шаҳар Зухро кўчаси З1–уй З1–хонадонда яшовчи Мўътабар Тожибоевани ҳимоячим сифатида иштирок этишига рухсат бериб қарор чиқаришларингизни ва менга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергови давомида эҳтиёт чорасини «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоеванинг кафиллигида очиқда қолдиришингизни сўрайман.

Мени қонуний манфаатларимни ҳимоя қилишларини сўраб нотариал идора орқали «Ўтюраклар» Клуби исмли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоевага берган ишончномам, Фарғона шаҳридаги «Магдиев номли адвокатлик фирмаси адвокати Дилафрўз Нурматованинг 253–сонли ордери ва Охунбобоев тумани юридик маслахатхонаси адвокати Мухаррам Тожибоеванинг 1З2З–сонли ордерини Наманган вилоят Ички Ишлар бошқармаси бошлиғи номига 2005 йил 2–июль кунги ёзган аризамга қўшимча илова қилганлигимни маълумот тариқасида сизга билдириб қўйишга қарор қилдим».

Ушбу ариза билан 2–июль куни Аюбхон Баратов Мўътабар Тожибоева билан Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси рахбарлари қабулига кириб чиққан. 5–июль куни Наманган вилоят прокурори ўринбосари Қаҳҳаровни қабулига кирмоқчи бўлганларида вилоят прокуратураси қабулхона мудири Баходир Нуриддинов Аюбхонни барибир қамалишини, қамалмасликни хоҳласа Латифахон Каримовадан ўзлаштирган 25 миллион сўм маблағни зудлик билан қайтаришиини талаб қилган. Наманган шахар прокурорининг қабулига боришганида эса у Мўътабар Тожибоева қабулга кирмоқчилигини эшитиб, қочиб кетган.

10–июль куни атрофлича тергов харакатлари ўтказишни талаб қилиб, ҳеч қандай чақирув қоғозисиз ўз ихтиёри билан Наманган шахар Ички Ишлар бошқармасига қонуний вакили Мўътабар Тожибоева билан биргаликда бориб, тергов харакатлари ўтказишни сўраган Аюбхон Баратовни Тожибоевага ўзини танитишни истамаган кейин маълум бўлишича Наманган шахар ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари Ички Ишлар бошқармасига Шухрат исмли йигит билан биргаликда киришни сўраган. Қонуний вакили билан терговчи Равшан Назаровни қабулига кирмоқчи бўлгач Аюбхон Баратовни 4–этажга олиб киришган ва ўзларини танитмаган кимсалар у билан қўпол муомилада бўла бошлашган.

Расман қидирувда бўлган ва ўз ихтиёри билан вилоят идораларига бориб ариза бериб расмийлаштирган Баратовни қидирув бекор бўлганидан орадан 8 кун ўтказиб Шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси Жиноят қидирув бўлими қидирувдагиларни ушлаш бўлинмаси бошлиғи Равшанбек Орзиқулов бошчилиги Шухрат Абдурахимов, яна бир ходим ва Жиноят Қидирув бўлими бошлиғи Турсунов Баходирлар қидирувдаги жиноятчини ушлагандек аёвсиз калтаклаб, ҳақоратлаб хисбга олганлар.

Уларнинг ғайриқонуний хатти–харакатларига қаршилик қилиб Фарғона шаҳар адвокатураси адвокати Мухаббат Жумаевани ҳам Аюбхон Баратовни ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга тузилган ордерини Равшанбек Орзиқуловга бериб – Баратовни урмасликларини талаб қилган Мўътабар Тожибоевани «давлат сиёсатига қарши гапирди, хукуматни ағдармоқчи бўлди, Президент Ислом Каримовни ҳақорат қилди» деб 2 та сохта холисларни топиб келиб қалбаки хужжатлар расмийлаштирганлар.

Мўътабар Тожибоева Аюбхон Баратовни ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш учун жиноят иши материаллари орасига қўшиш учун адвокатлар Мухаррам Тожибоевани, Дилафрўз Нурматовани ордерларини 2–июль кунги ариза билан топширганликларини, адвокат Мухаббат Жумаеванинг ордерини хозир Турсуновни кўз олдида Орзиқулов Равшанбекка топширганида у ордерни ташлаб юборганлигини, Мўътабар Тожибоеванинг ўзи ҳам бугунги кунда амалда бўлган Жиноят Процессулал Кодексининг 49–53–моддаларига асосан Аюбхон Баратовни қонуний вакили эканлигини айтганида, Баходир Турсунов «Бу адвокатларни ҳам, сени ҳам яқин йўлатмаймиз, ўзимизни адвокатларимиз бор, ўшалар Аюбхон Баратовни «ҳимоя қилишади» деган.

Аюбхон Баратов ўз ихтиёри билан маъмурий органларга борган бўлсада ғайриқонуний йўллар билан бойлик орттириб маъмурий органлар рахбарларига таниш бўлган «Жабрланувчи» Латифа Каримова манфаатини кўзлаб уриб калтакланиб хибсга олинган.

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида мухокама қилиниб, тасдиқланган ва Ислом Каримов томонидан имзо чекилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 49–ва 53–моддаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19–декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини бажариш мақсадида Фарғона вилояти Марғилон шаҳри Зухро кўчаси 31–уй 31–хонадонда яшовчи «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, Мустақил журналист, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ҳалқаро жамияти аъзоси Мўътабар Тожибоевани фуқаро Аюбхон Баратовни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун унинг ҳимоячиси сифатида қатнашишга қарор чиқариб беришингизни ва қонуний вакил Мўътабар Тожибоева, «Қийноқларга қарши ҳуқуқшунослар» номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаоллари бўлган адвокатлар Мухаррам Тожибоева, Дилафрўз Нурматова, Мухаббат Жумаеваларнинг иштирокисиз ҳеч қандай тергов харакатлари ўтказмаслигингизни, Аюбхон Баратовни ўз ихтиёри билан борганлигини хисобга олиб зудлик билан эҳтиёт чорасини ўзгартириб озод қилишингизни, 10–июль куни Орзиқулов Равшанбек ва Шухрат Абдурахимовлар томонидан калтакланган Аюбхон Баратовни тиббий аҳволини билиш ва унга нисбатан қўлланилган қийноқни аниқлаш учун суд тиббий экспертизадан ўтказишга қарор чиқаришингизни, хозирда қаердалиги номаьлум бўлган Аюбхон Баратов билан учрашишимизга шароит яратиб беришингизни, бундан ташқари ушбу жиноят иши ва контрабанда савдоси бўйича берилган шикоят аризалардаги далиллар юзасидан суриштирув ишлари олиб бориб қонунга биноан якун қилинишига хисса қўшишларингизни қатъий талаб қиламиз.

Бундан ташқари оддий ҳалқ вакиллари олдида хукумат рахбарларининг қидирувдаги фуқароларни ҳаттоки улар ўта ашаддий жиноятчи бўлсалар ҳам кечирим сўраб келсалар уларга енгиллик берилиш ҳақидаги тарғиботларига ишониб айбсиз эканлиги, жинояти эмаслигини исботлаш учун ўз ихтиёри билан маъмурий органларга кириб борган бир фуқарога нисбатан қилинган хунрезлик оддий ҳалқ вакиллари онгида «хукумат рахбарлари ёлғончи, уларга ишониб борсанг албатга қамаласан, хукумат рахбарларининг сўзларига ишонмаслик керак» деган хулосага олиб келиши шак шубхасиз.

Шунинг учун юқорида баён қилинган барча ҳолатлар бўйича хукумат рахбарлари Наманган вилоятидаги контрабанда савдосига кенг йўл очиб берган «жабрланувчи»нинг ҳомийларига, ўз жиноий хатти–харакатларини яшириш мақсадида «Нобель» мукофоти Номенанти бўлган Мўътабар Тожибоевани «давлат сиёсатига қарши гапирди, Президентни ҳақорат қилди, давлат тўнтариши қилмоқчи бўлди» деб қалбаки хужжатлар расмийлаштирган «ЖИНОЯТ ҚИДИРУВ БЎЛИМИ (!!!)» мансабдор шахсларига нисбатан қатьий чоралар кўрадилар деб ишонамиз.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31–уй 31–хонадонда жойлашган «Фуқаролик Жамияти» Халқ Ҳаракати ва «Ўтюраклар» Клуби, «Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши», «Ҳалқпарвар» ҳамда «Тезкор журналистлар» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари фаоллари, Аюбхон Баратовнинг қариндош уруғлари, яқин биродарлари номидан Фуқаролик Жамияти Халқ Ҳаракати асосчиси, мустақил журналист Мўътабар Тожибоева:

Адвокатлар: Мухаррам Тожибоева ва Дилафрўз Нурматовалар.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.