Жаноб бош прокурор Рашид Қодиров – Ҳиммат Оқбўтаев бошчилигида келган вакилларингизга маълум қилганимиз жиноятлар юзасидан чора кўринг!

Файл 00438

“Ўтюраклар” Клуби рахбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоеванинг Ўзбекистон Республикаси бош прокурори  Рашид Қодиров номига ёзилган ва 2002 йил 25 ноябрь куни Республика прокуратурасидан текширув учун борган Баҳодир Пўлатовга ҳамда 2003 йил апрель ойида Ҳиммат Оқбўтаев рахбарлигида Фарғонага текширув учун борган 5 кишидан иборат махсус комиссия вакилларига хавола қилган

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

Мен ушбу тушунтириш хатини ёзиб шуни маълум қиламанки, мен мустақил журналист сифатида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланар эдим. Шунингдек Ҳалқ Демократик партияси Марғилон шаҳар Кенгашининг қарори билан  БПТ ташкилоти қошида 2000 йил январь ойида «Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – Биз огоҳмиз!” шиори остида фаолият юритувчи “Ўтюраклар Клуби” ташкил этдик.

Клубнинг мақсад фаолияти Ўзбекистон Республикасини янада равнақ топишига ҳисса қўшиш, мамлакатимизни ҳуқуқий даражада ривожланган демократик давлатлар сафига қўшилиш учун ҳисса қўшишдан иборат эди.

(“Ўтюраклар”  Клубининг 2000 – 2001 йилларги фаолияти ёритилган 27 вароқли хисобот нусхасини ҳавола қиламан).

2001 йилнинг бошларида эса “Огоҳ бўлайлик” деб номланган рисоламни чоп эттирдим. Бу рисолада асосан ташқи душманларнинг таъсиридан, хавфидан кўра, ички душманлар хавфли бўлиши, агар амалдаги қонунлар ишласа, ҳар бир касб эгаси, айниқса ҳар бир амалдор ўз виждони олдида Ўзбекистонни мустақиллигини ривожлантириш учун қанчалар ҳисса қўшаётгани юзасидан бахслашишга  қийналмаса, виждони олдида пок бўлса ана ўшанда оддий ҳалқ адолатсизлик туфайли азоб чекмаслигини айтиб, ҳар бир касб эгаларини ўз ватани озод ва ободлиги учун хисса қўшишга чақирган эдим. Зеро ҳалқ очликка, қийинчиликка чидайди, аммо лекин адолатсизликка чидамайди.

(Рисолани ҳавола қиламан).

Шунингдек Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Давлат сиёсатини қўллаб қувватлаш  ва қонунларни амалда ишлашини йўлга қўйиш ниятида олиб бораётган амалий ишлари юзасидан махсус очерклар, мақолалар, радиорепортажлар, махсус кўрсатувлар тайёрлаб кенг жамоатчиликка тарғиб қилганлар. (Мақолалардан қисман ҳавола қиламан).

2002 йилдан бошлаб Ҳалқаро миқёсдаги Инсон ҳуқуқлари жамиятининг аъзоси  сифатида фаолиятимни кучайтирдим. Унгача ҳам ҳалқаро матбуотлар «ББС», “Озодлик”, “Америка овози” ва “Эрон” радиолари орқали жамиятимиздаги иллатлар ҳақида мақолалар ва радиорепортажлар берар ва ушбу кўтарилган муаммоларни ижобий ҳал этилиши учун курашардим.

Лекин энг ачинарлиси охирги пайтларда айнан фуқароларни ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиши керак бўлган маҳаллий хокимиятлар ҳамда маъмурий органлар томонидан ҳуқуқлари паймол этилган фуқароларни мурожаат қилишлари кўпайиб кетди, яъни фуқароларни қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган ушбу идоралар рахбарлари ва ходимлари айби билан Фарғона ҳалқи жабр чекаётганди.

Хунрезлик шунчалар кучайдики, фуқароларни ҳуқуқини ҳимоя қилишим кучайиши муносабати билан  мени ўлдиришга, тухмат билан жиноят иши қўзғатишга, шаъним, қадр қимматимни оёқ ости қилишга астойдил харакатлар қила бошладилар.

2002 йил 13-февраль куни Марғилон шаҳридан Тошкентга Инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича Ҳалқаро семинарда иштирок этиш учун кетаётган енгил автомашиналарни Марғилон шаҳар ИИБ Янги Марғилон шаҳарчаси бошлиғи Нурматов Абдусаттор «УВД бошлиғини яъни “01”ни топшириғи билан давлат сиёсатига қарши бўлган, ўта хавфли экстремистлар тутилсин” деб топшириқ берган. Тошкентнинг «Эркин” постида ушбу 10 нафар фаолларни (улар орасида белорус ва корейс миллатига мансублари ҳам бор эди) тутишиб, экстремистлар деб расмийлаштирмоқчи бўлганлар.

14-февраль куни Тошкентдан қайтишда яна мени ва 3 нафар фаолларни ҳам Данғара туманининг Чағали постида кечаси 23ларда  экстремистлар деб тутишиб, кечаси 3 гача постда тутиб туришган ва улар бу кирдикорларини “Марғилон шахар прокурорининг топшириғи билан қилдик” деганлар. Бу можоро Ҳалқаро ташкилотлар, элчихоналар ва ҳалқаро матбуотларда мухокама қилиниб, Инсон ҳуқуқлари Ҳалқаро Жамияти хукумат рахбарларидан ва Фарғона вилоят рахбарларидан айбдорларни жазолашни сўраб ёзма мурожаатлар қилган.

Менинг ўзим ҳам Вилоят ИИБ рахбарларига талабнома ёзиб Нурматов Абдусаттор ва унга топшириқ берган рахбарини топиб жазолашни, бизга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўрадим. Лекин ИИБ рахбари топшириғи билан “вилоят ИИБдаги махсус инспекция шуғулланяпти” деб жавоб беришдию, натижаси бўлмади.

2002 йил 1-июль куни кечаси 22ларда ЙПХ ходимлари ғайриқонуний тарзда мени тутиб Киргули ИИБга олиб боришди.

(ИЗОҲ: Ушбу Киргули туман ИИБ мулозимлари томонидан қонунни топташ, тепалаш мақсадида журналистга қилинган тайзиқ ва қийноқлар ҳақида БМТ Бош котибининг махсус маърузачиси Тео Ван Бовеннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида қийноқлар борасидаги хисоботида алоҳида тўхталиб ўтган ва АҚШда чоп этиладиган матбуот нашрларида ва интернет сайтларида ҳам ёритилган).

Киргули туман ИИБ бошлиғи Акрам Ботиров шаъним, қадр, қимматимни оёқ ости қилиб, мени ўша журналист Мўътабар Тожибоева эканлигимга шаъма қилиб вилоят ИИБ бошлиқ ўринбосари Абдухамид Абдуллаев гувоҳлигида мени оғизга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилди. Сўнгра шахсимни тасдиқловчи паспортим, ҳамкорим Ҳалқаро матбуот томонидан берилган гувоҳномам, диктофоним ва фуқароларнинг аризалари,  барча буюмларимни ноқонуний тарзда ошёвий далил сифатида олиб қўйиб, мени ИИБ бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Тиллаев аёвсиз калтаклаб, ҳақоратлаб хибсга тиқдилар. На оила аъзоларим, на мени кечаси билан қидириб келган ҳамкорларимга мени хибсда сақлаётганликларини айтмаганлар, яъни кечаси 23да “жигули автомашинага ўтириб кетди” деб алдашган.

Улар мени ўлдириб юборишни режалаштирган эдилар. Лекин ИИБ бошлиғи Акрам Ботиров хонасида эканимда «қизимга телефон қилиб олай, бироздан кейин бораман деб, акс ҳолда уйда ёлғиз ўзи хавотир олади” деб илтимос қилиб, шу куни Фарғонада бўлган ҳалқаро журналист Бобомурод Абдуллаевга қўнғироқ қилиб, “мени ноқонуний тарзда Киргули ИИБга тутиб келтиришди” деб хабар беришга улгурдим холос.

Бобомурод Абдуллаев интернет сайтлари орқали ҳалқаро ташкилотлар ва элчихоналарни, ҳалқаро журналистларни мени хибсга олинганлигим ҳақида хабардор қилган. Мени хибсга олинганлигимдан хабардор бўлганлар дарҳол Киргули ИИБга қўнғироқ қилиб, ҳатто журналист Бобомурод Абдуллаев ва ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашевлар етиб келиб мени хибсга олинишим сабабини тушунтиришни талаб қилганлар.

5-сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида маъмурий ҳуқуқбузарлик масалам кўрилиб мени айбсиз эканлигим, менга тухмат қилиб, қалбаки хужжатлар тайёрлаганликлари аниқланиб ИИБ ходимларининг ноқонуний харакатлари юзасидан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми билан Киргули туман Ички Ишлар бўлими ходимларига нисбатан Киргули туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғади.

(Изоҳ: Ушбу қўзғатилган жиноят иши юзасидан терговни негадир жиноят содир этилган жой прокуратураси эмас, балки Фарғона шаҳар прокуратураси терговчиси олиб борди. Терговчи  Ғайрат Эгамбердиев биронта юзлаштирув тергови ўтказмасдан Киргули ИИБ ходимлари харакатларида жиноят аломати йўқ дея жиноят ишини 2002 йил 26-ноябрда ноқонуний тарзда тугатди. Вилоят прокурорининг ўринбосари Маъруф Усмонов ушбу тугатилган жиноят ишини қонуний тугатилган деб хулоса берди).

Бундан ташқари 2001 йил май ойида вилоят прокуратурасига ёзган аризам бўйича Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи Аминжон Тошхўжаевнинг жияни Рахим Эргашевга ЖКнинг 168-моддаси 1-банди билан10-июль куни жиноят иши қўзғатилди. Лекин Охунбобоев тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Мансур Суярқулов терговни сифатсиз ва қонунга таянмаган ҳолда олиб бориб фактларга жиддий ёндашмади.

Натижада терговчига маълум бўлган ва у эътиборга олмаётган фактлар юзасидан вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Шундан сўнг Эргашев Рахимга вилоят хўжалик судининг 2001 йил 25-сентябрь кунги ажрими билан ЎзРЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Терговчи барибир фактларга жиддий ёндашмасдан терговни қониқарсиз тарзда давом эттираётганлиги учун вилоят прокуратураси ҳузуридаги солиқ сохасидаги жиноятларга қарши курашиш департаментига 18-сентябрь 2001 йил куни талабнома ёздим. Ушбу талабнома юзасидан солиқ департаменти 28-ноябрь куни ЎзРЖКнинг 184-моддаси 3-қисми билан Эргашев Рахимга нисбатан жиноят иши қўзғади.

Шунда ҳам терговчи Суярқулов 7 ой давомида чаласаводлик билан терговни ўтказди. Судя билан жиноий тил бириктириб хужжатларни ўғирлаганлиги ва тергов харакатларини ғайриқонуний олиб борганлиги учун Суярқулов  хизмат вазифасидан  четлатилди деб мени талабномамга вилоят  ИИБ бошлиғи А.Тошхўжаев жавоб берди, лекин Суярқулов бугунги кунда Тошкент шаҳар ИИБда терговчи лавозимида ишламоқда.

2002 йил 10-январь куни судга чиққан ушбу жиноят иши ҳанузгача ҳал этилмай келинмоқда. Жумладан Охунбобоев туман ЖИБ суд раиси Маъруф Қаюмов ноқонуний тарзда судланувчини 2002 йил 28-апрель куни хибсдан озод қилган ва иш материаллари орасидан 72 вароқ ўта мухим хужжатларни терговчи билан биргаликда ўғирлаб олиб қўйиб ғайриқонуний ажрим чиқарган бўлса, 2002 йил июль ойидан бошлаб Олтиариқ туман ЖИБ суд раиси Тожиддин Вахобов ҳам фақат қонун бузиш билан банд бўлди.Унинг айби билан 14-октябрь куни суд биноси олдида қонуний йўл билан пикет ўтказишга мажбур бўлдик.

Мана шу жиноят иши қасддан ғайриқонуний тарзда 2 йилдан буён чўзилиб келаётганлигини сабаби мени иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволга солиш ва оддий ҳалқни ҳимоячилигимдан воз кечтиришдир. Лекин мени адолатсизликка қарши курашиш йўлимдан ҳеч қандай куч қайтара олмайди

(ИЗОҲ: Ушбу жиноят ишини Вилоят ИИБ тергов бошқармасида яна бир ёқлама тергов қилиб, мен томондан келтирилган важларга яна умуман эътибор қилинмади ва сўроқ қилиниши керак бўлган 30 дан ортиқ асосий гувоҳлар яна сўроқ қилинмади).

Айнан ўзим ҳимоя қилаётган юзлаб ҳуқуқлари паймол этилаётган фуқаролар билан биргаликда 8-декабрь Конституция байрами куни Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунлар деярли ишламаётганлиги юзасидан Тошкентда Олий мажлис биноси рўпарасида эрталаб соат 10да Фарғоналик юзлаб ҳуқуқи паймол этилган фуқаролар билан биргаликда қонуний йўл билан пикет ўтказишга қарор қилдик.

Пикет ўтказишимизга сабаб бўлган омиллар ҳақида эса 8-ноябрь куни Тошкентга ташриф буюрган АҚШнинг Давлат Котиби жаноб Лорн Крайнер билан бўлган расмий учрашувда ёзган мурожаатномамни ўқидим ва мамлакатга ташриф буюрган барча чет эллик дипломатларга тарқатдим. Ўзбекистондаги барча элчихоналар, ҳалқаро ташкилотлар, ҳалқаро матбуотларга маълум қилиб, мурожаатномамни интернетда, ҳалқаро матбуотларда ёритдик.

19-ноябрь куни эса АҚШ элчихонаси рахбарлари билан ўтказилган бриффингда 8-декабрь куни ўтказилажак пикет ҳақида, унинг ўтказилишига сабаб бўлган омиллар ҳақида мисоллар далиллар билан гапирдим ва Ўзбекистон Республикаси хукумати рахбарларидан Фарғонадаги аҳвол юзасидан жиддий бир қарор қабул қилишларини қатъий талаб қилишни ва ижросини назоратга олишни сўрадим.

Чунки Фарғона вилоятида айнан инсон ҳимояси билан шуғулланиши керак бўлган ташкилотларни бошқараётган корчалонлар айби туфайли инсон ҳуқуқлари, аёл ҳуқуқи, бола ҳуқуқи паймол бўлмоқда. Вазият бағоят оғирлашиб кетмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис депутати Алишер Отабоев бошқараётган ҳокимият тизими давлатни хонавайрон қилгувчи, фуқароларнинг қонини сўргувчи газандалар тўдасига айланган. Бу идорадалигилар негадир (?) ўзларига шунчалар ишонадиларки, Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан умуман ҳисоблашмайдилар.

Миллий ҳавфсизлик хизмати тизимидагиларнинг қонхўр, қотилларга айланганликлари, қотилларни фақатгина ижрочиларигина қамалганликлари:

ИЗОҲ: МҲХ идораларида ишлаб жиноят содир этган муттаҳамлар қилган жиноятлари учун ёғли корхоналарнинг ёғли лавозимларига тайинланиб, «жазоланадилар».

Жумладан: Фуқароларни ўлдиришга топшириқ берган ўша пайтдаги вилоят МҲХ бошқарма бошлиғи Алишер Ғофуров ҳозирги кунда (2002 йилда) Қувасой «Кварц” ҳиссадорлик жамияти директорининг режим бўйича ўринбосари, МҲХ бошқармасининг бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Файзулла Зоҳидов Фарғона ёғ-мой комбинати директорининг режим бўйича ўринбосари лавозимига, Андижон вилоят МҲХ идорасида ишлаган яна бир айбдорни «жазони ўташ учун» Қўқон ёғ-мой комбинатига режим бўйича директор ўринбосари вазифасига тайинлаганлар.

Марғилон шахар МҲХ бўлими раҳбар ва ходимлари томонидан 2000 йилда Ҳасан Умаралиевни, 2001 йилнинг сентябрь ойида Хуршид Ориповни ваҳшиёна ўлдирилганлик фактлари ҳанузгача ёпиб келинаётганлиги, вилоятга янги келган МҲХ бошқарма раҳбарлари ҳам фуқароларнинг мурожаатларига, умуман, назар писанд қилмасдан, жавоб бермасликлари туфайли Миллий ҳавфсизлик тизими жаҳон ҳамжамияти олдида обрўсизланиб бўлди.

Аминжон Тошхўжаев бошқараётган Ички Ишлар тизими ёлғончилар, ўғри, каззоблар тўдасига айланган. Ёлғончилик эса, зўрлик бошланган жойда кучаяди. Мамлакатни пароканда қиладиган куч ҳам ёлғондир.

Жиноят ишлари, фуқаролик ишлари судларида эса аҳвол бағоят аянчлидир. Судьялар ўзлари – қонун, ўзлари – Олий Мажлис. Ҳар бир суд процесси давомида ўзлари истаганларича қонунларга ўзгартиришлар киритадилар.

Судьялар орасида, айнан Фарғона вилоятидаги судьялар орасида виждонлиси, ҳалоллик, поклик билан инсон тақдирини ҳал этиб, дуо олишни ўйлайдигани бор десам, хато қилган бўламан.

Мана шундай зўравонларнинг, маҳаллий мафиянинг қурбони бўлган халқ вакиллари прокуратура тизимига мурожаат қилар ва прокуратура баҳолиқудрат ҳуқуқи паймол этилаётган фуқароларнинг қонуний ҳуқуқини ҳимоя қилар эди, яъни оддий халқ прокуратуранинг ҳимоясида эди. Лекин аяган кўзга чўп тушар, деганларидек, охирги пайтларда, прокуратура ҳам юқорида санаб ўтганим, халқнинг нафратига, қарғишига қолаётган ташкилотлар сафидан ўрин олиб қолди. Вилоят прокуратурасида, шаҳар ва туман прокуратураларида ҳам умуман, халқнинг дарди билан қизиқмайдилар. Уларнинг берадиган жавоблари – «важингиз тасдиғини топмади». Натижада, оддий халқ энди кимга боришини, дардига кимдан ёрдам сўрашни билмай қолдилар.

Бунингдек ҳолатлар вилоятда авж олиб кетганлиги боис, халқ вакиллари адолатсизликка қарши курашиш учун ривожланган демократик давлатлар сингари тинч йўл билан ўз норозиликларини билдириб, жаҳон ҳамжамиятини, ҳукумат раҳбарлари эътиборини Фарғона вилоятидаги муаммоларга қаратиш мақсадида юзлаб Фарғоналиклар 2002 йилнинг 8-декабрь куни Олий Мажлис биноси рўпарасида норозилик пикети ўтказишга қарор қилдик.

Энди эса, 2002 йил 7-ноябрь кунги мурожаатномамда Фарғона вилоятида порахўрлик, коррупция ва маҳаллийчилик чуқур илдиз отиб, халқни қонини сўраётганлиги, халқ давлатга эмас, қонунларга итоат этмаётган амалдорларга қарши исён кўтариб пикетлар, норозилик намойишларига чиқмоқчи эканликлари ҳақида фактлар, далиллар билан исботлаб бераман.

Фарғона вилоят Миллий Ҳавфсизлик Хизмати бошқармасига алоқадор жиноятлар:

Миллий ҳавфсизлик хизмати вакиллари томонидан диний экстремизмга, терроризмга умуман алоқаси бўлмаган фуқароларни «ваҳобий» , «хизб-ут-таҳрир» диний оқимга аьзоликда айблаш учун қийнашлари, ҳаттоки ўлдиришлари, ҳақиқий диний экстремизмни қўллаб-қувватловчиларни эса ҳимоя қилишлари:

Марғилон шаҳар МҲХ бўлими ходимлари Марғилонлик Ҳасан Умаралиевни 1999 йилнинг 19-апрель куни қийнаб ўлдириб, ўз жиноятларини яшириб, Умаралиевни ўлимини “юқори нафас олиш йўлларини овқат қолдиқлари билан беркилиши натижасидаги техник асфиксия” деб суд тиббий экспертизаси хулосасини расмийлаштирганлар, 2001 йил 30-сентябрь куни Марғилонлик Хуршид Ориповни қийнаб ўлдириб, унинг ўлимини “Юрак қон томирини ўткир етишмовчиги” дея ўлим гувоҳномасида акс эттирганлар.

Улар ўз жиноятларини давом эттириб, 2001 йилнинг 4-ноябрь куни Охунбобоев тумани Дўрмон қишлоғилик Алимуҳаммад Мамадалиевни уриб, азоблаб, қийнаб ўлдирганлар. Ўлдирилган Алимуҳаммад Мамадалиевни оила-аъзолари сайъи-ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси Харбий судининг 2002 йил 6-июнь кунги айблов хукми билан Алимуҳаммад Мамадалиевни қотиллари Фарғона вилоят МҲХ бошқармаси Марғилон шахар бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи, майор Саидов Ҳамидхўжа Саидакбарович 15 йилга, Фарғона вилоят МҲХ бошқармаси Марғилон шахар бўлими тезкор вакили, катта лейненант Мирзаев Абдушукур Акромович 15 йилга,   Фарғона вилоят МҲХ бошқармаси Марғилон шахар бўлими тезкор вакили, катта лейненант Фозилов Бобур Содиқович 5 йилга қамоқ жазосига хукм қилиндилар. Лекин Умаралиев Ҳасан, Хуршид Ориповни қийнаб ўлдирилганликлари холати бўйича ханузгача ҳеч қандай жиддий харакат қилингани йўқ.

Охунбобоев туман Дўрмон қишлоғидаги ўнлаб МҲХдан жабр чеккан оилалар МҲХ, Ички Ишлар тизимидагиларнинг тинимсиз ўтказаётган тазйиқларидан ҳимоя қилишни ва ҳуқуқларини тиклашга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилдилар.

Жумладан:

1. Охунбобоев тумани, Дўрмон қишлоғи Ғофур Ғулом кўчаси, 1-уйда яшовчи Ҳожиматов Абдужалил – 2001 йил 31-октябрь куни Марғилон шахар МҲХ бўлими ходимлари Абдужалилга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиб, иситмалаб, касал ётган жойидан олиб кетиб: «Хизб-ут-тахрир» норасмий уюшма аъзосиман» – деб ёзиб беришга мажбур қилишган. Уйини прокурор санкциясисиз тинтув қилишган. 2001 йил 24-декабрь кунигача, 56 кун ноқонуний тарзда ҳибсда сақлашган. (А.Ҳожиматовнинг Республика бош прокурори Р.Қодиров номига ёзган ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

2. Дўрмон қишлоғи, Собир Рахимов кўчаси 27-уйда яшовчи Аҳмадалиев Абдулатиф – Марғилон шахар МҲХ ходимлари 2001 йил 4-ноябрь куни Абдуллатифни Марғилон шахар МҲХ бўлимига олиб кетиб, тинимсиз равишда аёвсиз калтаклашган ва «Хизб-ут-тахрир» диний оқим аъзосиман», деган мазмунда ёзиб берасан деб, зўрлашган. У: «Қилмаган ишимни қилдим, деб ёзмайман» – деб туриб олганида, аёвсиз калтаклаб, қўлини синдиришган. (А.Аҳмадалиевнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

3. Дўрмон қишлоғи, Ғофур Ғулом кўчаси 9-уйда яшовчи Ҳомидов Алломиддин – Марғилон шахар МҲХ бўлимига участка нозири «бир иш бор» деб алдаб олиб чиқиб кетган. Бу воқеа 2001 йил 1-ноябрь куни бўлган. МҲХда Алломиддинни ечинтириб, чўнтагига варақа тиқиб, кейин, «Хизб-ут-тахрир» диний оқимни аъзосиман» деган мазмунда ёзиб беришга мажбурланган. Алломиддин кўнмагач, аёвсиз калтаклашган, шунда ҳам улар талаб қилган иқрорномани ёзиб бермаганидан кейин унинг орқа пешовига арматура тиқишган.

Эртаси куни шу жараённи такрорлашган. Ёмғир ёғаётган пайтда темирга боғлаб қўйиб, уришган. Арматура тиққандан сўнг қон кетса, қонни Алломиддинни пайтавасига арттириб, қон юқи пайтавани оғзига тиқишган. Алломиддинни 8-ноябргача тутиб туриб, «хизб-ут-тахрир» диний оқимига аъзоликни тан олишга мажбурлашган. Алломиддинни аҳволи 8-ноябрь куни ғоятда оғирлашгач, шифохонага ётмасликни, акс ҳолда ўзига қийин бўлишини тайинлаб, қўйиб юборишган. Алломиддин эртасигаёқ оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. У ерда оғир аҳволда 19 кун ётган. 19 кундан кейин оғир аҳволдаги беморни касалхонадан чиқариб юборишган. Суд тиббий экспертизаси Алломиддинни суд тиббий экспертизасидан ўтказиб, унинг юрагида муаммо бор ва у енгил тан жароҳати олган деб, хулоса берган.

Алломиддин Ҳомидов 2002 йилнинг ноябрь ойида БМТнинг вакили Тео Ван Бовен билан учрашган ва Хомидовнинг тақдири ҳақида БМТнинг қийноқларга қарши маърузачиси ҳисобот докладига киритган (А.Ҳомидовнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

4. Дўрмон қишлоғи, Тинчлик кўчаси, 2-уйда яшовчи Алишер Сулаймонов – 2001 йил 31-октябрь куни участка нозири Муҳаммадмусо Алишерни Марғилон шахар МҲХ бўлимига олиб боради. МҲХ ходимлари «Хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоман» деган мазмунда ёзиб беришини талаб қилиб, аёвсиз калтаклашган.

Дўрмонлик ота-оналар фарзандларига берилаётган азобга дош бера олмай, норозиликларини ошкора билдира бошлаганлар. Шунда Охунбобоев туман ИИБ ходимлари «маъмурий ҳуқуқбузар» деб, расмийлаштиришган ва Жиноят ишлари бўйича Охунбобоев туман суди раиси Маъруф Қаюмов Дўрмонлик ва Марғилон шахар МҲХ бўлимида хибсда турган йигитларга қарши сохта хужжатлар расмийлаштириб, уларни 10 суткадан қамоқ ва 5145 сўмдан жарима ундиришга суд қарорини чиқарган. Алимуҳаммад Мамадалиевнинг ўлимидан кейин, тўполон кучайиб кетгач, 10 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилган йигитларни 8 кунда хибсдан озод қилишга мажбур бўлишган. (А.Сулаймоновнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

5. Дўрмон қишлоғи, Собир Рахимов кўчаси, 26 уйда яшовчи Мавлонов Ҳадятулло – 2001 йил 31-октябрь куни участка нозир Ҳадятуллони алдаб, Марғилон шахар МҲХ бўлимига олиб борган. МҲХ ходимлари Ҳадятуллони ниқоб кийган ҳолда, аёвсиз калтаклашган ва «Хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоман» деган мазмунда ёзишга мажбур қилганлар. Ҳадятуллога нисбатан ҳам сохта ҳужжат тайёрлаб, маъмурий қамоққа қарор берилган. (Х.Мавлоновнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

6. Дўрмон қишлоғи, Бобир кўчаси, 2-уйда яшовчи Сулаймонов Оятилло – 2001 йил 2-ноябрь куни участка нозири Марғилон шаҳар МҲХ бўлимига олиб борган. МҲХ ходимлари Оятиллони «Хизб-ут-тахрир» диний оқими аъзосиман» деган мазмунда ёзиб беришга мажбурлашган. МҲХ ходимлари Оятиллога руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб: «Абдужалил Ҳожиматов мени «Хизб-ут-тахрир» диний оқими бўйича ўқитган», – деб ёзиб беришга мажбурлашган. (О.Сулаймоновнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

7. Дўрмон қишлоғи, Собир Рахимов кўчаси, 24-уйда яшовчи Жалолов Абдурахимни 2001 йил 2-ноябрь куни Марғилон шахар МҲХ бўлимига олиб бориб, у ерда «Хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоликда айблаб, шуни ёзиб берасан, деб зўрлашган, руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказганлар. Сохта ҳужжат билан 10 сутка қамоқ ва 5145 сўм жаримага суд қарор қилган. Лекин 8 кунда қўйиб юборилган. (А.Жалоловнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

8. Дўрмон қишлоғи, Тинчлик кўчаси, 14-уйда яшовчи Ҳомидов Абдурахмонни 2001 йил 4-ноябрь куни Марғилон шахар МҲХ бўлимига олиб боришган ва руҳий, жисмоний тазйиқ ўтказиб, «Хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоман» деган мазмунда кўргазма беришга мажбур қилишган ва аёвсиз калтаклашган. (А.Ҳомидовнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

9. Дўрмон қишлоғи, Дўрмон кўчаси, 32-уйда яшовчи Рахмонов Муҳаммадодилни 2001 йил 4-ноябрь куни эрталаб, соат 6-30 ларда участка нозири Марғилон шахар МҲХ бўлимига олиб бориб, «Хизб-ут-тахрир» диний оқимга аъзоликда айблаб, тан олиб ёзиб беришни талаб қилиб, аёвсиз калтаклаб, уришган. Рахмоновни хонадони прокурор санкциясисиз тинтувдан ўтказилган. (М.Рахмоновнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

10. Дўрмон қишлоғи, Тинчлик кўчаси, 15-уйда яшовчи Ҳомидов Абдуғаффор – «Хизб-ут-тахрир» диний оқимга адашиб кирган ва кечирим сўраб, қайтган. 2001 йил 4-ноябрь куни Марғилон шахар МҲХ бўлимига олиб бориб, аёвсиз калтаклаб, жуда ҳам оғир азоблар бериб, «Хизб-ут-тахрир» диний оқим аъзосиман» деган мазмунда ёзиб беришга мажбур қилинган. (А.Ҳомидовнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

11. Дўрмон қишлоғи, Дўрмон кўчаси, 15-уйда яшаган Алимуҳаммад Мамадалиевни 4-ноябрь 2001 йилда Марғилон шахар МҲХ бўлимига олиб бориб, уриб ўлдиришган ва ўлигини ҳам таҳқирлаб, каналга ташлашган. Алимуҳаммадни оиласидагилар ўғлини ўлимида айбдор бўлган қолган МҲХ раҳбарларини ҳам зудлик билан жазолашни талаб қилмоқда. Алимуҳаммад Мамадалиевнинг отаси Ғулом ака БМТнинг махсус маърузачиси Тео Ван Бовен билан 2002 йилнинг ноябр ойида учрашган ва Алимуҳаммад Мамадалиев тақдири Тео Ван Бованнинг ҳисобот докладига киритган. (Г.Мамадалиевнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

12. Олтиариқ тумани, Полосон қишлоқ фуқаролар йиғини, Баҳор кўчаси, 22-уйда яшовчи Тўйчиҳожи Каримов Олтиариқ туман МҲХ бўлими собиқ бошлиғи Кавлонов ва ходими Баҳром Қамбаровларнинг (бугунги кунда вилоят МҲХ идораси ходими) айби билан 1997 йилнинг 24-апрель куни акаси Нуъмонжон Мамасолиевнинг ўз жонига қасд қилиб, ўлганлиги учун ушбу айбдорларга чора кўриш учун ёрдам беришни сўраган. (Т.Каримовнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

13. Марғилон шаҳридаги Собир Рахимов кўчаси, 14-уйда яшовчи Джамолдинов Обиджон оиласи Фарғона вилоят МҲХ бошқармасидагиларнинг жинояти туфайли жабр тортаётганлигини маълум қилган. (О.Джамолдиновнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

14. Марғилон шаҳридаги Ширин номли 3-боғча гимназия мудираси Ҳидоятова Муҳайёхон Фарғона вилояти МҲХ боқармаси вакиллари хоҳиш-истаги билан вазифасидан четлатилган.

МҲХдагилар нафақат ўзлари қонунни бузадилар, балки қонунбузарларни ҳам қўллаб-қувватлаб, ҳомийлик қиладилар:

Ж у м л а д а н:

1. Қонунни оёқ ости қилиб, ёшларни маънавий баркамол инсонлар эмас, маиший бузуқлик сари етаклаётган Фарғона тиббиёт билим юрти директори Барно Исмоилова ноқонуний ишдан бўшатилган бўлим бошлиғи Бибизухра Олимовани ишдан бўшатиш учун Фарғона вилоят МҲХ бошқармасидан топшириқ беришган, деб судда очиқ-ойдин кўргазма берди.

2. Қува туманидаги 20-умумтаълим ўрта мактабининг меҳнат жамоасига 29-мактаб директори бўлиб ишлаб, молиявий қонунбузилишлар содир этган Улфат Расуловани жамоанинг норозилигига қарамасдан, директор лавозимига тасдиқлаган ва очиқ-ошкора Улфат Расулова Фарғона вилояти МҲХ бшқармаси орқали ишга олинганлигини Халқ таълими тизимидагилар баён қилмоқдалар. Бунинг натижасида, бутун меҳнат жамоасининг норозилик кайфиятлари кучайган. Улфат Расулова директор ўринбосари, завуч ва бошқа раҳбар лавозимдагиларни бўшатиб, айнан, директор ўринбосари лавозимига «ваҳобий» диний оқимига аъзо бўлиб, рўйхатда турган ўқитувчини тасдиқлаган. (20-мактаб ўқитувчиларининг ариза ва тушунтириш хатларини илова қиламан).

3. Олтиариқ тумани, Полосон қишлоғи Иккитут маҳалласи фаоллари томонидан диний экстремизм, терроризмни тарғиб этгувчи Жума Намонгоний, Тоҳир Йўлдошларнинг Фарғонадаги энг кучли шериклари Полосон қишлоғида яшовчи Муродил Мусаевнинг давлат тузумига қарши олиб бораётган фаолияти ва унинг давлат идораларидаги шериклари-ю, ҳомийлари ҳақида асосли далиллар ва тасдиқловчи ҳужжатлар билан мурожаат қилинганига, мана, 8 йилки, ҳанузгача давлат идораларидаги давлатга қарши бўлган бу кимсаларнинг кирдикорлари хаспўшлаб келинмоқда. (Иккитут маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари аризаларини илова қиламан).

4. Олтиариқ тумани Полосон қишлоғида яшовчи Аюбжон Янгибоев оиласи давлат тузумига қарши бўлган кучларга қарши курашгани учун унинг оила аъзоларига, айнан, Фарғона вилоят МҲХ бошқармаси амадорларининг сайъи-ҳаракатлари билан унинг оиласи вакилларини диний экстремист, ваҳобий тамғаси илиниб, матбуотларда туҳмат мақолалар чоп этганлар ва охир-оқибат ўзлари фош бўлишган. (А.Янгибоев оила аъзолари ариза ва тушунтириш хатларини илова қиламан).

Юқоридаги МҲХ идорасига алоқадор масалалар ва вилоятнинг сиёсий-ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғирлашганига сабаб бўлаётган омиллар, диний экстремизмни тарғиб қилувчилар ва уларнинг ҳомийлари ҳақидаги барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда, 2002 йил 3-сентябрь, 20-сентябрь, 24-сентябрь кунлари Фарғона вилояти МҲХ бошқармаси раҳбарлари номига ёзма тарзда талабнома ва асословчи ҳужжатларни топширдик. Лекин вилоят МҲХ раҳбар ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Конституцияни беҳурмат қилиб, унга бўйсунмай, ҳанузгача жавоб бергани йўқ.

ИЗОҲ. МҲХ Фарғона вилоят бошқарма бошлиғи Х.Турдалиевга алоқадор фактлар: Х.Турдалиев 2002 йил декабрь ойида ўзининг 010 рақамли хизмат Нексия автомашинасида Марғилон шаҳрида кетаётганида ҳайдовчиси авария содир этган ва фуқарони уриб юборган. Фуқаро тан жароҳати олган, лекин авария регистрация қилинмаган.           

МҲХ Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Х.Турдалиев Фарғонада иш бошлагач, биринчи ўринда ўз ёнига Ватанга, ҳуқуматга ва Қонунларга садоқатли эмас, балки ўзига садоқатли, ўзининг синовидан ўтган сафдошларини жойлаган, яъни Наманганда МҲХ бошқарма бошлиғи вазифасида ишлаган пайтидаги 30-40та ўзига садоқат билан бўйсунгувчи кадрларини Фарғонага олиб келиб, энг нуфузли лавозимларни бўлиб берди.

Яқинда вилоят МҲХ бошқармасидан ноқонуний тарзда телефон сўзлашувларини назоратга олиниши керак бўлган телефон рақамлари рўйхатини Фарғона телеком раҳбарларига берганлар. Телеком идорасидагилар уларнинг ноқонуний талабларига кўнмагач, ўчакишиб, телеком бошлиғи ўринбосари Ҳалимжон Холматовга нисбатан 82 минг сўм камомад билан жиноят иши қўзғаганлар. Сўроққа чақирилган телеком ходимлари кўзи ўнгида бошига қоп кийгизилган одамларни олиб кириб, у фуқароларни аёвсиз калтаклаганлар ва телеком ходимларига нисбатан руҳий тазйиқ ўтказганлар.

Ички Ишлар тизимидагиларнинг жиноятчиликка қарши курашиш байроғи остида ашаддий жиноятчилар ва қотилларга айланганликлари:

Аввало, вилоят Ички Ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Аминжон Тошхўжаевнинг кирдикорлари юзасидан Вилоят Ички Ишлар бошқармасида раҳбар лавозимларда ишловчи А.Тошхўжаевнинг хурмача қилиқларидан безор бўлган масъул ходимларнинг берган маълумотларини ҳавола этсам:

Яқин йилларда МҲХ Фарғона вилоят бошқармасида Қурбон Боймуродов раҳбарлик қилган эди. Унинг давлат уйини ўқитувчи бўлган хотини номига хусусийлаштирилганлик айби билан қоралаб, Фарғонада қилган меҳнатлари инобатга олинмай, ишдан бўшатилганди. Чунки унинг Фарғона вилоятидаги вилоятни бошқараётган бошқа раҳбарларга нисбатан «тозароқ» эканлиги кимларгадир ёқмаганди.

Аминжон Тошхўжаевнинг кирдикорларини эса ҳислат деб қабул қилишга ҳамма кўниккан. Фарғона вилояти Ички Ишлар тизимидагиларнинг жиноятлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов номига ва бошқа ташкилотларга кунига ўнлаб оқиб бораётган фуқароларнинг шикоят ва аризалари оқибатсиз қолиб кетмоқда.

Дарҳақиқат, Аминжон Тошхўжаевнинг ҳимоячилари жуда кучли. Шунинг учун ҳам ўзининг хурмача қилиқларини истаганича қанот ёйдирмоқда.

Натижада:

Фарғона Нефтебазаси директори Зоҳиджон Андапўлатов ҳибсга олинди ва у Нефтебазадан «доля» (“улуш”) олиб турган барча карчалонлар рўйхатини терговга ҳавола қилди.

Рўйхатда деярли барча раҳбарларнинг фамилияси ва нефтебазадан уларга берилган «доля»лар миқдори аниқ кўрсатилганди. Зоҳид Андапўлатов фош этган фактлар орасида Аминжон Тошхўжаевга алоқадор қандай далиллар фош этилганди?

Зоҳид Андипўлатов Фарғона-Қўқон йўналишидаги Тоштемир ҳожи ресторани яқинидаги Аминжон Тошхўжаевнинг ўз номига расмийлаштирилмаган хусусий заправкасини қуриб берган ва асбоб ускуналарни ҳам ўз ҳисобидан таъминлаган. Заправкани қурган усталар ҳам нефтебазадан ойлик маош олганлар. Заправка қурилишида Фарғона шаҳар ИИБ бошлиқ ўринбосари, милиция подполковниги Алмат Ҳомидов бош-қош бўлган. Лекин МҲХ Фарғона вилоят бошқармасида олиб борилган тергов ҳаракатлари мавҳумлигича қолди.

МҲХ Фарғона вилоят бошқармасининг Ички Ишлар тизими раҳбарининг жиноий кирдикорларини хаспўшлаши яна давом этмоқда.

Яқинда Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида Фарғона вилоят ИИБнинг иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бўлимининг қурилиш бўйича катта инспектори вазифасида ишлаган милиция подполковниги Ғанижон Маматқуловни суди бўлиб ўтди ва у 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У 5 миллион сўм пора олганликда айбланган. Коррупцияга, порахўрликка қарши курашувчи масъул ходим қайси жинояти учун судланди? Унинг жиноий шериклари бормиди?

Аминжон Тошхўжаевнинг буйруғи билан вилоят ИИБнинг кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Абдуҳамид Абдуллаев Ғанижон Маматқуловни нафақага чиқариш учун ҳужжат тайёрлаган. Нафақага чиқишдек балони вақтинча даф қилиш учун Маматқулов Тошхўжаевга 12 минг АҚШ доллари пора берди ва лавозимида қолди, деб вилоятда гап тарқалди.

Лекин Ғанижон Маматқулов шу кундан бошлаб, вилоят ИИБга, умуман, ишга келмаган ва Аминжон Тошхўжаевнинг Охунбобоев тумани, Карнайчи қишлоғида қураётган кошонасида 2 ой қурилишга раҳбарлик қилган. У 5 миллион сўм пора олиб қўлга тушган паллада ҳам РШБга ишга бормаганди.

Аминжон Тошхўжаевнинг янги қуриб битказган ва яна 2та чекни сотиб олиб, барпо қилаётган қурилиш ишларида вилоятнинг деярли барча қурилиш ташкилотлари камарбастадирлар ва бераётган курилиш материалларини расмийлаштирмайдилар, чунки биладиларки, барибир, пулини ололмайдилар. Ҳаттоки, керакли қурилиш материалларини бермаганлари учун, Охунбобоев туманидаги қурилиш ташкилотлари раҳбарларига Ички Ишлар тизимидагилар томонидан тазйиқлар ўтказилган.

Тошхўжаевнинг Фарғона шаҳар, Охунбобоев даҳаси, Кассирский кўчасида яшовчи 6 ёшли ўғилчасининг онаси Шавкатхонни уйида 3та хизматкор ишлайди. Шавкатхонни уйини қурилиш ташкилотлари 6 миллион сўмга, ўз ҳисобларидан ремонт қилиб бердилар. Ички Ишлар бошқармасининг 1та хизмат автомашинаси Шавкатхоннинг хизматида.

ИЗОҲ: Яқинда Тошхўжаев Шавкатхонга янги Нексия-2 автомашинаси совға қилди. Уни вилоят ИИБ коррупцияга ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходими милиция подполковниги Абдуқаҳҳор Юнусов Шавкатхонга олиб келиб берди.

Тошхўжаев Фарғона вилоят Ички Ишлар бошқармасининг аввалги раҳбарига давлат томонидан берилган хизмат уйини Фарғона ёғ-мой комбинатининг «кўланка раҳбари» ҳисобланмиш акаси Умархўжанинг ўқитувчи хотини номига, яъни 50 фоиз арзон нархда хусусийлаштириб олган.

Айтганча, Фарғона ёғ-мой комбинати билан Тошхўжаевнинг манфаатли алоқаси ҳақида бир мисол:

Фарғона ёғ-мой комбинатининг бош ҳисобчиси Соҳиб Мўминовнинг 1985 йил 25-октябрь куни туғилган, Фарғона шаҳар Ёрмозор Академик лицейидан ўқишдан ҳайдалган гиёҳванд ўғли Озод Мўминов 2002 йил, 23-июль куни Фарғона вилоят ҳокими Алишер Отабоевнинг қайинсинглиси – Фарғона университети проректори Гулжаҳон Қосимованинг автомашинасидан ҳеч қандай сертификати, ҳужжати бўлмаган 6575 АҚШ долларини ўғирлаган ва шу куни енгилтабиатли тенгдошлари билан ўғирланган пулни совура бошлаган. Айнан шу куни кучли дозада героин қабул қилиб, оғир аҳволда шифохонага келтирилган.

Лекин Фарғона ёғ-мой комбинатининг бош ҳисобчиси Сойиб Мўминов томонидан Озод Мўминов ўғирлаган 6575 АҚШ доллари ўша пайтдаёқ Гулжаҳон Қосимовага қайтариб берилган. Бироқ, энг ачинарлиси шундаки, бу ўғриликка умуман алоқаси бўлмаган, Махмуд Қосимов кўчаси, 25-уйида давлат маблағи ҳисобига олиб борилаётган қурилиш ишларида ишчи бўлиб ишлаётган, Фарғона шаҳар, Ҳамзаобод кўчаси, 211-уйда яшовчи бир камбағал бечора Софияхон Жўраеванинг эппилепция хасталиги билан касалланган ўғли Умиджон Қамбаров айнан мана шу жиноятда айбланиб, суд хукмига кўра, 9 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланган. Ёғ-мой комбинатининг бош ҳисобчиси Сойиб Мўминовнинг наркоман ўғлига эса ҳеч қандай жазо берилмади. Чунки у ёғ-мой комбинати бош ҳисобчисининг ўғли-да! (Қамбаров Умиднинг ота-онаси аризаси ва тушунтириш хатини илова қиламан).

Тошхўжаев қурилиш қилиш ва уй сотиб олиш дардига мубтало бўлган. Вилоят ИИБ бошлиғининг аввалги 1-ўринбосари вазифасида ишлаган Сатторовга давлат томонидан берилган хизмат уйи, яъни Фарғона шаҳар Навоий кўчасидаги 3-хонали уйини ўз номига расмийлаштириб олган. Ўғли Ўткир учун эса Фарғона шаҳар Советский кўчасидан ҳовли сотиб олган.

Тошхўжаев нафақат «ишбилармон» раҳбар, балким «қалами ўткир ижодкор» ҳамдир. Тошхўжаев ва Мутал Қодирни ижод маҳсулотлари бўлмиш «Ажал шарпалари» номли чаласаводлик билан ёзилган, гиж-биж хатоларга йўғрилган 2 қисмдан иборат 2 том китоб «Давр минбари» газетаси обунаси учун тўпланган пул эвазига ҳар бир томини 3000тадан, жаъми, 6000 нусхада чоп этилган. Китобни ҳар бир донаси 500 сўмдан мажбурий тарзда нақд пулга сотилган. Китоб савдосидан тушган 3 миллион сўм пулни қанчаси кимнинг чўнтагига тушганини эса Аминжон Тошхўжаев, Баҳром Обиджон ва Мутал Қодирлар билишади, холос.

Ғайриқонуний ишларга қўл уришдан чўчимаган Тошхўжаев ўғли Анвархонга қалбаки диплом олиб берган. Қалбаки диплом билан Анвархон ички ҳарбий қўшинда ишлаб, лейтенант унвонини олган. Ҳозирда, Анвархон вилоят ИИБ ИПХ бошқармасида ёғли лавозимда, яъни автомашиналарга номер берувчи вазифасида ишламоқда.

Анвархон енгил автомашинасида Марғилон шаҳар ДОЗ идораси яқинидаги милиция постида қуйилган тўсиққа жуда катга тезликда келиб урилиб, авария содир этган. Автомашина пачоқланиб кетган. Лекин ҳеч қаерда расмийлаштирилмасдан, бости-бости қилинган. Анвархонга эса Фарғона ун комбинатининг директори Абдусамат «бало-қазодан қутилгани ва ўзи соғ қолгани учун» янги Нексия автомашинаси совға қилган.

Фарғона ун комбинатини ҳам Аминжон Тошхўжаев авлоди эгаллаган. Асосий ёғли лавозимлардан бирига малакаси йўқ, тажрибасиз, ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган ўз укасини жойлаб қўйган.

Ички Ишлар тизимида барча лавозимлар сотилади.

Жумладан:

Ҳалим Абдуллажонов Аминжон Тошхўжаевга 2000 АҚШ доллари миқдорида пора бериб, коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлимига ишга ўтган. Хоҳласа, ишга боради, хоҳламаса йўқ. У қисқа вақтда «Нексия» автомашинаси сотиб олган ва ғайриқонуний тарзда кўчани ҳам ҳовлисига қўшиб олган. Қўшниларнинг унинг хурмача қилиқларидан безор бўлиб мурожаат қилмаган ташкилотлари қолмади. Отингни сот-молингни сот, Аминжон Тошхўжаевнинг эркатойи бўл, шунда  мушугингни пишт дейдиган мард топилмайди.

Фарғона вилоят ИИБда нуфузли лавозимда ишлаган милиция подполковниги Набиев Ботир 2000 йилнинг июнь ойида ўзининг жиноий шериклари билан босқинчилик жинояти содир этиб, Марғилон шаҳар, Зуҳро кўчаси, 31-уй, 22-хонадонида яшовчи Тожибоева Иродани кундуз куни уйда ёш гўдак фарзандлари билан ёлғизлигини билиб, хизмат гувоҳномасини кўрсатган ва уйига бостириб кириб, гўдак фарзандлари ни ўлдириш билан қўрқитиб, Иродани ўзини салафан пакет билан бўғиб, қўлига кишан солиб, қийнаб, 2500 АҚШ долларини олиб чиқиб кетишган. Ирода бу босқинчилик жинояти ҳақида Ички Ишлар тизими раҳбарларига мурожаат қилганида, негадир Аминжон Тошхўжаев бу жиноятни хаспўшлаган.

Ушбу жиноят ҳақида Фарғона вилоят прокуратурасига 2002 йилнинг март ойида «Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг 2000-2001 йилги ҳисоботи нусхасини ҳавола қилганимдан сўнг, шу куниёқ Набиев Ботир ва унинг жиноий шерикларига ушбу босқинчилик жинояти бўйича жиноят иши очилди ва 2003 йил январь ойида Тошлоқ туман ЖИБ судида муҳокама қилиниб «гувоҳномали босқинчи»лар жиноий жавобгарликка тортилди.

Аминжон Тошхўжаевнинг жияни Рустам Тўраев ўзининг жиноий шериклари билан Охунбобоев тумани, Ғиштмон маҳалласи, Янги чек кўчасида яшовчи Раҳимқуловлар оиласига 2001 йил 3-июль куни босқинчилик қилиб кирганлар ва хонадон аъзоси, вояга етмаган Ирода Собированинг номусига тажовуз қилганлар. Бу жиноят бости-бости қилинган. (Раҳимқулова Озоданинг аризасини илова қиламан).

Вилоят ИИБ ОПС раҳбари Худоёров Шаҳобиддиннинг кирдикорлари:

Худоёров Шаҳобиддин Фарғона вилоят ИИБ Қўриқлаш-Патрул Хизмати (ҚПХҒ биноси ремонти учун участка нозирларидан пул йиғиб олган. ИИБдан бўёқ олиб ўз уйи ремонтига ишлатган. Фарғона шаҳар ИИБдаги учта участка нозирлари бошлиқларидан: жумладан Илҳом Эргашев ва яна 2 та катта участка нозири номига ИИБдан моддий ёрдам пули олиб, яъни уларнинг ведомостдаги имзосини сохталаштириб, улар ўрнига ўзи имзо чекиб олган ва «Тошкентдан келган меҳмонлар учун сарфлашга» деб баҳона қилган.

Охунбобоев мавзесидаги бозорча ичида қурилаётган хусусий магазинда маъмурий қамоқ жазосига тортилганларни ғайриқонуний ишлатмоқда. ҚПХ ходимлари уларга конвойлик қилмоқда.

Худоёров тўй қилганида, Ёзёвон туман ҚПХ бошлиғи Рўзимат тўйга ҳар бир тойи 72 минг сўмдан бўлган тўрт той пахта олиб берган. Учкўприк туман ҚПХ раҳбарига қўй буюрган. У сўйилган қўйдан олиб келса, кўпчилик орасида роса ҳақорат қилган. Қўқон шаҳар ҚПХ бошлиғи тўй ароғини кўтарган.

Тошлоқ туман ҚПХ бошлиғи шахсий автомашинаси учун 100 минг сўмлик запчаст олиб берган.

– 2002 йил 8-март байрамида аёл ходималарни табриклаш учун деб ведомостдаги ҳамма участка нозирларидан пул йиғиб олиб, ҳеч кимга совға улашмай, ўзи ўзлаштириб юборган.

– Хотини номига фермер хўжалиги ташкил этиб, кун бўйи шу хўжалик иши билан банд. Ёғ-мой комбинати, ун комбинатидан тинимсиз ем олади.

– Ризамухамедова Лилия Фарғона шаҳар ИИБда катта инспектор бўлиб ишларди. Республика Ички Ишлар Вазирлиги буйруғи билан эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб хулоса чиқарган. Бироқ,  Лилияни Худоёров бошқармага ҚПХга ишга олган.

Бувайда тумани Ички Ишлар бўлимидагиларнинг кирдикорлари:

1. Бувайда тумани, Жалойир қишлоғида яшаган Шокир Ориповни 2000 йил, 2-июнь куни Бувайда туман ИИБ жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Шавкат Одилов уриб ўлдирган ва жазоланмаган. (Ориповлар оила аъзоларининг Бош прокурор номига ёзган ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

2. Бувайда тумани, Додхо маҳалласида яшаган Шаҳобиддин исмли машина устасини Бувайда туман ИИБ ходимлари уриб ўлдирганлар ва жазоланмаганлар.

3. Бувайда тумани йўл-патрул хизмати (ЙПХ) бошлиғи Холдоралининг пистолети билан унинг набираси қўшнисининг ўғлини отиб ўлдирганлиги ҳолати бости-бости қилинган.

4. Бувайда тумани ИИБ ходимларининг жуда кўп жиноятларини билгани учун 27-май 2002 йил куни ички Ишлар бўлимидагилар олдиндан жиноий тил бириктириб, Жалойир қишлоғида яшовчи Умурзақов Ғанишерга туҳмат уюштириб, прокурор санкциясисиз қамаганлар. (Умурзақова Соҳибанинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

5. Бувайда тумани Жалойир қишлоғида яшовчи Холматов Одилжонни 2002 йил, 19-сентябрь куни автомашина аварияда уриб кетган ва ҳайдовчи қочиб кетган. Қўнғирот қишлоғилик автомашина ҳайдовчисининг бу жинояти бўйича Ички Ишлар бўлимидагилар ҳеч қандай чора кўрмаган, ҳаттоки, шуғулланмаганлар ҳам. (Холматовлар оила аъзоларининг ариза ва тушунтириш хатларини илова қиламан).

6. Бувайда тумани, Жалойир қишлоғида яшовчи Жўраева Санобарни 2002 йил 13-октябрь куни Абдураҳим ва Мавлуда исмли эр-хотин бозорчилар уришган ва Жўраева Санобарни қаматиш билан қўрқитишган. Уларнинг аризаси бўйича, Ички Ишлар бўлимидагилар Жўраевага жиноят иши қўзғаганлар ва туҳмат уюштириб, қалбаки ҳужжатлар қилганлар. (Жўраеванинг аризаси ва тушунтириш хатини илова қиламан).

Қиргули туман Ички Ишлар бўлимидагиларнинг кирдикорлари:

1. 2002 йил 1-август куни кечаси 23ларда «ўта хавфли рецидивист», 2 марта қотиллик жинояти содир этиб қамалган Қосимохунованинг собиқ турмуш ўртоғи Аҳад Ашуров Қиргули туман, Лермонтов кўчаси, 7-уйнинг 26-хонадонида яшовчи Қосимохунова Судобахоннинг хонадонига бостириб кириб, Қосимохунова ва унинг вояга етмаган ўғлини пичоқлаган ва ўлдириш билан қўрқитган. Қиргули туман ИИБдагилар Аҳад Ашуровдан олган поралари эвазига, босқинчи, икки кишини пичоқлаган Аҳад Ашуровни эмас, Қосимохунованинг вояга етмаган ўғлини жиноятчи деб топишган ва айбсиз-айбдор гўдак туҳмат билан судланган. (Қосимохунованинг аризасини илова қиламан).

2. Қиргули туманида 2002 йил 16-июль куни қотиллик жинояти содир этилган. Бу жиноятни очиш мақсадида, ички ишлар ходимлари Тошлоқ туманида яшовчи Исмоилов Дилшодни Қиргули туман ИИБга олиб боришган. 8 нафар милиционер уни икки кун тинимсиз калтаклаб, қийноқлар қўллаб, агар қотиллик жиноятини бўйнига олмаса, героин ва наша билан қамашларини айтиб, қўрқитишган. Қотиллик жинояти содир этилган пайтда, Исмоилов Тошлоқ туманида бўлган ва уни ўша пайтда кўрган гувоҳлар бор бўлишига қарамай, аввал маъмурий қамоққа олиб, кейин туҳмат билан қотиллик жиноятини Исмоиловнинг бўйнига қўйганлар. Суд жараёнида Исмоиловни қотил эмаслиги гувоҳларнинг кўргазмалари билан исботланган бўлса-да, у 18 йилга қамалган. (Исмоилов Дилшоднинг отаси Исмоилов Исроилнинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

3. Қиргули туман Тургенев кўчаси, 9-уй, 17-хонадонда яшовчи Раҳимова Гулнора Қиргули туман Ички ишлар бўлимига ва туман прокуратурасига жуда кўп марта маҳалладаги аянчли вазият ҳақида шикоятлар ёзган. Лекин улар ҳеч қандай чора ҳам кўрилмаган, жавоб ҳам бермаган. (Рахимова Гулноранинг аризасини илова қиламан).

4. Қиргули туман Ички Ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Тиллаев Қиргули туман, Дўстлик кўчаси, 34-уйда яшовчи қўшмачи С.Тешабоевани уйида қўшмачихона ташкил этган. У ерда бошқа вилоятлардан келган 12-13-14-15 ёшли пропискасиз гўдак қизларни пулдор эркакларга қўшиб бериб, маишат авжига чиққан пайтида, Ички Ишлар бўлими ходимлари хонадонга бостириб кириб, эркакнинг бор будини талон-тарош қилишни йўлга қўйганлар. Бу ҳақда маҳалла фаоллари, ҳатто, вилоят Миллий хавфсизлик хизмати идорасига ҳам талабнома билан чиққанлар. Лекин натижасиз.

5. Қиргули туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Тиллаев Стальников кўчаси, 5-уйда яшовчи самогонфурушни ўз ҳимоясида сақлайди ва сотилган самогон пулидан ҳисса олади.

6. Қиргули тумани ИИБ бошлиқ ўринбосари Сайфиддин Тиллаев Қиргули тумани, Фарғона кўчаси, 40-уйнинг 2-3-4 хонадонларига эгалик қилиш билан бирга, 1-хонадонда яшовчи Одина Турсуновани уйига эгалик қилиш учун 2002 йил июль ойи охирларида, тунги соат 1.00 ларда участка нозири, Хуршид исмли посбони билан Одина Турсуновани хонадонига бостириб кириб, прокурор санкциясисиз, уйини тинтув қилган ва Турсунова Одинани, уни ҳимоя қилмоқчи бўлган Дурдонани, Исломбекларни аёвсиз калтаклашган. Эртаси куни Тиллаевнинг хотини Сабохон ва қизи Мадина яна Турсуновани уйига Тиллаев билан биргаликда бостириб кириб, хонадондагиларни аёвсиз калтаклаганлар.

7. 2002 йил 17-сентябрь куни Марғилон шаҳар, Қирқҳовуз кўчаси, 40-уйда яшовчи Турсунова Одинани ота-онаси Маъмиржон, Шарофатхон, Дилшодбек, Гули, Иброҳимжонлар Одинахон билан Қиргулидаги уйларига боришса: «Уйни бизга бўшатиб кет», – деб Тиллаев Саша исмли боксёрга Турсунов Маъмиржонни калтаклатган. ИИБ бошлиғи Акрам Ботировга ўринбосарининг кирдикорларини айтиб арз қилган фуқароларни ҳақоратлаб, ҳайдаган. Турсуновларни: «ТИКО автомашинасида ваҳобий варақаси олиб келгансан, яхшиликча уйни бўшатиб кетмасанг, қаматамиз», – деб қўрқитишган.

8. Қиргули туман ИИБ участка нозири Умид Тўрақулов Қирғизистон Республикаси фуқароси, пропискада бўлмаган чет эл фуқароси, Ўш вилояти Ноукат туманилик 22-24 ёшли аёл билан Қиргули тумани, Тинчлик кўчаси, 21-уйда ноқонуний яшайди. Ўз фарзандларини эса, ташлаб қўйган.

9. Вилоят Ички Ишлар бошқармасига, вилоят ҳокимиятига, Қиргули туман ИИБга, Вилоят ЙПХ (йўл патрул хизмати) бошқармасига 2001 йил 18-сентябрь куни Эргашевлар мафияси ҳақида талабнома ёзганман. Лекин ҳеч бири жавоб бермаган.

10. 2002 йил, 1-июль куни мен, Мўътабар Тожибоевани Киргули туман ИИБ ЙПХ ходими, Нефть вазири ҳамда Нефтьни қайта ишлаш заводи бош директори Сайидахмедовларнинг жияни, Сайнаев Йўлчибой ва қўриқлаш хизмати ходими Равшан Тиллаев Қиргули туман худудидаги Қиргули постида ғайриқонуний тарзда тутиб, ИИБга олиб борганлар ва мени хибсга олганлар. Кейинчалик сохта айбловлар билан мени маъмурий жавобгарликка тортишга эришганлар.

11. Сайнаев Йўлчибой 2001 йил 24-ноябрь куни кеч соат 21.00ларда фуқаро А.Джалолиддиновни ғайриқонуний тарзда хибсга олганида унинг бу қилмишлари ғайриқонуний эканлигини айтиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилганида, Сайнаев Йўлчибой курсантлар Қобил Юсупов ва Назир Юсуповларга: “Тили узун бўлиб қолибди, бир адабини бериб қўйинглар”, – деб курсантларга жиноий раҳбарлик қилган. Кейинчалик, курсантларга жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан 2 йилданга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилган. Лекин «нефть қироллари” бўлган тоғалари сарфлаган маблағлари эвазига, Сайнаев ҳеч қандай чора олмаган. (Қобил Юсупов ва Назир Юсуповаларнинг аризаларини илова қиламан).

ИЗОҲ: Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводидан кунда, кунора вилоятдаги маъмурий орган вакиллари бошчилигида тонна-тонна бензин ноқонунинй олиб чиқилиб, амалдорларнинг заправкаларига тарқатилади. 31-январь куни эса, ФНПЗ (Ферганский нефте переработывающий завод – Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи)нинг 13-цех бошлиғи Одил Кенжаев бошчилигида амалдор “раҳбарлари”дан яширин ҳолда ўзбошимчалик билан 10 тонна бензин олиб чиқиб кетишаётганида, “ўзбошимчалар” қўлга олинган ва давлат мулкини талон-тарож қилган жиноий гуруҳга шу қуниёқ жиноят иши қўзғатилган.

Олтиариқ туман Ички Ишлар бўлимидагиларнинг кирдикорлари

1. 2002 йил 1-июль куни кечаси Олтиариқ туман Файзиобод қишлоқ қурилиш жамоасига қарашли боғ қоровули Олимжон Хомиталиев ушбу  боғда вахшийларча ўлдирилиб, ўлиги ёндириб юборилган. Ушбу жиноят иши бўйича ўтказилган тезкор текширувларда бу жиноятни Маъмир Қобулов исмли шахс томонидан содир этилганлиги аниқланган. Ҳаттоки жиноят ишининг 1–жилди 107–вароғида 3–июль кунги прокуратура терговчиси Бахтиёр Пўлатовнинг гумон қилинувчи Маъмир Қобуловдан қон намунасини олиш баённомаси мавжуд.

2. Олтиариқ туманида қотиллик жинояти содир этилгандан сўнг, яъни 2002 йил 2-3 июль куни одам ўлдириб қамалган ва қамоқхонадан яқинда қайтган Ҳожибеков Эгамберди изсиз ғойиб бўлган. Бу ҳолатга ИИБ раҳбарлари қизиқиб ҳам кўрмаганлар. Аслида бу қотилликни Ҳожибеков Эгамберди Олтиариқ тумани хокими Сенатор Ноъмон Омонов буюртмаси билан бажарганлиги учун уни жавобгарликдан озод қилганлар ва ушбу қотиллик жиноятини камбағалларнинг бўйнига қўйиш учун Олтиариқ туман ИИБ ходимлари сохта ҳужжатлар қилиб, Повулғон қишлоғида яшовчи Мамажонов Қобил, Усмонов Ғайрат, Исмоилов Миркомил, Қодиров Исроил, Маматов Тўйчибой, Турсунов Ориф, Азимов Эмин, Ибрагимов Бахтиёр, Акбаров Мўмин, Акбаров Равшан, Турсунов Шамсиддин, Турсунов Ҳусниддин ва Орифжонов Ҳамдамларни 4-9 июль кунлари маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айблаганлар ва сохта хужжатлар асосида Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди раиси Тожиддин Ваҳобов уларни 10 суткадан қамоқ жазосига қарор чиқариб, ИИБ хибсда ушлаб турилган йигитларга нисбатан қийноқлар қўллаш ва улар содир этмаган жиноятларни зиммаларига олишларига мажбур қилинганлар.

3. Олтиариқ туманида содир этилган ушбу қотиллик жиноятини ва 2001 йил февралда содир этилмаган ва ҳеч қандай рўйхатга олинмаган номусга тегиш жиноятини Турсунов Шамсиддин ва Ҳусниддинлар зиммасига уларни шафқатсиз калтаклаш, руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказиш натижасида қўйишган. Орифжонов Ҳамдам қотилликда иштирок этганликда айбланган. Ушбу жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ва суд жараёнларида Турсунов Шамсиддин ва Ҳусниддинларга нисбатан қўлланилган қийноқлар юзасидан БМТнинг махсус маърузачиси Тео Ван Бовен ўз ҳисобот докладида алоҳида тўхталган. (Ака-ука Турсуновларнинг отаси Эсон Турсуновнинг аризаси ва тушунтириш хатини илова қиламан).

4. Олтиариқ туман ИИБ ходимлари Фарғона тумани Чекшура ҚФЙ (қишлоқ фуқаролар йиғини) Қирғизшура кўчаси, 1-уйда яшовчи Мадумарова Қимматхон ва унинг қизи Зулхуморни ҳақорат қилиб, таҳқирлаб, ёлғон кўргазмалар беришга мажбурлаб, Эргашева Зулхуморни ИИБ биносида ноқонуний 2 кеча-ю кундуз ушлаб туриб, Турсуновларга туҳмат қилиб, «зўрлаб номусимга тегишди» деб ёлғон кўргазмалар беришга мажбурлашган. (Мадумарова Қимматхон ва Эргашева Зулхуморларнинг ариза ва тушунтириш хатларини илова қиламан).

5. 2002 йил, тахминан, 5-6 июль кунларии Олтиариқ тумани ИИБ раҳбарлари топшириғига асосан, ИИБ ходими Етмишев Повулғон кишлоғи участка нозири ва бошқа милиция ходимлари билан биргаликда Етмишев бошқарувидаги «Дамас» автомашинасига Жанубий Фарғона каналидан оқиб келган, шахси номаълум бўлган эркак киши ўлигини таҳқирлаб, қопга солиб, автомашинага юклаб, шимолий Катта Фарғона каналига ташлаб юборишган.

6. Олтиариқ туман ҳокимиятида 2002 йил 27-август куни бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида Ҳамза шаҳар Маданият МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини) раиси Мавжуда Отақулова сўзга чиқиб, туман ИИБ раҳбарлари ва ходимларининг маиший бузуқликлари, Ҳамза шаҳрида махсус қўшмачихоналар ва фоҳишахоналар ташкил этганликлари, шунингдек, жиноятчиликни авж олдираётган асосий айбдорлар эканлиги ҳақида гапиргач, айнан шу куни ИИБ раҳбарлари маҳаллага келиб, маҳалла аҳлига ва МФЙ раиси Отақуловага тазйиқ ўтказганлар. Халқни қўрқитиб қўйиш мақсадида, умуман айбсиз бўлган фуқаро Ўтанов Баҳодирни калтаклаб, олиб кетиб, ҳибсга тиққанлар.

Ушбу воқеадан сўнг, Ҳамза шаҳар Навоий МФЙ раиси ва маҳалла фаоллари Олтиариқ туман ИИБдаги раҳбар ходимларнинг маиший бузуқликлари, бунинг эвазига Олтиариқ туманида жиноятчиликнинг авжига чиқиб кетганлиги, айнан, Олтиариқда қонунни ҳимоя қилгувчи ташкилотлар раҳбарлари ўзлари жиноятчи эканликлари ҳақида «Ўтюраклар Клуби»га ариза билан мурожаат қилишган.

Бунингдек жиноятларга чек қўйиш учун 2002 йил 30-август куни вилоятдаги барча маъмурий органларга 31-август куни норозилик намойиши ўтказишимизни билдириб, расмий билдирги ёздик. 31-август куни вилоят ИИБ бошлиғи А.Тошхўжаев раҳбарлигида Олтиариқда йиғилиш ўтказилди. Тошхўжаев милиция органини обрўсига путур етказган маиший бузуқ ходимларини қаттиқ жазоланишларига ваъда берди. Лекин Олтиариқдаги аянчли аҳвол ҳақида вилоятнинг барча маъмурий органлари раҳбарлари номига ёзган талабномамизга ҳеч қандай жавоб ҳам берилмади, ўзгариш ҳам бўлмади. (МФЙ раиси Отақулова Мавжуда ва маҳалла фаоллари томонидан ёзилган аризани илова қиламан).

7. Олтиариқ тумани, Полосон қишлоғи, Ибн-Сино кўчаси, 95-уйда яшовчи Алимқулов Ҳолиқназар 2000 йил 30-октябрь куни ўз қари онасини аёвсиз калтаклаб урган. Онаси 12 кун касалхонада оғир аҳволда ётган. Лекин ИИБга бу ҳақда ариза бериб, чора кўриш сўралганда участка нозири Шуҳрат Собиров ҳужжатлар расмийлаштирган, лекин ҳеч қандай чора кўрилмаган. Шундан сўнг, кампир ўлиб қолган.

8. 2001 йилнинг ёз ойларида Алимқулов Ҳолиқназар ўз ўғли билан мулк талашиб, ўғлига тазйиқ ўтказган ва калтаклаган. ИИБ бошлиғидан ёрдам беришини сўраб борса, милиция бўлими бошлиғи Хонкелдиев Азим Алимқуловни ҳақ эканлигини билса-да, Азимжонни дадасининг оёғи остига йиқилиб, эмаклашга мажбурлаган. Эртаси куни Азимжон ўзини осиб қўйган. Реанимацияда ётган, лекин сирлари фош бўлиб қолишидан чўчиган Олтиариқ туман ИИБдаги корчалонлар Азимжонни руҳий касалликлар шифохонасига жойламоқчи бўлганлар.

9. Алимқулов Азимжон фуқаролик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, отаси билан тортишаётган мулкини қонунийлигини белгилаб олмоқчи бўлганида, Риштон туманлараро фуқаролик суди 6 ой давомида масалани қонуний ҳал этмаган. Шу пайтда Ҳолиқназар Алимқулов Олтиариқ туман ИИБдагилар билан жиноий тил бириктириб, 3-гуруҳ ногирони бўлган, чап қўли ишламайдиган Азимжоннинг дадасини, ўгай онасини ва унинг 3та 15-17 ва 18 ёшли қизларини урди, деб расмийлаштириб, медицина экспертизасидан ёлғон хулоса ёздириб олиб, Азимжонга жиноят иши қўзғашган ва у ноҳақдан судланган. (Алимқулов Азимжоннинг ариза ва тушунтириш хатини илова қиламан).

10. 2002 йил 23-май куни кечаси соат 23.00ларда Олтиариқ туман ИИБ ЙПХ (йўл-патрул хизмати) нозири Фарҳод Тожиев ўзи маст ҳолатда ИИБда посбонлар сардори томонидан тузилган график бўйича МФЙдан вакил Р.Қодиров ва Ҳомид Аҳмадқуловлар билан биргаликда навбатчи бўлиб турган посбон Адҳам Абдурасулов мотоциклини тортиб олиб қўйиб, ваколатга эга бўлмаган ҳамширадан посбонни мастлиги ҳақида қалбаки ҳужжат расмийлаштириб беришини сўраган.

Ҳамшира М.Аҳророва кечаси соат 1.00ларда маст бўлмаган посбонни маст деб, ҳужжат расмийлаштирган. Ҳамширанинг ғайриқонуний ҳаракати юзасидан мониторинг ва журналистик суриштирув ўтказилганда, Олтиариқ туман Соғлиқни сақлаш бўлими шифокори  Мамир Акбаров ва ҳамшира М.Аҳроровага 2002 йил 10-июлдаги 107-сонли буйруқ билан ҳайфсан жазоси берилган.

Олтиариқ туман ИИБ ЙПХ бошлиғи Фарҳоднинг акаси Тожиев Бахтиёр посбонга: «30 минг сўм штраф тўласанггина, мотоциклингни суд орқали оласан», – деган. ИИБ ЙПХ томонидан октябрь ойида, яъни 100 кундан сўнг маъмурий жавобгарлик бўйича қалбаки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ижро қилиш учун 30 минг сўм жарима тўлаш учун қарор чиқарган. ИИБ муддати ўтганлигини ҳисобга олиб, ҳужжатларни қабул қилмасдан қайтариб берган.

Абдурасулов туман прокурорига мурожаат қилса, прокурор Ғайрат Умурзақов фуқарони умуман қабул қилмаган. Қабул қилган Анвар Тешабоев эса, посбонга «ўзинг айбдор экансан» деб жавоб бериш билан чекланган. Ушбу масала юзасидан айбдорларга қонуний чора кўришни сўраб, 31-август куни А.Тошхўжаевга ариза ва тегишли ҳужжатлар ҳавола қилинган. Лекин ИИБдаги жиноятчиларни мушугини пишт дея оладиган мард топилганича йўқ. (Адҳам Абдурасуловнинг аризасини илова қиламан).

Олтиариқ туман ИИБ раҳбар ва ходимларининг жиноий кирдикорлари юзасидан бу тушунтириш хатига киритилмаган фактлар яна истаганча бор ва текширув жараёнида ҳавола қилишим мумкин.

Прокуратура тизимидагиларнинг қонунлар бажарилишини назорат қилиш ўрнига, қонунбузарларни ҳимоячисига айланиб қолганликлари:

1. Марғилон шаҳар, Б.Марғилоний кўчаси, 9-уй, 39-хонадонда яшовчи Ҳомидова Салимахонни Республика Бош прокурори номига ёзган ариза ва тушунтириш хатини ҳавола қиламан. Унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Фарғона вилоят Назорат тафтиш бошқармаси раҳбари Баҳром Мирзаев, тафтишчи Мусо Қодиров, Вилоят молия бошқармаси бошлиғи Мухтор Маннонов, Тошлоқ туман Молия бўлими мудири Аваз Рахмонов ва Тошлоқ туман Халқ таълими бўлими мудираси Латофат Эргашеваларнинг жиноий тил бириктириб, жуда катта миқдордаги давлат бюджети маблағларини талон-тарож қилганликлари, уларнинг бу жиноятларини Тошлоқ туман прокурори Комил Бойматов, вилоят прокурорининг ўринбосарлари Маъруф Усмонов ва Муродил Қурбоновлар қай тарзда бости-бости қилганликлари баён қилинган.

2. Ижтимоий таъминот тизимидаги корчалонларнинг айби билан аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган қатлами – ногиронларнинг ҳуқуқлари қасддан паймол этилаётганлик ҳолати бўйича Ижтимоий таъминот вазири Оқил Обидов, ИЭР инспектори Анвар Турдиев, Фарғона вилоят ТМЭК раҳбари Муҳаммад Умриддинов, масъул раҳбарлар А.Абдукабиров ва М.Сойиповларнинг жиноий кирдикорларини хаспўшлаш учун Республика «Адолат» газетасининг таъмагир журналисти Солиҳ Қаҳҳор билан тил бириктирган вилоят прокуратурасининг иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Эркин Ғофуров, бўлим катга терговчиси Муҳаммад Абдуллажоновларнинг кирдикорлари юзасидан:

1.Тошлоқ тумани, Арабмозор қишлоғида яшовчи ногирон Сойибназар Умурзаков,
2. Навоий ширкат хўжалиги, 1-бригадасида яшовчи Эргашой Қодирова,
3. Тошлоқ посёлкаси, Улуғбек кўчаси, 15-уйда яшовчи Абдусамад Латипов,
4. Тошлоқ посёлкаси, Ибн-сино кўчаси, 29-уйда яшовчи Рауф Умаров,
5. Тошпўлатов кўчаси, 49-уйда яшовчи Тошхўжаева Қаноатхон,
6. Яккатут жамоа хўжалигида яшовчи Ёқубова Шаҳзода,
7. Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи Юлдашева Шоира,
8. Тошлоқ шаҳарчасида яшовчи Неъматҳожи Шералиев,
9. Садда ҚФЙ Баланд кўприк маҳалласида яшовчи Абдужаббор Ашуров,
10. Огаҳий кўчаси, 67-уйда яшовчи Ахмедов Жўра,
11. Қумариқ ҚФЙда яшовчи Эминов Нуриддин,
12. Олтиариқ тумани, Бирлик кўчаси, 19-уйда яшовчи Ҳамролиева Раҳимахонларнинг ариза ва тушунтириш хатлари орқали хабар топасиз.

3. Солиқ тизимидагиларнинг манфаатпарастлиги туфайли тадбиркор-ишбилармонларнинг хонавайрон бўлаётганликлари факти юзасидан Фарғона вилоят прокурорининг ўринбосари Маъруф Усмоновнинг Республика прокуратурасида масъул лавозимда ишлаган пайтида қонунни топтаб, тепалаб тадбиркорнинг мол-мулки, барча имкониятидан ноқонуний равишда маҳрум қилганлик ҳолати, ушбу ноқонуний ишлар сабаб, тадбиркор ўзининг жуда катта миқдордаги мулкига ҳанузгача эгалик қила олмаётганлиги ҳақида Олтиариқ тумани «Ўрта-Осиё» тайёрлов савдо жамоа хўжалиги аъзоларидан Абдуҳалил Маматов, Охунбобоев кўчаси, 19-уйда яшовчи Холлиқул ота Ахронқуловларининг Республика бош прокурори номига ёзган ариза ва тушунтириш хатларидан билиб оласиз.

4. Вилоят прокурорининг иқтисодий жиноятлар ва коррупцуияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Эркин Ғофуров ва Тошлоқ туман прокурори Комил Бойматовларнинг кирдикорлари ҳақида Учкўприк туманилик адвокат А.Файзуллаевнинг ариза ва тушунтириш хатида танишасиз.

5. Марғилон шаҳар прокуратурасининг терговчиси Муқим Пўлатовнинг қонунни қасддан топтаб, жиноят содир этган фуқароларни ҳимоясига олганлик, айбсиз фуқароларга тазйиқ ўтказиб, жиноят иши қўзғаганлик фактлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳам тазйиқлар ўтказганлик ҳолати бўйича Марғилон телеком ходими Солиева Нигоранинг ариза ва тушунтириш хатида тўлиқ танишасиз.

6. Паймол этилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ижтимоий ҳимоячиси ҳисобланмиш касаба уюшмалари кенгашлари томонидан айнан мурожаат қилган фуқароларнинг ҳуқуқлари яна такрораран паймол этилаётганлиги ҳақидаги факт бўйича Вилоят Касаба уюшмалари кенгашига қарашли тармоқларда ишловчи ароқхўр ҳуқуқшунос Қаҳрамон Мелиқўзиевнинг жиноий кирдикорлари ҳақида Тошлоқ тумани Садда қишлоғи, Навбаҳор кўчаси, 16-уйда яшовчи Ахмедова Зуҳра, Қақир ҚФЙ, С.Мирзаев кўчаси, 44-уйда яшовчи Солиева Манзура, Садда қишлоғи, Муқимий кўчаси, 84-уйда яшовчи Исмоил Қодировларнинг ариза ва тушунтириш хатларида танишасиз.

Шунингдек, уларнинг тушунтириш хатларида «Сув келтирган хору, кўза синдирган азиз» халқ мақолининг исботи тариқасида, бу фуқароларнинг ҳуқуқлари «Ўтюраклар Клуби” томонидан тиклангандан сўнг, газетада гўёки бу ишларни Тошлоқ туман прокуратураси ва касаба уюшмаси томонидан қилинган деб ёлғон мақола ва бу мақолага раддия беришни сўраб ёзилган талабномага Вилоят прокурорининг ўринбосари Муродил Қурбоновнинг ўта кулгили жавобларини ҳам ҳавола қиламан.

7. Ҳокимият тизимидагиларнинг «ўзим хон – кўланкам майдон» қабилида, ғайриқонуний қарорлар ва фармойишлар чиқариши, бунинг натижасида, давлат мулки ҳисобланмиш ерларни талон-тарож қилаётганлиги факти юзасидан Олтиариқ тумани «Соҳибназар» хусусий фирма раҳбари Абдуҳамид Сатторовнинг, Полосон қишлоғида яшовчи Алимқулов Азимжоннинг ариза ва тушунтириш хатларида танишасиз.

8. Қишлоқ хўжалиги тизимида пахта майдонларини ўз манфаати йўлида талон-тарож қилиш эвазига қўшиб ёзишлар ва бошқа жиноятлар авж олганлиги, минерал ўғитларни четга ноқонуний йўллар билан сотилаётганлиги, техникаларни талон-тарож қилаётганлиги фактларини Фарғона вилоят прокурорининг ўринбосари Муродил Қурбонов ва Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзақовлар бости-бости қилишган.

Аслида, бугунги кунда ҳар икки ҳолат бўйича давлат мулкига кўз олайтирган амалдорлар, карчалонларнинг кирдикорларини фош этгувчи пакет ҳужжатлар, Қирғизистон Республикасига ғайриқонуний тарзда олиб чиқиб кетилаётган тонна-тонна минерал ўғитлар ҳужжатлари, пахта майдонларига қовун-тарвуз ва бошқа экинлар экилганлик ҳолатлари акс этган ва ширкат хўжалиги раҳбарларидан ерларни сотиб олган фуқаролар билан қилинган суҳбатлар акс этган видокассета ва Олтиариқ тумани, Нуробод ширкат хўжалиги раҳбарларининг ўз манфаатини кўзлаши натижасида давлат мулки ерларни ва техникаларни талон-тарож қилинаётганлик ҳолати бўйича ширкат хўжалигининг собиқ аъзолари Ҳамза шаҳри, Пропирка маҳалласида яшовчи Ҳусанов Рўзматжон, Полосон қишлоғи, Озода кўчаси, 3-уйда яшовчи Улуғбек Мусаев, Полосон қишлоғида яшовчи Азам Азизов, Повулғон ҚФЙ, Қорабоев кўчаси, 21-уйда яшовчи Ҳомидова Юлдузхоннинг ариза ва тушунтириш хатларида, шунингдек, вилоят ҳокимининг топшириғи билан 2001 йил пахта мавсумида қўшиб ёзиш жиноятлари содир этилганлиги ҳақидаги «Энг узун, энг узоқ ва энг қиммат мавсум» номли интернет сайтлари учун тайёрланган мақоламни ҳавола қиламан.

Шу билан биргаликда, ушбу жинотларни бости-бости қилган Олтиариқ туманининг чаласавод прокурори Ғайрат Умурзақовнинг 2002 йил 10-ноябрь кунги 139ш-02 рақамли менга йўллаган жавоб хатини муҳокама учун ҳавола қиламан.

9. Олтиариқ туманининг бу чаласавод прокурори ўз ишига пухта ва ақлли. У ўзининг саводсиз терговчиси Бахтиёр Пўлатов билан биргаликда жуда кўп жиноий ҳаракатлар қилган ва қилиб келмоқда.

Жумладан:

1. Олтиариқ тумани, Ҳамза шаҳар, Навоий кўчаси, 24-а уйнинг 31-хонадонида яшовчи 15 ёшли вояга етмаган гўдак Сагатова Севарани зўрлаб, қўрқитиш йўли билан номусига теккан Отабек Мадалиевдан олган пораси эвазига, вояга етмаган гўдакни зўрлаб номусига тегиш жиноятини 2001 йилдан буён ҳанузгача бости-бости қилиб келмоқда. Сагатова Севаранинг онаси Сагатова Фотимага, агар бирон жойга ариза билан мурожаат қилгудек бўлса, наркотик модда ёки варақа билан қамаб юбориши ҳақида айтиб, қўрқитиб келишмоқда.

2. Олтиариқ тумани, Каримов жамоа хўжалиги, «Жонбек» кўчаси, 23-уйда яшовчи Назарова Жумагулнинг хонадонига ён қўшниси Салим Қурбонов босқинчилик қилиб кириб, ўлдириш билан қўрқитиб, номусига текканлиги, бу ҳолатни тинимсиз такрорлаганлиги ва ҳозирда Назарова Жумагул фарзанд кўрганлиги, Салим Қурбоновга чора кўришни сўраб, Республика бош прокуратурасига ёзган аризасини вилоят прокуратурасида ва Олтиариқ туман прокуратурасида бости-бости қилинганлигини ёзган.

3. Босқинчилик ва номусга тегиш жиноятларини хаспўшлаган чаласавод прокурор Ғайрат Умурзақов 2002 йил, 1-июлда содир этилган қотиллик жиноятини тезроқ ёпиш мақсадида, яъни қотиллик жинояти содир этиш мотивини қидириб, умуман, номусга тегиш бўйича ариза бермаган Фарғона туманида яшовчи фуқаро Зулхумор Эргашевага тазйиқ ўтказиб, қўрқитиб: «Турсунов Шамсиддин ва Ҳусниддинлар 2001 йил февраль ойида номусимга тегишган эди», – деган мазмунда ариза ёзиб берасан, деб зўрлаган ва мажбурий ёзилган аризага асосланган ҳолда, 2002 йилнинг июль ойида номусга тегиш жиноятини ҳам ака-укалар зиммасига юклаган ва туҳмат билан қамалиб кетишларига сабаб бўлган.

ИЗОҲ: Яқинда Олтиариқ туман прокуратурасини Ҳамза шаҳар, Навоий МФЙ судга беришни режалаштирган ва суд жараёнида «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан қилинган ишларни газетада «мен қилдим» мазмунда мақола чоп этган «Давр овози» газетаси ва район прокурори Ғайрат Умурзақовларни «Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир»ликлари масаласи муҳокама қилинади.

Мўътабар Тожибоева,
«Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари,
мустақил журналист

27-ноябрь 2002 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.