М.Тожибоева: «Адолат йўли» газетасидаги «Ўғриликни илишмоқчи эди» деб номланган ёлғон мақолага раддия беришни талаб қиламан!

Фарғона вилоят прокурорига;

Тошлоқ тумани С.Мирзаев кўчаси 44–уйда яшовчи Солиевлар оила аъзоларига; Тошлоқ тумани Садда қишлоғи Навбахор кўчаси 16–уйда яшовчи Аҳмедовалар оиласига

Мустақил журналист Мўътабар Тожибоевадан

О Ч И Қ Х А Т !

12.10.2002 йил

Мен Мўътабар Тожибоева 2002 йил 30–август куни вилоят прокуратурасига талабнома билан мурожаат қилиб, Вилоят прокуратурасининг нашри хисобланмиш «Адолат йўли» газетасининг 24–август кунги 34–сонида чоп этилган «Ўғриликни илишмоқчи эди» деб номланган ёлғон мақолага раддия беришни амалдаги қонунларга асосан талаб қилгандим.

Шунингдек раддия беришга асос бўлгувчи 29 вароқлик (!) хужжатлар, яъни Солиева Манзура, Аҳмедова Зухра, Қодироваларнинг «Ўтюраклар» Клубига ёзган аризалари, Тошлоқ пахта тозалаш заводининг буйруғи, Касаба уюшмаси кўмитасининг Солиева, Аҳмедоваларни ишдан бўшатилишини қувватлаган қарори ва бошқа хужжатлар, шунингдек завод рахбарларининг давлат мулкини талон–тарож қилаётганликларини фош эувчи 6 дона фотосуратни хавола этгандим.

5–сентябрь куни эса Аҳмедовалар оиласидан 7 киши, Солиевалар оиласидан 8 киши, жаъми 15 киши имзо чеккан «Адолат йўли» газетасида чиққан мақола ёлғонлиги учун раддия беришни талаб қилиб вилоят прокуратурасига ёзилган аризада ҳам уларнинг ҳуқуқи паймол этилганда айнан Мўътабар Тожибоеванинг ёрдами билангина ишга тикланганликларининг айтиб, ёлғончиларни фош этишга ёрдам беришни сўрашган.

Лекин 30–август кунги ёзган талабномамга вилоят прокурори ўринбосари Муродил Қурбонов имзоси билан 14–сентябрь 2002 йил кунги число қўйилган 22/10–2 рақамли ўта кулгули жавоб хатини 7–октябрь куни, яъни «Фуқароларнинг мурожаатлари ҳақидаги қонун» вилоят прокуратураси мансабдорлари томонидан топталганидан сўнг олдим.

Ушбу жавоб хатини олдиму – «Хукумат идорасида ўтирганларда виждон, орият бўлмайди» деб баҳо берувчи инсонларнинг қанчалар даражада ҳақ эканликларини хис этдим. Наҳотки амал курсисига ўтирган шахс ориятсиз бўлиши, кўзини лўқ қилиб ёлғон гапириши, хужжатларни қалбакилаштиришнинг устаси фаранг бўлиши шарт бўлса?!

Жавоб хатида «Текширишда аниқланишича фуқаролар З.Аҳмедова ва М.Солиевлар Пахта Тозалаш Заводи касаба уюшмаси томонидан эмас, балки Тошлоқ туман касаба уюшмаси кўмитаси томонидан тақдим қилинган материаллар асосида туман прокурори протест киритиб, уларни ишга тиклаган» дейилган.

Мен ушбу жавоб хатини айнан шу жумласини таҳлил қилмоқчиман.

1. Тошлоқ пахта тозалаш заводидан ҳеч қандай М.Солиев фамилияли фуқаро ишдан тухмат билан ҳайдалмаган, бундай фуқаро менга ҳам ҳимоя қилишимни сўраб ариза ёзмаган. Йўқ одамни хатларига киритиб юбориш санъати усталари Эркин Ғофуров ва Муҳаммад Абдуллажоновларни фикри билан ёзилган шекилли ушбу жумла.

2. «З.Ахмедова ва М.Солиевалар Пахта Тозалаш Заводи касаба уюшмаси томонидан эмас, балки Тошлоқ туман касаба уюшмаси кўмитаси томонидан тақдим қилинган материаллар асосида туман прокурори протест киритиб, уларни ишга тиклаган» бўлса нега мақолада кенг жамоатчиликни алдаб «Туман пахтани қайта ишлаш хиссадорлик жамияти хиссадорлари З.Ахмедова ва М.Солиеваларнинг оғзаки мурожаатларини ўрганиб чиқишни корхона касаба уюшмасига ҳавола этган эдик» деб ёзилди.

3. Талабномамда ҳам талаб қилгандимки, Аҳмедова, Солиевалар қайси куни Тошлоқ туман прокурорини қабулига киришган ва нечанчи номер билан регистрация қилинган? Прокурор Комил Бойматов ззи Аҳмедова билан Солиевани танийдими? Кўрганми?

4. «Касаба уюшмаси ўтказган текширишда маълум бўлишича, фуқаролар З.Аҳмедова ва М.Солиеваларнинг гўё чигит ўғирлаганликлари асос қилиниб, маъмуриятнинг буйруғи билан ишдан бўшатилганлар» дейилган мақолада.

Агар мен хавола этган хужжатларни виждонан вароқлаб кўрганингизда эди муҳтарам прокурор ўринбосари Касаба уюшмаси кўмита раиси Н.Халилов, аъзолари Қ.Муллажонов, И.Исматуллаев, М.Охунов, О.Мўминов, Т.Мирзаевлар томонидан жимжимадор имзо чекилган ва мухр босилган 5–апрель кунги 17\1–сонли Тошлоқ пахта тозалаш заводи ОХЖ касаба уюшмаси кўмитаси йиғилиши қароридаги «Заводни 4–сонли ишлаб чиқариш бригадаси той тикувчилари М.Қосимова, М.Солиева ва тарозидор З.Аҳмедовалар корхонада ташмачилик қилганлари сабабли корхона маъмуриятини жамоат шартномасини 5–боб 5.7–қисмига асосланиб мехнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ ўз кучида қолдирилсин» деган ёзувни ўқиган ва яна Фарғонанинг «зўр эркаклари» хисобланмиш қўл остингиздаги прокурорлар сизни алдаётганликларини, жар ёқасига аллақачон бориб қолганингизни хис этиб, хушёр тортган бўлар эдингиз.

Чунки маъмуриятнинг 27–март кунги 62–сонли буйруғида:

«1. Корхонани № 4–сонли ишлаб чиқариш бригадаси той тикувчилари Солиева Манзурахон ва Аҳмедова Зухрахон, Қосимова Мамлакатхон, Ортиқова Мухаббатхонлар билан тузилган мехнат шартномаси бекор қилинсин» дейилган.

5. Агар бу фуқароларнинг ҳуқуқларини айнан Прокуратура ва Касаба уюшмаси кўмитаси томонидан тикланган экан, нега битта буйруқ билан ишдан четлатилган 4 кишини эмас, 3 кишини (Солиева, Аҳмедова, Қосимова) мухокама қилишди. Фуқаро Ортиқова Мухаббатни ишдан четлатилганлик сабаблари нечун мухокама қилинмади?

6. Бундан ташқари маъмуриятнинг буйруғи 27–март куни чиқарилган бўлса, касаба уюшмаси кўмитасининг йиғилиши 5–апрель куни чиқарилган, яъни маъмурият бу 4 та аёлни ишдан четлатишдан аввал касаба уюшмасидан розилик олмаган.

7. Газетада эса «Ҳиссадорлик Жамиятига киритилган протест асосида М.Солиева ва З.Аҳмедовалар қайта ишга қабул қилиндилар» дейилган.

Жавоб хатидаги «Тошлоқ туман касаба уюшмаси кўмитаси томонидан тақдим қилинган материаллар асосида туман прокурори протест киритиб, уларни ишга тиклаган» деган жумла ғоят ғалати.

Ахир Тошлоқ туман касаба уюшмаси тақдим этган материал асосида прокурор протест киритган бўлса нечун газетада фақат менга ҳимоя қилган Аҳмедова ва Солиевалар ҳақида ёзилди? Мамлакат Қосимова билан Мухаббат Ортиқовалар ҳам Солиевалар билан битта буйруқ билан ноқонуний ишдан хайдалганлар-ку.

8. Агар бу фуқароларни ноқонуний ишдан ҳайдаганликларини прокуратура аниқлаб, протест билан ишга тиклаганида эди, Солиева ва Аҳмедоваларни ноилождан бекор юрган вақтлари учун иш ҳақларини маъмурият тўлаган бўлар эди. Улар бекор юрган вақтлари учун ҳақ олмаганлар.

Чунки 16–май кунги завод директори Мирзаев номига ёзилган аризаларида ҳам «Ишга қабул қилишингизни сўрайман» деб ёзишган эди ва бу аризага завод директори Т.Мирзаев розилик бериб виза қўйган.

Менга ёзилган жавоб хатидаги «Сиз ўтказган мустақил текшириш ҳам ушбу фуқароларнинг қонунсиз ишдан бўшатилганликларини қўшимча равишда тасдиқлайди холос» дейилган.

9. Мен мустақил текшириш эмас, журналистика суриштируви ўтказганман. Кейин эса завод рахбарлари менга ёзилган аризада давлатнинг миллион миллионлаб мулкларини талон–тарож қилаётганликлари ҳақида тўлиқ ёзилганлиги сабабли қайта ишга тикланганлар.

10. «Тошлоқ пахта тозалаш заводи рўй бераётган ўғрилик фактлари бўйича текшириш олиб боришлик ва натижасига кўра қонуний чора кўришлик учун талабномани ва унга илова қилинган хужжатларни Тошлоқ туман прокурорига юбориш»дан аввал бу ўғриликларни бости–бости қилиш жараёнида қалбаки хужжатлар қилишда эҳтиёт бўлиш кераклигини огоғлантириб қўйган бўлсаларингиз керак албатта.

Чунки Хомидова Салимага алоқадор иш материаллари орасидаги қалбаки хужжатлар ўта саводсизлик билан тайёрланганлиги, хатто бу иш орқасидан, яъни ўзи ҳақ бўла туриб 19–августдан буён иш ташлаш қилган фуқаронинг масаласини тинчитиш учун яна қанчадан–қанча қалбаки хужжатлар тайёрлашга мажбур бўлиниши, вилоят прокуратураси рахбарларини алдаган (агар, рахбарлар ўзи топшириқ бермаган бўлсалар) фуқароларни қабул қилиш бўлими прокурори Нодир Умурзақов қилган жиноятларини хаспўшлаш илинжида мени – аёл кишини, журналистни, оддий фуқарони сенсираб сўкмаган бўлар эди, ҳақлигини қонунга асосан исботлаб берар эди.

Мен очиқ хатимнинг нусхаларини Аҳмедова ва Солиевалар хонадонларига ҳам жўнатар эканман айнан Қурбоновнинг ҳам жавоб хатини қўшиб юбораман. Уларнинг хонадонларидаги қариялару, ёшлар барчаси билсинки прокуратурада бировнинг қилган тахоратига номоз ўқувчи ва бундан ор қилиш ўрнига жамоатчилик ўртасида мақтангувчи шахслар ишлайди.

Яна такроран талаб қиламанки, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги Қонун»нинг 27–моддасига асосан «Раддия бериш ва жавоб бериш ҳуқуқи»да баён қилинганидек «Адолат йўли» газетасида эълон қилинган ҳақиқатга тўғри келмайдиган, мени шаъним ва қадр–қимматимга, журналистик салоҳиятим ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси фаолиятимга доғ туширадиган маълумот «Ўғриликни илишмоқчи эди» мақоласига раддия беришни қатъий талаб қиламан.

Чунки Аҳмедова ва Солиеваларни мен ҳимоя қилганимдан Ҳалқаро миқёсдаги ҳамкасбларим, ҳамфикрларим хабардорлар. Қурбоновнинг хати бўйича эса касаба уюшмаси билан прокуратурани қилган ишини мен қилдим деб даъво қиляпман.

Мархамат шуни ҳаққоний йўл билан исботлаб беринглар!

Мўътабар Тожибоева: имзо.

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.