Мўътабар Тожибоева: Ишламайдиган Конституциянинг 10 йиллиги байрами куни Тошкентда норозилик тадбири ўтказамиз

Ишга алокадор 9 (пикет)

2002 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Консититуцияси қабул қилинган куннинг 10 йиллиги байрамини нишонлаймиз.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи мустақил журналист – Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси – “Ўтюраклар” Клуби рахбари Мўътабар Тожибоева

М У Р О Ж А А Т Н О М А С И

Ўзбекистон Республикаси Хукумати рахбариятига;

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган барча чет эл элчихоналарига;

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган барча ҳалқаро ташкилотларга;

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган барча Ҳалқаро ва маҳаллий матбуотларга

07 ноябрь 2002 йил

2002 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Консититуцияси қабул қилинган куннинг 10 йиллиги байрамини нишонлаймиз.

Ҳўш, бу кунни Ўзбекистонда барча фуқаро байрам деб хисоблайдими?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ёзилганидек оддий инсонларни ҳуқуқларини ҳимоя қиляптими?

Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришганига 11 йил тўлди. Тўғри, бу давр тарих зарварақлари олдида жуда ҳам қисқа муддат. Лекин ана шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон Республикаси дунёда мавжуд демократик мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ривожланган ҳуқуқий демократик давлатлар сафига қўшилиш учун жиддий харакатлар қилиши, яъни ҳудди мана шу мақсад йўлида жуда кўп ижобий ишларни амалга оширилиши керак эди.

Чунки Ўзбекистон Республикасига жуда кўплаб хорижий давлатлар қизиқиш билан қараб, турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун қўлини чўзганди.

Лекин Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришганидан буён Олий Мажлис Кенгашларида муҳокама қилиб тасдиқланаётган Қонунлар ҳам, Ўзбекистон Республикасининг Бош Қомуси – Конституция ҳам мамлакатда деярли ишламаяпти.

Бу қонунлар ва Конституциянинг ишламаслигидан эса энг аввало ана шу Қонунларни ишлаб чиқаётган депутатлар, фуқароларнинг ижтимоий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган маҳаллий ҳокимиятлар, маъмурий органлар амалдорлари манфаатдордирлар.

Мен ана шу, юқорида номлари келтирилган муассасалардаги корчалонларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қонунларини ишлатилмасдигидан манфаатдор эканликларини Фарғона вилоятидаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари айнан ваколатли органлар томонидан паймол этилаётганлигини ўнлаб-юзлаб мисоллар билан тасдиқлаб беришга тайёрман.

Чунки охирги пайтларда “Биз жамиятда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – Биз огоҳмиз!” шиори остида фаолият юритувчи “Ўтюраклар” Клубига вилоятдаги маҳаллий хокимиятлар ва маъмурий органлардан шикоят қилиб, ҳаддан зиёд фуқаролар мурожаатлар қилмоқдалар.

Ўзлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари паймол этилаётганлик холатлари бўйича инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, мустақил журналист сифатида керакли муассасаларга фуқароларнинг ҳуқуқларини паймол этишни тўхтатишни, аксинча уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини талаб қилсам, охирги пайтларда бу ташкилотлар амалдаги қонунларни назар писанд қилмаган холда умуман жавоб бермайдилар.

Ёки журналистик текширувлар ўтказиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари паймол этилганлик холатларини асосли далиллар билан исботлаб берган тақдиримда ҳам “Сиз томондан келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади” деб жавоб беришга ўтиб олишган.

Улар ўзларининг жиноий кирдикорларини яшириш мақсадида Фарғона вилоятидаги ҳақиқий аҳволни ўз мурожаатлари орқали маълум қилаётган фуқаролардан ўч олиш ва уларнинг муаммолари билан шуғулланиш жараёнида Ҳалқаро матбуотлар, интернет орқали бутун дунё ҳамжамиятига маълум қилаётган Мўътабар Тожибоевани ҳалқ орасида ва ҳалқаро майдонда обрўсизлантиришга астойдил киришганлар.

Мен Фарғона вилоятидаги ўнлаб, юзлаб ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилган фуқароларни ҳақ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 2002 йил 8 декабрь куни эрталаб соат 10-00да Тошкент шаҳрида, Олий Мажлис биноси рўпарасида қонуний йўл билан “пикет” ўтказишга бошчилик қилишга қарор қилганлигимни расман маълум қиламан.

8-декабрь кунигача эса интернет сайтларида, Ҳалқаро матбуотларда Фарғона вилоятилик фуқароларнинг муаммолари ҳақида кенг миқёсли материалларни жамоатчиликка маълум қиламан. Шунингдек Ҳалқаро журналистлар ва Инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланувчи барча ташкилотлар вакилларини 8 декабрь кунигача мониторинглар, журналистик суриштирувлар ўтказиш учун Фарғона вилоятига ташриф буюришларини сўрайман.

Ч у н к и :

– Фарғона вилоятида пораҳўрлик, коррупция ва маҳаллийчилик чуқур илдиз отганлиги боис, Миллий Ҳавфсизлик хизмати вакиллари томонидан диний эсктремизмга, терроризмга умуман алоқаси бўлмаган фуқароларни “ваҳобий”, “Хизб-ут тахрир” диний оқимларга аъзоликда айблаш учун қийнашлари, ҳаттоки ўлдиришлари, ҳақиқий диний экстремизмни қўллаб қувватловчиларни эса ҳимоя қилишлари;

– Ички Ишлар тизимидагиларнинг жиноятчиликка қарши курашиш байроғи остида ашаддий жиноятчилар ва қотилларга айланганликлари;

– Прокуратура тизимидагиларнинг қонунларнинг бажарилишинни назорат килиш ўрнига, қонунбузарларни, жиноятчиларни ҳимоячисига айланиб қолганликлари;

– Суд тизимидагиларнинг мустақил эмас, “мустақул” тизим тариқасида илдиз отганлиги боисидан турмаларда ётган махкумларнинг жуда кўп қисми айбсиз инсонлар эканлиги, фуқаролик судларида кўрилаётган ишларнинг аксарияти низолашаётган қай бир тарафнинг чўнтаги бақувват бўлса ҳақиқат ўша бойвачча томонидан бўлаётганлиги;

– Адлия тизимидагиларнинг (адвокатлар, нотариуслар) ноқонуний ҳатти харакатлари учун жазоланмасликлари натижасида айнан уларнинг айби билан ҳуқуқи паймол бўлаётган фуқароларнинг сони кескин ортиб кетаётганлиги:

– Солиқ тизимидагиларнинг манфаатпарастликлари туфайли тадбиркор – ишбилармонларнинг хонавайрон бўлаётганликлари;

– Хокимият тизимидагиларнинг “ўзим хон – кўланкам майдон” қабилида қонуний қарорлар ва фармойишлар чиқариши, бунинг натижасида давлат мулки хисобланмиш ерларнинг талон – тарож қилинаётганлиги;

– Давлат бюджетини қонуний сарфланишини назорат этиши керак бўлган молия тизимининг мансабдорларининг айби билан давлат бюджетидан миллион-миллиардлаб сўм пуллар ноқонуний сарфланиб, талон-тарож қилинаётганлиги;

– Қишлоқ хўжалиги тизимида пахта майдонларини ўз манфаатлари йўлида талон – тарож қилиш эвазига қўшиб ёзишлар ва бошқа жиноятлар авж олганлиги, минерал ўғитларни четга ноқонуний йўллар билан сотилаётганлиги, техникаларнинг талон – тарож қилинаётганлиги;

– Таълим тизимидаги ўзибўларчиликлар натижасида ўсиб келаётган ёш авлоднинг асосий қисми маънавий қашшоқ бўлиб, саводсизлик ботқоғига ботаётганлиги;

– Соғлиқни сақлаш тизимидаги Гиппократ қасамини ичган оқ халат соҳиблари – шифокорларнинг таъмагирликлари ва лоқайдликлари, совуққонликлари сабабли аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган қатлами – кам таъминланган оилалар, ночор фуқароларнинг даволанишга, дори – дармон сотиб олишга, шифокорларга беришга пули йўқлиги боисидан умрбод ногирон бўлиб қолаётганлари, ҳаётдан бевақт кўз юмаётганлари;

– Паймол этилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг – ишчиларнинг ижтимоий ҳимоячиси хисобланмиш касаба уюшмалари кенгашлари томонидан айнан ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмак беришларини сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ҳуқуқларини айнан касаба уюшмалари кенгашлари амалдорлари томонидан ҳам яна такроран паймол этилаётганлиги;

– Ижтимоий таъминот тизимидаги корчалонларнинг манфаатпарастликлари, таъмагирликлари сабабли аҳолининг ижтимоий мухофазага муҳтож бўлган қатлами – ногиронларнинг ҳуқуқлари қасддан паймол этилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Мамлакат Президенти август ойидаги Олий Мажлис сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек “Оммавий ахборот воситалари мансабдорларининг тўрачилиги, коррупция, мустабидлик ва боқимандалик психологияси йўлида ғов бўлиб, қонунчилик меъёрларини рўёбга чиқариш, ислохотларни бориши ва инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назорат қилишнинг таъсирчан воситаси бўлиб қолиши зарур” бўлган Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва уларда фаолият юритаётган журналистларнинг айнан Фарғона вилоятидаги мансабдорларнинг тўрачилиги, мустабидлик ва боқимандалик психологиясини ривожлантирувчи “оби–хаёт вазифасини бажарувчи тизимларга айланиб улгурганликларини исботловчи далиллар, ўнлаб–юзлаб инсонларнинг дардларини тинглаш, уларнинг муаммоларини ечишга хисса қўшиш барчамизнинг вазифамиздир.

Хукумат рахбарларидан ҳам бизни Тошкентда Олий Мажлис биноси рўпарасида “пикет” ўтказишимизга мажбур қилган омилларни ўрганиб чиқиш ва айбдорларга нисбатан қонуний чора қўриб, ҳуқуқи паймол этилган фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш учун Фарғона вилоятига зудлик билан махсус гуруҳлар жўнатилишини талаб қилиб қоламан.

Юқорида баён қилинган иллатларга қарши кескин курашаётганлигим боис менга қарши тинимсиз тарзда турли фитналар уюштириб, бунинг натижасида менинг иқтисодий, маънавий, жисмоний ва ҳуқуқий жихатдан қийнаб, азоб бериб, хўрламоқдалар. Лекин улар ҳар қанча менга босим ўтказмасинлар, қийнаб ҳўрламасинлар мен ўз йўлимдан қайтмайман ва инсонларнинг дардига малҳам бўлиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда қўлимдан келганича иштирок этавераман.

Мустақил журналист,
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси,
“Ўтюраклар” Клуби рахбари Мўътабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.