Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашид Қодировга телеграмма мурожаатнома

Снимок,,,,,,,

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, мустақил журналист, «Ўтюраклар» Клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева

М У Р О Ж А А Т Н О М А С И

Муҳтарам Рашид Ҳамидович!

Мен 2000 йилнинг январь ойидан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи «Ўтюраклар» Клубининг раҳбари ва мустақил журналист сифатида 2002 йилнинг 1–ярим йиллигигача прокуратура тизимининг, айнан Фарғона вилоятидаги прокуратуранинг иш фаолиятидан қониқиш хосил қилиб келар эдим.

Чунки айнан 2002 йилнинг июль ойигача Фарғона вилоятидаги Конституцион ҳуқуқлари паймол этилган ва «Ўтюраклар» Клубидан ҳимоя истаб мурожаат қилган жуда кўплаб фуқароларнинг ҳуқуқларини прокуратуранинг ёрдами билан тиклар эдик ва бу ҳақда Республика ва ҳаттоки Ҳалқаро матбуотларда мақолалар чоп этилган эди.

Лекин 2002 йилнинг 2–чи ярим йиллигидан бошлаб бизнинг назаримизда прокуратура ҳам Фарғона вилоятидаги бошқа «ҳалол» ташкилотлар сафидан ўрин олди. Куни кеча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва Ўзбекистон Республикасини ҳуқуқий демократик давлатлар сафига тезроқ қўшилиши учун жамоатчилик назоратини ҳаётга тадбиқ этган Фарғона вилояти прокуратурасининг ташаббусини қўллаб-қувватлаган Ҳалқаро ташкилотлар, Ҳалқаро матбуотлар ва Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бугунги кунда Фарғона вилоят прокуратурасини ҳам танимай қолмоқдалар.

Фарғона вилояти прокурорининг 1–ўринбосари Муродил Қурбонов 2002 йилнинг июль ойидан, яъни Фарғонада иш бошлагандан буён биронта ёзган талабномамга қониқарли жавоб бермайди, яъни «Сиз томондан келтирилган важлар ўз тасдиғини топмаганлиги учун аризангиз оқибатсиз қолдирилди» деб жавоб беришдан бошқани билмади. У ҳаттоки Ҳалқаро журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ариза эмас, талабнома ёзганлигини фарқига ҳам бормайдиган даражада экан.

Бунинг натижасида Фарғона шаҳар прокурори Толиб Хасанов, Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзақов, терговчиси Баҳтиёр Пўлатов, Тошлоқ туман прокурори Комилжон Бойматов, Бувайда туман прокурори Муқимжон Мунавваров, Фарғона вилоят прокуратурасининг коррупцияга қарши курашиш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими бошлиғи Эркин Ғофуров, шу бўлим терговчиси Муҳаммад Абдуллажонов, шу бўлим терговчиси Муқим Пўлатов (дарвоқе Муқим Пўлатов Марғилон шаҳар прокуратураси терговчиси вазифасида ишлаётган пайтида, яъни 2002 йилнинг бахорида ўзининг мақтанишича фуқаро Нигора Солиевага тухмат қилиб ноконуний тарзда жиноят иши қўзғаган бир пайтда шахсан сизнинг номингиздан ташаккурнома олган экан) сингари чаласавод ва ўз манфаатини кўзловчи прокуратуранинг ходимларига жон кирди ва улар хеч бир орланмасдан пулдор бойваччаларни жиноятларини хаспўшлаб, уларни ўз ҳимояларига олиб, умуман айбсиз бўлган ва порага беришга умуман маблағи бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқларини бемалол оёқ ости қилишга киришиб кетдилар.

Юқорида номлари келтирилган прокуратуранинг шаъни учун жон фидо қилар даражадаги «халол» кимсаларнинг жуда кўплаб жиноий хатти-харакатлари туфайли конституцион хуқуқлари паймол этилган ўнлаб фуқароларнинг аризаларини 25–ноябрь куни Фарғонага текширувга келган Республика Прокуратурасининг ходими Баҳодир Пўлатовга ҳавола этган эдик. Шунингдек айнан 25–ноябрь куни Пўлатов билан учрашиш учун тўпланган 50 нафарга яқин аризачилар билан Пўлатов учрашишдан қочди. Ҳатто уларнинг сизнинг номингизга ёзган тушунтириш хатларини олмади ҳам. Бундан ташқари сизнинг номингизга компютерда ёзилаётган менинг тушунтириш хатимга имзо ҳам чектирмасдан кетиб қолди. Менимча Пўлатов ва унинг фарғоналик ҳамтовоқлари тушунтириш хатимни қалбакилаштириб ўзлари имзо чеккан бўлсалар керак.

Олтиариқ туманида 14–октябрь куни қонуний йўл билан ўтказилган «пикет»ни ноқонуний ўтказилган деб қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириб, менга жиноят иши қўзғаш учун биринчи қўйилган қадамлари маъмурий ҳуқуқбузар сифатида ноқонуний равишда суд қилмоқчи бўлдилар ва мени қидириб ўнлаб оилаларда прокурор санкциясисиз тинтувлар ўтказилди. Менинг қизимни «қонундаги террористлар» томонидан гаров сифатида олиб чиқиб кетмоқчи бўлганлар ҳанузгача жазоланганлари йўқ.

Ушбу «пикет» юзасидан Жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўрилади. Агарда суд қонунга хилоф равишда қарор чиқаргудек бўлса қисқа кунларда Тошкент шаҳри, Фарғона, Жиззаҳ ва Қашқадарё вилоятларидан минглаб фуқаролар Тошкентда Олий мажлис биноси рўпарасида «пикет» ўтказамиз. Ана ўшанда «пикет»чиларнинг 50 фоизи фарғоналикларни ташкил этади. Фарғонадан қатнашаётганларнинг тенг ярми эса Олтиариқ туманидан бўлади.

Тожибоевага қарши қалбаки ҳужжатлар тайёрлашда чаласавод туман прокурори Ғайрат Умурзақовнинг қўли бор. Чунки менинг қўлимда мавжуд бўлган ҳужжатлар орасида вояга етмаган гўдакни зўрлаб номусига теккан пулдор бойваччани ҳимоя қилган ҳам, қотиллик ва номусга тегиш жиноятини содир этмаган камбағал бечораларнинг зиммасига қотиллик ва номусга тегиш жиноятини илган ҳам, «2 йил аввал номусимга тегишган деб кўргазма берасан» деб бир камбағал қизни қийнаган ҳам (айнан шу масала юзасидан БМТнинг навбатдаги анжуманида гапирилади, чунки БМТнинг махсус маърузачиси жаноб Тео ван Бовен танишиб чиққан), Жума Намангонийларни Олтиариқ туманидаги шерикларини қўллаб-қувватлаб келаётган ҳам, Ҳамза шаҳри қўшмачилар ва фоҳишалар маконига айланиб, ИИБ раҳбарлари қўшмачихоналар ташкил этган пайтларида уларни қўллаб-қувватлаб, менинг саъй-ҳаракатим туфайли қилинган ишларни газетада «мен қилдим» қабилида мақтаниб ёзган ҳам, ишбилармон тадбиркорларни хонавайрон бўлишларига сабаб бўлган ҳам, пахта майдони картаси бўлган ерларни қовун-тарвуз, жўхори экиш учун сотилганлигини, техникаларни талон-тарож қилинаётганлигини, минерал ўғитларни чет давлатга сотиб юборилаётганлигини текшириб фақат қонуний чора кўришни талаб қилиб асосли ҳужжатлар ва видеокассеталар билан ҳавола этган тақдиримизда ҳам «фактлар тасдиқланмади» деб олган поралари эвазига бости-бости қилган ҳам Ғайрат Умурзақов ҳисобланади. Унинг бунингдек ўнлаб жиноий кирдикорлари ҳақида Республика прокуратураси вакили Баҳодир Пўлатовга асосли ҳужжатлар билан айтган ва бу ҳужжатларни маълум қисмини сизга ҳавола қилиши топширган эдик.

Мен ушбу мурожаатномам билан Фарғона вилоятидаги бошқа сохаларда жавлон ураётган жирканч ва пораҳўр раҳбар-корчалонларнинг кирдикорларини халқаро матбуотлар ва интернет-сайтлари орқали бутун дунё ҳамжамиятига қанчалик даражада фош қилиб келган бўлсам, Фарғона вилоятидаги прокуратура тизимининг нопок раҳбарлари ва ходимларини ҳам мана шундай йўл билан фош этиб боришга қарор қилганлигимни билдирмоқчиман. Чунки 2003 йилнинг январь ойи охирги кунларидан бошлаб халқаро матбуотлар ва интернет-сайтлари Фарғона вилоятидаги прокуратура тизимидаги қонунбузилишлар ва прокуратура хизматчиларининг қанчалар даражада саводсизлиги, уларнинг инсонлар тақдири билан шуғулланишга умуман маънавий хақсиз эканликлари ҳақида мақолаларни бера бошладим.

Бошқа тизимлар ҳақидаги мақолаларим сингари прокуратура ҳақидаги бераётган далил ва фактларим ҳам барчаси ҳақиқат ва тасдиқловчи ҳужжатларим етарлича бисёр. Ишонмасангиз ушбу ҳужжатларнинг озгинагинаси билан танишиб чиққан Пўлатов Баҳодирдан сўрашингиз мумкин. Яна шуни қўшимча қилишни истардим-ки, халқаро матбуотлар ва интернет-сайтларида фош этилаётган фактлар юзасидан мени судга бермоқчи бўлсангиз бунга ҳам розиман. Мен прокуратура тизимидаги жирканч шахсларнинг кирдикорларини фош этганлигим туфайли Республика прокуратураси билан судлашишдан чўчимайман. Чунки мен фош этаётган фактларнинг бирон сўзида ҳам ёлғон, тўҳмати йўқ.

Агар Фарғона шаҳар прокурори Толиб Ҳасанов ёки вилоят прокурорининг ўринбосари Муродил Қурбонов сизга мени «Ўтюраклар» Клубининг раҳбари сифатида фаолият юритишга хаққим йўқлиги ҳақида гапиришса ишона кўрманг. Чунки мен Қиргули ИИБ ходимлари томонидан ноқонуний тутиб келтирилиб, калтакланиб, ҳақоратланиб хисбга олинган кунимнинг эртасига ва ҳалқаро журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ёрдамга етиб келишгач хибсдан озод қилишга мажбур бўлган 2002 йилнинг 2–июль кунида ХДП Марғилон шаҳар Кенгаши 1–котиби Муҳаммадали Исақовни Марғилон МХХ идорасига тутиб келтириб, мени партиядан ҳайдаш ва «Ўтюраклар» Клуби фаолиятини тўхтатиш учун қарор чиқаришга мажбурлашган.

Бунинг натижасида 2002 йил 16–январда ХДП Марғилон шаҳар Кенгаши Пленумида фаолияти муҳокама қилиниб, гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш йўлида «Ўтюраклар» Клубининг олиб борган ишлари намунали деб топилиб, Республика бўйлаб тарғиб қилишга қарор килинган ва бу ҳақда 14–февраль куни Республика «Ўзбекистон Овози» газетасида бу ҳақда мақола чиққан. 2002 йилнинг 2–июль куни эса ўша М.Исақов «2 йилдан ортиқ фаолият юритмагани учун Мўътабар Тожибоева ХДП аъзолигидан ҳайдалсин ва «Ўтюраклар» Клуби фаолияти тўхтатилсин» деб ўтказилмаган йиғилиш қарорини расмийлаштирган.

Менинг ўзим 2–июль куни партиядан ҳайдалганлигим ва «Ўтюраклар» Клуби фаолияти тўхтатилганлиги ҳақида 10–декабрь куни «Озодлик» радиоси орқали хабардор бўлдим. Жаноб Толиб Ҳасанов эса 2002 йил 4–декабрь куни мени номимга «Ўтюраклар» Клуби фаолиятини зудлик билан тўхтатишимни, акс ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 216–моддаси билан менга нисбатан жиноят иши қўзғашлигини билдириб, дўқ–пўписа билан Огоҳнома хати берган. Мен ХДП Марғилон шаҳар Кенгашининг июль ва ноябрь ойларида чиқарган ноқонуний қарорларини атига 2003 йил 15–январь куни ёзма талабнома билан олдим.

Мен ноқонуний чиқарилган қарорни бекор қилдиришга, менга етказилган маънавий зарар 10 миллион сўм ундириш учун судга беришга қарор қилгандим ва суд якунлангандан сўнг бундай партия сафида туришдан ор қилишимни билдириб ариза бериб партия сафидан чиқиб кетишга қарор қилгандим. Мени бу фикримдан қайтишимга Ҳалқаро миқёсда фаолият юритгувчи ҳамфикрларим ундашди. Уларнинг фикрича мен партияни судга берсам бор–йўқлигини биров сезмайдиган партияни барчанинг ёдига солиб қўяр эмишман.

Мендаги мавжуд барча ҳужжатларга асослансак (ҳаттоки ноқонуний қарорларга ҳам) «Ўтюраклар» Клуби ўз фаолиятини давом эттирса ҳеч қандай қонун бузилиш содир этилмайди. Толиб Ҳасанов қачонки менга жиноят иши қўзғаганида мен партиянинг раҳбарини «Ўтюраклар» Клубини фаолиятини тўхтатишга ноқонуний қарор чиқариши эвазига вилоят ХДПси раҳбари лавозимига ўтказилганлигини бутун дунёга фош этаман.

Ана ўшанда сиёсий партиялар ишига аралашган маъмурий органлар вакилларини ҳам, маъмурий органларнинг бирозгина дўқ-пўписасидан чўчиб ўзининг энг фаол аъзосига хиёнат қилган ХДП (Хода Думлилар Партиясини) ҳам асл башарасини очиб бераман.

Ушбу мурожаатномамга қўшимча равишда ХДП қарорлари ҳамда чаласавод прокурорларнинг менга йўллаган жавоб хатларидан бир қисмини мулоҳаза юритишингиз ва баҳо беришингиз учун сизга йўллайман.

«Ўтюраклар» Клуби рахбари, Мустақил журналист

Мўътабар Тожибоева:

Манзил: Фарғона вилояти Марғилон шаҳри Зухро кўчаси
31 уй 32 квартира

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.