Толиб Ёқубов: Ер ости кўрсичқонлари
2003 йил, 15 апрел
Шу йилнинг март ойи бошларида www.centrasia.ru сахифасида Пўлат Хакимжонов исмли муаллифнинг «Ғиждувонлик жанжалкаш тадбиркорлар» («Скандальные бизнесмены из Гиждувана») сарлавҳали мақоласи нашр этилган эди.
Мазкур мақола ғиждувонлик тадбиркор С.Абдухайров устидан қўзғатилган жиноий ишга бағишланган бўлиб, унда ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, ЎИХЖ бош котиби Толиб Ёқубов ва «Ўтюраклар» Клубининг рахбари Мўътабар Тожибоева шаънига бир қатор ҳақоратомуз сўзлар ёзилган.
ЎИХЖ тарафидан тарқатилган қуйидаги хабар ушбу мақолага берилган жавобларнинг навбатдагисидир. ЎИХЖнинг бу ҳақдаги олдинги мақолалари билан сайтимизнинг ўрис тилидаги саҳифасида жойлашган «Голос правозащитника» рукнида танишишингиз мумкин.
«Адолат ва қонунчилик йўқ жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади»
Августин Аврелий
ЎИХЖ МАТБУОТ МАРКАЗИНИНГ ХАБАРИ
6-хабар: Ер ости кўрсичқонлари
2003 йил, 14 апрел
ЎИХЖ Матбуот маркази Пўлат Хакимжонов деган кимса томонидан Фарғона вилояти маъмурларига нисбатан товламачилик қилишда айбланган мустақил журналист Мўътабар Тожибоевага яна бир бор сўз беради:
– Эс-эн-бэчи Пўлат Хакимжоновнинг мактуби муносабати билан мен худди кўрсичқонлар каби ер остига кириб олиб, ўша ердан ўзининг кабих ишларини амалга оширувчи ўта махфий МХХ идорасининг одамлар тақдирида қандай ўрин тутишини ўз мисолимда гапириб бермоқчи эдим.
Мен интернет сайтларига мени обрўсизлантирувчи материалларни чиқаришдан қайси идоранинг манфаатдор эканини ҳамда унинг қандай мақсадларни кўзлаганини яхши тушунаман ва имконият даражасида унинг ўзимга нисбатан жиноятларини фош этишга харакат қиламан. Мен кучларнинг тенг эмаслигини англайман, бироқ бизни ҲАҚИҚАТнинг биз томонда экани юпантиради.
Марғилон шаҳар МХХ бошқармаси терговчиларининг Охунбобоев туманидаги Дўрмон қишлоғилик Алимуҳаммад Мамадалиевни ваҳшиёна қийноқларга солиб ўлдиришгани ҳақида кўпчилик билади.
Унинг жасадини терговчилар каналга ташлаб юборишган ва у бир ойдан сўнг тасодифан топилган. 2002 йилнинг 14 март куни мен «ВВС» радиоси мухбири Бахтиёр Имомовга у ўша қишлоққа борганида ҳамрохлик қилганман. У ўша куниёқ МХХ ходимларининг бу мудхиш жиноятлари ҳақидаги маълумотни эфирга узатган. 17 март куни эса мен у ерга ЕХХТ вакили Жўрабек Омонов ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ходимларни кузатиб бордим. Улар А.Мамадалиевнинг ва МХХ бошбошдоқлигига қурбон бўлган бошқа одамларнинг яқинлари билан учрашишди.
2002 йилнинг май ойида Тошкентдаги Республика харбий судида МХХдаги уч қотил устидан махкама жараёни бошланди. Мен марҳумнинг 9 нафар қариндошидан ва бошқа қурбонларнинг яқинларидан иборат гурухга ҳамроҳлик қилдим. Бу одамлар ҳатто судга таклиф ҳам қилинмаган эди. Мен инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ҳалқаро журналистларни бу жараённинг бошлангани ҳақида бохабар қилиб қўйдим.
30 июн куни мен АҚШ журналисти Скотт Петерсонни ҳам Дўрмонга олиб бордим. Менинг бу ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолиятимни МХХ кечирмади: мен таъқиб остига олина бошладим. Эртасигаёқ тунги соат 23-00 лар атрофида мен Киргули туман ИИБ бошлиғи Акрам Ботиров бошчилигидаги бу бўлим ходимлари томонидан қамоққа олиндим.
Улардан бири, А.Ботировнинг муовини, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимининг бошлиғи Сайфуддин Тиллаев хибсга олиш вақтида мени калтаклади ва кўйлагимнинг чўнтагига гиёхванд модда солиб қўймоқчи бўлди. Кечаси соат 2-00 да, тиббий ёрдамга мухтож бўлиб камерада ўтирганимда Сайфуддин Тиллаев бу ерга келиб, мени сўка бошлади ва зўрлашга уринди.
Кечаси менга қарши 50 сахифалик жиноий иш сохталаштирилди. Ишни сохталаштириш вақтида С.Тиллаев ва унинг ходимлари менга қарши кўрсатма бериш учун бир тўда енгилтабиатли аёлларни олиб келишди. Милиция ўзига номақбул бўлган одамларни обрўсизлантириш учун доим бундайларнинг хизматидан фойдаланади. Менинг ҳамма нарсаларим, журналистлик гувохномам, Фарғона вилояти аҳолисидан «Ўтюраклар» Клубига келиб тушган аризалар, диктофон ва унинг 13 дона кассетаси мендан олиб қўйилди.
Кассеталарда фуқароларнинг интервьюлари ёзилган бўлиб, у ерда улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда маҳаллий хокимият бошбошдоқлиги хусусида хикоя қилишганди. Нарсаларим ва хужжатларим далилий ашё сифатида олинди. Уларни қайтариб бериш ҳақида қайта-қайта мурожаат қилаверганимдан сўнг, орадан 13 кун ўтгачгина улар менга қайтарилди.
Бироқ, қайтиб берилган нарсалар ичида мен бир қанча мухимларини топмадим. Кассетадан туман ИИБ бошлиғи А.Ботировнинг сўкишлари ва ҳақоратлари ўчириб ташланган эди. Мен уларни хибсга олинаётган вақтимда ёзиб олишга улгурган эдим.
Шу вақтдан эътиборан кассеталарга овозлари ёзилган одамларни қўрқитиш мақсадида уларга қаттиқ босим ўтказила бошлади.
Сохталаштирилган хужжатлар асосида 2 июн куни соат 10-00 да Киргули туман судида махкама жараёни бошланди: Мени «маъмурий қонунбузар» сифатида судга тақдим қилишди. Суд биноси махсус кучларнинг 20 кишилик гуруҳи билан ўраб олинган эди.
Судда мени ҳимоя қилиш учун келган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ва Тошкентдан келган журналист Бобомурод Абдуллаев милиция ходимлари томонидан куч билан хибсга олинди ва милиция бўлимига олиб кетилди. А.Ботировнинг буйруғига биноан милиционерлар уларнинг диктофонларини тортиб олмоқчи бўлишди. А.Ботиров уларни ҳамманинг кўз ўнгида сўкарди. Бироқ, у А.Эргашев ва Б.Абдуллаевнинг қонуний талаблари олдида ортга чекинишга мажбур бўлди.
Махкама жараёни бошланиши олдидан қаердандир бир видеокамерали киши пайдо бўлиб, мени ҳар томондан суратга ола бошлади. Ўзбекистонда хукуматга ёқмайдиган кишини худди шўро даврларидагидек «ҳалқ душмани» деб аташади. Шундай қилиб, мени видеокамерада суратга олаётган одам ўзининг харакатлари билан хукумат кўрсатмасига биноан «ҳалқ душмани»ни суратга тушираётганини кўрсатаётган эди.
Кейинроқ маълум бўлдики, судья Вахоб Сиддиқов гўёки мен томондан киритилган бутун суд жараёнини видеотасмага тушириш ҳақидаги талабни қондириш бўйича розилик бериб ажрим чиқарган экан. Ўзбек хавфсизлик идоралари сурбетлигининг чек-чегараси йўқ!
Махкама йиғилиши 8 соат давом этди. Бу вақт мобайнида судьяга босим ўтказиш учун Киргули туман МХХ бўлими ходими 7 бор суд биносида пайдо бўлди (оқ рангли, 37-09 рақамли «Жигули» автомашинасида). 8 соат ичида судья номаълум сабабларга кўра 9 марта танаффус эълон қилди.
Шу куниёқ у вилоят МХХ раиси Х.Турдалиевга №14-182 рақамли мактуб юборди. Унда МХХнинг вилоят бошқармасига менинг 3 июл куни вилоят суди қаршисида пикет ўтказмоқчилигим сабабли қўлга олинганим билдирилиб, МХХ вилоят бошқармасидан буни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиш сўралган эди. Мактуб юқорида айтилганидек судга 7 марта келиб кетган МХХ ходими Б. Турсуналиев томонидан қабул килиб олинган. Бу судья В.Сиддиқовнинг менинг харакатларимда мамлакат миллий хавфсизлигига нисбатан таҳдидни кўрганини англатади.
Менинг устимдан суд жараёни ўтказилаётган ўша кунда Марғилон шаҳар МХХ ходими Равшан Мамадалиев Ҳалқ демократик партияси (ХДП) Марғилон шаҳар кенгашининг 1-котиби Муҳаммадали Исоқовни олдига чақириб, ўз рахбариятининг мени зудлик билан ХДП аъзолигидан чиқариш ҳамда мен рахбарлик қилаётган «Ўтюраклар» Клуби фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги оғзаки буйруғини етказган. Клуб ХДП қошида очилган эди.
МХХ нозири Равшан Мамадалиевнинг доимий талабларидан чарчаган биринчи котиб охири МХХ хоҳлаган ишни қилди. У партия ички тартибларини бузганлик учун мени ХДП аъзолигидан чиқариш ҳақида қарор чиқарди.
Жаноб П.Хакимжонов ўз мақоласида менинг вилоят хокимиятига нисбатан товламачилик қилиб, ўз уйимни «евроремонт» қилдирмоқчи бўлганимни таъкидлайди. Ўзимнинг бор «товламачилигимни» мен юқорида хикоя қилиб бердим.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish