Фуқаровий бўйсунмаслик сиёсий акциясида қатнашишга чақирамиз

Снимок,,,,,,,

2003 йил 4 сентябрь

«Ўтюраклар» Клуби рахбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоева 20 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани прокуратураси биноси рўпарасида ўз сафдошлари билан биргалиқда пикет ўтказаётган паллада айнан прокуратура, миллий хавфсизлик хизмати, маҳаллий хокимият ва Ички Ишлар тизими рахбарлари томонидан олдиндан режалаштирилган ҳолатда тайёрланган фохиша ва қўшмачи аёллар гуруҳининг вахшийларча хужумига дуч келганлар.

Фарғона шаҳридан, Киргули туманидан ва Олтиариқ туманининг Ҳамза шаҳридан келган Ҳамза шаҳрида яшовчи қўшмачилар Машрапова Махпуза ва Латипова Зарифалар бошчилигидаги 50дан ортиқ фохиша ва қўшмачи аёллар тинч йўл билан пикет ўтказаётган инсон ҳуқуқлари фаолларини аввал ўзлари билан олиб келган тошлар, ғишт бўлаклари билан тошбўрон қилганлар, кейин эса каратэ усулларини қўллаб, давра қилиб ўртага олиб ерга ётқизиб олган ҳолда, уларни аёвсиз равишда калтаклаганлар.

Ёнларида турган хукумат вакилларининг рағбатлантиришларидан рухланиб кетган фоҳишалар инсон ҳуқуқлари фаолларининг усти бошларига чанг солганлар ва Тожибоева кийиб олган Фридом Хаус ташкилоти томонидан берилган Бирлашган Миллатлар ташкилотининг қийноқларга қарши чақириқ ёзуви мавжуд бўлган кофтани ва ички кийимларини йиртиб ташлаб, ана шу кофта билан Тожибоевани бўққанлар.

Пикет иштирокчилари Ҳамза шаҳрининг “Навоий” Маҳалласи Фуқаролар Йиғини раисаси, «Ўтюраклар» Клуби фаоли Мавжуда Отақулова ва «Би-Би-Си» радиоси мухбири Матлуба Азаматовани ҳам аёвсиз равишда калтаклаб, турли даражада тан жарохати етказганлар.

Матлуба Азаматованинг журналистик хужжатлари ва техник воситаларини ҳам тортиб олганлар ва кўз ўнгида синдириб ташлаганлар.

Айнан шу куни тез тиббий ёрдам орқали Марғилон шаҳар Марказий Шифохонасининг шошилинч травматология бўлимига келтирилган Тожибоеванинг аҳволи ҳақида шифокорлар криминал очиб, маъмурий органларга хабар берганлар. Лекин орадан 6 соат ўтгандан сўнггина шифохонага ўзини таништиришни истамаган Олтиариқ туман ИИБ ходимлари Тожибоева ётган палатага бостириб киришиб, Тожибоеванинг бузилган ҳаққи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун эмас, аксинча қонуний йўл билан ўтказгани пикетни қонунбузарлик деб расмийлаштириш мақсадида шу ҳақда тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилишган.

Тожибоева ўзига ва сафдошларига нисбатан қилинган ваҳшиёна жиноятнинг ташкилотчилари мана шу қонун ҳимоячиси формасини кийган кимсалар эканлигини билгани учун уларнинг талабини бажармаган ва соғлиги ёмонлиги учун ўзини суд-медэкспертизадан зудлик билан ўтказишларини талаб қилган. Лекин бу маъмурий органнинг вакиллари Тожибоеванинг талабига умуман эътибор бермаганлар ва «Тожибоева тушунтириш хати ёзиб беришдан бош тортди», деб қалбаки хужжат расмийлаштирмоқчи бўлганлар.

Лекин улар касалхона шифокорлари орасидан ўзларининг ноғорасига ўйнайдиганларни топа олмай, шифохонадан чиқиб кетганлар ва «Пес песни қоронғида топибди» деган мақолга амал қилиб, ўзлари каби қаллоблиги билан бутун шаҳарга танилган, лекин бу касалхонага умуман алоқаси бўлмаган поликлиника шифокори травматолог Мамадали Тўраевни топишган ва у билан биргаликда қалбаки хужжатлар расмийлаштиришган.

Тожибоевага қарши қалбаки хужжатлар расмийлаштириб қониқмаган Мамадали Тўраев жиноий шерикларининг топшириғи билан шу куни кечаси оғир аҳволдаги Тожибоеванинг олдида навбатчилик қилаётган «Ўтюраклар» Клуби фаоли Раъно Холбобоевани алоҳида хонага чақириб, сўроқка тутган.

26 август куни эса Тожибоева осма укол (система) олаётган паллада Тўраев яна унинг палатасига кирган. Тожибоева ҳам, Марғилон шаҳар Соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Миркомил Фозилов ва шифохона бош врачи Адхам Боборахимов ҳам Мамадали Тўраевдан бу палатага нега кирганлигини, нима учун 20 август кунги Олтиариқ туман ИИБ ходимлари томонидан расмийлаштирилган қалбаки далолатномага имзо чекканлигини тушунтириб беришини талаб қилишганида у билмасдан, боши айланиб бу палатага кириб қолганлигини, 20 август кунги хужжатларга эса милиция ходимларининг илтимосларини ерда қолдира олмай имзо чекиб берганлигини айтган.

Лекин кейинги суриштирувларда М.Тўраев айнан Тожибоеванинг қайси палатага кўчирилганлиги билан қизиқиб, шифохонадаги санитаркалардан, медицина ҳамшираларидан суриштирганлиги аниқланган. Мамадали Тўраевнинг нафси олдида ҳар қандай жирканчликлардан тоймаслигини билган шифохона рахбарлари Тожибоеванинг мухофазаси учун назоратни кучайтиришга мажбур бўлганлар.

25 август куни эса (Тожибоеванинг туғилган кунида ва у шифохонада хушсиз ётган паллада) вилоятнинг деярли барча худудларида хокимият рахбарларининг ташаббуси билан «Огоҳликка даъват» номли йиғилишлар ўтказилган ва бу йиғилишларда Тожибоева давлат сиёсатига қарши ўта хавфли жиноятчи эканлиги, ҳатто Жума Намонгоний каби ҳалқ учун хавфлилиги, шунингдек, бировларнинг оиласини бузувчи енгилтабиат аёллиги, шу билан биргаликда давлатдан жуда катта миқдорда кредит олиб ўзлаштириб юборган жиноятчи эканлиги, айнан унинг айби билан қариялар ва ногиронлар нафақаларини ўз вақтида ололмаётганликларини айтиб,тарғиб қилганлар.

Асосан бу йиғилишларда апрель ойида барча Ҳалқаро матбуот органларига ва Ҳалқаро ташкилотларга факс орқали номаълум шахслар томонидан жўнатилган Тожибоеванинг шаънини булғовчи 6 вароқдан иборат «ТАЛВАСА» деб номланган бўҳтон ёзишмаси мухокама қилинган. Апрель ойида Тожибоева бу бўхтон ёзишманинг муаллифларини топиб, қонуний чора кўришни сўраб, Республика бош прокурори Рашид Қодиров ва Республика Ички Ишлар вазири Зокир Алматовлар номига талабнома ёзганди. Лекин бу талабнома талабларини қондириш тугул, улар ҳатто Тожибоевага жавоб ҳам бермагандилар.

Хокимият вакиллари йиғилишда маҳалла фаолларидан Тожибоева режалаштираётган ноқонуний намойишларга маҳалла фуқароларини аралаштирмасликни тушунтиришган. Айнан мана шундай йиғилиш Марғилон шаҳар хокими ўринбосари Акбар Халилов томонидан Иттифоқ, Ватан ва Бурхониддин Марғилоний маҳалла фаоллари учун Иттифоқ маҳалласи фуқаролар йиғини идорасида кеч соат 17-30 ларда ўтказилган.

Бу ўтказилган йиғилиш Тожибоеванинг 26 август куни 5000 дан зиёд аҳоли, завод-фабрикаларнинг ишчилари, маҳаллалар вакиллари, ўқув муассасалари ва бошқа тармоқлар вакиллари билан ўтказишни режалаштирган кўча юриши, намойишдан қўрққанликларидан ўтказилган. Хукумат вакиллари Тожибоева оғир аҳволда шифохонада ётган бўлишига қарамай, кўча юриши ўтказилиши мумкин, деб барибир қўрққанлар.

Аслида Тожибоева 20 август куни ўтказган пикетида Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзоқов ҳамда Туман ИИБ рахбарларининг исътефосини талаб қилиш билан биргаликда охирги пайтда ўз газеталарида ёлғон материаллар чоп этган бир қатор газеталар рахбарларининг ҳам исътефосини талаб қилиб чиққан эди.

«Халқ сўзи» газетаси бош мухаррири Аббосхон Усмоновнинг Республика Бош прокурори Рашид Қодиров номидан чоп этилган «АДОЛАТ ВА ҚОНУНИЙЛИК ЙЎЛИДА», Республика Олий суди раисаси Фарруха Муҳиддинованинг «ОДИЛЛИК ОДИМЛАРИ», Республика ИИВ Тергов Бош бошқармаси бошлиғи Алишер Шарофиддинов билан ўтказилган «УШЛАНГАН ШАХС дарҳол адвокат билан таъминланиши шарт» сарлавҳали сухбати учун («Хуррият» мустақил газетаси, муаллиф Бахтиёр Шохназаров), шунингдек, «Ҳуқуқ» газетасида чоп этилган Фарғона вилоят прокурори ўринбосари Маъруф Усмоновнинг «ОЛИЙ ҚАДРИЯТ» номли мақоласи ва «Марказий Осиё маданияти» газетаси мухбирининг Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи Аминжон Тошхўжаев билан «ЯШАШНИНГ МАЗМУНИ – ЭЗГУ ИШЛАРДА» номли сухбатлари учун улар истьефосини талаб қилган эди.

«Чунки бу мақолалар кенг жамоатчиликни алдаш мақсадида чоп этилган бўлиб, айнан мана шу тизимлар рахбарларининг кирдикорлари туфайли инсон ҳуқуқлари қаттиқ топталмоқда», дейди Тожибоева.

Тожибоева хукумат рахбариятининг ва Республика маъмурий органлари рахбарларининг истеъфосини талаб қилиб, 20 августдан бошлаб очлик эълон қилган эди ва бу ҳақда мамлакат президенти И. Каримовга, Республика бош прокурори Рашид Қодировга, ИИВ вазири Зокир Алматовга, Соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назировга, шунингдек, Ҳалқаро Қизил ярим ой жамиятининг Фарғона вилоят кўмитаси рахбари номига телеграмма жўнатган эди.

Лекин бу муассасалар телеграммани олган бўлсалар-да, ўзларини гўё ҳеч нарсадан бехабардек тутдилар. Тожибоева Мустақиллик байрамини ўзининг очлиги билан қарши олди. Тожибоева 2 хафта шифохонада ётди Лекин ҳанузгача унга ва бошқа фуқароларга нисбатан қилинган вахшийлик ҳақида ҳеч бир маъмурий орган вакиллари суриштирув ишларини бошлаганлари йўқ. Тожибоева хукуматга нисбатан нафратини билдириш учун шифохонага кеч соат 19 да ўзига ўт қўйиши ҳақида расмий билдирганидан сўнггина, шифохонага ётганининг 4 куни, 23 август шанбада кеч соат 18-30 да суд-тиббий экспертизасидан ўтказишга мажбур бўлдилар.

Тожибоева ўзининг шаъни, қадр қимматини булғаб, ишчанлик холатига салбий таъсир кўрсатган Марғилон шахар хокимиятини тухматлари учун судга беришга қарор қилган ва шахар хокимиятининг 10 миллион сўм миқдорида ўзига етказилган маънавий зарарни тўлашини талаб қилиб, судга хужжатларни тайёрламоқда.

10 июнь куни Фарғона вилоят прокуратураси биноси рўпарасида пикет ўтказаётган паллада фарғоналик фохишаларнинг тажовузлари бўйича айбдорларга чора кўришни сўраб ёзган аризаси бўйича 14 август куни Фарғона шаҳар жиноят ишлари бўйича судида айбдорларнинг эмас, Тожибоеванинг суди бўлиб ўтган ва Тожибоева айбсиз эканлигини суд жараёнида исботлаб берган эди. У Ўзбекистон хукуматининг адолатни юзага чиқариш учун харакат қилишига ишонмайди.

Шунинг учун «Ўтюраклар» Клуби ташаббуси билан 14 июлдан бошланган фуқаровий бўйсунмаслик сиёсий акциясида бутун ўзбек ҳалқининг фаол иштирок этишини ва ҳар қандай коммунал тўловларини тўлашдан кескин бош тортишларини, худди шу харакатлари билан хукуматга таъсир ўтказиш мумкинлигини айтади.

«Ўтюраклар» Клуби

http://mediauz.ucoz.ru/publ/1-1-0-8

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.