Терговчини рад қилиш ҳақида жабрланувчи Мўътабар Тожибоевадан РАДДИЯ
Фарғона вилоят Ички ишлар Бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тергов бошқармаси бошлиғи Алишер Мақсудовга
Олтиариқ тумани ИИБ ТБ томонидан тан жароҳат етказилганлиги ва босқинчилик жиноят бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича жабрланувчи, Марғилон шаҳар Зухро кўчаси 31 уй 31 хонадонда яшовчи Мустақил журналист «Ўтюраклар» Клуби раҳбари Мўътабар Тожибоевадан
Р А Д Д И Я
Мен жабрланувчи Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 76-моддасига асосан ушбу жиноят ишини тергов ҳаракатларини Олтиариқ туманидаги маъмурий органлар томонидан олиб борилишига, айниқса Олтиариқ туман ИИБ бўлимида олиб борилишига кескин қаршиман.
Чунки Олтиариқ тумани ИИБ раҳбарлари ва ходимлари деярли барчасининг холислигига ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган ҳолатлар мавжуд. Шунингдек ушбу ишни юритиш учун масъул бўлган мансабдор шахслар Олтиариқ тумани прокуратурасининг чаласавод ва пораҳўр прокурори Ғайрат Умурзақов ва Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳрида турли ерлардан келиб тўпланиб қолган фоҳишалар ва қўшмачиларнинг, наркоман аёлларнинг шериги бўлган ИИБ раҳбарлари, айнан ИИБ бошлиғи Мусо Хонкелдиев, унинг ўринбосари яъни Ҳамзалик КУЁВТЎРАЛАР Юсупжонов Аминжон, Ҳайдаров Алижон, Фарҳод Давронов, Мамадалиев Исроиллар ва бошқа жиноий кирдикорлари фош бўлаётган порахўр амалдорлар ушбу жиноят иши бўйича холис тура олмасликлари кундек аён. Чунки Олтиариқ туманидаги маъмурий органлар раҳбарларининг барчаси фоҳишалар, қўшмачиларнинг ва жиноятчиларнинг шериклари ҳисобланади.
Бу фикрларимни қуйидаги фактлар билан асослаб бераман:
Мен Мустақил журналист ва «Ўтюраклар» Клуби раҳбари сифатида Олтиариқ туманидаги жуда кўплаб фуқароларнинг шикоят ва аризалари билан шуғулланиб, уларнинг маъмурий ва маҳаллий органлар раҳбарлари томонидан паймол этилган ҳуқуқларини тиклаш учун қатор журналистик суриштирувлар ва мониторинглар ўтказганман. Айнан мана шу ўтказган текширувларим хулосалари бўйича туман хокими Ноъмонжон Омоновдан бошлаб МХХ, ИИБ ва прокуратура, ҳаттоки одилликка қасам ичган судъя ҳам ҳалқ қонини ичгувчи манқуртлар эканликлари аниқланган.
Ушбу масалалар бўйича вилоят ва Республика маъмурий органларига қилган ёзишмаларим ҳам қаноатлантирилмаган ва бу раҳбарлар ўз жиноий кирдикорларидан хабардор бўлиб қолган Ҳалқаро миқёсда фаолият юритувчи Мўътабар Тожибоевага нисбатан доимо ҳусумат билан қараб келганлар, ҳаттоки аризачиларимга ҳам руҳий тайзиқлар тинимсиз ўтказиб келганлар. «Навоий» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мавжуда Отақуловани ноқонуний хибсга олиниши ҳам бу фикрларимни исботлайди.
Ҳўш мен тумандаги раҳбарларнинг қандай жиноятларини биламан-у, агар бу сирлар фош бўлиб қолса раҳбарларнинг шўрига қандай шўрвалар тўкилади?!!
1. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни терроризмга қарши курашувчи ҳамкор сифатидагина тан олса ва хукумат террорризмга қарши курашаётганига бутун дунё ҳамжамиятини ишонтирилаётган бўлса айнан Олтиариқ тумани Полосон қишлоғи Иккитут маҳалласи фаоллари диний экстремизм, террорризмни тарғиб этгувчи Жума Намонгоний, Тоҳир Йўлдошларнинг Фарғонадаги энг кучли шериклари Полосон қишлоғида яшовчи Муродил Мусаевнинг давлат тузумига қарши олиб бораётган фаолияти ва унинг шерикларини Олтиариқ пахта тозалаш заводи раҳбарияти маблағ билан таъминланганликлари, Олтиариқ тумани ҳокими ўринбосари Тохир Тожиев эса уларнинг истаганча фаолият юритишларига шарт-шароитлар яратиб берганлигини исботловчи юзлаб вароқ хужжатларни деярли Республика миқёсидаги барча нуфузли идораларга ҳавола қилганмиз. Лекин хукумат раҳбарияти балким терроризм Ўзбекистонда авжга чиқишидан манфатдор бўлса керакки, бу фактларга ҳеч бир мард жиддий ёндашмаяпти.
2. Полосон қишлоғилик Аюбжон Янгибоевнинг қизи Нилуфар Мамлакат Президентига мактуб йўллаган. Унинг мактуби юзасидан Аюбжон Янгибоевни Олтиариқ туман ҳокимиятига чақиртириб, зудлик билан 2 та янги гилам келтиришини буюришган. Аюбжон Янгибоев уларнинг талабини бажаргач, бу келтирилган гиламларни олиб вилоят ҳокимияти ва Олтиариқ туман ҳокимияти раҳбарлари Президент совғаси деб Янгибоевнинг қизи Нилуфар яшайдиган хонадонга олиб бориб топширганлар ва матбуотларда реклама қилганлар. Бу гаплар ёлғонлиги учун норозилик билдирган Аюбжон Янгибоевнинг ўғли Улуғбек Янгибоевни ҳизб-ут-таҳрир диний оқим аъзоси деб газетада туҳмат билан шарманда қилишган. Бу бўйича ҳам Республика бош прокуратурасидаги амалдорлар тўлиқ хабардорлар ва вилоят МХХ раҳбарлари ҳам хабардор.
3. 2002 йил 1 июль куни кечаси Олтиариқ туман Файзобод қишлоқ қурилиш жамоасига қарашли боғ қоровули Олимжон Ҳомиталиев ушбу боғда ваҳшийларча ўлдирилиб, ўлиги ёндириб юборилган. Ушбу қотиллик жиноятини содир этган пулдор бойваччалардан олинган поралар эвазига бу жиноятга умуман алоқаси бўлмаган камбағаллар бўйнига қўйиш учун Олтиариқ тумани ИИБ ходимлари сохта хужжатлар қилиб Повулғон қишлоғилик Мамажонов Қобил, Усмонов Ғайрат, Исмоилов Миркомил, Қодиров Исроил, Маматов Тўйчибой, Турсунов Ориф, Азимов Эмин, Ибрагимов Бахтиёр, Акбаров Мўмин, Акбаров Равшан, Турсунов Шамсиддин, Турсунов Хусниддин ва Орифжонов Ҳамдамларни 4-9 июль кунлари маъмурий жавобгарликка тортиш учун сохта хужжатлар расмийлаштирганлар. Олтиариқ туман ЖИБ суд раиси Тожиддин Вахобов эса уларни ҳар бирини10 суткадан қамашга суд қарорини чиқариб берган. Шундан сўнг изоляция қилинган ва ҳимоя ҳуқуқидан буткул маҳрум қилинган бу йигитларга ИИБдаги барзангиларўта ваҳшиёна қийноқлар қўллаганларва уларни ўзлари бехабар бўлган ва қилмаган ўта оғир жиноятни зиммаларига олишларига ва қотиллик жинояти содир этганлиги ҳақидаги сохта тергов хужжатларига имзо чекишга мажбур қилганлар.
ИИБ раҳбарларининг қалбаки тайёрлаган хужжатлари асосидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик иши Турсуновлар оиласи томонидан ёлланган кучли адвокат саъйи ҳаракатлари билан бекор қилинган. Лекин қалбаки хужжатлар расмийлаштирган ИИБ ходимларига ва адолатсиз қарор чиқарган судьяга нисбатан ҳеч қандай жазо чоралари кўрилмаган. БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси жаноб ТЕО ВАН БОВЕН 2002 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрганида мен уни ва шерикларини Олтиариққа олиб келганман. Улар Турсуновлар оила аъзолари билан учрашиб айбсиз айбдор фарзандларига нисбатан қўлланилган қийноқлар ҳақида гапириб берганлар. Турсунов Хусниддин эса ўзига ва акасига, қишлоқдошларига Олтиариқ туман ИИБ ертўласида қўлланилган қийноқларнинг турлари ҳақида гапириб берган. Тео Ван Бовен ўзининг Ўзбекистонга бағишланган маърузасида Олтиариқ туман прокурори ва ИИБ раҳбарларининг жиноий кирдикорлари бўйича алоҳида тўхталиб ўтган.
4. 2002 йил 1 июль куни Олтиариқ туманида содир этилган қотиллик жиноятига мотив қилиб 2001 йил февралда Турсунов Шамсиддин ва Хусниддинлар томонидан номусга тегиш жинояти содир этилган ва бу жиноятдан Хомиталиев Олимжон ҳабардор бўлганлиги сабабли Турсуновлар томонидан ўлдириб, ёқиб юборилган деб талқин қилинган ва мана шу бир ярим йил мобайнида Турсуновлар томонидан номусга тегиш жинояти содир этилганлиги ҳақида бирор бир идорага шикоят тушмаган бўлишига қарамасдан ака ука Турсуновларни ўта оғир усуллар билан қийнаб, ушбу жиноятни зиммаларига олишга мажбур қилишган.
5. Олтиариқ тумани ИИБ рахбарлари ва ходимлари Фарғона тумани Чекшура ҚФЙ Қирғизшўра кўчаси 1 уйда яшовчи Мадумарова Қимматхон ва унинг қизи Зулхуморни ҳақорат қилиб, ёлғон кўргазмалар беришга мажбурлаб, Эргашева Зулхуморни ИИБ биносида ноқонуний 2 кеча-ю кундуз ушлаб туриб, кийимларини ечиб яланғоч холатда сақлаб, айтилган гапларни сўзсиз бажармаса зўрлаш билан қўрқитишиб, Турсуновларга туҳмат қилиб, «2001 йил февраль ойида мени зўрлаб номусимга тегишган, уларга қонуний чора кўришларингизни сўрайман» деб ариза ёзиб беришга мажбурлашган.
6. Олтиариқ туманида қотиллик жинояти содир этилгандан сўнг, яъни 2-3 июль куни одам ўлдириб қамалган ва қамоқхонадан яқинда қайтган Хожибеков Эгамберди изсиз ғойиб бўлган. Бу холатга прокуратура ва ИИБ рахбарлари қизиқиб ҳам кўрмаганлар.
7. 2002 йил тахминан 5-6 июль куни Олтиариқ тумани ИИБ раҳбарлари топшириғига асосан ИИБ ходими Етмишов Повулғон қишлоғи участка нозири ва бошқа милиция ходимлари билан биргаликда Жанубий Фарғона каналидан оқиб келган, шахси номаълум бўлган эркак киши ўлигини таҳқирлаб, қопга солиб Етмишов бошқарувдаги Дамас автомашинасига юклаб Шимолий Катта Фарғона каналига ташлаб юборишган. Бу ишни тепасида топшириқ берганлар туман прокурори Ғайрат Умурзақов ва ИИБ раҳбарлари бўлишган. Мен бу масала бўйича ҳалқаро матбуотга маълум қилганимдан кейин фақатгина Етмишов судланди. Сувда Андижондан оқиб келган эркак кишининг ўлиги, шишиб кетган жуссани қопга солиб машинага юклаш бир одамнинг қўлидан келмасада ўликни таҳқирлашда иштирок этганлар ва бу жиноятни содир этишга топшириқ берган чаласавод порахўр прокурор ва ИИБ рахбарлари жазоланишмади.
8. Олтиариқ тумани ҳокимиятида 2002 йил 27 август куни бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида Ҳамза шаҳри Навоий МФЙ раиси Мавжуда Отақулова сўзга чиқиб туман ИИБ раҳбарлари ва ходимларининг маиший бузуқликлари, уларни Ҳамза шаҳрида махсус қўшмачихоналар ва фоҳишахоналар ташкил этганликлари, шунингдек жиноятчиликни авж олдираётган асосий айбдорлар эканлиги ҳақида гапиргач, айнан шу куни ИИБ рахбарлари «Навоий» махалласига келиб маҳалла аҳлига ва МФЙ раиси Мавжуда Отақуловага тайзиқ ўтказганлар. Шу куни 15АФ 059 рақамли хизмат машинасига фохишахонага меҳмонга келган туман ИИБ бошлиғи Хонкелдиев ҳайдовчисини фохиша Тўхлиева Ферузанинг хонадонидан тутиб чиққан бўлсаларда, ҳалқни қўрқитиб қўйиш мақсадида умуман айбсиз бўлган фуқаро Ўтанов Баҳодирни калтаклаб олиб кетиб хибсга тиққанлар.Ушбу масалалар бўйича 2002 йил 30 август куни Вилоят ИИБ бошлиғи Аминжон Тошхўжаев Ҳамза шаҳрида бизнинг ташкилотимиз талаби билан бизнинг иштирокимизда йиғилиш ўтказган ва маиший бузуқ раҳбар ва ходимларга кескин чора кўришга ваъда қилган, лекин ёзма равишда топширган талабномамизга ҳанузгача ҳеч қандай жавоб ҳам бермаган, маиший бузуқ ходимларига чора ҳам кўрмаган.
9. Олтиариқ тумани Полосон қишлоғи Ибн-Сино кўчаси 95 уйда яшовчи Алимкулов Холиқназар 2000 йил 30 октябрь куни ўз қари онасини аёвсиз калтаклаган. Онаси 12 кун касалхонада оғир аҳволда ётган. Лекин ИИБга бу ҳақида ариза бериб чора кўришни сўралганда участка нозири Шуҳрат Собиров хужжатларни қилган, лекин ҳеч қандай чора кўрилмаган. Шундан сўнг ҳеч қанча ўтмасдан калтаклангани зарбига кампир вафот этган.
10. 2001 йил ёз ойларида Алимқулов Ҳолиқназар ўз ўғли билан онасининг набираси номига қолдирган меросини талашиб ўғли Азим Алиқуловга тайзиқ ўтказган ва калтаклаган. Азимжон Алиқулов ИИБ бошлиғидан ёрдам беришни сўраб борса милиция бўлими бошлиғи Мусо Хонкелдиев уни ҳақ эканлигини билсада, Алимқулов Ҳолиқназардан олган пораси эвазига Азимжонни дадасини оёғи остига йиқилтириб эмаклашга мажбур қилган. Бундай хўрликка чидай олмаган Азимжон ўзини осиб қўйган. Чала ўлик холатда топилган Азимжонни жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Лекин сирлари фош бўлиб қолишидан чўчиган Олтиариқ тумани маъмурий органлар корчалонлари Азимжонни ўзини осишига сабаб бўлган омилларни ўрганиш ўрнига уни руҳий касалликлар шифохонасига жойламоқчи бўлганлар. Азимжонни ўз жонига қасд қилганлик фактини ёпишган.
11. Алимқулов Азимжон фуқоролик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб отаси тортиб олмоқчи бўлаётган мулкни қонунийлигини белгилаб олмоқчи бўлганида отаси Холиқназар Алимқулов яна Олтиариқ тумани ИИБ раҳбарлари билан жиноий тил бириктириб, 3 гуруҳ ногирони бўлган, чап қўли ишламайдиган Азимжонни «Дадасини, ўгай онасини ва 3 та 15-17-18 ёшли ўгай сингилларини уриб жароҳат етказди» деб сохта хужжатлар расмийлаштириб, медицина экспертизасидан ёлғон хулоса ёздириб олиб Азимжонга жиноят иши қўзғатишган ва Азимжон ноҳақдан судланган.
12. 2002 йил 23 май куни кечаси соат 23ларда Олтиариқ тумани ИИБ ЙПХ нозири Фарҳод Тожиев ўта маст ҳолатда ИИБда посбонлар сардори томонидан тузилган график бўйича МФЙдан вакил Р.Қодиров, Ҳомид Ахматқуловлар билан биргаликда навбатчи бўлиб турган посбон Адҳам Абдурасуловни мотоциклини тортиб олиб қўйиб, ваколатга эга бўлмаган ҳамширадан посбонни мастлиги ҳақида қалбаки хужжат расмийлаштириб беришни сўраган. Ҳамшира М.Аҳророва кечаси 1ларда маст бўлмаган посбонни маст деб расмийлаштирган. Ҳамширанинг ноқонуний ҳаракати юзасидан бизнинг ташкилотимиз фаоллари томонидан ўтказилган мониторинг натижасида Олтиариқ туман Соғлиқни сақлаш бўлими томонидан врач Маъмир Акбаров ва ҳамшира Ахроровага 10 июлдаги 197-сонли буйруқ билан «ҳайфсан» жазоси берилди.
Олтиариқ тумани ИИБ ЙПХ бошлиғи Фарҳодни акаси Тожиев Бахтиёр посбон Адҳам Абдурасуловга «30 минг сўм штраф тўласанггина мотоциклингни суд орқали оласан» деган. ИИБ ЙПХ томонидан октябрь ойида, яъни 100 кундан сўнг маъмурий жабовгарлик бўйича қалбаки хужжатлар расмийлаштирилиб, ижро қилиш учун 30 минг сўм жарима тўлашга қарор чиқарган. Бу масала бўйича Абдурасулов туман прокурорига мурожаат қилса Ғайрат Умурзақов фуқарони умуман қабул қилмай ҳақорат қилиб ҳайдаган.
13. Қишлоқ ҳўжалик тизимида пахта майдонларини ўз манфаати йўлида талон-тарож қилиш эвазига қўшиб ёзишлар ва бошқа жиноятлар авж олганлиги, минерал уғитларни четга ноқонуний йўллар билан сотилаётганлиги, техникаларни талон-тарож қилаётганлиги фактларини чаласавод ва порахўр прокуратура амалдорлари Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзақов ва вилоят прокурорининг собиқ ўринбосари Муродил Қурбоновлар бости-бости қилишган.
Бугунги кунда ҳар икки ҳолат бўйича давлат мулкига кўз олайтирган амалдор корчалонларнинг кирдикорларини фош этувчи пакет хужжатлар, Қирғизистон Республикасига ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилаётган тонна-тонна минерал ўғитлар хужжатлари, пахта майдонларига қовун-тарвуз ва бошқа экинлар экилганлик ҳолатлари акс этган ва ширкат ҳўжалиги раҳбарларидан ерларни сотиб олган фуқаролар билан қилинган суҳбатлар акс этган видеокассета ва Нуробод ширкат ҳўжалиги раҳбарларининг ўз манфаатини кўзлаш натижасида давлат мулки ерларни ва техникаларни талон-тарож қилинганлик ҳолати бўйича ширкат ҳўжалигининг собиқ аъзолари – Ҳамза шаҳри Пропарка маҳалласида яшовчи Хусанов Рўзматжон, Полосон қишлоғи Озода кўчаси 3 уйда яшовчи Улуғбек Мусаев, Полосон қишлоғида яшовчи Аъзам Азимов, Повулғон ҚФЙ Қорабоев кўчаси 2 уйда яшовчи Ҳомидова Юлдузхоннинг аризалари ва асослантирувчи барча хужжатлар чаласовод Ғайрат Умирзақовда мавжуд.
14. Олтиариқ туманининг бу чаласовод ва порахўр прокурори Ғайрат Умурзақов ўз ишига пухта ва ақлли. У ўзининг саводсиз терговчиси Баҳтиёр Пўлатов билан биргаликда жуда кўп жиноий ҳаракатлар қилиб келган ва ҳозир ҳам давом эткизмоқда.
Масалан: Олтиариқ туман Ҳамза шаҳар Навоий кўчаси 24-а уйнинг 31хонадонида яшовчи 15 ёшли вояга етмаган гўдак Сагатова Севарани зўрлаб, қўрқитиш йўли билан номусига теккан Отабек Мадалиевдан олинган пораси эвазига вояга етмаган гўдакни зўрлаб номусига тегиш жиноят ишини 2001 йилдан буён ҳанузгача бости-бости қилиб келмоқда.Сагатова Севарани онаси Сагатова Фотимага агар бирон жойга ариза билан мурожаат қилгудек бўлса наркотик модда ёки ваҳобийларни варақасини ташлаб қамаб юбориши ҳақида айтиб қўрқитиб келишмоқда.
15. Олтиариқ тумани Каримов жамоа ҳўжалиги Жонбек кўчаси 23 уйда яшовчи Назарова Жумагулни хонадонига ён қўшниси Салим Қурбонов босқинчилик қилиб кириб, ўлдириш билан қўрқитиб номусига текканлиги, бу ҳолни тинимсиз такрорланганлиги ва ҳозирда Назарова Жумагул фарзанд кўрган. Салим Қурбоновнинг содир этган босқинчилик ва номусга тегиш жиноятлари учун унга қонуний жазо беришни сўраб Назарова Жумагулни ёзган шикоят аризалари туман, вилоят ва Республика прокуратураси томонидан бости-бости қилиб келинмоқда.
16. Босқинчилик ва номусга тегиш жиноятларини хаспўшлаган Ғайрат Умурзақов 2002 йил 1 июлда содир этилган қотиллик жиноятини тезроқ ёпиш мақсадида, яъни ҳақиқий қотилни ўз ҳимоясига олиб, қотиллик жиноятини мотиви дея талқин қилиб, умуман номусга тегиш бўйича ариза бермаган Фарғона туманилик Зулхумор Эргашевага тайзиқ ўтказиб, мажбуран бир ярим йилдан сўнг яъни «2001 йил февраль ойида номусимга тегишган эди» деб қалбаки аризани 2002 йил июль ойида ёздириб олишган ва ака ука Турсунов Шамсиддин ва Хусниддинларга қалбаки хужжатларга асосланиб жиноят иши қўзғаган.
17. 2002 йил 31 августгача Навоий МФЙ раиси Мавжуда Отақулова туман прокуратурасига тинимсиз равишда туман ИИБ рахбарларининг ўзи бошқараётган маҳалласида ташкил этилган қўшмачихона ва фоҳишахоналарни тугатишга амалий ёрдам беришини сўраб аризалар билан мурожаат қилган бўлсада, қонунбузар амалдорларга ҳеч қандай чора кўрмаган ва «Ўтюраклар» Клуби вакиллари аралашуви билангина Вилоят ИИб бошлиғи А.Тошхўжаев 31 август куни йиғилиш ўтказганидан сўнг маҳаллада ўтказилган «Тозалаш тадбир»ларини гўёки ўзининг меҳнати қилиб Ғайрат Умурзақов 2002 йил 21 ноябрь куни Олтиариқ туман хокимиятининг «Давр Овози» газетасида «Оғриқ нуқталар» рукни остида «ҚЎШМАЧИЛАР» номли мақолани эълон қилган. Бугунги кунда эса ўша қўшмачи ва фохишаларни бу маиший бузуқ кимса ҳимоя қилиб қалбаки хужжатлар расмийлаштириб Мавжуда Отақуловани ноқонуний тарзда қамоқда сақламоқда.
18. Олтиариқ тумани рахбарлари юқоридаги ва яна кўплаб ҳали қоғозга тушмаган, менда мавжуд бўлган фактлар фош бўлишидан қўрқишади ва менга, яқинларимизга зиён етказишга тинимсиз интилишади. Жумладан 2002 йил 14 октябрь куни Олтиариқ туман суди биносида олдида ўтказилган қонуний пикетимиз юзасидан ўзларининг шериклари фоҳишалар ва қўшмачилар ёрдами билан қалбаки хужжатлар тайёрлаб, мени маъмурий ҳуқуқбузар қилиб расмийлаштириб жавобгарликка тортиш учун жиноий кирдикорларини давом эттирмоқдалар. Бу кирдикорлари бўйича эса курашимиз энди бошланади.
19. 2003 йил 20 август куни Ғайрат Умурзақов ва унинг шериклари бўлмиш ИИБ раҳбарлари – қўшмачи-ю фоҳишаларни «куёв»ларини истеъфога чиқарилишларини талаб қилиб прокуратура биноси рўпарасида пикет ўтказаётган пайтимизда шериклари фоҳишалар ва қўшмачиларни ёрдамга чақириб бизни аёвсиз калтаклатишган ва бу жараённи ИИБ мансабдорларидан бири Мамадалиев Исроил бошчилигида ВИДЕОТАСВИРга олинган.
20. 20 август куни мен шифохонада ётган палламда шифохонага бориб ИИБ ходимлари Тошболтаев Қосим ва Маҳмудов Шералилар тушунтириш хати ёзиб беришдан бош тортганлигим ҳақида қалбаки хужжатлар расмийлаштирганлар.
21. Чаласавод прокурор ва ИИБ рахбарлари ўзларининг шериклари хисобланмиш фоҳишалар ва қўшмачиларнинг 20 август кунги жиноятларини яшириш ниятида Марғилон шаҳар Судмедэкспертизаси бошлиғи Рауф Умаров билан жиноий тил бириктириб, 23 август куни ўтказилган суд тиббий экспертизаси бўйича 28 август кунги 1048 рақамли хулосани нотўғри берганлар, яъни аҳволим оғир бўлишига қарамай енгил тан жарохати деб расмийлаштирилган. Шунингдек сирлари фош бўлишидан қўрқиб касаллик варақасини шифохонадан олиб кетиб, 2456 рақамли касалхонадаги беморнинг тиббий баёнида шифокорлар томонидан қўйилган ташхис Бош мия чайқалишини йўққа чиқариш учун кўз томирлари ангиопотиясини аниқловчи Марказий шифохона кўз касалликлари хакими Хакимова Муқаддаснинг мени текширувдан ўтказганлиги ҳақидаги хулосасини ҳамда бош мияни ренген текширувидан ўтказган ренгенологнинг бош миям чайқалганлигини исботлаб ёзган хулосасини касаллик варақаси орасидан ўғирлаб олиб, йўқотганлар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ЎзР.ЖПКнинг 76-моддасининг 2-3 қисмларига кўра ушбу жиноят ишини Олтиариқ туманида тергов ҳаракатлари ўтказилиши мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайман ва терговни ўзга шаҳар ёки туманга ўтказилишини қатъий талаб қиламан. Чунки маъмурий органлар амалдорларининг шериклари фоҳишалар ва қўшмачилар Мавжуда Отақуловани тинимсиз калтаклашиб, бир неча марта кийим бошларни йиртиб, уйига хужум қилиб, тошбўрон қилиб уйининг ойналарини чил чил синдириб, унга жисмоний ва моддий зиён етказиб келган бўлишларига қарамай еган оғиз уялар дегандек фоҳишалар ва қўшмачиларга ҳеч қандай чора кўрмаганлар.
Фақатгина 4 март кунги тўқнашувдан кейин Аминжон Тошхўжаев эркатойи Машрапова Махпузани кирдикоридан кечирим сўраб Мавжуда Отақулованинг йиртилган кўйлаги ўрнига янги кўйлаклик қимматбахо материал совға қилган. Суд эса қўшмачи Машрапова Махпузага жамоат жойида юриш қоидасини бузганлиги учун жарима тўлаш ҳақида қарор чиқариш билан чегараланган. 7 октябрь ва бошқа кунлардаги фохишалар ва қўшмачилар томонидан калтаклаганликлари ҳақида Мавжуда Отақулованинг аризаси барча маъмурий органларда бор бўлишга қарамай эркатойларига ҳеч қандай чора кўра олмайдилар. Чунки нафақат маиший бузуқлик, балким наркотик моддалар савдосида ҳам шерикдирлар.
Мен ушбу раддиямни асослантирувчи қуйидаги хужжатларни илова қиламан:
1. Республика бош порахўратурасига 2002 йил 25 ноябрь ва 2003 йил апрель ойиларда вилоятдаги мафиоз оламининг, яъни маҳаллий ҳокимият ва маъмурий органлар раҳбарларининг жиноий кирдикорлари бўйича ёзган тушунтириш хатим – 6 вароқ.
2. Полосон ҚФЙ жамоатчилик назорати раҳбари Аюбжон Янгибоевнинг 2002 йил 6 декабрь кунги Республика бош порахўри Рашид Қодировга ёзган талабнома хати ва чаласавод – пораҳўр Ғайрат Умурзақовга 28 август 2002 йил кунги ёзган талабномаси. Шунингдек Мавжуда Отақуловани Генпорахўратурага Ҳамза шаҳри КУЁВТЎРАЛАРИ ҳақида берган Маълумотномаси – жаъми 4 вароқ.
3. Мавжуда Отақуловага Генпорахўратуранинг амалдори А.Ниёзов томонидан Ғайрат Умурзақов ва ИИБ раҳбарларининг жиноий кирдикорлари юзасидан ёзган аризасига 2003 йил 30 май кунги 10/Р-2003-сонли жавоб хати – 1вароқ.
4. Вилоят прокурорининг ўринбосари порахўр Муродил Қурбоновни 2002 йил 26 сентябрь кунги 7-48-02 рақамли чаласавод порахўр Ғайрат Умурзақовга ва менга ёзган жавоб хати. 1 – вароқ.
5. Чаласавод ва пораҳўр прокурор Ғайрат Умурзақовнинг менга 2002 йил 10 ноябрь кунги 139-Ш-02 рақамли чаласаводлик билан кирдикорларини фош этиб ёзган жавоб хати 1 – вароқ.
6. Чаласавод ва пораҳўр Ғайрат Умурзақовнинг 2002 йил 21 ноябрь кунги «Давр овози» газетасининг 45-сонида ҚЎШМАЧИЛАР мақоласи чоп этилган қисми 1 вароқ.
7. Чаласавод ва пораҳўр прокурор Ғайрат Умурзақовнинг бизнинг ташкилотимиз томонидан қилинган ишларни Олтиариқ туман прокуратураси томонидан амалга оширилган ишлар сифатида газетада берган мақоласи учун газетада раддия беришни талаб қилиб Мавжуда Отақуловани 2003 йил 12 март кунги 42 сонли «Давр овози» бош муҳарририга ёзган талабномаси 4 – вароқ.
8. «Давр Овози» газетаси бош муҳаррири Олимжон Ҳакимовнинг бировни қилган ишини ўғирлаб меники деб мақтангувчи нусха Ғайрат Умурзақовни мақоласига раддия бера олмаслигини билдириб ёзган 2003 йил 11 апрель кунги 19-сонли жавоб хати 1 вароқ.
9. «Давр Овози» газетасида 2003 йил 13 август кунги йиғилишда иштирок этган вилоят раҳбарлари Вилоят ҳокимининг ўринбосари Мирзарасул Ғофуров ва вилоят прокуратураси ходими Баҳром Тўраевлар иштирок этганлигини билдирувчи ФАОЛЛАР ЙИҒИЛИШИ номли мақола 1 вароқ.
10. 20 август куни Ғайрат Умурзақов ва фоҳишахоналар эгалари ИИБ раҳбарлари истеъфосини талаб қилиб пикет ўтказилиши ҳақида вилоят ҳокимиятига, ИИБ раҳбарларидан Рустам Абдуллаевга, вилоят прокуратурасига Олтиариқ туман порахўратурасига 19 август куни тарқатилган билдириш хатлари:
– «Ўтюраклар» Клубининг Қува туман фаолларидан – 1 вароқ.
– «Ўтюраклар» Клубининг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги фаолларидан – 1 вароқ.
– «Ўтюраклар» Клубининг Фарғона шаҳар фаолларидан – 1 вароқ.
– «Ўтюраклар» Клубининг Андижон вилояти фаолларидан-1 вароқ.
– «Ўтюраклар» Клубининг Тошлоқ тумани фаолларидан – 1 вароқ.
– Қўқон шаҳар Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамиятидан 1 вароқ.
– Бувайда туман инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамиятидан – 1 вароқ.
– Поп туман «Эзгулик» жамиятидан 1 вароқ.
– Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти Фарғона вилоят бўлимидан – 1 вароқ.
– Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Фарғона вилояти бўлимидан – 1 вароқ.
– Мени ФРЕДОМ ХАОС раҳбарига ёзган илтимосномам 1 вароқ.
– Ўзбекистон Демократик кучлар форумидан 1-вароқ.
Билдириш хатлари жаъми 12 та билдириш хатини илова қиламан.
11. Мени Ғайрат Умурзақов ва Ҳамзалик КЎЕВТЎРАЛАР ИИБ рахбарлари томонидан ташкил қилиниб, фоҳишалар ва қўшмачилар томонидан калтакланиб шифохонага тушганим, кўз доктори ва ренгенологни хулосаси йўқотилган касаллик варақамдан кўчирма – 33 вароқ.
12. Би-Би-Си радиосининг Лондондаги раҳбарларини ИИВ Зокиржон Алматов ва Ташқи Ишлар Вазири Содиқ Сафоевга ёзган ва унга қўшилган Би-Би-Си мухбири Мавжуда Отақуловани тушунтириш хати – 3 вароқ.
13. Марғилон шаҳар Марказий шифохонаси травматолог врачи Мамадали Тўраевнинг Олтиариқ туман ИИБ ходимлари қалбаки хужжатлар расмийлаштириб, менга қарши тухмат уюштирганликларини исботловчи 17 сентябрь кунги тушунтириш хати ва касаллик варақаси хулосаси – 9 вароқ.
14. Жиноят ишлари бўйича Риштон судининг раиси Позил Умурзақовни Олтиариқ туман ИИБ раҳбари Мусо Хонкелдиевга менга нисбатан тухмат қилиб расмийлаштирган маъмурий ҳуқуқбузарлик хужжатларини ноқонуний эканлиги боис қайтарганлиги ҳақидаги 2003 йил 23 январь кунги ёзишмаси № 81-1 вароқ.
15. Мусо Хонкелдиевга Риштон судининг раиси Умурзақовни менга тухмат қилиб расмийлаштирган хужжатларини қайтарганлиги ҳақидаги 2003 йил 20 февраль кунги 221-сонли такрорий хати, 1 вароқ.
16. Жиноят ишлари бўйича Риштон тумани судининг 2003 йил 12 сентябрь кунги Олтиариқ тумани ИИБ раҳбарларининг қалбаки хужжатлари асосида тўпланган материаллар ноқонуний расмийлаштирилганлиги учун мени маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича тўпланган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини харакатдан тўхтатилганлиги ҳақидаги қарор – 1 вароқ.
17. 20 август кунги босқинчилик жинояти раҳбарлари Олтиариқ тумани прокурори Ғайрат Умурзақов ва Ҳамзалик КУЁВТЎРАЛАР ИИБ раҳбарлари томонидан уюштирилган жиноят бўйича интернет хабарлари:
Фарғона водийси демократик кучлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг қўшма баёноти – 1 вароқ.
2003 йил 4 сентябрь куни Тошкентда АҚШнинг ФРЕДОМ ХАОС ташкилотида ўтказилган 20 август кунги фожеага бағишланган матбуот конференцияси пресс релизи – 1 вароқ.
27 август кунги ФЕРГАНА РУ сайтида чиққан «Права человека: Ферганская правозашитница Мутабар Таджибаева находится в больнице и голодает» номли мақола – 1 вароқ.
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 2003 йил 23 август кунги интернетда чиққан «ОПОРА ПОЛИТИЧЕСКАГО РЕЖИМА – ЖЕНЩИНЫ ЛЕГКОГО ПОВЕДЕНИЯ» номли мақоласи – 2 вароқ.
Мавжуда Отақуловани ноҳақ қамалганлиги юзасидан «Моҳият» газетаси бош муҳаррири номига ёзган очиқ хатим – 2 вароқ.
Жаъми: 87 вароқ хужжат.
Ушбу РАДДИЯМни бугуноқ интернет орқали бутун дунёга ҳабардор қиламан, агар ушбу асосларим тергов ҳаракатларини Олтиариқ туманида ўтказилишига монелик қилмайди деб хулоса берган тақдирингизда бу жирканч нусхаларнинг қолган кирдикорларини ҳам кенг жамоатчиликка маълум қилишимга сабаб бўлган бўласиз.
Жабрланувчи – Ўзбекистон ҳукумати раҳбарларининг қоғоздаги эмас, амалдаги сиёсатига қарши курашиб Фарғона мафияси томонидан, яъни маҳаллий ҳокимият, МХХ, прокуратура, ИИБ ва суд тизимининг тажовузларига дуч келаётган ва улардан ҳеч қачон қўрқмайдиган Мустақил журналист «Ўтюраклар» Клуби раҳбари
Мўътабар Тожибоева
25 октябрь 2003 йил.
96 вароқ хужжатларни олдим: имзо. Терговчи Умид Лутфиллаев
2003 йил 25.10.
25.10.2003. Tergovchini rad qilish haqida Raddiya
25.10.2003. Tergovchi bayonnomasi
25.10.2003. Maksudovning javobi
29.10.2003. Jinoyat ishini tugatish qarori
30.10.2003. Jinoyat ishini bir qismini mamuriy qilish qarori
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish