Фарғоналик қариялар вилоят ҳокими ўринбосари ва бошқа расмийларни судга бериш ниятидалар
Фарғона вилояти, Охунбобоев туманидаги бир гуруҳ қишлоқ фаоллари 6 йил илгари ўз қишлоқларида қайта тикланган масжидни рўйхатдан ўтказишни сўраб ариза ёзишган.
Бироқ, орадан узоқ вакт ўтган бўлса-да, уларнинг мурожаатлари қондирилмаяпти. Бу ҳақда «Озодлик» радиоси хабар тарқатди.
Қишлоқ аҳолисининг билдиришича, 200 йиллик тарихга эга мазкур масжид фуқаролар томонидан 1997 йили қайта тикланган бўлиб, унинг қурилиши учун туман хокимидан розилик олган қишлоқ аҳли қурилиш ишларига 6 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлашган.
Бироқ, маҳаллий хокимият рахбарлари турли баҳоналарни рўкач қилиб, масжидни давлат рўйхатидан ўтказишга қаршилик қилишмоқда. Хабарда бу масала юзасидан 6 йилдан бери 493 та ташкилотга мурожаат қилингани билдирилади.
Воқеанинг энг қизиқ жихати шундаки, мазкур масжид Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси томонидан 2 марта рўйхатга олинган ва унга имом-хатиб ҳам тайинланган. Аммо хозирда бу масжидни туман ва вилоят хокимиятлари, вилоят адлия бошқармаси расмийлаштирмаётган ҳамда уни қонуний расмийлаштиришга харакат қилганлар тазйиқларга учраётган экан.
Маълум қилинишича, масжидни рўйхатдан ўтказишга қаршилик қилаётганларнинг асосийси – Фарғона вилоят хокимининг ўринбосари Мирзарасул Ғофуров. Бу воқеани яқиндан ўрганиб чиққан «Ўтюраклар» ташкилоти рахбари Мўътабар Тожибоева ҳам тасдиқлайди.
«Охунбобоев тумани, Пахтакор қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли қишлоқда жойлашган туман масжидини 6 йилдан бери қонунга зид равишда очишга тўсқинлик қилинаётгани ҳақида қишлоқ ҳалқи номидан, 9000 одам номидан «Ўтюраклар» Клубига ариза билан мурожаат қилишган.
Мана шу бўйича ўрганилганда ва хужжатлар билан танишилганда ҳақиқатан ҳам бу қишлоқ ҳалқини қонуний ҳуқуқларини, конституцион ҳуқуқларини айнан мана шу адлия бошқармаси, вилоят хокимининг ўринбосари Мирзарасул Ғофуровлар қонунга зид равишда такрор-такрор бузишган», – дейди у.
«Erkinyurt» сайти томонидан бу воқеа ҳақида тарқатилган хабарда айтилишича, Пахтакор қишлоғилик 114 нафар қария вилоят хокими ўринбосари Мирзарасул Ғофуров, вилоят адлия бошқармаси, Охунбобоев туман хокимияти, Охунбобоев туман ИИБ ҳамда туман СЭС ини судга беришга қарор қилишган.
Хабарда бунга Мирзарасул Ғофуровнинг масжидни рўйхатдан ўтказиш борасида мурожаат қилган қарияларга: «Ҳаммангни қаматиб юбораман, маҳалла-паҳалланг ҳам сенларни қутқара олмайди», – деб дўқ қилиши сабаб бўлгани билдирилади.
Масжидни рўйхатдан ўтказиш ташаббускорлари ёзган аризада Фарғона вилоят хокимининг диний ва жамоат ташкилотлари билан ишловчи ўринбосари Мирзарасул Ғофуровга ҳалқ вакилларини камситиш, мазах қилиш, айбдорларни қўллаб-қувватлаш, эгаллаб турган мансабига хилоф равишда диний билимга эга эмаслик, одамларга уларни табақаларга ажратиб муносабатда бўлиш айблари билдирилади.
Мирзарасул Ғофуров қонуний ҳуқуқларини талаб қилган қарияларга қарши уларнинг «Мамлакат президенти Ислом Каримовни ҳақорат қилишгани» ҳақида тухмат хужжатлар расмийлаштиришгача ҳам борган.
Қариялар маҳаллий амалдорларни судга бериш учун тайёргарлик кўра бошлашганидан сўнг, 7 декабр куни Пахтакор қишлоқ фуқаролар йиғини идорасида Охунбобоев туман хокимининг ўринбосари Асадулло Яхёев ва туман ИИБ бошлиғи Абдумутал Болтабоевлар бошчилигида кечаси соат 24-00 дан соат 3-00 гача йиғилиш ўтказилди.
Унда бу расмийлар қариялардан аризалари ва барча хужжатларини судга бермасликни ҳамда хужжатлар нусхаларини Фарғонадаги «Ўтюраклар» Клубидан кайтариб олишни талаб қилишган. Икки маҳаллий амалдор шу икки шарт бажарилса, масжидни дарров рўйхатдан ўтказиб беришни ваъда қилишган.
«6 йиллик сарсон-саргардонликдан сўнг берилаётган ваъдалар, ширин сўзларнинг замирида нелар ётганини тушуниб етган зиёли қариялар эса рахбарлар билан энди фақат суддагина гаплашишларини айтганлар, – дейилади хабарда. –
Кузатувчиларнинг фикрича, ушбу суд жараёни жиддий кечиши кутилмоқда».
МУСУЛМОН ЎЗБЕКИСТОН
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish