Мўътабар Тожибоева: Қасамга ҳиёнат қилиш кечирилмайди

Снимок,,,,,,,

Пораҳўр, коррупционер, ва наркобаронлар, мафия вакиллари қонун ҳимоячиси жандасига ўранган жиноятчиларга қарши кураш учун белингга белбоғингни боғла ЎЗБЕГИМ!

11 февраль 2004 йил

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазири Ф.Ғ.Назаровга

Республика Бош суд тиббий Экспертизаси Бюроси рахбари З.А.Ғиёсовга

«Ўтюраклар» Клуби раҳбари, мустақил журналист, Фарғона Вилояти Марғилон шахар Зухро кўчаси 31 уй 31 хонадонда яшовчи Мўътабар Тожибоевадан

ТЕЛЕГРАММА ОЧИҚ ХАТ

Мухтарам жаноблар!

Сизлар ва сиз бошқараётган муассасалар ходимлари шифокор сифатида фаолият юритишни бошлашдан аввал Гиппократ қасамини ичиб, оқ халат кийгансизлар ва қасамёдингизга, Шифокорлик касбингизга ҳиёнат қилмасликка сўз бергансизлар.

Қасамга ҳиёнат қилиш эса ҳар бир миллатда бўлганидек, ўзбек халқи орасида ҳам кечирилмайди. Қасамга ҳиёнат қилган кимса нафақат бу дунёда, балки нариги дунёда ҳам Оллоҳ таоло олдида жавоб беришга мажбур.

Лекин минг афсус билан эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасида барча сохалар инқирозга юз тутганидек Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам оқ халати хурматини қилмасдан, ичган қасамини пора учун, манфаатдорлик ниятида бузаётган, шифокор номига умуман номуносиб кимсалар фаолият юритяпти.

Натижада ўзбек ҳалқи на давлат рахбарларига, на маъмурий органлар рахбарларига, на шифокорларга ишонмай қўйди. Бунииг оқибатида паймонаси тўлган ўзбек халқи эрта ёки индин хукумат рахбарларининг истеъфосини талаб қилиб кўчага чиқмайди деб хеч ким кафолот бера олмайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасини коррупция бошқараётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Қонунчиликни назорат қилгувчи Республика прокуратурасининг рахбари Рашид Қодиров эса Конституцион тузумга ва давлат сиёсатига қарши фаолият юритади. У террористик гурухларнинг ва наркобаронларнинг ҳомийси.

У бошқараётган прокуратура тизимида ишловчи манфур кимсаларнинг жиноий кирдикорларини хаспўшлашда, Ўзбекистонни ҳуқуқий демократик давлат сифатида юз кўрсатишига тўсқинлик қилишда кўплаб суд тиббий экспертизалари бюролари экспертлари улар билан ҳамкорликда жиноий ҳатти харакатлар қилмоқдалар. Қисқача қилиб айтганда асосан Фарғонадаги суд тиббий экспертлари қонунни ҳимоя қилгувчи органларга жойлашиб олган ашаддий жиноятчиларнинг, наркобаронларнииг, мафиянинг жонли қўғирчоқларидир.

Суд тиббий экспертларига бундайин жиддий айбловларни қўйиш учун асосларимиз ва далилларимиз етарли. Агар мана шу айблов бўйича судлашишга рози бўлсангизлар биз сизлар билан судлашишга тайёрмиз ва суд жараёнида суд тиббий экспертизалари экспертларининг жиноий кирдикорларини очиб беришга тайёрмиз.

Мисол тариқасида қуйидагиларни баён қиламан:

2003 йил 20 август куни Олтиариқ туман прокуратураси биноси рўпарасида Олтиариқ тумани Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида наркотик моддалар савдо точкалари, фоҳишахоналар, қўшмачихоналар очган Олтиариқ туман ИИБнинг рахбар ходимларига нисбатан қонуний чора кўрмаган Республика бош прокурори Рашид Қодировнинг ва чаласавод, порахўр Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзақовнинг истеъфосини талаб қилиб пикет ўтказаётган пайтимизда наркобаронлар Фарғона вилоят прокурорининг ўринбосари Маъруф Усмонов ва Фарғона вилоят Ички Ишлар бошқармасининг бошлиғи (собиқ) Аминжон Тошхўжаевнинг шериклари Фарғона шаҳри, Киргули тумани, Олтиариқ туманининг Ҳамза шаҳрида юқоридаги кимсаларнинг ёрдами билан фаолият юритгувчи наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи элликтадан ортиқ фохиша ва қўшмачиларни тинч йўл билан пикет ўтказаётганларга қарши ташлашди.

Буюртмага асосан наркотик моддалар истеъмол қилиб олган бу фохишалар ва қўшмачилар бизга хужум қилиб, аёвсиз равишда, ваҳшийларча калтаклашди, тошбўрон қилишди ва ғиштлар билан бошларимизга уришди. Ерга ётқизиб олиб, думалатиб тепишди.Усти бошларимизни йиртиб ташлашди. Бу жараённи буюртма берган кимсаларнинг топшириғига кўра Олтиариқ туман «Нафосат» видеоижара ходими тўлиғича видеотасвирга олган ва бу видеокассета ҳозирги кунда Олтиариқ туман ИИБ бошлиғи Мусо Хонкелдиев қўлида сақланмоқда.

20 август куни фохишалар томонидан аёвсиз калтакланганим учун оғир ахволда Марғилон шаҳар Марказий шифохонасининг травматология бўлимига тез тиббий ёрдам орқали келтирилдим. Шифокорлар криминал ҳақида ўша заҳоти хабар бердилар. Лекин қонундаги жиноятчилар мени олдимга жабрланувчи сифатида ҳол ахволимни сўраб билиш учун эмас, балким жиноятчи сифатида қалбаки хужжатлар расмийлаштириш учун келдилар холос.

Шу куни оғир аҳволда бўлган, калтакланган Мавжуда Отақулова ҳам Фарғона вилоят марказий шифохонасига ётқизилган ва шу кундан бошлаб яъни 20 августдан 2 сентябргача Мамлакатни бошқаришни фохишалар ва қўшмачилар қўлига топшириб қўйган Мамлакат Президенти Ислом Каримовни истеъфога чиқарилишини талаб қилиб мен бошлаган «очлик» акциясига қўшилиб, шифохонада «очлик» эълон қилиб ётган. Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига бу ҳақда телеграмма жўнатган бўлсакда, бизнииг аҳволимизни ўрганиш бўйича сизлар томондан ҳеч қандай реакция бўлмади.

Аксинча куни кеча катта миқдорда героин махсулотини сотиш учун Ўзбекистонга олиб келаётган пайтида қўлга олиниб, хибсга тиқилган, доимий равишда наркотик моддалар савдоси билан шуғулланишда вилоятдаги маъмурий органлар рахбарларининг ҳомийлигида фаолият юритган, ана шу маъмурий органлар рахбарлари томонидан ташкил этилган қўшмачихоналарнинг қўшмачи ва фохишалари рахбари Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳри Навоий кўчаси 23а уйнинг 26 хонадонида яшаган муқаддам кўп бора судланган Машрапова Махпуза бошчилигидаги қўшмачилар ва фохишаларнинг ваҳшийларча калтаклашлари туфайли оғир аҳволда касалхонага тушганимизни хужжатларини қалбакилаштириш учун оқ халат соҳиблари суд тиббий экспертлар маъмурий органлардаги наркобаронларнинг чақириғига «лаббай» деб хозиржавоблик билан етиб келдилар ва бу наркобаронлар ва қўшмачи, фохишаларнинг жиноий шерикларига айландилар.

Қонун химоячиси жандасига ўранган бу жиноятчи кимсалар аввало ўзларига шерикликка Марғилон шаҳар марказий шифохонаси шифокорларини жалб қилмоқчи бўлдилар. Шифокорларни алдаб қалбаки хужжатлар расмийлаштирмоқчи бўлдилар ва ниятларига ҳам етдилар. Шифохонага умуман алоқаси бўлмаган, поликлинакада ишловчи мени кўрмаган, танимаган травмотолог врач Тўраев билан биргаликда қалбаки хужжат расмийлаштирганлар. Бу жиноятлари фош бўлиб қолгач милиционерлар жиноятларини доимий равишда яшириб келаётган суд тиббий экспертларини ёрдамга чақирдилар.

Натижада 23 август куни Фарғона вилояти суд тиббий экспертиза бюросинннг эксперти Тохир Толипов мен даволанаётган Марғилон шаҳар Марказий шифохонаси жарроҳлик бўлимига бориб наркобизнесчилар Олтиариқ туман ИИБ ходимлари Қосим Тошпўлатов ва Абдубанноп Давронов билан биргаликда на даволовчи шифокор ва на тиббий ҳамширанинг кузатувисиз, ўзлари палатамга бостириб кириб мени суд тиббий экспертиза кўригидан ўтказишларини билдирищди. Мен қонунга зид тарзда келган судмедэкспертга ишончсизлик билдиришимни айтдим, сабабларини тушунтирдим ва уларга нисбатан бўлган ишончсизлигимни суд тиббий эспертизадан ўтказиш ҳақидаги қарорни орқа томонига ўз қўлим билан ёзиб бердим.

Суд тиббий эксперти Тохир Толипов эса наркобаронларнинг югурдаги бўлганлиги боис ўзининг қонунга зид харакатларини нафақат хаспўшлади, балким оғир аҳволда ётган аёл кишига, адолатсизлик қурбони бўлган, руҳан эзилган аёлга яна зарба бериб, оқ халатига доғ тушириб, қасамёдига ҳиёнат қилиб «Бемор Тожибоева Мўътабар мени шаъним, қадр қимматимни қасддан камситиб, ҳеч қандай сабабсиз мени ҳақорат қилди» деб қалбаки хужжатлар расмийлаштириб менга қарши тухмат уюштирган. Унинг тухматига асосланган ҳолда Олтиарик туман ИИБдаги жиноятчилар менга нисбатан МЖтКниннг 41- «Ҳақорат қилиш» моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортиш учун қалбаки хужжатлар расмийлаштирганлар.

(Марғилон шаҳар Марказий шифохонаси бош врачи Боборахимовнинг 2003 йил 24 декабрь кунги 120-сонли хатини, мени Суд тиббий экспертизадан ўтказиш қарори ва қарорнинг орқасига вилоят суд тиббий экспертизаси бюроси ходимларига ишонмаслигимни билдириб 23 август кунги ёзган тушунтириш хатимни, суд тиббий экперти Тохир Толиповни қонунга зид равишда шифокор кузатувисиз палатамга наркобизнасчилар билан бостириб кирганлигини ва менга тухмат уюштирганлигини исботловчи 2003 йил 30 октябрь кунги жиноят ишини бир қисмини маъмурий тартибда чора кўришлик учун ажратиш ҳақидаги қарорини ҳамда суд тиббий эксперти Тохир Толиповнннг тухмати билан менга МЖТКнинг 41-моддаси билан Толиповни ҳақорат қилганлигим учун маъмурий жавобгарликка тортилганлигимни билдирувчи Олтиариқ тумани ИИБ ТБ терговчиси Умид Лутфиллаевнинг 1951-рақамли 30 октябрь кунги ёзишмасини маълумот учун илова қиламан).

23 август куни кеч соат 19гача суд тиббий экспертизасидан ўтказилмасам Ўзбекистон Республикаси хукумати рахбарларига нафратимни билдириш учун шифохонанинг ўзида ўз жонимга қасд қилиб ўзимга ўт қўйишим ҳақида расман билдирганимдан кейин

23 август куни кеч соат 18-З0ларда Марғилон шаҳар суд тиббий экспертиза 6юроси бошлиғи Рауф Умаров шифохонага келди ва у ҳам ноқонуний равишда шифокор иштирокисиз мени суд тиббий экспертиза кўригидан ўтказди.

Рауф Умаров мансаб сохтакорлиги жинояти содир этиб 1994 йил 21 октябрь кунги 551-сонли «Суд тиббий экспертиза ҳақидаги қонун-қоидалар нормативи»га ва ўша йили тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бош суд тиббий экспертиза бюросининг 336-сонли буйруғига зид равишда мени суд тиббий экспертизаси кўригидан ўтказди. У касаллик варақасини шифохонадан олиб кетиб, 2456 рақамли касалхонадаги беморнинг тиббий баёнида шифокорлар томонидан қўйилган ташхис Бош мия чайқалишини йўққа чиқариш учун кўз томирлари ангиопотиясини аниқловчи Марказий шифохона кўз касалликлари хакими Хакимова Муқаддаснинг мени текширувдан ўтказганлиги ҳақидаги хулосасини касаллик варақаси орасидан ўғирлаб олиб, йўқотган.

Шундан сўнг оғир аҳволда ётган, олган жароҳатлари яққол кўриниб турган, бўйнидаги бўғилгандаги арқон излари қонталаш бўлиб ётган беморни суд тиббий экспертиза хулосасини енгил тан жароҳати деб расмийлаштирган. У шунчалар виждонсизликка борганки касаллик варақасида қайси пайтда аҳволим оғирлашганлиги, бу аҳволдан чиқариш учун қандай муолажалар қилинганлиги доимий равишда расмийлаштириб борилган бўлсада 14 кун давомида «очлик» эълон қилишимга сабабчи бўлган наркобаронларни жинояти фош бўлмаслиги учун жиноятга қўл уриб мени енгил тан жароҳати олган деб расмийлаштирган. Лекин мени соғлигимга жиддий путур етган ва тинимсиз равишда сентябрь, октябрь, ноябрь ойларида медицина ёрдамига муҳтож бўлганман ва тез тиббий ёрдам хизматлари кўрсатилган.

Фоҳиша ва қўшмачиларнинг калтаклашлари оқибатида мени орқа миямни 35-40 фоизи жароҳатланган, буни Андижонлик профессорнинг кўригидан ўтиб эхокардиограмма қилдирганимда жароҳатимни техника аниқлаган. Авваллари умуман қон босимим кўтарилмаган бўлса, калтакланганимдан сўнг тинимсиз равишда қон босимим кўтарилиб аҳволим оғирлашган. Аҳволим ўта оғирлиги сабабли 2003 йил 10 ноябрь куни Тошкеятда конференция ўтказган Республика миқёсидаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаоллари ҳалқаро ташкилотларга мурожаатнома билан чиқишган.

(Ушбу мурожаатнома нусхасини, 2456 сонли касалхонадаги беморнинг тиббий баёни нусхасини, тиббий баённомадаги ёзувларни кескин аксини билдирувчи 1048-сонли эксперт хулосасини, суд тиббий экспертизасининг қалбаки хулосаларига асосан наркобаронлар Машрапова Махпуза бошчилигидаги фоҳишалар ва қўшмачиларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини қонунга зид равишда тугатиб, яъни мени жабрланувчи сифатида терговга жалб қилмай ва тергов харакатлари олиб бормай туриб қўшмачи ва фохишаларнинг харакатларида жиноят таркиби йўқ деб эътироф этган ҳолда уларни маъмурий жавобгарликка тортилганликлари ҳақидаги суднинг ноқонуний қарорларини ҳамда мени қонунга зид равишда маъмурий жавобгарликка тортилганлигим ҳақидаги, ҳозирда Мамлакат Президенти Ислом Каримовга телеграмма юбориб у бошқараётган хукуматнинг истеъфосини талаб қилиб 6 февраль куни кўча юришлари, намойишлар бошлашимиз ҳақида маьлум қилганимдан сўнг 2 февраль куни вилоят судида мукокама қилиб бекор қилинган қарорни илова қиламан.

Шунингдек Наркобарон қўшмачи ва фохишаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан 25 октябрь куни тергов ҳаракатларини Олтиариқ туманида ўтказилишига қарши бўлиб тергов органини рад қилганлигим ҳақидаги терговчи У. Лутфиллаев имзо чекиб қабул қилган асосли 9 вароқли раддиямни, ушбу раддиямни қонунга биноан кўриб чиқишни сўраб наркобарон вилоят прокурорининг ўринбосари Маъруф Усмоновга 25 октябрь куниёқ вилоят ИИБ ТБ бошлиғи Мақсудов орқали юборилган алоқа хати ва терговчи У.Лутфиллаевнввг мени терговдан бош тортганлигимни билдириб тухмат қилиб ёзган баённомасини илова қиламан. Терговчининг баённомасини тухмат эканлиги шундаки, унга ишонмаслигим ҳақидаги раддиямни айнан терговчининг имзоси мавжуд).

Бундан ташқари вилоят суд тиббий экспертизаси экспертлари қонунга зид равишда ўтказган экспертиза текшируви юзасидан 2219-сонли 30 август кунги хулосасига кўра Мавжуда Отақуловани ҳам енгил тан жарохати олган деб расмийлаштириб мансаб сохтакорлиги жиноятини содир этганлар.

Мавжуда Отақуловани ва мени оғир ахволимизни енгил тан жарохати олган деб расмийлаштирганидан сўнг суд тиббий экспертлар жиноятларини давом эттирганлар. Натижада наркотик моддалар сотувчи фохишалар ва қўшмачиларга бундан сўнг бирорта фуқаро ҳадди сиғиб гапира олмасликларини, улардан нафратланиб норозилик кайфияти кучаётган халқни қўрқитиб қўйиш ниятида ўзлари уюштирган ҳолда 13 август кунги ташкил этилган жанжал бўйича фохишалар ва қўшмачилар М.Ғиёсиддинова, К.Қаюмова, М.Юлдашева, Т.Ибрагимова, С.Халилова ва М.Машраповаларни ва бошқа кимсаларни енгил тан жарохати олган деб суд тиббий экспертизасининг 2145, 2116, 2115, 2122. 2117 ва 2246 сонли қалбаки хулосаларни берганлар.

Ушбу қалбаки экспертиза хулосаларига асосланиб аёвсиз калтакланган 53 ёшли аёлни, Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мавжуда Отақуловани 60 кун қонунга зид равишда ҳибсда сақлашди ва суд қилишди. Мавжуда Отақулова билан биргаликда наркотик моддалар сотувча фохишалар ва қўшмачиларнинг ҳохиш истаги билан судланган Ҳамза шаҳар хокими Қўчқоров Мухторалига нисбатан чиқарилган 2003 йил 15 декабрь кунги ҳукм ва Мавжуда Отақуловага нисбатан 10 декабрь кунги чиқарилган ажримни маълумот тариқасида Сизларга хавола қиламан, Ушбу ажрим ва хукмдан шу нарсани аниқлаб олишингиз мумкинки, Олтиариқ туманинииг чаласавод ва порахўр прокурори Ғайрат Умурзақов наркотик моддалар сотувчи фохиша ва қўшмачиларининг ёлғон тухмат даъволарини қўллаб қувватлаб бу «жабрланувчилар»га етказилган моддий зарарни ундириш учун даъво ариза билан чиққан.

Лекин наркотик моддалар сотувчи қўшмачилар-у, фохишаларга таянган Фарғонанинг жиноятчи рахбарларидан бугунги кундаги Фарғона ҳалқи асло қўрқмайди ва уларга қарши курашни кескинлаштирмоқдамиз.

Сизлардан ҳам ушбу далиллар бўйича зудлик билан хизмат суриштирувлари ўтказишингизни, жиноят содир этган ва суд тиббий экспертизаси ҳақидаги қонун қоидаларни била туриб бузган барча суд тиббий экспертиза экспертларини хизмат вазифаларидан четлатишингизни қатьай талаб қиламиз.

Агар ушбу талабларимизни қонуний ва ҳалоллик билан кўриб чиқмасангиз ҳаттоки ўликлар устидан ҳам пора еб ўрганган Фарғоналик суд тиббий экспертларни қўллаб қувватлаётган хукумат рахбарларининг истеьфога чиқишларини талаб қилиб кўча юришлари, намойишлар бошлашга мажбур бўламиз.

Кўча юришлари ва намойишларни эса 21 март Ҳалқаро наврўз байрами арафасида бошлаймиз ва «Ўтюраклар» Клубининг кўплаб фаоллари ишонадиларки Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги эркин, ҳур фикрли инсонлари бу норозилик тадбирида фаол иштирок этадилар.

ПОРАХЎР, КОРРУПЦИОНЕР ВА НАРКОБАРОНЛАР, МАФИЯ ВАКИЛЛАРИ ҚОНУН ХИМОЯЧИСИ ЖАНДАСИГА ЎРАНГАН ЖИНОЯТЧИЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ УЧУН
БЕЛИНГГА БЕЛБОҒИНГНИ БОҒЛА
Ў З Б Е Г И М !

«Ўтюраклар» Клуби рахбари,
мустақил журналист: Мўьтабар Тожибоева

Qasamga hiyonat kechirilmaydi

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.