«Кучли фуқаролик жамияти қурамиз» деб ҳар қанча чиранманг – биз бунга йўл қўймаймиз!

Снимок,,,,,,,

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг
Б А Ё Н О Т И

Ҳа, бу Фарғона вилоятидаги хокимларнинг очиқ ошкора айта олмаётган хитоблари эди.

«Энди бу ғалвалардан қутилдим” деб ўтирсам архитектор Махбуба Пирматова бош кўтариб чиқса бўладими. Унинг дод–войига ҳам ўша эркатойларимиз Ҳамзалик фохиша ва қўшмачилар сабаб бўлганмиш.

Аввалига Фарғонада Президент олиб бораётган сиёсатни гўёки қўллаб қувватланди.

Яъни 2002 йил 5–февраль куни 2–чақириқ Ҳалқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 9–сессиясида Республикада биринчи бўлиб «Жамоат, нодавлат ташкилотлар ва ўзини–ўзи бошқариш идоралари орқали жамоатчилик назоратини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларда ўз ҳуқуқ ва эркинликлариг нисбатан даъвогарлик ҳиссини шакллантиришга оид» Дастур сессия қарори билан қабул қилинди.

Вилоят сессиясида Республика бош прокуратураси умумий назорат бошқармаси бошлиғи Б.Шомирзаев ва Республика Олий мажлисининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва ўзини–ўзи бошқариш органлари кўмитаси раиси профессор Акмал Саидовлар иштирок этдилар. Улар бир овоздан Фарғонада биринчи бўлиб бошланган ташаббусни бутун мамлакат бўйлаб ёйишга келишдилар ва бу ташаббус мамлакатни сиёсий ижтимоий жихатдан кучайишига самара беришини башорат қилдилар.

Хаттоки, Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳайъатининг 2002 йил 6–февралдаги мажлисида «Қонунларни аниқ ва бир ҳилда бажарилишини назорат қилишда жамоатчилик ёрдамидан кенг фойдаланилсин, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва маҳаллалар, касаба уюшмалари, ижтимоий жамғармалар ҳамда бошқа нодавлат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширилишига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб борилсин» деб қарор қабул қилиниб матбуотларда ёритилганди.

Ушбу қарорнинг ижроси жадал суръатлар билан амалга оширилиб, нафақат Республика матбуотларда балким Россиянинг «Труд» газетасининг 2002 йилнинг 19–ноябрь кунги сонида «ОБЩЕСТВЕННЫЙ КОНТРОЛЬ о процессах формирования гражданского общества в Республике Узбекистон» (ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ. Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятининг шаклланиш жараёни ҳақида) номли мақола ҳам чоп этилган эди.

Фарғонада бошланган ушбу ташаббусга ҳалқаро ташкилотларнинг ҳам қизиқиши ортиб 2002 йил 20–сентярь куни Европада Хавфсизлик ва Хамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги маркази рахбари ўзининг 443–02 рақамли хати билан Фарғона вилояти прокурорига қуйидагича мурожаат қилган эди:

«Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги Маркази Сизга ўзининг хурматини билдириб, бизнинг кутубхонамиз учун баъзи материалларни тақдим этишингизни илтимос қилиб, мурожаат этамиз. Бизга маълум бўлишича, Сизнинг бошчилигингизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича қилинган ишлар ва жамоатчилик назорати институтини ташкил этиш ишларини олиб бориш давомида Фарғона вилоят прокуратураси тавсия характерига эга бўлган бир қатор методик қўлланмалар ишлаб чиққан.

ЕХХТнинг Тошкентдаги Марказига фуқаролар томонидан турли масалалар бўйича кўплаб шикоятлар тушаётганлиги сабабли Марказимизнинг якка шахсларнинг мурожаатлари бўйича ишлашни бундан кейин мукаммаллаштириш ниятида Фарғона вилоят прокуратурасининг чиқарган материаллари билан танишишимиз мақсадга мувофиқ бўлади…»

Хозирги кунда айнан Фарғона вилоят прокуратураси томонидан тайёрланган методик қўлланмалар ЕХХТнинг Тошкентдаги Маркази кутубхонасида фойдаланилмоқда.

Яқинда Мурод Шарифхўжаев муаллифлигидаги «ЎЗБЕКИСТОНДА ОЧИҚ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ» номли ва юридик фанлари номзоди доцент Марат Ғуломовнинг «МАҲАЛЛА–ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИНГ АСОСИ» номли китоблари чоп этилиб, бу китобларда 2002 йилда Фарғона вилоятида фуқаролик жамиятининг асоси хисобланмиш маҳаллаларда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун амалга оширилган ишлар, маҳаллалардаги фаолларини ҳуқуқий билимини ошириш учун тайёрлаб, ўтказилган ўқув жараёнида тарқатилган 15 мингдан зиёд методик қўлланмалар ёрдамида маҳаллаларда қилинган амалий ишлар ҳақида жуда теран очиқ кўз билан бахо берилган. 2003 йил октябрь–ноябрь ойларида Марат Ғуломовнинг ўша китобидан парчалар, хаттоки «Моҳият» ҳамда «Ишонч» газеталарида ҳам чоп этилди.

Минг афсуски яхши ниятлар билан бошланган ташаббус бўғилди, ўлдирилди. Энди эса ҳақиқан ҳам Фарғонада хукуматнинг кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги сайъи харакатларига катта тўсқинликлар қилаётган хокимлар ўртасида мусобақа ўтказилмоқда.

Зимдан ўтказилаётган бу харакатлар ўз самарасини бериб вилоятдаги оддий ҳалқ вакиллари-ю, зиёлилар Президентга умуман ишонмай қўйишди. Чунки унинг сессияларда, анжуманларда гапираётган гаплари билан Фарғонада амалда содир этилаётган жараёнлар бир бирини кескин рад этади.

Бугун Сизнинг ихтиёрингизга ғолиблик шохсупасини талашаётган Президентга – хукуматга қарши бўлган хокимларни яқиндан таништирамиз.

Марҳамат, улар билан танишинг.

– Ўзбекистон тумани хокими Умарали Тожибоев. Бу хоким тўра 21–июнь куни тумандаги барча қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига 774–сонли «АЛОҲИДА ТОПШИРИҚ» берди. Бу «Алоҳида топшириқ» гўёки «туманда диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, қўпорувчилик харакатларини олдини олиш ҳамда аҳоли хушёрлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш учун» деб талқин қилинсада унда нодавлат, нотижорат жамоат бирлашмалари рахбарларига қуйидагича ғайриқонуний топшириқ берган:

«Сизга ўз худудингизда тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилмаган, айрим сиёсийлашган гуруҳлар, фаолияти амалдаги қонунчиликка хилоф бўлган ва Ўзбекистондаги ижтимоий ва сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган, гўёки, «Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси» сифатида иш юритаётган бузғунчи кайфиятдаги тузилмалар вакиллари харакатига қонуний бахо бериш мақсадида уларнингг шахс сифатида кимлигини, ижтимоий келиб чиқиши, асосан кимларнинг «Ҳимоячиси» эканлигини чуқур ўрганиб уларга нисбатан таъсирчан чоралар қўллашингизни талаб қиламан».

Бундан ташқари вилоятдаги «Маънавият» газетасининг 30–апрель кунги сонида «Ҳуқуқий саводхонликни оширайлик» номли мақолани чоп эттирган Тюль маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Эркинжон Қўзиевни конституцион тузумга, давлат сиёсатига қарши деб талқин қилди.

Хокимга Республика оммавий ахборот воситалари баҳоли қудрат ёрдам қўлини чўзди. «Ахборот» дастурида Қўзиевга тухмат қилиб тайёрланган 37 минутлик кўрсатув барча телевидениеларда такрор ва такрор эфирга узатилди. «Хуррият»да ҳам залворли мақола чоп этилди.

– «ЁПИРАЙ» деб ёқа ушлашга шошилманг» деб майдонга чиқди Олтиариқ туман хокими Олий Мажлис депутати Ноъмонжон Омонов. «Умарали Тожибоев ёш кадрлардан – бир жасорат кўрсатса кўрсатибди-да, шунга ҳам ота гўри қозихона-ми?» – дейди салобат билан хоким.

Ҳа, унинг ўзига нисбатан ишонч туйғуси кучли. Чунки ўтган йили 29–август куни Файзобод қишлоғилик 21 ёшли Шермуҳаммад Шерматов, 1966 йилда туғилган Йўлдашев Маҳмуд, 4 та гўдак фарзанди бор Рахматжон ҳамда Холдоралилар қишлоқдаги Оқмозорота мачитида 3,5–4 тонналик 25та бетон плита босиб тагида қолганлар ва Маҳмуджон, Шермухаммад, Рахматжонлар аянчли равишда ўлганлар. Холдорали умрбод ногирон бўлиб қолди. Ушбу фожеанининг асосий айбдори хоким бўлсада, ундан бирорта мард изоҳ талаб қилмади. Аксинча марҳумлар оила аъзоларига хоким тўранинг ўғиллари 100 минг сўмдан товон пули тарқатиб чиқди холос.

Бундан ташқари Ноъмонжон Омонов қурилиш трести бошлиғи лавозимида ишлаган пайтида унинг ўзига нисбатан қўпол муомиласидан ранжиб ишдан чиқиб кетиши ҳақида гапирган хайдовчиси бир кечанинг ўзида ГАЗ–31 хизмат автомашинаси билан «йўқолиб» қолган. 2002 йилнинг 1–июль куни туман хокими Ноъмонжон Омоновнинг жиноий кирдикорларини Республика бош прокуратурасига ёзиб юборганлигини айтиб мақтанган Файзиободлик Олимжон Хомиталиев шу куниёқ кечаси «ёлланма қотил» қўлида ваҳшийларча ўлдирилган.

Ушбу қотиллик жинояти бўйича айбсиз камбағал фуқароларни хибсга тиқиб, қийнаб, азоблаб, қалбаки айбловлар, яъни 2001 йилнинг февраль ойида бир аёлни зўрлаганлик, номусига текканлик жиноятларини ҳам қалбаки равишда илиб «ёлланма қотил»ни кўрганлар, эшитганлар бўлишига қарамай жавобгарликдан қутқариб қолганлар. Республика прокуратурасига юборилган хат ҳам манзилига «етиб бормаган».

Ушбу жиноят иши ҳақида хаттоки, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео Ван Бовен Олтиариққа ташриф буюриб, ўз хисоботида тўхталиб ўтганди.

– «Олий Мажлиснинг 8–сессиясида Ислом Каримов ХХ1–аср маҳалласи концепцияси ҳақида гапирганда «Кучли давлатдан – кучли жамият сари» харакатини жадаллаштириш режасини илгари сурганди. Президентнинг ушбу ташаббусига энг кўп қарсак чалган мен эдим. Ҳаттоки қўлларим қабариб кетганди. Ёнимда ўтирган депутат «ҳа, Сизга ёқадиган гап бўлдими, хожиака» деганида, «Ука қаёқда, бажармайдиган нарсангизни жўшқинлик билан қабул қилиб қўйсангиз бўлди» дегандим.

Фарғонада маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини жамоатчилик назорати бўйича 2002 йилнинг май ойида 5 кун ўқитишди-ю, уларнинг кўзлари мошдек очилди. Ҳайриятки, оддий ҳалқ вакилларининг кўзи очилиб қолиши мендан бошқаларнинг ҳам тинчини бузган экан, дарҳол ўқишлар тўхтатилди. Лекин ўша қисқа муддатли ўқувда олган билимлари орқали маҳалла раислари билан ўртамизда анчагина кескин жанглар бўлиб ўтди.

Қарангки, 2003 йил Мамлакат Президентининг ташаббуси билан «Обод маҳалла йили» деб аталди. Тарғибот–ташвиқотлар кучайтирилди ва махсус Дастур ишлаб чиқилиб, ўзбек матбуоти маҳаллалар ҳақида турли рекламаларни кучайтирди.

Айни шу пайтда, ўзингники ўзагингни узади деганларидек туман хокимлигининг ижтимоий–сиёсий, иқтисодий газетаси «ДАВР ОВОЗИ»нинг 22–май кунги 20–сонида «Туман хокимининг ўринбосари Тохиржон Тожиевга Полосон қишлоғи «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинининг собиқ раиси Муродил Розиқовдан ОЧИҚ ХАТ» чоп этилса бўладими? Ушбу мақолада Олтиариқ туман хокимлиги ва маъмурий органлар рахбарларининг Мамлакат Президенти олиб бораётган сиёсатга қарши эканлигимиз, сиёсатни қўллаб қувватлаб, қонунга таяниб ишлаган маҳалла оқсоқолига қилинган тухматлар, бўҳтонлар ҳақида яққол очиқ–ошкора ёзилган. Лекин бу мақола атрофидаги мажороларни ҳам «тинчитдик».

Июль ойига келиб Ҳамза шаҳридаги «Навоий» маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Мавжуда Отақулова маҳалла фуқаролар йиғини номидан 2003 йил 8–август куни 850 нафар фуқаролари билан биргаликда намойиш ўтказишга рухсат беришни сўраб ёзма мурожаат қилди. Албатта намойиш ўтказишга рухсат бермадим.

Лекин бу билан маҳалла оқсоқоли тинчимади. Чунки у бошқараётган маҳалла асосан кўп қаватли уйлардан иборат бўлиб, бу уйларга вилоятнинг кўплаб шахар ва туманларидан келган, ота-оналари воз кечган қизлар тўпланганди. Қўшмачихона ва фохишахоналарда яшаётган бу аёлларга тез-тез ўзимизнинг ҳам ишимиз тушиб турарди. Ҳали у – хали бу масала бўйича текширувчилар келарди. Меҳмондорчилик бахона – текширувчиларни қўйнига аёлларни солиб қўярдик, олам гулистон».

Дарҳақиқат, хокимнинг мақтанганича бор, Президент 2003 йилни «Обод маҳалла йили» деб эълон қилиб хукумат миқёсида маҳалла мавқеини кўтариш учун махсус давлат дастури ишлаб чиққан бир пайтда «Навоий» МФЙ раисаси 53 ёшли аёлни Мавжуда Отақуловании камида 2 ой хибсда сақлашга топшириқ берди. Чунки Мавжуда Отақулова маҳалласидаги туманнинг нуфузли рахбарлари ташкил этган фохишахона, қўшмачихона ва наркотик моддалар савдо шахобчаларини йўқотишни талаб қилиб, тинимсиз Республика бош Прокуратурасига юзлаб фуқаролар билан биргаликда талаблар ёзиб безор қилиб юборганди.

Навоий кўчасидаги кўп қаватли уйларга вилоятнинг турли бурчакларидан келиб тўпланган фохиша ва қўшмачилар қўшмачи Машрапова Махфузанинг бошчилигида 60 ёшни қоралаган отахонга эркаланиб, Хамзада эркин яшай олмаётганликларини, наркотик моддалар савдоси ҳам ўлда-жўлдалигини айтиб кўз ёши тўкдилар. Хокимнинг биргина имоси билан аввал Мавжуда Отақулова ва унинг ҳамфикрларини ўша хоким тўранинг юзга яқин хонимчалари аёвсиз калтакладилар ва кейин маҳалла оқсоқоли ғайриқонуний хибсга олинди. Охир оқибат жиноят содир этган фохиша-ю, қўшмачилар жабрдийда, маҳалла оқсоқоли жиноятчига айланди.

Хокимтўрага «Обод маҳалла йили»да йўл қўйган сиёсий хатоси оғир оқибатларга олиб келишини айтилганда, у бамайлихотир «Олтиариқнинг Президенти мен бўламан. Бу ерда мени айтганим бўлади» деган ва ўз куч қудратини билдириб қўйиш мақсадида Ҳамза шаҳридаги бошқа маҳаллалар фуқаролар йиғинлари раислари Абдуллаев Валижон, Имяминов Рахим, Ибрагимов Одилжон, Орифжонов Абдуғани, Эргашев Қобилларни ҳам вазифаларидан четлаткизган.

«Буларнинг барчасига куни кеча вазифасидан четлатилган Олтиариқ туманининг собиқ прокурори Ғайрат Умурзақов айбдор» дейди хоким. Ўзимизнинг ҳомийлигимиздаги қўшмачи ва фоҳишаларни йўқотишни талаб қилиб туришган бир пайтда 2002 йил 21–ноябрь куни «Давр овози» газетасида Умурзақовнинг «Оғриқ нуқталар» рукни остида «ҚЎШМАЧИЛАР» номли мақоласи чоп этилган.

У ерда асосан умуман қўшмачиликка алоқаси йўқ, ногирон кампирларни кирдикорларини «фош» қилган экан. Ўшандан кейин маҳалла аҳли қутуриб кетди.

«Энди бу ғалвалардан қутилдим” деб ўтирсам архитектор Махбуба Пирматова бош кўтариб чиқса бўладими. Унинг дод–войига ҳам ўша эркатойларимиз Ҳамзалик фохиша ва қўшмачилар сабаб бўлганмиш. 31–июль куни вилоятда хотин–қизлар кўмитасининг Конференцияси ўтказилди. Бош вазир Шавкат Мирзиёев келармиш, фохишалик ва қўшмачиликка қарши кескин курашишни талаб қилаётганмиш деб ҳамма жонини ховучлаб ўтирди. Мени ҳам ичимга титроқ кирди.

Агар Махбуба Пирматова бош вазирни келишидан хабар топиб қолса вилоят хокимиятига бориб тўполон қилишдан тоймасди. Уни ўғли Пирматов Фарруҳни фохишаларнинг талаб истаги билан тухматга асосланиб, ғайриқонуний хибсга олинган ва аёвсиз калтакланганди. Қаранг, у хам мамлакат Президентига телеграмма юбориб фохиша ва қўшмачиларнинг ҳомийлари Олтиариқ туман рахбарларининг истеъфога чиқишларини таъминламаса, унда Ислом Каримов бошқараётган хукумат истеъфога чиқсин деб талаб қўйганмиш.

Энг ачинарлиси бугунги кунда ҳалқаро матбуотлар вакиллари етмагандек маҳаллий матбуот вакиллари журналистлар орасида ҳам бизга очиқ ошкора хужум қиладиганлари топилиб қоляпти. 2003 йил 9–август куни «Адолат йўли» газетасида «ҚАРЗ ВА ДАРЗ» номли, 2004 йилнинг 30–апрель куни «Давр овози» газетасида «ТОЙОТА»нинг тили йўқ, «Нуробод»нинг пули йўқ ёки мехнаткашни ишдан бўшатишнинг полосонча усули» номли мақолалар чоп этилди-ки, қаёққа қараб кетаяпмиз билмадим».

– “Биргина маҳалла оқсоқолини хибсга олдириб, 5–6 та маҳалла раисини ишдан четлаткизиб совриндан умид қилманг” дея майдонга чиқди Фарғона шахар хокими Ражаббой Болтабоев. Унинг ёнида хокимнинг хотин–қизлар масалалари бўйича ўринбосари, шахар хотин–қизлар кўмитаси раиси Раъно Бойқўзиева ҳам бор.

Унинг қўлида 25–май кунги «Ўзбекистон хотин–қизлар кўмитаси фаолиятини қўллаб–қувватлаш борасидаги қўшимча чора–тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–3434–сонли Президент имзо чеккан Фармон ҳам бор эди.

Дарҳақиқат буларни қаҳрамон деса бўлади. Чунки «Обод маҳалла йили»да яна айнан ноябрь–декабрь ойларида маҳалла фуқаролар йиғинларида хисобот сайловлар ўтказилган пайтда Раъно Бойқўзиева ташаббуси билан Фарғона шаҳар оқсоқоллар кенгаши ва «Маҳалла» жамғармаси раиси Ёқуб Эрматовнинг хизмат хонасини муҳрлаб қўйилди. Шаҳардаги маҳаллаларда ўтказилган хисобот–сайлов йиғилишларига Ёқуб Эрматовни хокимлик вакиллари умуман яқинлаштиришмади. Шаҳарнинг 54 та маҳалла фуқаролар йиғинининг тенг ярмига ўрта ва ўрта махсус маълумотга эга бўлганлар, хокимлик рахбарлари хоҳлаган шахслар раисликка сайландилар.

Президент “Маҳалла фуқаролик жамиятининг асоси” деб жавраб ётган бир пайтда, яна «Обод маҳалла йили»да Раънохон Бойқўзиева менга билдиришнома билан мурожаат қилдилар. Унда «Маҳалла» жамғармаси Фарғона шаҳар бўлинмаси раиси вазифасини бажарувчи Ёқуб Эрматовнинг ножўя харакатига эътиборингизни қаратмоқчиман. У мунтазам равишда хокимлик ишига тўсқинлик қилган ҳолда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини хокимлик топшириқ ва буйруқларини бажармаслик, бўйин эгмасликка чақирмоқда. Ушбу холатни хисобга олган ҳолда Ёқуб Эрматовни эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки лойиқ эмаслигини кўриб чиқишингизни илтимос қиламан» дейилганди.

Мен маҳалла жамғармасининг раиси фаолиятида Бойқўзиева санаб ўтган камчиликлар, хусусан «хокимлик ишига тўсқинчилик» ва бошқа қонунга зид холатлар йўқлигини билсамда, вилоят Оқсоқоллар кенгаши ва «Маҳалла» жамғармаси бўлими раисига «Ёқуб Эрматовнинг иш фаолияти даврида ички мехнат тартибини бузиб келаётганлиги, хокимлик томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида бажармаётганлигини эътиборга олиб, уни эгаллаб турган лавозимидан озод қилишингизни сўрайман» деб хат билан мурожаат қилдим. Айни шу пайтда «Маҳалла» раисини хонасини мухрлаб келишни хокимиятнинг ташкилий ва кадрлар билан ишлаш гуруҳи рахбари Маъруф Хўжаев зиммасига юкладим. У дарҳол бу ғайриқонуний топшириқни бажариб келди.

Қарангки, бу ерга ҳам Ноъмонжон Омонов айтганидек қони айниб бораётган, ҳалқаро журналистлардан фарқ қилмай қолаётган, орқа кетига қарамай танқидга қўл урадиган маҳаллий журналистлар Ёқуб Эрматовни ҳимояси учун бел боғлади. «Маҳалла» газетасининг Фарғона вилоят бўйича махсус мухбири Қодир Шодмонов журналистик суриштирув ўтказаётган пайтида «қўлингдан нима ҳам келарди, осмон қўлингда бўлса ташлаб юбор» деб бамайлихотир юрсам, 9–июнь куни Республика «Маҳалла» газетасининг 23–сонининг биринчи бетида “Маҳалла майдони»да мунозара рукни остида «ФАОЛИЯТДАН ТАШҚАРИ ХОЛАТ» «Маҳалла» жамғармаси Фарғона шаҳар бўлинмаси идораси эшигини мухрлаб қўйишди. Нега? Бундай қилишга кимнинг ҳуқуқи бор? Афсуски шахар хокимиятида бу ишни бажарганлар мазкур саволга асосли жавоб бера олишмди» номли танқидий мақола чоп этилса бўладими? Дарҳол шаҳардаги ва шаҳар атрофидаги барча киоскалардан газетанинг айнан мана шу сонини йиғиштириб олишга топшириқ бердим.

Қарангки, газетада Ёқуб Эрматовнинг қуйидаги гаплари очиқ ошкора ёзилибди:

«- Мен шаҳар Оқсоқоллар кенгаши ва «Маҳалла» жамғармаси раислигига шаҳар хокими Р.Болтабоевнинг тавсияси билан 54 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этган йиғилишда сайланганман, – дейди Ёқуб Эрматов. –Дастлабки пайтларда хокимлик, жумладан, Раъно Бойқўзиева билан бамаслаахат, ҳамкорликда яхши ишладик. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинларида қаттиқ–тартиб интизом ўрнатдим.

Бу – шаҳар хокимлигидаги айрим рахбарларга, айникса, Раъно Бойқўзиевага ёқмади. Чунки, у мен жамғарма раиси бўлиб сайланганимга қадар шаҳарда маҳаллаларга ўз таъсирини қаттиқ ўтказган, оқсоқоллар ўртасида айтгани айтган, дегани деган эди. Мен бундай харакатларга қарши турдим. Айниқса Раъно Бойқўзиеванинг ноқонуний фойдаланиб юрган хизматдаги енгил автомашинаси бундан зарба кўрди…

Ўтган йилнинг сентябрь ойида вилоят маҳалла Маркази ташкил қилиниши муносабати билан шаҳар Оқсоқоллар Кенгаши ва «Маҳалла» жамғармаси шаҳар бўлинмаси учун ҳам ушбу марказнинг биринчи қаватидан хоналар ажратилди.

Унга янги мебеллар келтирилиши керак эди. Мебеллар олиб келиниб, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари шаҳар бўлинмалари хоналарига жойлаштирилди. Хисоб–китобларга кўра биз олган мебел ва бошқа анжомлар шартномада кўрсатилган маблағнинг ярмича ҳам эмасди. Мен қолган мебелларни сўрадим ва ортиқча пул ўтказиб бермаслигимизни айтдим. Шундан сўнг хокимлик билан орамизда келишмовчиликлар бошланди. Менга нисбатан ҳар томондан турли тухмат тошлари отила бошланди…»

«Мақолага шуларни ҳам очиқ ёзасан–ми аҳмоқ” дедим ичимда.» – деб гапини давом эттирди Ражаббой Болтабоев. Агар ушбу мақола юзасидан маъмурий органлар текшириш бошласа жиноят иши қўзғатилиши шубхасиз.

Яхшики, маъмурий органлар рахбарларининг ҳам биздан оз–моз тили қисиқлик жойлари бор. 2003 йил 10–июнь куни вилоят прокуратураси биноси рўпарасида норозилик чиқиши қилган инсон ҳуқуқлари фаолларини калтаклаш учун қўшмачилар ва фоҳишаларни жалб қилишни сўрашганда “Маърифат” маҳалла фуцаролар йиғини раисаси М.Қодирова ёрдам қилиб, маҳалласида яшовчи жаъмики фохиша ва қўшмачиларни вилоят прокуратурасига олиб келганди. Айни ўшаларнинг ёрдами билангина норозилик тадбири ташкилотчиларини калтаклаб, ҳайдашган.

Хозир Раънохоннинг ичига чироқ ёқса ёришмаяпти. Агар текшир–текширлар бошланиб кетса, 2001 йилда Япониядан олинган 16 минг АҚШ доллари грантга олинган тикув машиналарини эри Улуғбек Бойқўзиевнинг номига расмийлаштириб олганлиги, кейинчалик тўполондан кейин тикув машиналари 9–махаллага қайтарилганлиги очилиб қолса ким деган одам бўламиз?!».

«Агар маъмурий органлар вакилларининг Сизнинг олдингизда тили қисиқ бўлса асло чўчиманг. Улар ўзлари Сизни ҳимоя қилиб олишади» – деб гапга қўшилди Охунбобоев туман хокими Каримжон Қўчқоров. Бизнинг туманда қишлоқ ва маҳаллалар фуқаролар йиғинларига асосан бизнинг чизиб қўйган чизиғимиздан чиқмайдиган кимсаларни раисликка қўйганмиз. Ўзимизнинг вакилларимиз ҳалқнинг ичида юргандан кейин ким нималарни гапиряпти, қандай харакатлар содир этяпти, кафтдек кўз ўнгимизда.

Шундай ишончга сазовар ходимлардан бири – Пахтакор Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси – олий маълумотли педагог Мақсудали Халиловдир. Унинг сайъи харакатлари туфайли Пахтакор ҚФЙ худудида жойлашган «Туман» номли масжидни очишга 5 йил тўсқинлик қилдик.

Лекин охир оқибат масжиднинг ташаббускорлари 100га яқин оқсоқоллар фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти–харакатлар содир этганликда айблаб, Фарғона вилоят хокими ўринбосари Мирзарасул Ғофуровни, Вилоят Адлия бошқармасини, Охунбобоев туман хокимиятини, Охунбобоев туман прокуратурасини ҳамда Пахтакор ҚФЙ раиси Мақсудали Халиловни фуқаролик судига беришди. Анчайин тортишувлар ва тўс–тўполондан кейин «Туман» номли масжидни очишга кафолот хати бериш хокимият зиммасига юклатилди.

Шунингдек Фарғона вилоят фуқаролик суди судлов ҳайъати томонидан 22–апрель куни вилоятдаги барча туман ва шаҳар хокимлари иштирок этган йиғилишларда мухокама қилиниб ажримда кўрсатилган холатларни олдини олиш ва тегишли чоратадбирлар белгилаш учун Фарғона вилоят хокимиятига ғайриқонуний хатти–харакатлар содир этиб фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти–харакатлар содир этганлигим учун менга нисбатан Ўз.Р.ФПКнинг 19–моддаси талаби асосида хусусий ажрим чиқарилди.

Бундан ташқари Халилов Мақсудали шу худудда яшовчи Сохибоев Нуриддинни Халилов Мақсудали Сохибоев Нуриддинни вояга етмаган гўдак қизчани номусига текканликда айблаб, ҳеч бир жиноятга қўл урмаган ўз маҳалласи фуқаросини жиноий жавобгарликка тортилишига хисса қўшиб, узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинишига сабабчи бўлиб турган бир пайтда мен – Мўтабар Тожибоева Сохибоев Нуриддинни ўз химоямга олдим ва уни айбсизлигини судда исботлаб, 2004 йилнинг 2–август кунги Жиноят Ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг аппеляция ажрими билан Сохибоев Нуриддинни суд залидан озодликка чиқаришга эришдим.

Бунингдек ижобий натижаларга эришиш жуда ҳам мушкул. Чунки ханузгача кураш давом этмоқда ва мамлакат президенти “Кучли фуқаролик жамияти қурамиз” деб юксак минбарлардан туриб ҳар қанча чиранмасин бунга йўл қўймайдиган маҳаллий рахбарлар ўз жиноий кирдикорларини давом эттирмоқдалар ва давом эттираверадилар.

“Ўтюраклар” Клуби рахбари Мўтабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.