Шаън, қадр қиммат ва ишчанлик обрў эътиборни ҳақоратловчи материалларни тарқатганлик учун судга даъво ариза

Снимок,,,,,,,

(Бадном қилувчи, шаън, қадр киммат ва ишчанлик обрў эътиборни ҳақоратловчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатганлик учун рад қилиш ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган, қадр қимматни ерга урувчи, ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни хизмат хужжатларида ёзиб тарқатганлик, конституция билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларни бузганлиги, яъни қонунга хилоф равишда маъмурий жавобгарликка тортганлик орқасидан етказилган маънавий зарар 30 (ўттиз) миллион сўм ва етказилган моддий зарар 3240 (уч минг икки юз қирқ) сўм, жаъми 30 миллион 3240 (ўттиз миллион уч минг икки юз қирқ) сўм ундириш ҳақида)

Риштон туманлараро фуқаролик судига

Даъвогар: Марғилон шаҳар “Зуҳро” кўчаси 31 уй 31-32- хонадонларда яшовчи “Ўтюраклар” Клуби Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоева

Даъвогар: Андижон вилоят Мархамат тумани Полвонтош
қишлоғида яшовчи Рўзиева Юлдузхон

Жавобгар: Олтиариқ туман ИИБ бўлими маъмурияти

Жавобгар: Олтиариқ туман ИИБ терговчиси Умид Лутфилла

Жавобгар: Олтиариқ туман ИИБ ХООБ профилактика Инспекторлари Шерали Махмудов, ҚосимТошболтаев, Абдубанноп Давроновлар

Жавобгар: Олтиариқ туман Молия бўлими маъмурияти

ДАЪВО АРИЗА 

2003 йил 20 август куни Олтиариқ туман прокуратураси биноси рўпарасида биз, яъни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз тарафдорларимиз билан биргаликда қонуний пикет ўтказаётган пайтимизда Олтиариқ туманининг Хамза шаҳрида яшовчи фохишалар ва қўшмачилар тўдаси томонидан биз пикетчилар аёвсиз калтакланганмиз.

20 август куни фохишалардан калтак еб, жарохат олиб кундуз соат 12 45да Марғилон шаҳрининг Марказий шифохонаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилганимдан кейин, даставвал Марғилон шаҳар тез тиббий ёрдам маркази шифокорлари, кейин 3 марта Марғилон шаҳар Марказий касалхона шифокорлари Марғилон шаҳар ИИБга қўнғироқ қилиб, криминал ҳақида хабар берганлар.

Лекин орадан 6 соат ўтгандан сўнггина, соат 19ларда ўзини таништиришни истамаган 2 та формали кимсалар мен ётган палатамга шифокор кузатувисиз, ўзбошимчалик билан бостириб кириб, менга рухий таъсир ўтказиб, ўтказганимиз пикет юзасидан “рухсат этилмаган намойиш ўтказдим” деган мазмунда тушунтириш хати ёзиб беришимни талаб қилишган.

Мени олдимга жабрланувчи сифатида эмас, қонунбузар сифатида сўроқ қилиш учун келганликларини англаб етганим учун улар сўраган тушунтириш хатини ёзиб беришдан бош тортганман. Шунингдек мени аҳволим ўта оғирлигини, шифокорлар бошимни кўтаришим мумкин эмаслигини тушунтирганликларини айтиб, мени зудлик билан суд тиббий экспертизаси кўригидан ўтказишларини талаб қилганман.

Бу кимсалар мени қонуний талабимни бажариш ўрнига сухбатимиз пайтида палатада бўлмаган ва бу формали кимсалар билан ўртамизда бўлиб ўтган сухбатдан бехабар бўлган травматология бўлими навбатчи хамшираси Ходжиматова Мавлудани чақириб, “Бемор Тожибоева бизга тушунтириш хати ёзиб беришдан бош тортди, шунга гувох сифатида имзо чекиб беринг” деб қалбаки хужжат расмийлаштирмоқчи бўлишган. Мени даволаётган шифокорлар уларнинг назоратисиз бемор олдига келиб, мени ноқонуний равишда сўроқ савол қилиб, аҳволимни оғирлашиб қолишига сабаб бўлган бу кимсаларни палатамдан зудлик билан чиқиб кетишларини талаб қилишган. Бу формали кимсалар травматология бўлимидан тахминан 19-20ларда чиқиб кетишган.

Лекин бу кимсалар, кейинчалик маълум бўлишича Тошболтаев Қосим ва Махмудов Шералилар шу куни кеч соат 21-ларда умуман тез тиббий ёрдам бўлимига алоқаси бўлмаган, касалхонанинг 3-қаватида ётган бемор Мўътабар Тожибоевани, яъни мени умуман кўрмаган, танимайдиган 1-қаватдаги шифохонанинг қабулхонасида касалхонага келтирилаётган касалларни қабул қилаётган травмотолог Мамадали Тўраевни алдаб, фирибгарлик йўли билан ишончига кириб, спиртли ичимлик билан сийлаб, “БеморТожибоева Мўтабар Олтиариқ туман Ички Ишлар бўлими ходимлари Махмудов ва Тошболтаевларга тушунтириш хати ёзиб беришдан бош тортиб, уларни шаъни ва қадр қимматини қасддан камситиб, ҳеч қандай сабабсиз ҳақорат қилди” деган мазмунда тузилган далолатномага гувох сифатида имзо чектиришган.

(Ушбуни исботловчи терговчи Умид Лутфиллаевниг “Жиноят ишини бир қисмини маъмурий тартибда чора кўришлик учун ажратиш ҳақида”ги 30-октябрь кунги қарорида, шифокор Тўраевнинг Ўзбекистон Республикаси фаолият юритувчи Ҳалқаро ташкилотларга ва хукумат идораларига ёзган билдириш хати ва М.Ғаниев номидаги Марғилон шаҳар бирлашган шифохонаси бош врачи А.Боборахимовнинг менга 24-декабрь кунги ёзган 1230-сонли хатида етарли исботлар, далиллар мавжуд).

Маъмурий органлар амалдорлари менга нисбатан фитналар уюштиришни давом эттираётганликларидан хабар топиб, шу куниёқ расман очлик эълон қилишга мажбур бўлдим. Шунингдек мамлакатнибошқаришни фохишалар ва уларнинг жиноий шерикларига топшириб қўйган Ўзбекистон хукуматини истеъфога чиқишларини талаб қилиб очлик эълон қилганим ҳақида билдириб 542 сўм сарфлаб Республика Соғлиқни сақлаш Вазирига, 706 сўм сарфлаб Республика Ички Ишлар Вазирига, 678 сўм сарфлаб Қизил Ярим ой жамиятининг Фарғона вилоят кўмитасига, 685 сўм сарфлаб Республика бош прокуратурасига, 629 сум сарфлаб Президент Ислом Каримовга телеграммалар юбориб, жаъми 3240 сўм моддий зарар кўрдим.

Телеграммалар юбориб, расман очлик эълон қилганимдан сўнггина, 22-август куни кундуз соат 12-25ларда Олтиариқ туман ИИБдан 20-август куни кеч соат 19-ларда келган кимса яна 3та шериги билан келган ва ўзларини таништиришларини талаб қилганимда 20-август кунги келиб тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилган кимса ўзини Қосимжон Тошболтаев деб таништирган.

Шерикларидан ўзларини таништиришларини сўраганимда профилактика инспектори Абдубанноп Давронов, Олтиариқ тумани Охунбобоев жамоа хўжалиги Янгикўрғон қишлоғидаги посбон Аминжонов Абдурахимни ва суриштира бошлаганимдан кейин улардан биттаси 3чи нотаниш кимса дарҳол қочиб кетган. Кейинчалик менга маълум бўлишича Олтиариқ туман ИИБ амалдорлари яна менга қарши қалбаки хужжатлар расмийлаштириш учун ўз ходимларини холис сифатида иштирок этиши учун ўзларига қарашли кимсалар билан биргаликда жўнатишган экан.

Бу кимсаларга ҳам мени зудлик билан суд тиббий экспертизасидан ўтказишларини талаб қилганман. Акс ҳолда Ўзбекистон Республикаси хукуматининг раҳбарларига нафратимни баён қилиш мақсадида шифохонада усти бошимга бензин қуйиб, ўзимга ўт қўйишим ҳақида расман талабнома ёзиб берганман.

Шундан сўнг улар терговчи Умид Лутфиллаев билан жиноий тил бириктириб, менга тухмат уюштиришни давом эттирган. Бу сафар менга қарши фитна уюштиришда Фарғона вилоят суд тиббий экспертизаси бюроси эксперти Тохир Толиповни “жабрдийда” сифатида танлаганлар.

Суд тиббий эсперт Тохир Толипов мени суд тиббий экспертизасидан ўтказиш учун келганида мен унга ишонмаслигимни билдириб, эскпертизадан ўтказишига қаршилик қилдим ва экспертизадан ўтказиш ҳақидаги қарорнинг орқа қисмига унга ишонмаслигимни асослаб тушунтириш хати ёзиб бердим. Абдубанноп Давронов Толибов Тохирга мен унга ишонмаслигимни айтиб рад қилганимдан сўнг вилоят СТЭБ рўйхатхона телефонидан собиқ Олтиариқ туман прокурори Ғайрат Умурзақовга қўнғироқ килиб гаплашиб, прокурор Умурзақовнинг тайзиқи остида Толиповдан бўлган воқеа юзасидан прокурорнинг номига тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилган. Орадан икки ой ўтганидан сўнг Давронов Абдубанноп Тохир Толиповнинг иш жойига борган ва “Гувоҳни сўроқ қилиш баённомаси”га имзо чектириб кетган.

“Тохир Толиповни гувоҳ сифатида сўроқ қилинганда “Толипов ўзи СТЭ бюросиданлигини тушунтириб, уни эскпертизадан ўтказишлигини билдирганида, уни ҳеч қандай сабабсиз ҳақоратомуз сўзлар билан ҳақорат қилиб, “ҳаромхўр, сен экспертлар ва ИИБ ходимлари пораҳўр, сенларга ҳеч қаеримни кўрсатмайман” деб ўзини гапларини экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарор орқасига ёзиб берганлигини, шундан сўнг улар ушбу палатадан чиқиб кетишганлигини маълум қилди” деб терговчи Умид Лутфиллаев 30-октябрь кунги “Жиноят ишини бир қисмини маъмурий тартибда чора кўришлик учун ажратиш ҳақида”ги қарорида ёзган бўлсада, эксперт Тохир Толипов ўзининг менга ёзиб берган билдириш хатида “Бемор Тожибоева мени шаъним ва қадр қимматимни қасддан камситиб, ҳеч қандай сабабсиз мени ҳақорат қилди, Тожибоевага нисбатан чора кўришингизни сўрайман” деб ариза ёзиб бермаганини, уни ҳеч қандай терговга чақиртирилмаганлигини, терговчи Умид Лутфиллаевни умуман танимаслигини, Давронов унинг иш жойига келиб “Гувоҳни сўроқ қилиш баённомаси”га имзо чектириб кетганлигини айтган.

Тохир Толиповни менга қарши фитна уюштиришда фойдаланганликлари ҳолати қачонки Республика Соғлиқни Сақлаш Вазири Феруз Назиров ва Республика Бош Тиббий Экспертизаси бош бюроси раҳбари Ғиёсовга ёзган очиқ хатим юзасидан текшириш ўтказилган пайтида аниқлик киритилди ва бу фитнада Толиповнинг иштироки йўқлиги аниқланди.

Терговчи Умид Лутфиллаев ўзининг 30-октябрь кунги “Жиноят ишини бир қисмини маъмурий тартибда чора кўришлик учун ажратиш ҳақида”ги ғайриқонуний қарорида “Ушбу жиноят иши бўйича Мўътабар Тожибоевани жабрланувчи тариқасида сўроқ қилиш учун Олтиариқ туман ИИБ Тергов бўлинмасига бир неча маротаба чақиртирилганда у терговга келиб кўргазма беришдан бош тортди ва бу холат тегишли баённомада қайд қилинди” деб ёлғон ёзиб менга тухмат қилган ва хужжатларни қалбакилаштириб, яна жиноят содир қилган.

Бизни калтаклаган фохишаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида 11-сенятбрь куни мени “Жабрланувчи теб таниш ҳақида” терговчи Умид Лутфиллаев қарор чиқарган ва мен бу қарор билан танишиб, имзо чекканман. Шундан кейин фақатгина 25-октябрь куни терговга чақиртирилганман ва белгиланган вақтда терговчининг қабулида бўлганман. Тергов бошланган пайтда ЖПКнинг 55-моддасидаги ҳуқуқларимдан фойдаланиб, ЖПКнинг 76-моддасига асосан тергов органига ишончсизлик билдириб, раддия аризасини ва раддиямни асословчи 96 вароқдан иборат хужжатларни шахсан Умид Лутфиллаевга топширганман. Терговчи мени қонуний талабимни бажариб, 96-вароқли хужжатларим қўшилган раддиямни қабул қилиб олган ва раддиянинг бир нусхасига шу хужжатларни ва раддияни қабул қилиб олганлиги ҳақида имзо чекиб берган.

Мени талабим қонуний эканлиги боис Вилоят ИИБ бошлиғи муовини Тергов Бошқармаси бошлиғи Алишер Мақсудов 25-октябрь куни 18-1404 рақамли алоқа хати билан Фарғона вилоят прокурори ўринбосари Маъруф Усмоновга хат билан мурожаат қилиб, “ЎзР.ЖПКнинг 80-моддаси 7-банди талабларига кўра терговчини рад қилиш масаласини ҳал қилиниши белгилангани муносабати билан раддияни қонуний ҳал қилиш учун ихтиёрингизга юборилмоқда” деб ариза ва унга илова қилинган жаъми 96 вароқ хужжатларни юборган. Асослантирилган терговчиси рад қилиш ҳақидаги аризани Маъруф Усмонов қонун бўйича рад қилиш ҳақидаги аризани 24 соат ичида ҳал қилиб, натижаси ҳақида маълум қилиши керак бўлгани ҳолда, ҳеч қандай қарор ҳавола қилмаган ва шу бугунги кунгача рад қилиш ҳақидаги аризани қаноатлантириш ёки қаноатлантирмаслик ҳақида менга маълум қилмаган.

Мен рад қилиш ҳақидаги аризани терговчига топширган бўлишимга қарамасдан, ушбу қабул қилиб олган терговчи Умид Лутфиллаев ва тергов бўлимининг бошлиғи Султонали Тошпўлатовлар сохта холис Ғофуров Хасанбой иштирокида қонунга зид равишда, яъни менга билдирмаган ҳолатда “Тожибоева юзлаштириш тергови ўтказишдан бош тортди” деб ноқонуний баённома расмийлаштиришган. Ваҳоланки шу кунгача мени жабрланувчи сифатида сўроқ қилишмаганди.

Бундан ташқари 29-октябрдаги “Жиноят ишини тугатиш ҳақида”ги ғайриқонуний қарорда ҳам биз жабрланувчилар Мўтабар Тожибоева ва Мавжуда Отақуловаларга тухмат қилиб, “Намойиш вақтида Мавжуда Отақулова ва Мўтабар Тожибоеваларнинг “Фохиша ва қўшмачиларни осиш керак” ва шу каби мазмундаги чақириқларидан сўнг у ерда бўлган фуқаролар Машрапова Махпуза, Қаюмова Қумрихон, Қаюмова Кумушхон, Ибрагимова Тўхтахон, Ғиёсиддинова Муяссар, Тўхлиева Муяссарлар уларнинг талаблари ва харакатларига қарши чиқишиб, улар билан ўзаро жанжаллашиб кетишади.

М.Машрапова, Қ.Қаюмова, К,Қаюмова, Т.Ибрагимова,М.Ғиёсиддинова, М.Холматова, М.Тўхлиеваларнинг ходиса вақтидаги харакатлари жамоат тартиби ва фуқароларнинг тинчлигини бузишга қарши қаратилмаганлиги, балки улар билан жабрланувчилар ўртасида бўлган адоват натижасида, шунингдек ходиса вақтида жабрланувчилар томонидан улар хақоратланганлиги сабабли юзага келган жанжал оқибатида улар томонидан М.Отақуловага, шунингдек М.Тожибоеваларга нисбатан қасддан тан жарохатлари етказилганлиги аниқланган” дейилган.

Лекин тергов пайтида қўшмачи ва фохишаларнинг ўзлари бизни ерга йиқитиб, урганликларини тан олишган. Фохишаларнинг шериги Олтиариқ туман ИИБ ходими Мамадалиев Исроил эса тергов пайтида “Шу пайт у ерда Тожибоева Мўтабар ҳам бор эди, у ҳеч қандай сабабсиз Қаюмова Кумушга ташланган эди, у ҳам Тожибовани уриб, сочларини юлиб ташлади, кейин биз ажратиб қўйганмиз” деб кўргазма берган.

Терговчи Лутфиллаев фохишаларнинг харакатларини “Жамоат тартиби ва фуқароларнинг тинчлигини бузишга қаратилмаган, балки улар билан жабрланувчилар ўртасида бўлган адоват натижасида, шунингдек ходиса вақтида жабрланувчилар томонидан улар хақоратланганлиги сабабли юзага келган жанжал оқибатида улар томонидан М.Отақуловага, шунингдек М.Тожибоеваларга нисбатан қасддан тан жарохатлари етказилганлиги аниқланган” деб бахоласада, аслида мен ва менинг ҳамрохларим бу фохишаларни нафақат ҳақорат қилмаганмиз, балким улар билан умуман мулоқот қилмаганмиз.

Бизга хужум қилиб аёвсиз калтаклаган фохишаларнинг харакатларида Жиноят Кодексининг 277-моддасининг 2-қисми – “б, в, г, е” бандларидаги жиноятларни содир этганликлари аниқ эди. Чунки улар бир гуруҳ бўлиб, кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиш мумкин бўлган тошлар ва ғишт парчалари билан уриб, арқон билан бўғиб, ўз мазмунига кўра умум эътироф этган аҳлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасдан, ўтакетган беҳаёлик билан, бировнинг мулкини нобуд қилиб ёки унга шикаст етказиш содир қилишган безорилик хисобланарди. Фохишалар мени усти бошларимни йиртиб ташлаб, одамлар орасида яланғоч холатга келтириб, калтаклашган. Бу воқеа ИИБ ходимлари буюртмасига асосан “Нафосат” видеохизмати ходими томонидан тасвирга олинган. Ўша видеотасмани судга олиб келиб, намойиш қилишни талаб қиламан.

Агар терговчининг милиция майори тергов бўлими бошлиғи Султон Тошпўлатов “Қўшиламан” деб имзо чеккан “Жиноят ишини тугатиш ҳақида”ги ушбу қароридаги ёзувлар тўғри бўлиб, ҳақиқатан ҳам ўша фохишалар ва қўшмачиларни биз жабрланувчилар ҳақорат қилганимизда эди, фохишаларни ҳақорат қилганимиз учун бизга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида материал расмийлаштириб, судга хавола қилган бўлар эди.

Бундай ўйлашимизга эса терговчи Умид Лутфиллаевнинг қуйидаги ғайриқонуний харакатлари асос бўлган:

“Судмедэксперт Т.Толиповни, ИИБ ходимлари Қ.Тошболтаев ва А.Давроновларни ҳақорат қилганлигингиз холатлари ўз тасдиғинии топган бўлиб, жиноят ишининг ушбу холатга оид қисми материал тариқасида ажратилиб, тўпланган материаллар Сизга нисбатан УзР.МЖтКнинг 41-моддаси тартибида маъмурий чора кўриш масаласини хал қилишлик учун худудга мувофиқ Марғилон шаҳар судига 2003 йилнинг 30-октябрь куни 1935-сонли чиқиш рақами билан юборилган” деб 30-октябрь куни 1951-сонли хат билан менга хабар берган.

Шунингдек Марғилон шаҳрида бўлган деб хисобланаётган ҳақорат қилиш жиноятини мен ҳақиқатан ҳам содир этган бўлганимда эди, бу масала билан қонун бўйича Марғилон шаҳар маъмурий органлари вакиллари шуғулланишлари керак эди. Умид Лутфиллаев бошқа бир худудга алоқадор ишларни ҳам ўз зиммасига олиб, у худуд бўйича ҳам қонунни оёқ ости қилган ва хизмат ваколатидан четга чиққан. Бу тайёрланган хужжатлар қалбаки эканлиги боис, кейинчалик яна Умид Лутфиллаевни ўзи бу хужжатларни қонуний ҳал қилиш ўрнига йўқ қилган ва яна жиноят содир этган.

Бундан ташқари Олтиариқ туман ИИБ бошлиғи Мусо Хонкелдиевга 29-октябрь куни 1955-сонли алоқа хати билан “Тожибоева Мўътабарга нисбатан УзРМЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) тартибида маъмурий тартибда чора кўриш масаласини ҳал этишлик учун юборилмоқда” деган. Мени кўчада бирор йўналиш бўйича юриш қилмаганимни, жамоат тартибини бузмаганимни, менинг харакатларимни йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар ўтказиш тартибини бузиш сифатида баҳоланиши ва ЎзР.МЖтКнинг 201-моддаси 1-қисми билан малакаланиши мумкин эмаслигини билгани ҳолда менга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида материал расмийлаштириб, судга чиқарган.

29-октябрь куни “Жиноят ишини тугатиш ҳақида” ғайриқонуний қарор қабул қилиб, бу ҳақда менга 30-октябрь кунги 1951-сонли ҳат билан маълум қилган терговчи Умид Лутфиллаев орадан 25 кун ўтгач, яъни жиноят ишини тугатиб бўлганидан кейин, ғайриқонуний тарзда, пикетда иштирок этган Юлдузхон Рўзиевани сўроқ қилиш учун Андижон вилоятига қараб отланган.

Терговчи Умид Лутфиллаев бу ғайриқонуний терговни ўтказиш учун Юлдуз Рўзиевани қонунда белгиланганидек Олтиариқ туман Ички Ишлар бўлимига чақирув қоғози билан терговга чақиртирмасдан, 24-ноябрь Хайитдан байрамидан бир кун олдинги арафа куни эрталаб соат 10ларда ўзининг бошқарувидаги 15-0-42-20-рақамли тўқ зангори Тико автомашинасида Андижон вилояти Марҳамат тумани Полвонтош қишлоғига Рўзиевларни хонадонига борган.

Хонадондаги Рўзиева Юлдузхоннинг учинчи ўғли Рўзиев Ботирни биз томондан ўтказган пикетга умуман алоқаси бўлмасада, сўроқ қилган ва сўроқ протоколини расмийлаштирган. У ердан Рўзиев Ботирни уйидан олиб чиқиб кетиб, у билан биргаликда Тошлоқ тумани Норқўзи Қурбонов кўчаси 94-уйда яшовчи Рўзиев Қахрамоннинг хонадонига тушликдан кейин борган. У ерда ҳам Рўзиева Юлдузхонни қонунга зид равишда тергов қилган ва сўроқ протоколини ўқимасдан, ёки ўзи ўқиб бермасдан Рўзиева Юлдузхонга “Сўроқ протоколи билан танишдим” деб имзо чекишга мажбур қилган.

Умид Лутфиллаев Рўзиевлар оила аъзоларига “Сизлар “Ўтюраклар” Клуби рахбари Мўътабар Тожибоевага қўшилиб хато қилгансизлар. Олтиариқ туманига Тожибоева билан бирга бориб бекор қилгансиз. Юлдуз опа энди бу қилмишингиз учун ҳали олдинда сизларни нима кунлар кутиб турганини билмайсиз. Жиноий жавобгарликка тортиласиз. “Тожибоевага билмасдан кўшилибман” деб ёзиб беринг. Мана мен сизни қаердан топдим” деб Рўзиева Юлдузхонни паспортини форма -1ни кўрсатган. Унинг ноқонуний талабларига кўнмаганларидан кейин Юлдузхонни ва бошқа оила аъзоларини сўкиб, дўқ пўписа қилиб, “Тожибоева билан биргаликда жиноий жавобгарликка тортиласанлар” деб уларга рухий қийноқ қўллаган.

2002 йил 25-март куни ўғли Қаҳрамон Рўзиевни хонадонида вафот этган онаси Тожихон Хайитбоеванинг маросимини ўтказиш учун Андижондан мехмонга келган ва 24-октябрь куни эрталаб хайит учун бозордан харажатлар қилиб келган, яқин кунларда соғлигидан умуман нолимаган Рўзиева Юлдузхоннинг турмуш ўртоғи Рўзиев Мамасобир хонадонига фотиха қилиш учун келган оқсоқоллар олдида уйига келиб, ғайриқонуний хатти харакатлар қилган терговчининг қилмишларидан аччиқланган, кайфият бузилган, оила аъзоларига дўқ қилмасликни, уларни қўрқитмасликни талаб қилган ва асаблари бузилиб, қон босими кўтарилиб, аҳволи оғирлашган.

Чунки Умид Лутфиллаев Мамасобир аканинг ўзига ҳам “Тожибоевага ариза билан мурожаат қилиб, ўзингизни ҳам, оила аъзоларингизни ҳам шўрига шўрва тўккансиз. Ҳали кўп идораларга қатнаб жавоб беришингизга тўғри келади” дуб дўқ қилган.

Терговчи Умид Лутфиллаевнинг 24-ноябрь куни кеч соат 18-гача Рўзиевлар хонадони аъзоларига тайзиқ ўтказиб, қамаб қўйиш билан қўрқитганлиги фотихага келган оқсоқоллар орасида ҳам, маҳаллада ҳам овоза бўлиб кетганидан қаттиқ асабийлашган Рўзиев Мамасобир 25-ноябрь куни кундуз соат 13 – 14лар оралиғида қон босими кўтарилиб кетиб оламдан ўтган.

Терговчи Умид Лутфиллаев ўзининг ғайриқонуний ҳатти харакатлари билан Рўзиевлар оила аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларини бузиб, паймол қилган. Рўзиев Мамасобирни ҳаёт ва соғлигига зарар етказиб, унинг бевақт ўлимига сабаб бўлган ва Рўзиевлар оила аъзоларига маънавий зарар етказган. Рўзиев Мамасобирнинг ўлим ҳақидаги гувохномасида ҳам ўлимнинг сабаби гипертония деб белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2-февраль 2004 йил кунги Ҳал қилув қарорида ва 3-20 сонли Тақдимномасида ҳам Олтиариқ туман ИИБ терговчиси Умид Лутфиллаевнинг 2003 йил 30-октябрдаги қарорида Тожибоеванинг харакатларида МЖтКнинг 41-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги кўрсатилган бўлсада, иш материаллари орасида унинг бирор бир шахсни шаъни ва қадр қимматини қасддан менсимай, камситиб, ҳақорат қилганлигини исботловчи далиллар келтирмаганлиги, бу холат бўйича Тожибоевани ўзидан қонунда белгиланган тартибда тушунтириш хати олмаганлиги, шунингдек у қонунга зид равишда Тожибоевага нисбатан МЖтКнинг 201-моддаси 1-қисми билан ноқонуний равишда маъмурий материаллар расмийлаштирганлигини эътироф этилган ва вилоят судининг Ҳал қилув қарори билан бу ғайриқонуний расмийлаштирилган хужжатлар бекор қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 302- моддасида “Маъмурий жавобгарликка қонунга хилоф равишда тортилганлик натижасида фуқарога етказилган зарар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиққан (мансабдор шахс) органнинг айбидан қатъий назар давлат томонидан тўлиқ ҳажмда тўланади. Зарарни қоплаш ҳуқуқи ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилган тақдирдагина вужудга келади” дейилган.

Юқоридагиларга асосан терговчи Умид Лутфиллаев:

1. Тожибоевани МЖтКнинг 201-ва 41-моддаларига биноан ғайриқонуний
равишда жавобгарликка тортиш учун сохта хужжатлар расмийлаштирганлиги;

2. 2003 йил 25-октябрь кунги “Жабрланувчи М.Тожибоева сўроқ бериш ва юзлаштириш тергови харакатини ўтказишдан бош тортганлиги ҳақида” қалбаки баённома тузганлиги;

3. 29-октябрь куни “Жиноят ишини тугатиш ҳақида” ғайриқонуний қарор чиқарганлиги;

4. 29-октябрь куни Олтиариқ туман ИИБ бошлиғи Хонкелдиев номига 1195-сонли алоқа хати ёзганлиги;

5. 30-октябрь куни “Жиноят ишини бир қисмини маъмурий тартибда чора кўришлик учун ажратиш ҳақида” ғайриқонуний қарор чиқарганлиги;

6. 30-октябрь куни 19512-сонли хатни Тожибоевага ёзиб юборганлиги сабабли,

Ушбу санаб ўтилган хужжатларда Тожибоеванинг шаъни қадр қимматини камситадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатиб, Тожибоеванинг Конституция билан кафолатланган бошқа ҳуқуқларини ҳам бузиб, тергов харакатларини ғайриқонуний олиб боргани натижасида Лутфиллаев томонидан Тожибоевага маънавий зарар етказилган.

Шунингдек Олтиариқ туман ИИБ ХООБ профилактика инспекторлари Шерали Махмудов, Қосим Тошболтаев ва Абдубанноп Давроновларнинг Тожибоеванинг шаъни қадр қимматини камситадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатиб, Тожибоеванинг Конституция билан кафолатланган бошқа ҳуқуқларини ҳам бузиб, ор номус, ишчанлик, қадр қиммат ва обрў эътиборни ҳақоратловчи маълумотлар тарқатганликлари, Умид Лутфиллаев томонидан расмийлаштирилган юқоридаги хужжатларда акс этган.

Ушбу хужжатлардаги ёзишмаларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги эса:

1. Суд тиббий эксперт Тохир Толиповнинг 27-февраль кунги билдириш хатида;

2. Шифокор Мамадали Тўраевнинг 2003 йил 22-декабрь кунги билдириш хатида;

3. Марғилон шахар Марказий шифохонаси бошлиғи А.Боборахимовнинг 2003 йил 24-декабрь кунги 120-сонли алоқа хатида;

4. Жиноят Ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2004 йил 2-февраль кунги 3-20 сонли Ҳал қилув қарорида;

5. Жиноят Ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2004 йил 2-февраль кунги Тақдимномасида ўз аксини топган.

Ушбу тақдимномага жавобан Вилоят ИИБ ва Жиноят Ишлари бўйича Фарғона вилоят суди рахбарларинингқўл остидаги ходимларининг ғайриқонуний хатти харакатларига нисбатан қонуний чора кўрилганлигини натижаси ҳақидаги маълумотни Вилоят ИИБ ва ЖИБ Фарғона вилоят суди рахбариятидан чақириб олишингизни сўрайман.

Шунингдек Фуқаролик Кодексининг 991-моддасида “Суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга зид харакатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарлик белгиланганлиги, яъни фуқарога келтирилган зарар суриштирувчи, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъий назар қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўланади” дейилган.

Фуқаролик Кодексининг 1021-моддасида ҳам “Маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъий назар қопланади, агар зарар фуқарога уни қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортиш, фуқаронинг шаъни, ва қадр қимматини камситадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатиш, ор номус, қадр қиммат ва ишчанлик обрў эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса қопланади” дейилган.

Юқоридагиларга асосан Фуқаролик Кодексининг 1021-моддаси, 991-моддаси ва Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 302-моддасига асосан, ғайриқонуний қарор билан жавобгарликка тортиш учун қалбаки хужжатлар расмийлаштирилганлиги туфайли Тожибоевани шаъни, қадр қимматини камситадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган бўхтон маълумотлар тарқатиб, уни Конституция билан кафолатланган бошқа ҳуқуқларини бузиб, паймол қилингани учун, бунинг натижасида Тожибоеванинг қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилгани, натижада ор номус, қадр қиммат ва ишчанлик обрў эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатилиши туфайли бадном қилувчи, шаън, қадр қиммат ва ишчанлик, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатганлик учун рад этиш ва Мўтабар Тожибоевани ҳуқуқларини бузган Олтиариқ туман ИИБ терговчиси Умид Лутфиллаев, Олтиариқ туман ИИБ ХООБ профилактика инспекторлари Шерали Махмудов, Қосим Тошболтаев ва Абдубанноп Давроновларнинг қонунга зид харакатлари учун Тожибоевага етказилган 20 миллион сўм маънавий зарарни ва 3240 сўм моддий зарарни, Олтиариқ туман ИИБ терговчиси Умид Лутфиллаев ўзининг ғайриқонуний ҳатти харакатлари билан Рўзиевлар оила аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларини бузиб, паймол қилгани, Рўзиев Мамасобирни ҳаёт ва соғлигига зарар етказиб, унинг бевақт ўлимига сабаб бўлгани ва Рўзиевлар оила аъзоларига маънавий зарар етказгани учун, Рўзиевлар оиласига етказилган 10 миллион сўм маънавий зарар, жаъми 30 миллион 3240 сўм моддий ва маънавий зарарни Олтиариқ туман Молия бўлими орқали давлат бюджетидан ва жавобгарлардан ундириб беришингизни талаб қиламиз.

Ушбу моддий ва маънавий зарар Тожибоевани ноқонуний жавобгарликка тортилганлиги боис етказилганлиги учун Фуқаролик Кодексига асосан давлат божи тўлашдан озод қилишингизни сўрайман.

Даъво аризага қуйидаги хужжатларни қўшиб хавола қиламиз:

1. Президент Ислом Каримовга юборилган телеграмма матни, квитанцияси, қабул қилиб олганлик хабари – 1 вароқ;

2. Қизил Ярим ой Жамияти Фарғона вилоят кўмитасига юборилган телеграмма матни, квитанцияси, қабул қилиб олганлик хабари – 1 вароқ;

3. Республика бош прокурори Рашид Қодировга юборилган телеграмма матни, квитанцияси, қабул қилиб олганлик хабари – 1 вароқ;

4. Республика ИИВ Зокир Алматовга юборилган телеграмма матни, квитанцияси, қабул қилиб олганлик хабари – 1 вароқ;

5. Республика Соғлиқни Сақлаш Вазири Феруз Назировга юборилган телеграмма матни, квитанцияси, қабул қилиб олганлик хабари – 1 вароқ;

6. 22-август кунги Судга оид тиббий экспертиза тайинлаш қарори ва Тожибоеванинг эътирози – 1 вароқ;

7. Республика Соғлиқни Сақлаш Вазири ва Республика суд тиббий экспертиза Бюроси рахбарига М.Тожибоеванинг ёзган очиқ хати – 4 вароқ;

8. Марғилон шаҳар Марказий шифохонаси бош врачи А.Боборахимовни Тожибоевага 24-декабрь кунги ёзган 120-сонли жавоб хати – 1 вароқ;

9. Суд тиббий эксперт Тохир Толиповнинг 27-февраль кунги билдириш хати – 1 вароқ;

10. Травмотолог шифокор Мамадали Тўраевнинг 2003 йил 22-декабрь кунги билдириш хати – 7 вароқ;

11. “Жиноят ишини бир қисмини маъмурий тартибда чора кўришлик учун ажратиш ҳақида”ги 2003 йил 30-октябрь кунги қарор – 2 вароқ;

12. Умид Лутфиллаевнинг Олтиариқ туман ИИБ бошлиғи Хонкелдиевга ёзишмаси – 1 вароқ;

13. “Жиноят ишини тугатиш ҳақида”ги 29-октябрь кунги қарор – 2 вароқ;

14. 25-октябрь кунги “Терговчини рад қилиш ҳақида”ги ариза – 9 вароқ;

15. 25-октябрь кунги терговчи Умид Лутфиллаев томонидан тузилган баённома – 2 вароқ;

16. Фарғона вилоят ИИБ ТБ бошлиғи Махсудов Алишерни Вилоят прокурори ўринбосари Маъруф Усмоновга “Раддияни ҳал этиш учун” ёзишмаси – 1 вароқ;

17. 11-сентябрь кунги “Мўтабар Тожибоевани жабрланувчи деб топиш ҳақида” қарор – 1 вароқ;

18. Умид Лутфиллаевнинг Мўтабар Тожибоевага 30-октябрь кунги ёзган 1951 – сонли ёзишмаси – 1 вароқ;

19. 2004 йил 2-февраль кунги Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 3-20 сонли Ҳал қилув қарори – 2 вароқ;

20. 2004 йил 2-февраль кунги Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 3-20-сонли Тақдимномаси – 2 вароқ;

21. Тожибоеванинг яшаш манзилгохидан маълумотнома – 1 вароқ;

22. 25- август кунги “Сиёсий режимнинг ишонгани енгил табиатли аёллар” номли Интернет мақоласи – 2 вароқ;

23. Воқеа юзасидан матбуот конференцияси учун маълумотнома – 1 вароқ;

24. Интернет хабари – 1 вароқ;

25. Юлдуз Рўзиеванинг яшаш жойидан маълумотнома – 1 вароқ;

26. Юлдуз Рўзиеванинг Тожибоеванинг унинг ва оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун нотариал идора орқали тасдиқланган ишончномаси – 1 вароқ;

27. Рўзиев Собирни ўлими ҳақидаги гувоҳнома – 1 вароқ;

28. Никоҳ тўғрисидаги гувохнома – 1 вароқ;

29. Рўзиев Собирни паспортидан кўчирма – 1 вароқ;

30. Хайитбоева Тожихонни ўлими ҳақидаги гувоҳнома – 1 вароқ;

31. Даъво аризадан 4 нусха – 48 вароқ.

Жаъми 101 вароқдан иборат

Даъвогар: Мўтабар Тожибоева

Даъвогар: Юлдуз Рўзиева.

06 сентябрь 2004 йил

12.11.2005. Fuqarolik sudi ajrimi

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.