Ўзбек хукумати ўз ҳалқига, зиёлиларга, қонунга итоат этувчи фуқароларга нисбатан зулмни кучайтирмоқда.

Снимок,,,,,,,

Фарғона водийсида фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари фаолларидан, журналистлардан, адвокатлардан

МУРОЖААТНОМА ТЕЛЕГРАММА

Ўзбекистонда ҳар бир ҳур фикрли инсоннинг, айниқса инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг, фуқароларнинг ҳимоячиси ҳисобланмиш, ўз касбига садоқатли адвокатларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй. Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;

Нусхаси: Ҳалқаро жахон ҳамжамиятига;

Нусхаси: Ҳалқаро матбуотлар вакилларига;

Нусхаси: Ҳалқаро ташкилотларга;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган чет эл элчихоналарига;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча инсон ҳуқуқлари ташкилотларига;

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига;

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигига;

Нусхаси: Ўзбекистон Телерадиокомпанияси раиси Абдусаид Кўчимовга;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча адвокатларга;

Мухтарам хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистонда ҳар бир ҳур фикрли инсоннинг, айниқса инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг, фуқароларнинг ҳимоячиси ҳисобланмиш, ўз касбига садоқатли адвокатларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

Хукумат вакиллари уларга нисбатан ҳар қандай жирканчликларни қилишдан тап тортмаяптилар. Жумладан «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқлари ташкилотини, унинг фаолларини «Давлат сиёсатига қарши» дея талқин қилиш яққол кўзга ташланмоқда.

14 октябрь куни бутун жаҳон ҳамжамиятига 18 та инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан имзоланган «Ўзбек пахтасини сотиб олишга байкот эълон қилинглар, ёхуд далаларда азоб чекаётган буюк келажак» деб номланган Қўшма баёнотда, шунингдек «Ўтюраклар» Клуби томонидан тайёрланган Вазирлар Махкамаси раиси Ислом Каримов номига «Жаноб Каримов ўзбек ҳалқига ҳиёнат қилишга чек қўйинг, адолатсиз қарорларингизни бекор қилинг – акс ҳолда афсус надомат чекасиз» деб номланган телеграммада баён қилинган далиллар айнан «Ўтюраклар» Клуби Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан ўтказилган мониторинг натижаларида фош қилинганлиги туфайли бу ташкилот фаолларига тажовуз кучаймоқда.

Мисол учун: Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида «Биз терроризмга қаршимиз» мавзусида ташкил қилинган норозилик пикетида қатнашган ташкилот фаоли Мўйдин Мусурмонқулов «Ўзбекистон хукумати томонидан олиб борилаётган сиёсатга қарши қаратилган чақириқлар ёзилган плакатлар кўтариб туриб намойиш ўтказган»ликда айбланиб, суд қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ваҳоланки Мўйдин Мусурмонқулов «Ўтюраклар» Клуби томонидан ташкил этилган пикетда иштирок этиб «Терроризм ва наркомафия ҳомийси Аминжон Юсуфжонов истеъфога чиқарилсин» деб ёзилган плакатларни кўтариб чиққан эди ҳолос.

«Ўтюраклар» Клубининг яна бир фаоли Акбарали (Олтинбой ака) Тўйчибоевга Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармаси рахбарлари 19 октябрь куни 26\Т рақамли алоқа хати билан «Ўз тасдиғини топмаган асоссиз ариза билан мурожаат қилиб, Ички Ишлар идоралари ходимларининг вақтини олиш билан бир қаторда уларга моддий зарар етказганлигингиз учун етказилган моддий зарарни қоплаш мақсадида Риштон туманлараро фуқаролик судига тақдимнома киритилганлигини маълум қиламиз» деган.

9 ноябрь куни ташкилотнинг «Қийноқларга қарши ҳуқуқшунослар» Ташаббускор гуруҳи рахбари Асқарали Файзуллаевнинг бошқарувидаги ВАЗ 2106 русумли 24-81 ФЕ давлат рақамли Жигули автомашинасида Наманган вилоятининг Поп тумани Жиноят ишлари судига келаётган инсон ҳуқуқлари фаолларига суиқасд қилинган.

Тахминан кундузи 10-30-11-00 ларда Майда миллат қишлоғида бир номаълум шубхали шахс Асқарали Файзуллаев бошқарувидаги Мўтабар Тожибоева, Махбуба Пирматова ва Мўйдин Мусурмонқуловлар келаётган автомашинанинг олдинги ойнасига катта тошни отиб, номерсиз 412 русумли оқ Москвичга ўтириб жуда катта тезликда қочиб кетди.

Катта тезликда отилган тошнинг кучли зарбаси туфайли автомашинанинг ойнаси чил-чил синиб кетди. Ушбу воқеа ҳақида маъмурий органларга расман маълум қилиб, судга 11.30ларда етиб келган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз ўрнида судья Нодира Бобохоновага ушбу суиқасд ҳақида ёзма маълум қилдилар.

Яқиндагина адвокатликдан судьяликка кўтарилган Поп туман Жиноят ишлари бўйича суди судьяси Нодира Бобохонова автомашинага урилган тош сабабли машинанинг аҳволини ўз кўзи билан кўриб туриб вилоятдаги прокуратура ва Ички Ишлар тизими мансабдор шахслари хоҳиш-истаги билан қалбаки хужжатлар, сохта айбловлар билан судга чиқарилган Асқарали Файзуллаевни пора бериш, фирибгарлик жиноятлари (ЖКнинг 211 ва ЖКнинг 168 моддалари) содир этганликда айблаб қўзғатилган жиноят ишини мазмунан одилона кўриш учун эмас, балким ўзининг ҳам фош бўлиб қолишидан қўрқиб адолатсиз ажрим чиқарди. Яъни судланувчини эрталаб соат 10.00га судга чақирилган бўлсада, у 11.30да судга кечикиб келганлигини баҳона қилиб, Асқарали Файзуллаевни суд залидан ҳибсга олди.

Вахонланки судья хоним 29 октябрда судни эрталаб соат 10.00га тайинлаган бўлсада, ҳамма ўз вақтида судга етиб келган бўлишига қарамасдан ҳеч бир сабабсиз судни кундузи 12да бошлаган эди. Бундан ташқари Поп туман Жиноят ишлари суди идораси остонасида эрталабдан кечгача сарсон-саргардон юрган фуқароларни деярли ҳар куни учратиш мумкин.

Нодира Бобохонова нафақат прокуратура, Ички Ишлар мансабдорлари топшириғини бажарди, балким ўзи яқиндагина эгаллаган судьялик лавозимидан айрилиб қолмаслик учун ҳам, яъни Асқарали Файзуллаевга нисбатан бўлган шахсий ғаразини яшира олмай ўзининг собиқ хамкасби адвокатни ҳибсга олди.

Нодира Бобохонова адвокатлик вазифасида ишлаган пайтида терговчилар билан жиноий тил бириктириб, айбсиз фуқароларга сохта айбловлар қўйишиб, уларга тайзиқ ўтказишда фуқаролардан таъмагирлик билан пул ундириш фитналарида фаол иштирок этган.

Бунга биргина Поп туман ИИБ тергов бўлинмаси катта терговчиси милиция капитани Б.Мирзааҳмедовни 2003 йил 5 ноябрь кунги «Ушланган, қамоққа олинган, гумон қилинган, ёки айб эълон қилинган вақтдан ҳимоя ҳуқуқи билан таништириш ҳақидаги баённомаси»га адвокат Нодира Бобохоновани чеккан имзоси яққол мисол бўла олади.

Чунки фуқаро Нодиров Тохирни терговчи сохта айблов билан қўрқитиб 233478-сонли жиноят иши бўйича Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми «в» бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айблаб, Тохир Назиров қўлига ушбу баённомани бериб, адвокат Нодира Бобохоновага учрашишини айтган.

Нодира Бобохонова Тохир Назировдан пул олиб «Мен ҳимоячи хизматига муҳтож эмасман» деб Назиров номидан баённома ёздириб, Назировга имзо чектиргизиб, кейин «Ҳимоячи» деб ўзи ҳам жимжимадор имзо чеккан.

Шундан сўнг Тохир Назировни аризасига биноан адвокат Асқарали Файзуллаев Назиров Тохирни ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш учун 6 ноябрь 2003 йил куни 57-сонли ордерни ИИБ ТБга топширганидан кейин терговчи Б.Мирзааҳмедов жиноят иши материалларини қаергадир ғойиб қилган.

Судланувчи Асқарали Файзуллаев 29 октябрь куни суд жараёни бошланганда суд таркибини, хусусан судья Нодира Бобохоновани ҳам рад қилиб, ишни одилона кўра олмаслигини билдириб, 13 вароқдан иборат «Рад қилиш ҳақида» ёзма талабнома топширди. Ушбу талабноманинг 11-вароғида айнан Нодира Бобохонованинг терговчи Б.Мирзааҳмедов билан жиноий тил бириктириб фуқаро Тохир Назировни Конституция билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликларини бузганлигини фош қилган эди.

Агар Асқарали Файзуллаевнинг пора бериш ва фирибгарликда айбланадиган ушбу жиноят ишини одилона, қонунларга бўйсунган ҳолда ҳал этилса, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24-сентябрдаги «Далиллар мақбуллигига оид Жиноят Процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 12-сонли қарорига амал қилинса терговчи Б.Мирзааҳмедов билан биргаликда Нодира Бобохоновага ҳам жиноят иши қўзғатилиши керак.

Биз 4 нафар Инсон ҳуқуқлари фаолларига 9 октябрь куни уюштирилган суиқасдда айни Поп туман прокуратураси рахбарлари ва судья Нодира Бобохоновани қўли бор деб ҳисоблаймиз.

Чунки 9 октябрь куни инсон ҳуқуқлари фаоллари, хусусан «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқлари ташкилоти рахбари, мустақил журналист Мўтабар Тожибоева ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларнинг судга келишини Нодира Бобохонова ва прокуратура вакиллари билар эдилар. Улар инсон ҳуқуқлари фаолларини ҳимоячи сифатида судга киритмаслик учун ҳаракат қилдилар.

Лекин Республика Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори Поп туман маъмурий органлари амалдорларидан устун келиб, 4 ноябрь куни Нодира Бобохонова ҳуқуқ ҳимоячиларини Асқарали Файзуллаевнинг ишида ҳимоячи сифатида қатнашишларига ажрим чиқаришга мажбур бўлган.

Бу ҳимоячиларнинг қўлида нафақат Нодира Бобохоновани, ИИБ терговчиси Б.Мирзааҳмедовни, балки Поп туман прокурори Муҳаммадхон Жўраевни, прокурор ўринбосари Х.Мадаминовни фош этадиган хужжатлар ва видеокассета борлигини, хужжатлар ва видеокассетани ашёвий далил сифатида судга ҳавола қилишларини билар эдилар.

Уюштирилган суиқасд инсон ҳуқуқлари ҳимояларидан хужжатлар ва видеокассетани олиб қўйиш ниятида қасддан уюштирилган. Бу хужжатлар ичида Улуғбоев Исроилни Жиноят Кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги Жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2003 йил 14 январь кунги хукми, ушбу хукм қонуний кучга кирмай туриб, яъни 8 февраль кунги «Диёнат» газетасининг 5-6(257-258) сонида Поп туман прокурори Муҳаммадхон Жўраевнинг «Фармондан сўнг» рукни остида «ИМКОНИЯТ – УНИНГ ҚАДРИГА ЕТИШ КЕРАК» номли мақоласи, Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти судининг 2003 йил 17 февраль кунги маҳкум Улуғбеков Исроилжон Исмоилович қамоқдан озод қилинганлиги хақидаги 126-ж сонли ажрим ҳам бор.

Шунингдек Солиҳов Алижонни ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми «в», «к» бандлари билан айбдор деб чиқарилган 22 январь 2003 йил кунги хукм, 24 январь кунги Асқарали Файзуллаевнинг «Солиҳов Алижонни айбсиз жиноий жавобгарликка тортганлиги учун Поп туман прокурорининг ўринбосари Х.Мадаминовга ЖКнинг 230-моддаси билан жиноят иши қўзғатишни, олдиндан била туриб адолатсиз ҳукм чиқарганлиги учун Жиноят Ишлари бўйича Поп туман суди раиси Б.Ботировга ЖКнинг 231-моддаси билан жиноят иши қўзғатишни талаб қилиб ёзган аппеляция шикояти ва Солиҳов Алижонни қамоқдан озод қилинганлиги ҳақидаги Жиноят ишлари Наманган вилоят судининг ажрими, фуқаро Н.Ортиқовни ҳимоя қилиб, судда жиноят иши қўшимча терговга қайтарилганлиги, қўшимча терговда жиноят иши реабилитация қилинганлиги ҳақидаги хужжат мавжуд.

2002 йил 15 октябрь куни оилавий зўравонлик қурбони Мўйдинова Гуласалга нисбатан Поп тумани Пунгон ҚФЙ Тошкент кўчасида яшовчи Мамажоновлар оила аъзоларининг ваҳший қотиллик жинояти содир этганликлари юзасидан Асқарали Файзуллаевнинг Жиноят Ишлари бўйича Наманган вилоят судидаги «Ушбу жиноят ишини аниқ реал билган ҳолда, жиноятчиларни жиноий жавобгарликка тортмаган, ўз хизмат вазифаларига нисбатан пала-партиш ва виждонсизларча муносабатда бўлган Поп туман прокурори М.Жўраев ва унинг ўринбосари Х.Мадаминовларга ЖКнинг 302-моддаси билан ажрим чиқариш, ушбу жиноят иши бўйича адолатсиз ва бир томонлама хукм чиқарганлиги учун жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси О.Каттахўжаевнинг устидан ҳусусий ажрим чиқаришингизни сўрайман» деб ёзган ҳимоя фикри мавжуд.

Марҳума Гуласалнинг отаси Пунгон ҚФЙнинг собиқ раиси Ҳалимбой Мўйдиновдан олинган видеокассетада эса ваҳший қотил Хожиакабар Мамажоновни дастлабки терговдаги келин ойиси Гуласални, уни турмуш уртоғи, яъни акаси Аҳмаджон Мамажонов иштирокида аввал ўлдириб, кейин осганлиги ҳақида сўроқ кўргазмаси мавжуд.

Яна бу видеокассетада Республика Телерадиокомпаниясининг «Ёшлар» телеканали «Адолат мезони» кўрсатуви учун журналист Сафарали Рахмонов томонидан журналистик суриштирув ўтказилгани ва 20 минутлик «Гуласалнинг сирли ўлими» кўрсатувини телевидение ходимлари Сафарали Рахмон, Ғайрат Рахматов, Сайёра Азимова, Тохир Суяров, Абдухамид Толипов, Хосият Низомова, Енгелгу Неонегин, Фазлиддин Сирожиддинов, Раҳнамо Паттаева, Абдуазим Алимовлар томонидан эфирга қўйишга тайёрланган, тасвир учун матнларни муаллиф номидан Маъмиржон Абдиев ўқиган кўрсатув бор.

Бу кўрсатув эфирга қўйиш учун тайёрланган, унда хамшира Зулфия Машарипова, Гуласални келинойиси Зубайда Қўчқорова, амакиси Каримжон Мўйдинов, опаси Муяссар Мўйдинова, отаси Ҳалимбой Мўйдинов, қотил Мамажонов Хожиакбар, унинг акаси Гуласалнинг эри, уни осиб ўлдиришда иштирок этган Ахмаджон Мамажонов, жиноят иштирокчиси Гуласални қайнонаси Асал Хамроқулова, Поп туман прокурорининг собиқ ўринбосари Хусниддин Мадаминов, Поп туман суд тиббий экспертиза бўлинмаси эксперти Шохберди Сатторовлар интервьюлари, Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси О.Каттахўжаев раислигида Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди биносида Мамажонов Хожиакбарнигина жиноий жавобгарликка тортиш учун ўтказилган суд жараёни эфирга узатиш учун тасвирга олинган эпизодлар мавжуд.

Бу суд процессида биргина ашаддий қотил суднинг маҳкумларнинг жойи камера ортида ўтирибди, адвокат Асқарали Файзуллаев эса жабрланувчиларни манфаатларини ҳимоя қилиб, Поп туман прокурори М.Жўраевга, унинг ўринбосари Х.Мадаминовга жиноят иши қўзғашни, судья О.Каттахўжаевга хусусий ажрим чиқаришни, қолган қотиллик жинояти вакилларига ҳам жиноят иши қўзғатишни талаб қилганди.

9 ноябрь куни эса Асқарали Файзуллаев худди шу камерага тиқилди. Икки йил аввал видоетасвирга олинган, лекин қандайдир кучлар томонидан эфирга узатилишига монелик қилинган «Гуласалнинг сирли ўлими» номли кўрсатув якунида журналистнинг «Ана сизга адолат истаб мурожаат этадиган суднинг инсонларга бўлган муносабати.

Вахоланки қуйи судлар йўл қўйган хатони юқори судлар тузатишлари лозим. Ана шунда суд адолатга хизмат қилган бўлади. Юртбошимиз айтганидек одамлар қийинчиликларга, иссиқ-совуққа, ҳаттоки очликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликни кўтара олмайдилар» деган фикрларни айтиб кўрсатувни якунлаган.

Ҳўш, ҳимоячи Асқарали Файзуллаев ва у ҳимоя қилаётган жабрланувчилар ўша пайтда Республика Телерадиокомпаниясидан АДОЛАТ истамаганмидилар? Агар ўша кўрсатув эфирга узатилганида эди, бугун ҳибсга Асқарали Файзуллаев эмас, Поп туманида қонун номидан иш кўрувчи прокурор, унинг ўринбосари, Жиноят ишлари суди судьяси, ҳаттоки собиқ адвокат – Асқарали Файзуллаевга шахсий хусумати бўлган судья Нодира Бобохоновалар ўтирган бўлардилар.

Бу «АДОЛАТ МЕЗОНИ» бўла олмаган кўрсатувни ким нима мақсадда, қандай манфаатлар билан эфирга узатмади? Бу саволга ким жавоб беради?

Биз Асқарали Файзуллаевга нисбатан товламачилик жиноятини содир этган сохта жабрланувчи Азиза Эргашева ва ўзини Файзуллаевлар хонадони вакилларига «Мен Республика Телевидениесининг журналистиман, Асқарали пул бермаса танқидий кўрсатув тайёрлаб, Ўзбекистон бўйича шарманда қиламан» деб фирибгарлик жиноятини содир этган Тўрақўрғонлик Рахматуллаева Мухаббатларга қонуний чора кўришни сўраб 2004 йил 22 январь куни Наманган Вилояти Ички Ишлар Бошқармасига ариза ёзиб, натижада тухматга қолиб, жиноятчига айланган.

Бу ҳам етмагандек Асқарали Файзуллаев Фарғона вилоятида адлия бошқармасининг адвокатлар малака комиссияси томонидан қонунга зид равишда, ўзининг иштирокисиз муҳокама қилиниб, адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилинган, Наманган вилояти ИИБга терговчи Икром Абдуллаевни қидириб бир неча марта ИИБ қабулхонасига келиб рўйхатдан ўтган бўлишига қарамай унга нисбатан қидирув эълон қилинган

Биз ушбу мурожаатномамиз орқали Учкўприк тумани «Нажот» адвокатлик фирмаси адвокати, Инсон ҳуқуқлари фаоли – «Қийноқларга қарши ҳуқуқшунослар» Ташаббускор гурухи раҳбари, ҳуқуқшунос Асқарали Файзуллаевни зудлик билан ҳибсдан озод қилишни, унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини хужжатларини холис бир худудда кўриш учун юборишни талаб қиламиз.

Республика Телерадиокомпанияси раҳбари Абдусаид Кўчимовга икки йилдан буён эфирга узатилмаган «АДОЛАТ МЕЗОНИ» рукнидаги «ГУЛАСАЛНИНГ СИРЛИ ЎЛИМИ» кўрсатувини зудлик билан эфирга узатилишини, кўрсатув шунча муддат эфирга узатилмаганлигига айбдор шахсларни топиб, уларга қонуний чора кўришни талаб қиламиз.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясидан одил судлов номига номуносиб Нодира Бобохоновани судьялик лавозимидан четлатишларини талаб қиламиз.

Ушбу талабларимиз 15 ноябрь кунигача бажарилмаса, шу кундан эътиборан давомли, узлуксиз равишда Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди биноси рўпарасида, Тошкентда Президент девони биноси олдида, Республика Телерадиокомпанияси биноси рўпарасида, Адлия Вазирлиги биноси рўпарасида ҳар куни соат 10дан бошлаб «Инсон ҳуқуқи фаоли Асқарали Файзуллаев озодликка чиқарилсин», «Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди судьяси Нодира Бобохонова истеъфога чиқарилсин», «Республика Телерадиокомпанияси раҳбарияти истеъфога чиқарилсин», «Ҳалол ва қонуний ишловчи адвокатларни ҳимоя қила олмайдиган, жиноятчи адвокатларнинг ҳимоячиси Республика Адлия Вазирлиги мансабдорлари истеъфога чиқарилсин» каби мазмунда плакатларни кўтариб, норозилик пикетлари уюштириб, ўтказишга мажбур бўламиз.

Биз Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча инсон ҳуқуқлари фаолларини, мухолифот партия вакилларини, ҳур фикрли инсонларни бизнинг ушбу мурожаатномамизга қўшилиб, ўтказилажак пикетларда иштирок этишларига чақирамиз.

Ўзбекистондаги ҳалол адвокатларни эса Асқарали Файзуллаевнинг ҳимояси учун унга нисбатан уюштирилган сохта жиноят ишига ҳимоячи сифатида киришларини сўраймиз.

1. «Ўтюраклар» Клуби Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти;

2. «Халқпарвар» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти;

3. «Таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари» ташкилоти;

4. «Диний эътиқод ва Инсон ҳуқуқлари» ташкилоти;

5. «Тезкор журналистлар» Ташаббускор гуруҳи;

6. «Қийноқларга қарши ҳуқуқшунослар» ташаббускор гуруҳи;

7. Учкўприк туман «Нажот» адвокатлик фирмаси вакиллари;

8. Фарғона шаҳридаги «Ферузбек» адвокатлик фирмаси вакиллари;

9. Наманган вилояти «Ҳимоя» гуруҳи;

10. «Эзгулик» ИХЖ Поп-Чуст худудий бўлими;

11. «Эзгулик» Андижон вилояти Жалолқудуқ бўлими;

12. «Мазлум» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти;

13. Инсон ҳуқуқлари ҳалқаро жамияти вакили Жўра Зокир;

14. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Мустақил ташкилоти;

15. «Эзгулик» ИХТ Наманган вилоят бўлими;

16. Тошкент шахар Юнусобод туман 2-сонли ҳуқуқшунос маслаҳатхонаси;

17. ИХХЖ Ўзбекистон секцияси Наманган вилоят вакиллари.

ИЗОҲ: Ушбу мурожаатномада Поп туман Жиноят ишлари суди судьяси Нодира Бобохонова ва бошқа мансабдорларга нисбатан қўйилган айбловлар ҳақиқатлигига «Ўтюраклар» Клуби Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоева кафолат беради ва қизиқувчи шахслар унинг қўлида мавжуд бўлган хужжатлар билан истаган пайтларида танишишлари мумкин.

Маълумот учун манзил:

Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар
Зухро кўчаси 31-уй 31-хонадон.
Телефон (8-3732-35-03-48)

Мўтабар Тожибоева.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.