Жаноб Каримов! Ўзбек ҳалқига хиёнат қилишни тўхтатинг! Акс холда афсус надомат чекасиз!

Снимок,,,,,,,

ТЕЛЕГРАММА

Тошкент. Мустақиллик майдони. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

Вазирлар Маҳкамаси раиси Ислом Каримовга.

«Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан 2004 йил 3 май кунги «Жаноб Каримов, адолатсиз қарорларингизни бекор қилинг!» деб номланган очик хатда қуйидагиларни ёзганди:

«Ўзбекистон хукумати ХХ1-асрда яшамоқда. Оддий ҳалқ эса ўзини ХV-XV1-асрларда яшаётгандек ҳис қилмоқда. Чунки бу асрнинг ёлғончи-ю каззоб Сарой шоирлари-ю, муттахам, таъмагир қозилари, қўли қонга ботган жаллодлари-ю, «Боғдодда ҳамма ёқ тинч» дея ўзини ҳам, хукмдорни ҳам, ҳалқни ҳам алдовчи Сарой аёнлари мавжуд.

Ҳаттоки, бу асрнинг қийин ва узоқ йўллардан минг азоблар билан келаётган савдогарлар карвонига хужум қилгувчи қароқчилари ҳам бор. Булар – давлат солиқ идораси, солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаменти. Бу қароқчиларга давлат божхонаси вакиллари рахбарлик қиладилар.

Ҳа, тан олиш керакки, Сиз ўзингиз Фармон Билан «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» фаҳрий унвони тақдим этганингиз Кимё ва ҳуқуқ фанлари доктори божхона хизмати полковниги профессор Иброҳим Асқаровнинг изланишлари туфайли Менделеевнинг жадвалига 22-сон билан янгилик киритилди. Кимё жадвалига ўзбек фарзанди янгилик киритди.

1996 йили Бутунжаҳон Божхона ташкилоти бош котиби жаноб Жеймс Шевьер Ўзбекистонга ташриф буюриб, божхона тизимида қилинаётган ишларни кўриб таъсирланган ва 6 миллион экюлик 10дан ортиқ замонавий асбоб ускуналарни совға қилганди. Шунингдек 1997 йил 15-июлдаги Республика Фан ва техника давлат кўмитасининг 14-сонли қарори билан дунёда биринчи марта янги Фан сохаси рўйхатга олинди.

Жаноб Жеймс Шевьер яна Ўзбекистонга келиб, божхонадагиларнинг кирдикорларидан бохабар бўлса эди, бутун дунёга бонг уриб, ўзбек савдогарларини хукумат вакиллари хисобланмиш қароқчилар тўдасидан қуткаришга чақирар эди. Чунки «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида»ги 2002 йил 6-май куни тасдиқланган 154-сонли қарорингиздан на хукумат, на ҳалқ, на савдогарлар манфаат кўрмоқда. Аксинча солиқчи ва божхоначи кийимига ўранган бу қароқчилар очиқ ошкора савдогарларга хужум уюштириб, уларни, ҳаттоки вояга етмаган гўдакларни қам аямаяптилар.

6-май куни 154-сонли қарорни қабул қилганингизга 2 йил тўлар экан. Сиз иқтисодчисиз. Ўзингиз бир сархисоб қилиб кўринг. Ушбу қарорингиз ҳалқни янада қашшоқ, янада ночор қилди ва хукуматдан норозилар сафини кенгайтирди холос.

Авваллари Қозоғистон унини 6-7 минг сўмдан олинар эди, хозир эса 20 минг сўм. Сифатсиз, ейишга яроқсиз ўзбек унини 7-8 минг сўмдан олиш мумкин. Лекин ҳар бир инсон ҳам сифатли махсулот олишга интилади. Бундай мисолларни истаганингизча келтириш мумкин.

Сиздан Мамлакат иқтисодиётига ва аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатиб, ҳалқни қашшоқлантирган, давлат ғазнасини эмас, фақатгина қароқчиларнинг сандиғини тўлдираётган «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида»ги 2002 йил 6-май куни тасдиқланган 154-сонли, «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2002 йил 12-июль кунги 248-сонли, «Республикага истеъмол товарлари ноқонуний олиб келиниши ва сотилишини олдини олиш чора тадбирлари тўғрисида»ги 2002 йил 19-июль кунги 257-сонли, 2002 йил 20-август кунги «Лицензиялашни бекор қилиш ҳамда истеъмол товарларини олиб келиш ва Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида сотишни такомимиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги 295-сонли ва 330-сонли қарорларингизни зудлик билан бекор қилишингизни, шунингдек Мамлакатни иқтисодий инқирозга юз тутишига сабаб бўлган ушбу қарорларни ишлаб чиққан мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришингизни қатъий талаб қиламиз.

Ушбу талабларимиз қисқа муддатларда хукумат миқёсида ҳал этилмас экан, Андижон вилояти Божхона бошлиғи С.Алламуродов рахбарлигидаги қароқчиларнинг ва Фарғона вилоятидаги Солиқчилар кийимидаги қароқчиларнинг юзлаб қурбонлари ва бундай зулмни умрида кўрмаган минглаб савдогарлар билан биргаликда водийнинг энг катта бозорларида норозилик чиқишлари ташкил этишга мажбур бўламиз.

Ушбу норозилик тадбирининг бошланиши эса 2004 йил 6 май куни, яъни 154-сонли қарор қабул қилинган куни ўнлаб адолатсизлик қурбони бўлган, мол-мулки давлат фойдасига эмас, қароқчилар чўнтагига жой бўлган, шунингдек қароқчилар томонидан тан жароҳатлари олиб, қолмишига яна жазоланган вояга етмаган гўдак қизчанинг «очлик» эълон қилиши билан бошланади…

Жаноб Раис!

Бизни водийнинг барча аҳолисини жалб қилишга, водий кўчаларига бутун аҳолини чиқариб, кўча юришлари қилишга мажбур қилманг! Хукуматни ва Мамлакатни яқинлашиб келаётган тўфон-у, бўронлардан қутқариш учун зудлик билан ушбу қарорларни бекор қилинг!»

Ушбу очиқ хат кенг жамоатчиликка хавола қилиниб, қонуний чора кўриш учун Сизга юборилди. 6 май куни Андижон вилояти божхонаси корчалонларидан жабр тортган ўнлаб савдогарлар оилалари 154-сонли қарорни бекор қилишни талаб қилиб «очлик» эълон қилдилар.

Лекин на Сиздан, на Сиз бошқараётган хукуматдан садо чиқмади.

Шундан сўнг 18-июль куни «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳукуклари ташкилотидан Сизга телеграмма юборилди.

Ушбу телеграммада куйидагилар ёзилганди:

Андижон вилояти Қирғизистон Республикаси Билан чегарадошлиги боис кунига минглаб савдогарлар чегарани бузиб ўтиб Қорасув бозоридан савдо-сотиқ маҳсулотлари олиб ўтадилар.

Чегарачилар, божхоначилар учун Вазирлар Махкамасининг 154, 248, 257 ва 295-сонли қарорлари даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Божхоначи кийимидаги қароқчилар савдогарларнинг мол-мулкини таламоқда. Уларнинг жиноий кирдикорларига прокуратура ва жиноят ишлари судлари ҳомийлик қилмоқда.

Жумладан: Марғилон шаҳар Тинчлик кўчаси Тупик 1-6 уйда яшовчи Хусанов Ахатни 10-март куни божхона ходимлари аёвсиз калтаклаганлар. Хусанов ва унинг хотини Андижон вилояти прокуратурасига 11-март куни шикоят ариза ёзган, лекин натижа йўқ.

2004 йил апрель куни Ирматова Мўътабар, Ишонқулова Шахноза, Ирматова Малика ва Усмонова Муаззамлар Андижонлик 17А 68-38 рақамли Дамас автомашинасида Қорасувдан сотиб олган товарлари Билан келишаётган пайтда божхона ходимлари уларни қўлга олишган. Ирматова Малика тўполон қилгани учун уни товарларини дарҳол қайтариб беришган.

Ишонқулова Шахнозадан 20 минг сўм пора олиб, товарларидан 25 минг сўмлигини ўғирлаб қўйиб, кейин қайтариб беришган. Усмонова Муаззамни товарларини ҳеч қандай хужжат расмийлаштирмай олиб қўйишган. Ирматова Мўътабарни товарлари хом Ашё бўлсада олиб қўйишган. Усмонова Муаззамни 360 минг сўмлик товарлари изсиз йўқолган.

Ушбу ноқонуний ишлардан норози бўлиб Ирматова Мўътабар «очлик» эълон қилиб, 6 май куни Ҳалқаро матбуотларга интервью берганидан сўнг уни маъмурий жавобгарликка тортишган ва Булоқбоши туман жиноят ишлари суди божхона ходимларининг ўғриликлари, порахўрликлари ҳақидаги далилларни эшитиб туриб, бу далилларга ҳуқуқий бахо бермаган.

12 январь куни эса фуқаро Каримова Азиза Қўқонлик савдогарлар Ахмедов Ғайрат ва Махкамов Шавкатлар Билан биргаликда Ашуров Қиличбек ва Мамажонов Илхом бошқарувидаги Нексия автомашинасида бозордаги шериклари Қаҳҳорова Одина, Дўсматова Хосият, Шокирова Мўътабарларнинг юкини олиб келаётган пайтда божхоначилар томонидан тутилган ва товарларнинг кўпини божхоначилар ўғирлашган.

Каримова Азиза божхоначиларнинг кирдикорларини, жиноятларини фош қилганлиги учун прокуратура ундан ўч олди ва у Жиноят Кодексиниг 182-моддаси 2-қисми «а» банди, 223-моддаси 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилиб, ғайриқонуний равишда қамоққа олинди.

Божхоначиларнинг кирдикорларини фош қилиб кўргазма берган Қаҳҳорова Одина, Дўстматова Хосият ва Шокирова Мўътабарларни аввал ёлғон гувохлик учун Жиноят Кодексининг 240-моддаси билан жиноятчи деб топиш ва суд қилиш билан қўрқитдилар. Савдогарлар ўз фикрларида қатъий турганларидан кейин Жиноят

Кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди ва 223-моддаси 1-қисми билан айбладилар. Уларнинг божхоначиларни фош этиб берган кўргазмаларидан аввало Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди, кейинчалик Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди кўз юмди. Ахмедов Ғайратни, Махкамов Шавкатни, Хусанов Ахат ва юзлаб тадбиркорларни ўзларининг иштирокисиз ғайриқонуний суд қилиб, божхоначи-қароқчилардан ортган товарларни давлат фойдасига мусодара қилган Хўжаобод туман Жиноят ишлари суди раиси Сотволдиев божхоначиларнинг жиноятларини фош этаётган аёллардан ўч олиш илинжида уларга жиноят иши қўзғаш учун 12-апрель куни ажрим чиқариб ишни терговга қайтарди. Ушбу ажрим ноқонунийлиги учун бекор қилишни сўраб аппеляция шикояти ёзилди. 25-май куни Ушбу иш вилоят судида аппеляция тартибида кўрилиши керак эди.

Афсуски Сизни Андижон вилоятида ўтказган навбатдан ташқари Сессиянгиз куни суд бўлмади. Лекин кейинчалик божхоначиларни жиноятини яшириш мақсадида вилоят суди ноқонуний равишда ушбу ишни аппеляция шикояти муаллифларисиз кўриб чиқиб, ажрим кучида қолдирилибди. Вилоят судининг бу ажрими ҳеч кимга берилмаган….

Юқоридаги мазмунда ва бошқа далиллар ҳам фош этилган ушбу телеграммага ҳам жимлик билан, сукут сақлаб жавоб бермадингиз.

Ўзбек ҳалқининг тобора қашшоқлашиб бораётганидан қувониб Вазирлар Маҳкамасининг 387-сонли ва 413-сонли қарорларига имзо чекдингиз. «Салла олиб кел» десангиз калла олиб келгувчи югурдакларингиз дарҳол талончиликни бошлаб юбордилар.

Айниқса Фарғона вилоятидаги Ташкилий Сессияда сўзга чиқиб, Сизга ялтоқланган ашаддий жиноятчи –вилоят прокурорининг собиқ ўринбосари Қўқон шаҳар хокими Маъруф Усмонов сизга яна бир бор ёқиш учун жонбозлик кўрсатди. Натижада 1-ноябрь куни Қўқонда 15 минг кишилик намойиш бўлиб, автомашиналар ёндирилди. 2 ноябрь куни эса Фарғона шаҳрида мингдан ортиқ тадбиркорлар норозилик намойиши ўтказиб, транспорт йўлларини тўсиб қўйишди.

Жаноб Каримов!

Сизни ва югурдакларингизни ғайриқонуний харакатларингиз ҳалқни жонидан тўйдирди. Кўзингизни очиб, атрофга қаранг. Яқинингизда ўз манфаати учун ҳар қандай разилликдан тап тортмайдиган икки юзли кимсалар тўпланган. Бундай ғайриқонуний харакатлар хукуматни инқирозга олиб келади холос.

Биз Сизга Мамлакатга келтириладиган махсулотларга кенг йул очиб беришингизни, юқорида санаб ўтилган ғайриинсоний қарорларингизни зудлик билан бекор қилишингизни, ушбу қарорларни ўйлаб топган кимсаларни жиноий жавобгарликка тортишингизни қатъий талаб қиламиз.

Польша иқтисодий инкирозга юз тутганда Мамлакат рахбари давлат чегараларини очиб ташлади. Ҳамма Польшага югурди. Польша жаҳон бозорига айланди ва қисқа муддатда мамлакат иқтисодий инқироздан чиқиб кетди. Сиздан Польша усулини қўллашингизни кескин талаб қиламиз.

Ушбу телеграммамиз аввалгилари сингари жавобсиз қолса, биз инсон ҳуқуқлари ташкилотлари рахбарлари, фаоллари водийдаги катта бозорларда Сиз бошқараётган хукуматнинг истеъфосини талаб қилиб, зўравонликка таянмаган, лекин ноқонуний намойишлар бошлашга мажбур бўламиз.

Ноқонуний ўтказилажак намойишларни ташкиллаганлик учун ўзбек ҳалқини камбағалликдан қутқариш йўлида жиноий жавобгарликка тортилишга ҳам рухан тайёрмиз.

«Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти;

«Диний эътиқод ва инсон ҳуқуқлари» ташкилоти;

«Таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари» ташкилоти;

«Ҳалқпарвар» инсон ҳуқуқлари ташкилоти;

«Қийноқларга қарши ҳуқуқшунослар» ташаббускор гуруҳи;

«Тезкор журналистлар» ташаббускор гуруҳи.

Телеграммани жўнатишга масъул
Марғилон шаҳар Зухро кўчаси 31-уй 31-хонадонда яшовчи
Мўътабар Тожибоева.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.