Мўътабар Тожибоева: Бундан кўра гўнг титганинг яхши эмасми, қари товуқ!

Снимок,,,,,,,

Республика Оммавий ахборот воситаларига, Республика «МАҲАЛЛА» газетасига

ОЧИҚ ХАТ ТЕЛЕГРАММА

Мўътабар Тожибоеванинг Ўзбекистон Оқсоқоллар кенгаши ва «Маҳалла» жамғармаси бошқаруви раиси Аъзам Гадойбоевга РАДДИЯСИ!

«Бундан кўра гўнг титганинг яхши эмасми, қари товуқ!»

Мухтарам жаноб!

Сиз бу китобингизни манимча иситмалаб, алаҳлаб ётган паллангизда қоралабсиз шекилли. Агар шундай холатда ёзган бўлсангиз Сизни тушунаман, чунки одам алаҳлаётган пайтида кўзига турли туман қўрқинчли нарсалар кўриниб безовта қилади.

Сизнинг алаҳлашингиз ҳам шунчалар авжга чиққан эканки, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан террористлар, экстремистларни бир биридан фарқлай олмай қолибсиз.

01 январь 2005 йил

Жаноб Гадойбоев!

Мен Сизнинг филология фанлари доктори Асқар Мусақуловнинг масъул мухаррирлигида, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Тўра Мирзаев, фалсафа фанлари доктори профессор Самин Рахимовлар тақризчилигида ва Илхом Каримов ноширлигида Республика «Маҳалла» жамғармаси бошқаруви раёсатининг қарори асосида «Маҳалла зиёси» ўқув-услубий маркази томонидан нашрга тавсия этилиб «Янги аср авлоди» нашриёт матбаа маркази томонидан ўн минг нусхада чоп этилган ва маҳаллаларда ғайриқонуний равишда 2500 сўмдан нақд пулга сотилаётган «ҲАЛҚ ЙЎЛИ – ҲАҚ ЙЎЛ» деб номланган китобингизни ўқиб чиқдим. Ижодингиз махсулини ўқидим-у, негадир дарҳол кўз ўнгимга «Қутлуғ қон» романи қаҳрамони Йўлчининг бой тоғасига қарата «Бундан кўра гўнг титганинг яхши эмасми, қари товуқ» деган гаплари эсимга тушди.

Бундан ташқари рахбарларга ёқиш иштиёқи сизни шунчалар шошириб қўйибдики, Сиз ўзингиз оғиз тўлдириб мақтанган Буюк Ўзбекистоннинг Оқсоқолларининг раҳбари оғзидан боди кириб шоди чиқяпти. Ёки Сиз ўзбек миллатини бутун дунёга мана шундай тарбиясиз, мантиқсиз ҳалқ тарзида кўрсатмоқчимисиз?

Сиздан ушбу китобингиздаги мен ҳақимда ёзган барча фикрларингиз, ҳақорат ва тухматларингиз учун зудлик билан, яъни 7–январь кунигача Республика оммавий ахборот воситалари орқали расман кечирим сўрашингизни, унгача мени қаерда, кимларнинг гувоҳлигида ҳалқни давлатга қарши қайраганлигимни исботловчи далилларни ҳавола қилишингизни, 10–январда эса Фарғонага Сиз ва Сизнинг тарафдорларингиз билан бўладиган очиқ мулоқотга боришингизни, 20–январь кунигача ўз иҳтиёрингиз билан истеъфога чиқишингизни қатъий талаб қилаб қиламан.

Бундай талаблар билан чиқишимга қуйидагича асосларим бор:

Китобнинг 180–варогида «Диний–экстремистик ташкилотларнинг асл мақсади хокимиятни эгаллаш бўлиб, ислом дини улар учун ниқоб, ақидапарастлик ва терроризм қуролларидир. Ҳалқ таъбири билан айтганда: «Оқ ит, қора ит – бари бир ит» хуради, талайди, қўрқитади, аммо йўлимиздан қайтара олмайди» дейилган.

192–вароқдан бошланувчи «Ит хурар, карвон ўтар» мақоласида эса қуйидагилар ёзилган: «…Жахон оммавий матбуот органларида Юртбошимиз, демократик давлатимиз, ўлкамизда кечаётган туб ислоҳотлар ҳақида турли миш-мишлар тарқатаётганлар каби ўзини-ўзи бошқариш органлари, Жамғармамизнинг ҳам ўзига етарли мухолифлари бор экан.

Уларнинг дўстлигини ҳам, душманлигини ҳам билиб бўлмайди киши. Душман десанг, ачиниб, ғамхўрлик қилиб гапираётгандек бўлишади, дўст десанг, гаплари ҳақиқий ҳаётимиз, турмуш тарзимизга бутунлай зид, ёлғон. Ўзларига ўзи қўйиб олган «инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси» деган баландпарвоз номлари унча-мунча одамни эшитганданоқ гангитиб ташлайди. Биз яхши биламизки, диний-экстремистлар ҳам, уларнинг тарафдорлари ҳам ўзларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари деб биладилар.

Улар бешикларидан тортиб, то тобутларигача қандайдир нуқсон ахтаришади…

Биз бундай дўстлиги ҳам, душманлиги ҳам мавхум кишиларни мухолифлар, деб атадик. Мухолифларимиз овсар эмас, аксинча жуда ақлли. Ҳақиқат билан ёлғонни шундай қориштириб юборадиларки, унча-мунча одам фарқига бормай қолади.

Кузатишларимизча, мухолифларимиз фаолиятида ўч салбий жихат яққол кўзга ташланиб туради:

1. Мухолифларимиз ўзбек ҳалқининг миллий анъана ва урф одатларини билишмайди, йўл йўлакай кўрганларини ўзининг тарозисига солиб таҳлил қилиб кетаверади. Далилларни ўзларича шархлашади.

2. Улар ахборотларни ишончсиз кишилар, аниқроғи ўзларига маъқул одамлардан олишади, ундайлар топилмаса, ўзлари тўқиб ташлашади.

3. Мухолифларимиз ўзларини биздан ақллироқ, адолатлироқ хисоблашади…

… Маълумки, мустақиллик йилларида маҳаллалар кучли давлатдан кучли жамият сари боришда энг етакчи куч, демократик институт деб эътироф этилди.

Президентимиз айтганидек: «Биз фуқаролик жамиятини қуришга интилмоқдамиз. Бунинг маъноси шуки, давлатчилигимиз ривожлана борган сари бошқарувнинг турли вазифаларини бевосита ҳалққа топшириш, яъни ўзини-ўзи бошқариш органларини янада ривожлантириш демакдир».

Бироқ муҳолифларимизга ишонсак, бутунлай бунинг акси, ўзини-ўзи бошқариш органлари демократиянинг ашаддий душмани, маҳалла фаоллари давлатнинг махфий агентлари бўлиб чиқади.

Ўзини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳалқаро ташкилот деб атаб келувчи «Хьюман Райтс Вотч»нинг Ўзбекистондаги вакиллиги, аниқроғи унинг икки ходими Галима Бухарбоева ва Матилда Богнерлар тайёрлаган шапалоқдек шапалоқдек 42 сахифалик «Ўзбекистон – хонадондан хонадонга: маҳалла комитетларининг қонунбузарликлари» деб номланган бюллетенлари мухолифларимиз фаолиятига жуда ёрқин намуна бўлади.

Бу муаллифларнинг ёзишича, ўзини-ўзи бошқариш органлари… : «… давлатнинг шахсларни ва оилаларни шубха остида репрессия қилишда асосий бажарувчи» – ғирт ёлғон гап:

– «…шахс дахлсизлиги ҳуқуқи, оила ва уйга бўлган ҳуқуқларни бузган ҳолда хужжатларни йиғиб, милицияга ва ижроия органига топширувчи…» – мухолифларимиз Асосий Конунимиздан умуман бехабар.

Хабардор бўлишганда, унинг 27-моддасида «Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга» деб ёзиб қўйилгани ва у ҳамма учун тенг амал қилаётганини билишарди.

Хужжатларни милиция ва ижроия органига топшириш масаласига келсак, фуқаролар йиғини маҳалла аъзоси то жиноий жавобгар деб топилмагунча, уни ҳимоя қилиш, кафилликка олиш, тарбиялашга харакат қилади.

Маҳалла, юрт тинчлиги учун маҳалладаги диний тадбирлар, масжидлар ишини назорат қилиб туриш фуқаролар йиғинларининг бурчидир. Бундан ташқари ўзини ўзи бошқариш органлари маҳаллаларда диний экстремизм, ақидапарастликка қарши ўтказилган тадбирлар ҳақида маҳалла аҳли ва юқори ташкилотларга хисоботлар бериб туриши табиий хол.

– «художўй мусулмонларни таҳқирлаб… уларга таҳдид ва ёвузлик қилувчи… мусулмонларга норасмий қонунлардан ташқари жазолар берувчи» – бу сатрлар ёлғонлигидан ташқари 70 йилча кечикиб ёзилган. Улар ўтган асрнинг 30-йилларида большевиклар сиёсатига тўғри келади. Бундан ташқари бюллетенда эътироф этилган, гўё маҳалла тазйиқига учраган шахслар, ҳақиқатда «Хизбут-тахрир» каби ноқонуний ташкилотларга аъзо бўлган одамлардир.

– «қаттиқ калтакланган аёлларнинг ажрашиш ҳақидаги аризаларини рад қилиб, яна эрларининг олдига қайта жўнатиб, зўравонликка дучор қилувчи ва шу йўл билан … аёллларни хавфли вазиятга солувчи…» – хотинини калтаклайдиганлар, нокаслар бутун жахонда, жумладан, мухолифларимиз юртида, Ўзбекистонимизда ҳам бор…

Эру хотин уришса, эр калтакласа, аёлнинг қўни-қўшнилар ва маҳалладан ёрдам сўраб чиқиши, маҳалланинг имкон қадар уларни яраштириб қўйишга харакат қилиши ўзбекларда азалий удум… Аммо миллий анъаналаримизни билмаган мухолифларимиз бундай бўлишини исташмайди. Уларга қолса, эр-хотин судга борса, ўртадаги совуқлик авж олса, оила бузилиб кетса. Болалар етим қолиб, ёш жувонлар ғарбча «севги эркинлиги лаззатини» тотиб, шарқда бузуқилик қилиб юрса.

– «аҳолини мажбурий ва зўравонлик равишда кўчириб юборишларда харбийларга ва бошқа органларга қўшилувчи… хукуматнинг таҳқирлар ва таъқиб қилиш сиёсатларини мустахкамлашда мушкул вазифаларни» бажарувчи – мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини мажбурий ва зўравонларча кўчириб юбориш ҳолати бўлганини ҳеч ким билмайди ҳам, эшитмаган ҳам.

… Мухолифларимиз ё бюллетень жозибасини ошириш ёки ўз ёлғонларини бировнинг хисобига ўтказиш, омма фикри сифатида тақдим этиш учун аскарият ахборотчиларни сир тутишади. Шу сабабли, аввало улар айтган мутахассислар, аксарият ахборотчиларниннг кимлиги номаълум.

… Вашингтонда яшайдиган вазирлирнинг олисроқ штатда яшайдиган отаси вафот этиб, ўғил юмуш билан бора олмай қолса, уни ҳеч ким меҳрсизликда айбламайди.

Бизда эса Тошкентда ишлайдиган вазирнинг отаси вафот этиб, ўғил уни сўнгги манзилга элтмаса, бунақа вазирдан ҳамма юз ўгиради…

…Буни эса мухолифларимиз билишмайди.

Бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом бер, дейди ҳалқимиз. Майли мухолифларимиз ўзбек эмас, салом ҳам бермай қўйиша қолсин. Биз кечиримли ҳалқмиз. Аммо тухмат ҳам қилишмасинда. Тухматлари камлик қилгандек улар 2003 йил 22–сентябрда Тошкентдаги «Гранд Мир» мехмонхонасида мазкур бюллетень юзасидан матбуот анжумани ўтказганига нима дейсиз?!

«Тўғри гап туққанингга ёқмас» – дейди ҳалқимиз. Шунинг учун бўлса керак, М.Богнер ва унинг тарафдорлари 2003 йил 14–октябрда «Пойтахт» меҳмонхонасида уларнинг ҳақиқий қиёфасини очиб ташлаган «Маҳалла» газетасининг редактори Чори Латиповга қарши ўзлари уюштирган матбуот конференциясини ташлаб чиқиб кетдилар.

Афсусланарли томони шундаки, ўзини Фарғона шаҳридаги «Ўтюраклар клуби» рахбари деб юрган ватандошимиз Мўътабар Тожибоева, ўзбек маҳалласида туғилиб ўсган, кунига маҳаллалар ҳақида камида 15-20 та турли мавзудаги мақолаларни таҳрир қиладиган журналистимизни иккита хорижликка нисбатан маҳаллани билмасликда айблаб, мухолифларимизнинг ноғорасига ўйнаб юрибди.

Мухолифларимиз ҳам асосий мақсади – ҳалқни давлатга қарши қўйишни унинг тили билан айтадилар. Мисол учун «Пойтахт» меҳмонхонасида уюштирилган мулоқотдаги Мўътабар Тожибоеванинг Пресс-Релизидан бир кўчирмани айнан келтириш кифоя:

«… Ўзбек хукумати «фуқаролик жамияти барпо этиш» ва «демократик тузум» каби турли туман жозибали шиорлар билан нафақат ўз ҳалқи, балки бутун жахон ҳамжамиятини ҳам алдаб юрибди».

Мана асл мақсад, мана асл башара!

Унга қарата: «Эй ватандош! Туққанингни ёмонлаб, қайдан туққан топасан?!», деймиз, холос.

Матилда Богнер анжуманда «Ҳалқаро ташкилотларнинг маҳаллаларни моддий ва маънавий қўллаб-қуввватлашни тўхтатиш, маҳалланинг ваколатини қисқартиш керак» деди. Бу қўрқитишми ёки «Сиз ўз кунингизни кўра олмайсиз?», деганими? Ҳалқаро ташкилотлар ҳам икки тухматчининг гапига лаққа ишониб қолмаса керак.

Биринчидан биз кунимиз ҳалқаро ташкилотларга қолган тиланчи эмасмиз. Дунёнинг қайси бурчида аҳоли табиий офатларга йўлиқса, давлатимиз ўтиш даврининг оғир иқтисодий шароитларига қарамай инсонпарварлик ёрдамини бериб турибди. Моддий жихатдан ҳам, маънавий жихатдан ҳам ўзимизни боқишга қурбимиз етади.

… Демак, юртимизда ғийбатчиларнинг тегирмонига сув қуядиган, ўз ҳалқини ёмонлайдиган ичи қоралар ҳам бор экан.

… Мен шу мавзуда айтган мулоҳазаларимни бутун дунё ўқишини истар эдим. Шухрат учун эмас, балки Галима Бухарбоева ва Матилда Богнерларнинг гапи ёлғонлигинини ҳамма билиши учун. Бундай мухолифларимиз талайгина топилади.

Президентимиз диний-экстремистик оқимлар ҳақида айтганидек, одатда ўз ташвишларимиз билан бўлиб «Минг афсуски, биз бу нарсаларга етарли эътибор бермаймиз. Ҳа, кимдир шу уйдирмаларни ўртага қўйса-қўйибди-да, бу бизнинг ишимиз эмас, биз бугунги ҳаёт билан яшаяпмиз», деймиз. Лекин бу – катта хато. Чунки биз катта ҳалқмиз, кимки, шундай даъватларга, ёлғон ғояларга алданиб қолса, улар учун ҳам биз жавобгармиз…

… Ушбу китобимиз ҳам мухолифларимизга муносиб бир жавоб бўлар. Биз улардан ақллироқмиз, дея олмайману, аммо бу борада ҳам заррача кам эмасмиз, миллий андишамиз эса анча зиёд. Мен бунга аминман.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳалқ масалида айтилишича, айиқ деҳқон билан дўст бўлиб, деҳқон ухлаб ётганда, пашшасини қўрийман деб, бир уриб, деҳқонни ҳам ўлдириб қўйган экан. Мухолифларимизнинг ғамхўрлиги ана шунга ўхшайди.

Улар-ку, бизни ўлдира олишмайди, буни исташмайди ҳам, аммо пашшадек ғинғиллаб ғашга тегишади. Тинч ишлашимизга халақит беришади.

Биз камчиликларимиздан тонмаймиз ва мухолифларимиз билан очиқ мунозарага ҳамиша тайёрмиз.

Хозирча хулоса шуки, бу ҳалқнинг асрий миллий анъананалари, урф одатларини билмаганлар, яхшиси маҳалла ҳақида сўз очмасин, бир қучоқ хашакни юклаб, аравани қуруқ олиб қочмасин.

Бизнинг бахтимиз шундаки, катта карвонимиз ўз карвонбошиси билан нурли манзилни кўзлаб йўлда кетмоқда, итлар хуриши уни тўхтата олмайди».

Мухтарам жаноб ушбу ёзишмалар барчаси Сизнинг китобингиздан олинган.

Ушбу китобингизни ўзида Сиз ўз гапларингизни инкор қилувчи қуйидаги жумлаларни келтиргансиз:

«Инсоний муносабатларнинг ёзилмаган бир қонуни бор. Агар кимдир кимнидир ноҳақ танқид қилаётган бўлса, у очиқ айтмаса ҳам, гапининг тагида, мен ундан яхшиман, деган маъно ётади»

Жаноб Гадойбоев!

Ушбу фикрингизни тасдиғи сифатида Сиздан ўз китобингиздаги мен ҳақимда ёзган барча фикрларингиз, ҳақорат ва тухматларингиз учун зудлик билан, яъни 7–январь кунигача Республика оммавий ахборот воситалари орқали расман кечирим сўрашингизни, унгача мени қаерда, кимларнинг гувоҳлигида ҳалқни давлатга қарши қайраганлигимни исботловчи далилларни ҳавола қилишингизни, 10–январда эса Фарғонага Сиз ва Сизнинг тарафдорларингиз билан бўладиган очиқ мулоқотга боришингизни, 20–январь кунигача ўз иҳтиёрингиз билан истеъфога чиқишингизни қатъий талаб қилаб қиламан.

Мен юқорида таъкидлаганимдек сиз ўз китобингизда ёзганингиздек мени ҳалқни давлатга қарши қўяётганимни исботловчи, қўлингиздаги мавжуд хужжатларни 3-январь кунигача менга тақдим қилишингни ва агар бундай далилларни тақдим қила олмасангиз 7–январь кунигача Республика матбуоти орқали мендан расман кечирим сўрашингизни, 10–январь кунигача Фарғонага келиб, “…Биз билан, яъни Каримов бошқариб келаётган карвон билан” дея хисоблаётганингиз Фарғона ҳалқи вакиллари билан юзма юз бўлиб, китобингизда ёзган фикрларингизни яна бир бора такрорлаб беришингизни, бундан ташқари 20–январь кунигача ўз ихтиёрингиз билан истеъфога чиқишингизни қатъий талаб қиламан.

Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31-уй 31-хонадонда яшовчи,
“Ўтюраклар” Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
ташкилоти рахбари, мустақил журналист
Мўтабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.