«Тезкор журналистлар» ташаббус гуруҳи: Майдонга рост ва ҳақиқатга йўғрилган далил исботлар билан чиқиш керак
ТЕЛЕГРАММА ОЧИҚ ХАТ
Тошкент. Мовураннахр кўчаси 6-уй. Ўзбекистон Оқсоқоллар Кенгаши ва “Маҳалла” Жамғармаси бошқаруви Кенгаши раиси Аъзамжон Гадойбоевга
Фарғона вилояти “ТЕЗКОР ЖУРНАЛИСТЛАР” ташаббускор гуруҳидан
«Биз журналистлар демоқчимизки, майдонга рост ва ҳақиқатга йўғрилган далил исботлар билан чиқиш керак. Ёлғонлар, алдовлар, бажарилмас ваъдалар, бўхтонлар ҳалқимизни маънан қашшоқ, рухан қўрқоқ қилиб қўймоқда».
Мухтарам Аъзамжон Гадойбоев!
Биз Фарғона вилоятида фаолият юритгувчи “Тезкор журналистлар” ташаббускор гуруҳи аъзолари Сизнинг “Ҳалқ йўли – Ҳақ йўл” деб номланган китобингизни ўқиб чиқдик. Китоб бир қарашда Ватанпарварлик, миллий рухда ёзилгандек. Аммо унинг таг заминида ҳалқнинг бугунги дарди ғами мужассам топмаган.
Биз бевосита ҳалқнинг ичида юрган, унинг турмуш тарзини кўриб, хис қилаётган журналистлар шу нарсадан афсус чекдикки, китобда “Ўтюраклар” Клуби рахбари Мўтабар Тожибоева ҳақида ноҳақ фикрлар билдирилган. Сиз китоб ёзишдан олдин, ёзган китобингизни ҳалққа ҳавола қилишдан олдин (Ахир бу китоб бутун Ўзбекистон бўйлаб таркатилади-ку, унда ҳақ сўзлар битилиши шартку!), Мўтабар Тожибоева билан бир бора бўлсада юзма-юз келиб, унинг нима ишлар билан бандлигини, кимга фойда-ю, кимга зиён келтираётганини ўрганишингиз, ишонч хосил қилишингиз зарур эди.
Нима учун биз Сизга бундай эътироз билдираётганимизни сабаби бор. Биз маҳаллий журналистлар ҳам илгари Мўтабар Тожибоева ҳақида ҳудди Сиз каби фикрлар эдик. Аммо баъзи бирларимиз қандайдир муаммога дуч келиб, қай биримиз ўзимиз унинг фаолиятига қизиқиб бевосита у билан ҳамкорликни бошладик. Биласизми, биз нимани гувохи бўлдик?! Биз ноҳақдан жабрланаётган, ноҳақдан судланиб, узоқ йилларга қамоқ жазосига тортилаётганларни айни Сиз ноҳақ деб қоралаган Мўтабар Тожибоева саъйи харакатлари билан айбсизлиги исботланаётганини, ҳақ қарор топаётганини гувохи бўлдик.
АНИҚ ДАЛИЛЛАРГА ЎТСАК:
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи Номоз Усмонов ва Иқбол Сатторовлар 2003 йил декабрь ойида уюшган ҳолда қотиллик жинояти содир этганликда айбланиб, хибсга олинганлар. Уларни хибсга олиб, аёвсиз равишда калтаклаб, қотиллик жиноятини содир этганликларини тан олдириб, ёлғончи, ўз вазифасига ҳиёнат қилгувчи адвокатлар ёрдамида уларга айбига иқрорлик ҳақидаги хужжатларга имзо чектирганлар. Уларнинг қилмаган қотиллик жиноятларини содир этганликларини айтиб турганлик холатлари видеолавҳага мухрланган.
Номоз Усмонов ва Иқбол Сатторовларнинг оила аъзолари эса уларнинг бу жиноятга алоқалари йўқлигига ишонганлари учун ҳам Мўтабар Тожибоевага мурожаат қилганлар ва ҳақиқатни рўёбга чиқаришга кўмак беришини сўраганлар. Мўтабар Тожибоева ушбу жиноят ишига жамоатчи химоячи сифатида қатнашиб, йигитларнинг бу ўта жиноятни содир этмаганликларини, уларни ноҳақ айбдор этаётганларини исботлаб берган ва йигитлар 3 ойлик қамоқдан сўнг Мўтабарнинг аралашувидан 10 кун ўтгач, ўз оилаларига қайтишган.
Яна сиз ўз китобингизда «Фуқаролар йиғини маҳалла аъзоси то жиноий жавобгар деб топилмагунча уни ҳимоя қилиш, кафилликка олиш, тарбиялашга харакат қилади» деган бўлсангизда, Фарғона вилояти Охунбобоев тумани «Пахтакор» Қишлоқ Фуқаролар Йиғини раиси Халилов Мақсудали шу худудда яшовчи Сохибоев Нуриддинни Халилов Мақсудали Сохибоев Нуриддинни вояга етмаган гўдак қизчани номусига текканликда айблаб, ҳеч бир жиноятга қўл урмаган ўз маҳалласи фуқаросини жиноий жавобгарликка тортилишига хисса қўшиб, узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинишига сабабчи бўлиб турган бир пайтда Мўтабар Тожибоева Сохибоев Нуриддинни ўз химоясига олди ва уни айбсизлигини судда исботлаб, 2004 йилнинг 2 август кунги Жиноят Ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг аппеляция ажрими билан Сохибоев Нуриддинни суд залидан озодликка чиқаришга эришди.
Яна бир воқеа юзасидан Мўтабар Тожибоева Халилов Мақсудалини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти харакатлари учун судга берган даъво аризаси бўйича ҳам 2004 йилнинг 22 апрель кунидаги Фуқаролик ишлари буйича Фарғона вилоят судининг хусусий ажрими билан Халилов Мақсудали интизомий чора олганди. Бунга эса унинг «Пахтакор» Қишлоқ Фуқаролар йиғини худудида 11 та ноқонуний масжид фаолият кўрсатаётган бўлишига қарамай, қонуний йўл билан давлат рўйхатидан ўтказиш учун хужжатлар расмийлаштирилаётган «Туман» номли масжидни давлат рўйхатидан ўтказмаслик мақсадида маҳалла оқсоқолларини алдаб, оқ қоғозга имзо чектириб, фуқаролардан масжидни очилишига қаршиликлари ҳақидаги сохта аризани расмийлаштириб, фитна уюштириб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузганлиги сабаб бўлганди.
Сиз ўз китобингизда мухолифларни «қаттиқ калтакланган аёлларни аризаларини рад қилиб, яна эрларининг олдига қайта жўнатиб, зўравонликка дучор қилувчи ва шу йўл билан аёлларни хавфли вазиятга солувчи» деб берган баҳоларини гўёки бу Сизнинг «мухолифларингиз оилани бузилиб кетишидан, болаларнинг етим қолишидан, ёш жувонлар «ғарбча севги эркинлиги лаззатини тотиб» шарқда бузуқчилик қилиб юришидан манфаатдор» деб талқин қилгансиз. Сизнинг фикрингизча мухолифларнинг кўғирчоғи Мўтабар Тожибоева аёлларнинг маиший бузуқлигини қўллаб қувватлайдими ёки бунда қаршими қуйидаги мисоллар орқали фикрларингиз ойдинлик киритиб олинг.
2004 йилнинг июнь ойида Фарғона вилоятининг Ёзъвон тумани Янгиобод ҚФЙ Янгиобод қишлоғида яшовчи икки нафар гўдак фарзанднинг онаси Нодира Ашурова ўз хонадонидан чиқиб кетиб, тўсатдан ғойиб бўлган. Эри Ғаниев Искандар оила аъзолари билан Нодирани тинимсиз қидирган. Уч кунлик қидирувдан сўнг, яъни 18 июнь куни Нодиранинг тиригича кўмилган жасади канал ёнидаги махсус кавланган чуқурдан топилган. Тиригича кўмилган Нодира жон талвасасида чуқурдан чиқиш учун уриниб, кўзлари шокосасидан чиқиб кетганлигини исботловчи фотосуратлар мана шу қотиллик жиноятига алоқадор жиноят иши хужжатлари орасига тикилган.
Ниҳоят Нодиранинг қотили унинг эри Ғаниев Искандар эканлиги аниқланган. Қарангки, умрида руҳий касал бўлмаган, шифокорга бирор марта ҳам мурожаат қилмаган Искандар Ғаниевни текширувдан ўтказган маҳаллий ва Республика суд психиатрик экспертизаси мутахассисларининг хулосасига кўра уни ўз хотинини ўлдиришига ғойибдаги чолчалар ундаган эмиш. Гўёки Искандар Ғаниев рухий касал бўлган ва бирданига касали қўзғаб қолиб, унинг ичидаги бешта мавжуд «чолчалар»нинг 2 таси уни хотинини ўлдиришга ундаган ва чолчаларнинг 3 таси қотилликни ижро этган. Хотинини ўлдириш учун олдиндан тайёргарлик кўриб, махсус чуқурлар кавлаб қўйган Искандар Ғаниев қотил эмас, унга «хотинингни ўлдир» деб тушига кириб буйруқ берган чолчалар айбдор экан. Бу сўзлар судга тақдим қилинган экспертиза хулосаларида акс этган. Қотил куёв эса ҳомий, бойвачча қариндошлари ёрдамида рухий касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Гўдак набираларининг онасининг излаб қилган фарёдлари тинчлик бермаган Нодиранинг отаси қотил куёвини қонун олдида жавоб бериши учун бош уриб бормаган хукумат идораси ва хуқуқшунослар қолмаган. Қариянинг камбағаллигини, ҳаттоки адвокатга тўлашга пули йўқлигини билиб, ҳамма унинг юзига эшик ёпган, биргина Мўтабар Тожибоева унинг дардини ўз дардидек эшитиб, кўмакка отланган ва ёпилган жиноят ишини қайтадан очишга эришган.
2002 йил май ойида Фарғона вилоятининг Учкўприк туманилик Наргиза Қўчқоровани шифокор эри Рахмонов Баҳтиёр олдин уриб ўлдирган, кейин эса ўзини ўзи осиб ўлдирди деб талқин қилиш мақсадида Наргизанинг мурдасини дорга осган. Қарангки, пулни кучи шунчалар иш бериб, Наргиза Қўчқорованинг ўлимига боғлиқ жиноят иши 18 марта очилиб, 18 марта ёпилган. Охирги марта жиноят ишини ёпган Марғилон шаҳар прокуратураси икки йил аввал ўлдирилган Наргиза Қўчқоровани мурдасини эксгумация қилмасдан туриб. «суд психиатрик экспертизаси ўтказилди» деб расмийлаштирилиб, гўёки «Наргиза Қўчқорова рухий касалликка чалиниб, ўзини ўзи осиб ўлдирган» деган хулосада тўхтаган.
Ўлимидан олдин мактабда ишлаб келган, рухан соғлом бўлган, икки нафар гўдак фарзанднинг онаси Наргизани нафақат жонига тажовуз қилиб, ўлдирдилар, балким ўлимидан сўнг унинг шаънини ҳам булғадилар. Жиноят ишида жабрлаанувчи бўлиб ўтган мархума Наргизанинг отаси Валижон Қўчқоровга жиноят иши билан танишиши учун рухсат ҳам берилмаган. Икки йилдан буён адолат истаб хукумат идораларига бош уриб чарчаган Валижон Қўчқоров ҳам Мўтабар Тожибоевадан нажот топди.
Ҳар икки холатда ҳам аёлларнинг оилавий зўравонлик қурбони бўлаётганликларини бутун маҳалла, қўни қўшнилар билишарди. Лекин, лоқайдлик бу ёш жувонларнинг бағри тош эрлари қўлида ваҳшийларча ўлим топишларига, гўдакларнинг етим қолишларига сабаб бўлди.
Сиз китобингизда 2003 йил 14 октябрь куни Пойтахт меҳмонхонасида Мўтабар Тожибоева ташкил қилган матбуот конференцияси ҳақида ёзгансиз. Лекин, негадир «Обод маҳалла йили» деб аталмиш 2003 йилда ўз маҳалласини фохишалардан, қўшмачилардан, наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи , маҳаллага ноқонуний кириб яшаётган кимсалардан тозалаш мақсадида Республика миқёсидаги давлат идораларига тинимсиз мурожаат қилгани, қонуний харакатлар қилгани учун қалбаки хужжатлар расмийлаштирилиб, хибсга олинган Олтиариқ тумани «Ҳамза» шаҳри «Навоий» Маҳалла Фуқаролар Йиғини раисаси 53 ёшли Мавжуда Отақуловани хибсдан озод этиш учун қилаётган харакатлари ҳақида лом мим демагансиз! Ахир ушбу матбуот конференциясида Мўтабар Тожибоева томонидан тайёрланган Очиқ хат конференциянинг барча иштирокчиларига тарқатилган эди-ку.
Бу очиқ хатда Мўтабар Тожибоева Маҳалла Фуқаролар Йиғини раисаси Мавжуда Отақуловани ҳимоя қилиш учун ҳатто ўз жонини қурбон қилишга тайёрлигини ёзган. Бунга эса Сиз бевосита қизиқишингиз шарт эди. Чунки у Сизнинг қўл остингиздаги ходимни химоясига отланганди. Бундай далиллар, мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Биз журналистлар демоқчимизки, майдонга рост ва ҳақиқатга йўғрилган далил исботлар билан чиқиш керак. Ёлғонлар, алдовлар, бажарилмас ваъдалар, бўхтонлар ҳалқимизни маънан қашшоқ, рухан қўрқоқ қилиб қўймоқда.
Эртага бунинг учун бизни авлодлар лаънатлаб эсга олишларини унутмайлик.
«Тезкор журналистлар» ташаббускор гуруҳи вакиллари.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish