Мўътабар Тожибоева: Халқни зулмкорлардан биргина пашша ҳам қутқариши мумкин!
ТЕЛЕГРАММА РАСМИЙ БИЛДИРГИ
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй. Президент девонига, Президент Ислом Каримовга;
НУСХАСИ: Тошкент. Мовурруанахр кўчаси 6 уй, Республика «Маҳалла» Жамғармасига, Ўзбекистон Оқсоқоллар Кенгаши ва «Маҳалла» Жамғармаси Бошқаруви раиси Аъзам Гадойбой ўғли Гадойбоевга;
Аъзам Гадойбой ўғли Гадойбоев!
Сен ўз китобингда «Террористлар ҳам, уларнинг тарафдорлари ҳам ўзларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи деб таништиради» деб Ўзбекистонда фаолият юритгувчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига тухмат қилдинг ва барчамизни итга тенглаб, ҳақорат қилдинг. Бундан ташқари бизни фақатгина ғинғиллаб ғашга тегишдан бошқа нарса қўлидан келмайдиган пашшага тенгладинг.
“Пайғамбарлар тарихи”да ёзилишича Оллоҳга қарши исён кўтарган мустабид хукмдор Намрудга қарши оллоҳу таоло кичик бир пашшани жўнатади. Пашша унинг бурнидан кириб, миясига жойлашади.
Пашша мияда ҳар қимирлаганда Намруд чидаб бўлмас азоб тортади. Охири оғриқларга дош бера олмаган зулмкор шох хизматкорларига бошига тўқмоқ билан уришларини буюради. Улар шохнинг бошига тўқмоқ билан уриб ўлдирадилар. Зулмкорлардан биргина пашша ҳам қутқариши мумкин.
НУСХАСИ: Республика «Маҳалла» Жамғармаси Бошқаруви Раёсатига ва «Маҳалла зиёси» ўқув услубий Марказига;
НУСХАСИ: Тошкент, Қатортол кўчаси 60 уй «Янги аср авлоди» Нашриёт Матбаа Маркази бошлиғига;
НУСХАСИ: Тошкент. Академик Яхё Ғуломов кўчаси 66 уй, Республика Бош прокуратурасига, Республика бош прокурори Рашид Қодировга
15 январь 2005 йил
Жаноб Аъзам Гадойбой ўғли!
Сен ўз жиноий шерикларинг – Республика “Маҳалла” Жамғармаси Бошқаруви Раёсати вакиллари (ёлғонларга йўғрилган “Ҳалқ йўли – Ҳақ йўл” китобини чоп этишга қарор қилган), “Маҳалла зиёси” Ўқув услубий Маркази вакиллари (тухматни ёзиб, нашрга тавсия этган), филология фанлари доктори Асқар Мусақулов (маъсул муҳаррир), Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, филология фанлари доктори профессор Тўра Мирзаев ва Фалсафа фанлари доктори, профессор Самин Рахимов (тақризчилар), ношир Илхомжон Каримовлар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, менинг шаъним, қадр-қимматим ва ишчанлик обрўйимга путур етказиб, хақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни 10 минг нусхада чоп этилган “Ҳалқ йўли – Ҳақ йўл” деб номланган китобингда ёзиб, Ўзбекистон бўйлаб тарқатиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси 2-қисмидаги “нашр қилиш усулида кўпайтирилган матнни тарқатиш» жиноятини содир этдинг.
Бу китобингни чоп этишга Жамғармадан маблағ ажратилган ва бепул тарқатилиши кўзда тутилган бўлишига қарамасдан, банкда ҳисоб рақамлари бор бўлган Маҳалла Фуқаролар Йиғинларига 2500 сўмдан нақд пулга соттиряпсан. Менимча сен солиқ тўлашдан бош тортиш мақсадида хужжатда “10 минг нусхада чоп этилди” деб, аслида жуда қатта тиражда чоп эттирган бўлсанг керак. Чунки Фарғона вилоятининг ўзига бу китобдан сотиш учун 3000 нусхада бергансан. Нега фақатгина 7 мингтасини Ўзбекистоннинг бошқа худудларига, барча чоп этилган китобингни 30 фоизини Фарғонага тарқатдинг?
Наҳот сен тавоф қилаётган хукуматинг ҳақиқатан ҳам давлатга эмас – адолатсизликка, қонунларни оёқ ости қилинишига қарши курашувчи кичик жуссали, ўрта махсус маълумотли оддий бир аёлдан шунчалар қўрқса?
Китобинг қўлимга тушган захоти ўқиб чиқдим ва 1 январь куни сенга телеграмма юбориб, сен ёзгандек мени ҳалқни давлатга қарши қўяётганимни исботловчи, қўлингдаги мавжуд хужжатларни 3-январь кунигача менга тақдим қилишингни, 7-январь кунигача Республика матбуоти орқали мендан расман кечирим сўрашингни, 10-январь кунигача Фарғонага келиб сен “…Биз билан, яъни Каримов бошқариб келаётган карвон билан” дея чиранганинг Фарғона ҳалқи вакиллари билан юзма юз бўлиб, китобингда ёзган фикрларингни яна бир бора такрорлаб беришингни кескин талаб қилгандим.
Қисқа муддатлар ичида сенга ва Президент Каримовга Фарғоналиклардан ўнлаб телеграммалар юборилган ва улар барчаси менга қилган тухматинг, яъни ҳалқни давлатга қарши қўйиш жиноятини содир этганликда айблаганлигингни исботлаб беришингни, исботлай олмасанг Мўтабар Тожибоевадан ҳам, Фарғонага келиб Фарғона ҳалқидан ҳам кечирим сўрашингни, акс ҳолда Фарғона халқи вакиллари “Фуқаролик жамияти барпо этиш” ва “Демократик тузум” каби турли туман жозибали шиорлар билан нафақат ўз ҳалқи, балким бутун жахон ҳамжамиятини ҳам алдаб юрган Ўзбекистон хукуматининг истеъфога чиқарилишини талаб қилиб, норозилик намойишлари бошлашга мажбур бўлишларини билдирганлар.
Сен ўз китобингни 205- вароғида “Мухолифларимиз билан очиқ мунозарага ҳамиша тайёрмиз…” дегансан. Лекин шу бугунги кунгача на очиқ мунозарага чиқяпсан, на тинимсиз юбораётганим телеграммаларга жавоб бермаяпсан. Бу билан ўзинг сиғинган хукуматингни ҳам, ўзингни ҳам оддий ҳалқ олдида шарманда қиляпсан, қонунларни оёқ ости қиляпсан. Ўз карвонбошиси билан турли манзилни кўзлаб йўлда кетаётган, итлар хуриши уни тўхтата олмайдиган катта карвоннинг бир жонкуяри, яъни сен ўз ҳалқингдан, у билан юзма юз келишдан қўрқяпсанку, тахдидли кучларга дош берасанми?
Китобингни 204-вароғида Матильда Богнердан унинг шахсан ўзини бюллетенда айтилган бирор бир воқеага гувоҳ бўлганлигини, бирорта оила, номозхон билан учрашганлигини сўраганингда, у “Йўқ, мен эшитганларим ва ўқиганларимга асосланганман” деганлигини ёзгансан. “Демак юртимизда ғийбатчиларнинг тегирмонига сув қуядиган, ўз ҳалқини ёмонлайдиган ичи қоралар ҳам бор экан” деб фикрингни давом эттиргансан.
Хўш ўзингчи, мен билан учрашганмисан? Мени ҳалқни давлатга қарши қўяётганлигим ҳақида қўлингда бирорта асосинг борми? Матильда Богнер-ку сен билан юзма-юз бўлишдан чўчимабди, сен МАРД нега мендан қочиб юрибсан? Қачонгача мендан қочасан?
Мен сендан сас-садо келишини узоқ кутдим ва ниҳоят 27-январь куни сен бошқараётган идорага бордим. Эшик ёнидаги навбатчи милиционер сени йўқлигингни, ўринбосаринг Нигматулло Абдуллаев борлигини айтди. 4 нафаргина ҳамфикрим билан бинога кирганимиздан қўрқиб кетган ўринбосаринг ҳам, бўлим бошлиқларинг ҳам яширинишга мажбур бўлдилар.
Фақатгина пардоз-андозни жойига қўйган бир хоним чиқиб, бизни улоқтириб кўчага чиқариб ташлаш учун жонбозлик кўрсатди. Афсуски “тахдидли кучларга бас кела оламан” дея ҳар қанча чиранма, ўша ўзинг таҳдидли куч дея гапирганинг, аслида бу ёлғонлигини ўзинг билганинг, бир пайтлар хукуматинг тан олган “Ўтюраклар” Клубининг рахбари Мўтабар Тожибоевани кўчага улоқтириб ташлай оладиган мардга дуч келмадим.
Албатта, сен ва сенинг хукуматинг яширин тарзда автохалокатлар уюштиришни, фохиша ва қўшмачиларга калтаклатишни, хибсга олиб калтаклатишни, сохта айбловлар билан жавобгарликка тортишни, маблағимни талон тарож қилишни биласанлар холос, яъни панада туриб хужумга ўтишасан.
Биргина мисол, банкдан олган кредитим 7305114 (етти миллион уч юз беш минг бир юз ўн тўрт) сўм пулимни фирибгарлик, хужжатларни қалбакилаштириш орқали ўзлаштирилгани 2003 йил 1-декабрь кунги Жиноят Ишлари бўйича Фарғона вилоят суди аппеляция инстанциясининг 682-сонли ажримида исботланган, бугунги кунгача хусусий тадбиркор томонидан қарз шартномаси асосида олган қарзларим ва фоизи 20 миллион сўмдан ортиб кетган.
Ашаддий жиноятчи Рахим Эргашевни Республика Ички Ишлар Вазирлигининг маъсул рахбар ходими Алишер Эргашевнинг ва Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг собиқ бошлиғи Амин Тошхўжаевнинг яқин қариндоши эканлиги боис, бир йил ичида қамоқда ётган бўлишига қарамасдан, “… қамоқхонада ётган пайтида алкогол касаллигига чалиниб қолганлиги учун рухий касалликлар шифохонасига даволаниш учун юборилсин… ” дея 2003 йил 29 май кунги Жиноят ишлари бўйича Риштон туман судининг ажрими билан қамоқдан чиқариб юборилган.
Катта миқдорда иқтисодий жиноят содир этган жиноятчи айнан Мўтабар Тожибоевага зиён етказганлиги, бугунги кунгача у талон тарож қилган маблағлар ўзлаштирган жиноятчининг эмас, жабрланувчи Мўтабар Тожибоеванинг зиммасида турганлиги, яъни Мўтабар Тожибоевага рухий ва моддий зарба берганлиги учун сенинг хукуматинг жиноятчини рағбатлантириб, очиқда эмин эркин юришига шароит яратиб берган.
Бу ашаддий жиноятчининг шериклари Вилоят “Чорванаслхизмат” ташкилоти рахбари Одил Усмонов, бош зоотехник Нозим Тўйчиев ва бошқа шериклари эса умуман жавобгарликка тортилмадилар. Миллион-миллион сўмлаб маблағларимни жиноят йўли билан ўзлаштирган жиноий гуруҳнинг асосий иштирокчиси Рахим Эргашевни эса рухий касалликлар шифохонасига юборилсин деб суд ажрим чикарган бўлсада у бугунги кунда бемалол тадбиркорлик билан шуғулланиб юрибди. Бу Эргашевлар мафиясининг вакили Эргашев Рахим 20 миллион сўмга етган қарзим хисобидан атига 100 минг сўм атрофидаги пулни почта орқали юборганига ҳам бир йил бўлди.
Ўзини нодавлат, жамоат ташкилотлари деб хисоблайдиган, хукумат вакилларининг топшириқлари билан ўзининг энг кучли фаолини партия сафидан қонунга зид равишда ҳайдайдиган расмий рўйхатдаги чўнтак сиёсий партияларинг ҳам, вазифаси корхона -ташкилотлардаги ишчи хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборат бўлишига қарамай, қонунбузар иш берувчиларнинг берган садақасига қувониб ишчи-хизматчиларн ғайриқонуний ишдан четлатишга фатво берувчи касаба уюшмаларинг ҳам, Ҳотин-қизларни ҳимоя қилиш ўрнига базму жамшид, зиёфатлар, кўнгилочар тадбирларда иштирок этишни хуш кўрадиган Сарой хонимларинг ҳам, барчанг ҳалқ олдида жавоб берадиган вақтинг келади.
Дарвоқе, бугун сен кабиларнинг вакилларидан Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилоят кўмитаси рахбарлари мени БОМЖ деб ҳақорат қилганликлари учун ва Ҳалқ Демократик Партияси Марғилон шаҳар Кенгаши партия сафидан ноқонуний ҳайдаб, кейин тиклашга мажбур бўлиб, лекин ханузгача бекор қилинган қарорларини қонуний кучга эга деб талқин қилиб ёзиб, ҳуқуқ ва эркинликларимни бузиб, менга маънавий зарар етказганлиги учун менга 10 миллион сўм маънавий зарар тўлашларини талаб қилиб берган даъвво аризам бўйича суд жараёни бошланди.
Сен мени асл мақсадим, асл башарамни мухокама қилгунча, сен ҳам хукуматинг ҳам ухлаб ётган пайтида, яъни 2000 йилдан бошлаб Клубим фаоллари билан биргаликда наркомания, жиноятчилик макони сифатида Республикада етакчи ўринда турган ўзим истиқомат қиладиган Марғилон шаҳридаги “Зуҳро” маҳалласини жиноятчилардан, наркоманлардан, қўшмачи-ю, фохишалардан қандай тозалаганим билан, 1000 нусхада чоп этилган “Огоҳ бўлайлик” деб номланган рисоламни бепулга тарқатганим ва мени ҳалқ қандай қабул қилиши, бунинг сабаби нимада эканлиги билан қизиқсанг яхшироқ бўларди.
Мен жуда қисқа кунларда Тошкентга ўз тарафдорларим, мен туфайли ҳуқуқлари тикланган фуқаролар оила аъзолари билан бораман ва Тошкент шаҳар хокимияти билан Республика “Маҳалла” Жамғармаси идоралари ёнини ҳалқа бўлиб, транспорт харакатларига тўсқинлик қилиб, йўлни тўсиб, чодирлар тикиб, очлик эълон қилиб, янгитдан олганим партия билетимни ёндириб, ҳалқни давлатга қарши кўйганлигимни исботлаб беришингни, акс ҳолда сен тавоф қилган хукуматингни ва сени истеъфога чиқарилишингни, сенга ва жиноий шерикларингга жиноят иши қўзғатилишини, менга етказган 1 миллиард сўм маънавий зарарни ва ханузгача қилаётганим моддий зарарларни тўлашингни, матбуотлар орқали мендан расман кечирим сўрашингни қатъий талаб қиламан.
Шунингдек қонуний ва ноқонуний йўл билан чоп этилиб, тарқатилган барча китобларингни йиғиштириб олиб, кўз ўнгимизда ёндиришингни, хукумат томонидан уюштирилиб, талон-тарож қилингани эвазига зиммамга юкланган 20 миллион сўм атрофидаги маблағни қарзлардан қутилишим учун, содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилмаган жиноятчилардан зудлик билан менга ундириб берилишини, чўнтак партиялар рахбарларини ва касаба уюшмалари ташкилотларини хукумат амалдорларининг қўғирчоқлари эканликлари боис фаолияти тугатилишини талаб қилиб, кеча-ю кундуз норозилик намойишлари бошлаймиз.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган, ўзини ва ҳамкасбларини хурмат қиладиган барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини бизнинг ушбу тадбирларимизни иштирок этишга чақираман.
Мен эса ўз шаъни, қадр-қиммати учун, паймол этилган ҳаққи ҳуқуқлари учун қасос олишни сенга намоён қиламан. Ахир ўзинг шу китобингни 150-вароғида айтиб қўйибсанку “Қуръон”да ёмонлик қилгандан қасос олишга изн берилган, аммо мусулмон қасосдан кечса ундан ҳам яхшилиги айтилган” деб.
Мен қасосни танладим, яъни қасос олиш ва ҳалқ учун жонимни фидо қилишимни исботлаш учун намойиш бўлаётган жойда усти бошимдан бензин қуйиб ўзимга ўт қўяман. Токи мени баданимдан сачраган оловлар ўзбек ҳалқининг юрагида ўрнаб қолган қўрқув, лоқайдлик музларини эритсин. Мудроқ уйқудагилар уйғонсин. Бундан ташқари бир неча нафар ҳалқ вакили мени қўллаб қувватлаш учун ўзига бензин қуйиб ёндиради.
Сендан ҳам мард бўлсанг хукуматинг учун, карвонбошинг учун жонингни фидо қилиб, ўзингга ўт қўйишингни талаб қиламан. Сен ўз ҳалқининг озодлиги йўлида жонини қурбон қилган чўпон Широқчалик бўла оласан деб умид қиламан. Чунки сен ўзингга ўт қўйганингдан кейингина норозилик намойиши тўхтатилади холос.
Тошкентда Фарғонадан юзлаб тарафдорларимиз билан биргаликда жуда қисқа кунларда норозилик намойишлари ўтказишимизга сабаблардан яна бири эса Фарғона вилоятидаги рахбарларнинг 5-февраль куни Фарғонада 500 нафарга етмайдиган фаолларимиз, тарафдорларимиз билан биргаликда ўтказишни режалаштирганимиз “ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ АСОСЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ФИДОЙИЛАРИ” номли кўрик танловни ўтказишга рухсат бермасликларини айтганликлари бўлди.
Жуда ҳам қисқа кунларда Тошкенти Азимда норозилик намойишида учрашишдан умид қилиб, ўз китобингда эслаганинг “Ўтган кунлар” асари қаҳрамони – адолатсизлик, разолатга қарши хон хузурига исён қилиб борган оддий ўзбек аёли Кумушбибининг, ўзбек хотин қизларини озодликка чиқишлари учун биринчилардан бўлиб отилиб чиқиб, ўлимга тик қараб паранжисини оловга ташлаган Нурхоннинг ҳамшаҳри, Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31-уй 31-хонадонда яшовчи,
“Ўтюраклар” Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти таъсисчиларидан бири, мустақил журналист Мўтабар Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish