Жаноб Каримов – Сиз бизни ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафили бўлолмаяпсиз!
Т е л е г р а м м а
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй. Президент девонига
Президент Ислом Каримовга
Мухтарам Ислом Абдуғаниевич!
Сиз бошқараётган хукуматнинг истеъфосини талаб қилиб кўча юриши, намойишлар бошлаймиз ва рухсат этилмаган тадбир ўтказганлик учун қонун олдида жавобгарликка тортилишга тайёрмиз.
Биз Олтиариқ туманидаги «Ўзбекистон» ширкат хўжалиги билан 2000 йилда 10 йил муддатга ижара шартномаси тузиб, 5-бригада худудидан 7 гектар ер олиб, оилавий пудрат тарзида фаолият юритиб келганмиз. Ҳар йили пахта ва буғдой топшириш режаларини бажарганмиз.
Лекин Олтиариқ туман хокими – Олий Мажлис депутати Ноъмонжон Омонов туманимиздаги фуқаро Холиқул Ахронқуловдан қўрққанидан уни юбилейида биз ижарага олган 3 гектар ерни ҳалқ орасида овоза қилиб, Холиқул тоғага совға тариқасида берибди. Давлатга пахта етиштириш режаси тўлмаётган бир пайтда давлат режаси бўйича пахта майдонига Ахронқулов боғ қилиб кўчатлар экди.
Туман хокими бунингдек саҳоватларини кўп қилган ва берилган ерлар ўзгаларга пулланган. Хоким ўз сирлари фош бўлишидан чўчиса тумандаги барча лалмикор ерларни ўғли, хотини, қудалари номига фермер хўжалик қилиб расмийлаштириб олган ерларидан совға қилиб берсин. Нега Олий Мажлис Депутати бўла туриб ўзи қонунларни бузади?
Бизни ноқонуний олиб қўйилган еримизни қайтаришни талаб қилиб 2004 йил февраль ойида тарафдорларим ва бригада аъзолари 75 нафар фуқаро Олтиариқ туман хокимининг ва туман прокурори Ғайрат Умурзақовнинг қабулига бордик. Бу амалдорлар на бизни, на олиб борган аризаларимизни қабул қилишди. Эшик оғалари хисобланмиш югурдаклари бизни ҳайдаб солишди холос.
Мухтарам Президент!
Бизни Конституцион ҳуқуқларимизни топтаётган маҳаллий амалдорлар ҳақида Сизга телеграмма юборгандик.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасининг 1-бандида «Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир» дейилган.
Лекин Сиз бизни ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафили бўлолмаяпсиз. Маҳаллий рахбарлар бизни қонимизни ичяптилар. 27-июнь Матбуот ходимлари байрами кунигача туман хокими Ноъмон Омонов ва прокурор Ғайрат Умурзақов истеъфога чиқарилиб, мени қонуний ерим ўзимга қайтариб берилмаса юзга яқин тарафдорларим ва бригадамиз аъзолари билан биргаликда Сиз бошқараётган хукуматнинг истеъфосини талаб қилиб кўча юриши, намойишлар бошлаймиз ва рухсат этилмаган тадбир ўтказганлик учун қонун олдида жавобгарликка тортилишга тайёрмиз.
Адолатсизликка қарши курашчилар номидан Мадрахимова Шакархон.
Манзил: Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Фурқат кўчаси 22 уй
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish