Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашид Қодировга телеграмма очиқ хат № 4
“Ўтюраклар” Клуби раҳбари, мустақил журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевадан
25 апрель 2003 йил
Муҳтарам Рашид Ҳамидович!
“Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши кескин курашамиз – Биз огоҳмиз» шиори остида фаолият юритгувчи “Ўтюраклар» Клуби Инсон ҳукукларини ҳимоя қилиш ташкилоти номидан Сизнинг номингизга 2002 йил 27–ноябрь кунги ёзилган ва Баходир Пўлатов имзо чектирмасдан олиб кетган тушунтириш хатимни нусхасини қонуний чора кўриш учун топширишга қарор қилганимни билдирмоқчиман.
Ушбу тушунтириш хати 27–ноябрда ёзилган бўлсада биронта фуқаронинг муаммоси ҳал этилгани йўқ. Аксинча тушунтириш хатида ёзилган фактларни бости бости қилиш учун қалбаки хужжатлар тайёрланиб, жиноятлар изи имкон қадар йўқотилганлигидан хабардорман. Тушунтириш хатидаги ИЗОҲларни янги киритдим.
«Ўтюраклар» Клубига 2002 йилда 200га яқин ариза ва шикоят хатлари тушган. Бу аризаларда айнан Фарғона вилоятдаги ижроия хокимияти, маъмурий органлар рахбарлари, амалдорлар томонидан жиноятлар содир этилаётганлик холатлари ҳақида тасдиқловчи хужжатлар билан ёзилган.
Фарғона вилоятида Конституция ва қонунлар оддий ҳалқ манфаати учун ишламаётганлиги туфайли 8–декабрь Конститутция байрами куни юзлаб ҳуқуқи паймол этилган фуқаролар билан биргаликда Олий Мажлис биноси рўпарасида қонуний йўл билан «пикет» ўтказмоқчи бўлдик ва бу ҳақда мурожаатнома бердик. Бизнинг мақсадимиз Ўзбекистон Республикасини Дунё мамлакатлари орасида обрўсизлантириш бўлганида эди бир ой аввал мурожаатномани хукумат рахбарларига жўнатмаган ва махсус комиссия юборилишини талаб қилмаган бўлар эдик.
Фарғонанинг мазлум, жабр ситам кўрган юзлаб вакиллари ишонган эдик-ки, маҳаллий раҳбарлар ўзларининг жиноий кирдикорларига қонун олдида жавоб берадилар ва бундай кирдикорларга чек қўядилар, ҳалқнинг нафратидан чўчийдилар деб. Шунингдек Республика миқёсидаги рахбарлар ҳам Фарғонадаги ҳақиқий аҳволга жиддий ёндашадилар деб ўйлаган эдик.
25–ноябрь куни Республика Президенти номига юборилган мурожаатномани ўрганиш учун Сиз рахбарлик қилаётган Республика Бош прокуратурасидан Баходир Пўлатов исмли вакил (кейинчалик билсак «Болалар» гуруҳининг қўшиқчиси экан) Фарғонага ташриф буюрди. Айнан шу куниёқ Республикадан келган вакилга дарду–ғамларини айтиш учун 50 нафардан зиёд турли шаҳар ва туманлардан ҳуқуқлари паймол этилганлиги туфайли «Ўтюраклар» Клубига шикоят аризалар берган фуқаролар тўпланишди. Лекин Баходир Пўлатов бу фуқароларни 70-80 ёшни қоралаган қарияларни ҳам талаб истакларини инобатга олмади, яъни улар билан юзма-юз учрашмади. Фақат Республика бош прокурори номига тушунтириш хатлари ёзиб келишларини тайинлади.
У 25-26-27–ноябрь кунлари мен кўтарган масалаларага жиддий ёндашгандек бўлди. Ҳаттоки 27–ноябрь куни Фарғона тиббиёт билим юрти рахбарларига талабаларнинг стипандияларидан фирибгарлик йўли билан маблағ ўзлаштирганликлари ҳақида суриштирув ўтказиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168–моддаси 2–қисм «а» банди билан жиноят иши қўзғади.
Лекин 28–ноябрь куни вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи Аминжон Тошхўжаевнинг топшириғи билан Республика прокуратурасидан келган вакил учун пул йиғилаётганлиги ҳавида гап болалади. Чунки мен ўз тушунтириш хатимда вилоятдаги миллий хавфсизлик хизматидагилардан ноҳақ жабр кўрган 15 нафар фуқаронинг, Ички Ишлар тизимидагиларнинг жиноят ва қотиллик содир этганликлари ҳақидаги қирққа яқин фуқароларнинг, шунингдек прокуратура тизимидаги унга яқин ходимнинг жиноий кирдикорлари ҳақида аниқ далил, исботлар билан ёзгандим.
Лекин негадир Баходир Пўлатов қўлёзма тушунтириш хатимни қайтариб берганида прокуратура тизимидагилар ҳақида ёзилган вароқларни қайтариб бермади. Ҳаттоки вилоят прокурори номига 25–ноябрь кунги ёзган Очиқ хатимни ҳам фақат танишиб чиқиш учун деб олиб қайтариб ҳам бермади. Мен Сизнинг номингизга ёзган тушунтириш хатимда асосан мана шу 3 та тизимдаги қонунбузилиш холатларини маълум қисминигина фош этгандим холос. Мурожаатномамдаги баён қилинган бошқа тизимлардаги кирдикорлар ҳақида ҳали айтиб улгурмаган эдим.
Республика Прокуратурасидан келган вакил қизиқаётган ишларни ёпти-ёпти қилиш учун пул йиғилаётганлиги ҳақида ишончли манбаалардан хабар олингач, Баходир Пўлатовнинг не юмушлар билан шуғулланаётганини фуқаролар билан текширдик. Текширувимизда шу нарса маълум бўлдики, вакилнинг топшириғига асосан клубга ариза билан мурожаат қилган фуқароларни чақиртириб, вилоят прокуратурасининг ходими Маъруф Холтоев ва Эркин Маҳмудов аризачиларга, аниқроғи Бувайда туманилик отаси ва акасини Бувайда тумани ИИБ Жиноят Қидирув бўлими бошлиғи Шавкат Одилов ўлдириб юборган ва бу қонун ҳимоясчиси формасини кийган бу жиноятчини жазоланмагани учун фиғон чекаётган фуқароларга «Тожибоева Мўътабар бунтовшик, давлат сиёсатига қарши, яқинда қамалиб кетади» деб гапириб, Республика прокурори номига ўзлари тушунтириш хати ёзиб, фуқароларга ўқитмасдан имзо чектириб олганликларини аниқладик ва бу фуқаролар бўлган ишни Республика прокуратураси вакили Пўлатовни юзига айтиб беришди.
Баходир Пўлатовни қўлида 28–ноябрь кунги мени давлат сиёсатига қарши эканлигим ҳақидаги тушунтириш хати мавжуд бўлса, менинг қўлимда 29–ноябрь кунги Холтаевнинг кирдикорлари баён қилинган тушунтириш хати мавжуд. Мен оддий ҳалқнинг дарду-ташвишини енгиллаштиришга ёрдам қиламан деб тухмат бўхтонга қолаётганим учун Баходир Пўлатовга 29–ноябрь куни талабнома ёздим.
Талабномамда ҳар бир ариза муаллифи билан шахсан ўзи учрашишини, уларнинг муаммолари юзасидан мендаги мавжуд хужжатлар ва журналистик суриштирувим натижалари билан солиштириб мухокама этишни талаб қилдим. Шунингдек тушунтириш хатимда баён қилганим 50 дан ортиқ фактлар бўйича ўзининг хулосаси, яъни текшируви якуни билан таништиришни талаб қилдим. Текширув якунини маълум қилмаса компютерда ёзилаётган Республика бош прокурори номига ёзганим тушунтириш хатимга имзо чекмаслигимни расман ёзма тарзда маълум қилдим.
Ушбу талдабномамда бу текширувчининг давлат, ҳалқ манфаатини кўзлашига ишонмаслигимни ва бунинг сабабларини баён қилгандим. Шунингдек 2001 йил 1–июлда маҳалламизда «Биз маҳалламизни энг ибратли, энг намунали маҳаллага айлантирамиз» мавзусида бўлиб ўтган «Ўтюраклар» Клуби ташкил этган очиқ мулоқот ва унда мухокама қилинган масалалар ҳақидаги хужжатларни ҳам ҳавола қилгандим. Баходир Пўлатов на текширув якуни ҳақида ҳеч нима демасдан, на фуқаролар номидан ёзилган ариза ва тушунтириш хатлари бўйича бирор хулоса бермасдан жуфтакни ростлади.
Республика прокуратураси вакилига маҳаллий хокимият ва маъмурий органлар рахбарларининг жиноий кирдикорлари ҳақидаги бор хужжатлар ва далилларни ҳавола қилганимдан сўнг маҳаллий рахбарлар Республика прокуратураси вакилини-ку тинчитдик, бу фактлар ҳалқаро ташкилотлар қўлига тушиб қолса ҳолимиз не кечади деб ўйладилар-да, қандай бўлмасин мендан қутилиш йўлларини қидирдилар.
Айнан 2002 йил декабрь ойидаги маҳаллий рахбарларнинг менга нисбатан қилган жиноий кирдикорлари ҳақидаги фуқароларнинг ариза ва шикоятлари нусхаларини ҳам қонуний чора кўриш учун тақдим қилишга қарор қилдим.
Ушбу сизга хавола этганим барча фактлар Ҳалқаро ташкилотлар ва Ҳалқаро матбуотларга хавола қилинган. Биз қандай йўл билан бўлмасин, яъни кимлар, қандай тўсқинлик қилмасин барибир бу фуқароларни ҳуқуқларини ҳимоя қилаверамиз. Ушбу кўтарилган масалаларга Сиз ҳам жиддий ёндашасиз ва қисқа муддатда ҳуқуқлари паймол этилган фуқаролар кўксига қуёш нури тушади деб умид қиламан.
«Ўтюраклар» Клуби рахбари, Мустақил журналист Мўътабар Тожибоева:
Манзил: Фарғона вилояти Марғилон шаҳри Зухро кўчаси
31 уй 32 квартира
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish