18.01.2005 кунлик архив
Фарғонада қийноқларга қарши норозилик намойиши
17 январь куни Фарғона шаҳридаги 10 сонли тергов хибсхонаси ёнида 10га яқин фуқаролар норозилик чиқиши ўтказганлар.
Икки соат давом этган бу норозилик чиқишида фуқаролар махбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари махбуслар ҳаётига бефарқ қараётганидан норози бўлиб хукумат истеъфосини талаб қилишган.
Уларнииг қўлларидаги плакатларда “Турмада ётган муслим ва муслималарга зулм кўрсатаётган ўзбек хукумати истеъфога чиқсин!”, “Зулмга йўл қўяётган хукумат вакиллари жавобгарликка тортилсин!”, «Ойша Аҳмедовани ноҳақ айблаётган, уни қийноқларга тортаётган ёвузлар жазолансин!» каби талаблар ёзилган эди.
Фарғона тергов ҳибсхонаси ёнида қийноқларга қарши норозилик акцияси
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабарига кўра, кеча, 17 январь куни кечга томон Фарғонадаги тергов ҳибсхонаси ёнида норозилик намойиши ўтказилди.
Унда 2004 йил сентябрида “Хизб-ут-Тахрир“га мансубликда ва “Хизб“чиларга ёрдам кўрсатишда (ўз уйидан бошпана беришда) айбланиб, қамоққа олинган ва шу кунларда Фарғона вилоят судида Ўзбекистон ЖКнинг бир неча моддалари бўйича иши кўрилаётган марғилонлик Ойша Аҳмедованинг яқинлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан иборат, қарийб 15 киши қатнашди.
Суд залига 52 ёшли О.Ахмедованинг танаси шилинган ва моматалоқ ҳолда олиб келинганига шоҳид бўлароқ пикетчилар қамоқхонада қийноқларнинг ўзига хос усули қўлланилганини – махбуснинг ўзи билан сақланаётган безори рус аёли томонидан ваҳшиёна калтакланаётганини кескин қораладилар.
Уларнинг қўлларида “БМТ Ўзбекистон хукумати томонидан ўтказилаётган қийноқларга чек қўйсин“, “Турмада ётган муслима ва муслимларга зулм кўрсатаётган ўзбек хукумати истеъфога чиқарилсин!“, “Ислом Каримов президентликдан бўшатилсин!“, “Хукуматнинг истеъфосини талаб қиламан“ қабилидаги плакатлар бор эди.
Намойиш бир соатдан ортиқ давом этди.
Озодлик радиоси: Айбланувчи судда танасидаги калтакланиш изларини кўрсатди
Хабарларга қараганда, марғилонлик 52 ёшли О.Аҳмедова “Ҳизб ут-таҳрир” ноқонуний диний оқимига мансуб кишиларга уйидан жой берганлик ва шу оқимга алоқадорликда айбланиб, ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳибсга олинган.