Category Archives: МЕДИА

Терроризмга қарши ўтказилган пикет ҳақида муносабат

Снимок,,,,,,,

Бугун 7 сентябр 2004 йил куни мени бир қадрдоним соат 13.00 га Олтиариқ тумани жиноят ишлари буйича судининг биноси олдига келишимни айтди. Илож қанча, айтган вақтда етиб бордим.

Бино олдида иккита қария турган экан. Сабр тоқат билан танишимни кутдим, келди. Ҳозир суд бўлишини, унда қатнашишим кераклигини ҳам айтган эди. Соат 14.00 дан кейин 10-12 одам тўпланди.

Янги ватман қоғозига қандайдир эълонларни ёза бошлашди. Халиги шиорларни ушлаб, автомашиналарни қатнови томонга қараб туришди. Ҳаммаси жим, ҳеч қандай бақириқ-чақириқлар йўқ.

Қизиқиб шиорларни ўқидим: «Биз терроризмга қаршимиз!», «Гиёҳвандликка, наркобизнесга қаршимиз!», «Ерни талон-тарож бўлишига йўл қўймайлик!», «Фохишабозликка қарши курашайлик!» Ниятлар яхши, давлат сиёсатига қарши ҳеч нима йўқ.

Фарғоналик адвокатлар қийноқларга қарши

Маълумотларга кўра, Фарғонада бир гуруҳ адвокатлар томонидан “Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” деб номланган янги ташкилот тузилган.

Ташкилот ташаббускорларидан бири, Фарғонадаги “Нажот” адвокатлик фирмаси раҳбари Асқарали Файзуллаевнинг сўзларига қараганда, кўплаб халқаро ташкилотларнинг қийноқларни тўхтатишни сўраб, Ўзбекистон ҳукуматига мурожаатлар, тавсияномалар жўнатганига қарамай, мамлакатда қийноқлар давом этмоқда.

Янги ташкилотни тузишдан асосий мақсад фуқароларни қийноққа солиш каби ноқонуний ишларни фош этиб, бу муаммога ҳукумат ва халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш орқали қийноқларга барҳам беришга ҳаракат қилишдир.

Озодлик радиоси: “Ўтюраклар” сафи кенгайди

Андижонлик бир гуруҳ аёллар Фарғона вилоятида фаолият кўрсатадиган “Ўтюраклар” клубига расман аъзо бўлиб кирди. Энди улар ўз ҳудудларида ҳам клубнинг бўлимини ташкил этиш ниятида.

“Андижон” балиқчилик хўжалигининг оилавий ижарачиси Малика Мамадаминованинг сўзларига қараганда, у хўжаликда юзага келган муаммоларни ечишга ёрдам бўлади, деган мақсадда “Ўтюраклар” клубига аъзо бўлган.

М.Мамадаминованинг айтишича, марғилонлик Ҳусанбой исмли йигит у ижарачилик қилаётган кўлга ёрдамчиликка ишга олинган. Йигит овланган балиқларни олиб кетган, лекин пулини тўламаган. Қарз эса ижарачилар бўйнига тушган. Суд ҳам, прокуратура ҳам Ҳусанбойнинг тарафини олмоқда.

Душанбега боргани учун бир йилга кесилди

24 август куни Наманган вилояти Чуст тумани жиноят ишлари судида Чуст шаҳрида истиқомат қилувчи, вояга етмаган тўрт фарзанднинг онаси Солиҳаби Аҳмедова устидан чиқарилган суд ҳукми ўқиб эшиттирилди.

С.Аҳмедова қонунга зид равишда чет элга чиққанликда айбланди. Суд уни айбдор деб топди ва бир йилга озодликдан маҳрум этди.

Суд ҳукмида айтилишича, С.Аҳмедова жияни билан олдиндан тил бириктириб, жорий йилнинг 10 апрель куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги чегара ҳудудидан қонунга зид ҳолда ўтган ва Тожикистоннинг Регар тумани орқали Душанбе шаҳрига борган.

Жамоатчи ҳимоячи суд жараёнидан четлатилди

Қўқон шаҳри адвокатлар коллегияси адвокатлари Фарғона вилояти жиноят ишлари судида олиб борилаётган суд жараёнидан норози бўлиб, суд залини ташлаб чиқди.

Суд раиси эса суд мажлисини улар иштирокисиз давом эттираверди ва адвокатларнинг лицензиясини бекор қилиш ҳақида хусусий ажрим чиқарди.

Маълум бўлишича, Қўқон шаҳри адвокатлар коллегияси аъзолари Қўчқорали Сотволдиев ва Бахтиёр Абдуллаев, Учкўприк туманидаги “Нажот” адвокатлик фирмаси адвокати Асқарали Файзуллаев ҳамда фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Жиноят кодексининг 159 (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) ва бошқа бир қанча моддалари бўйича айбланаётган фуқаролар – Бувайда туманилик Абдулла Камолов ва Аҳмадқул Ғайназаровни ўз ҳимоясига олган.

Озодлик радиоси: Ҳоким митинг ўтказишга рухсат берди

Хабарларга кўра, Тошкентда 30 июлда содир этилган портлашлардан сўнг Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча нодавлат ташкилотлар “Биз терроризмга қаршимиз” шиори остида митинг ўтказилишига рухсат сўраб, вилоят ҳокимига мурожаат этган.

Бу мурожаатга ижобий жавоб қайтарилган.

“Халқпарвар” нодавлат ташкилоти раҳбари Содиқ Қироновнинг сўзларига қараганда, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг бундай ташаббус билан чиқишига маълум сабаблар бор.

Тошкентдаги портлашлар сўнг айрим туманлар ҳокимлари маҳалла фуқаролар йиғини раисларига ўз ҳудудида яшовчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини қаттиқ назоратга олишни буюрган.

Милиция ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишдан тўхтаётгани йўқ

Снимок,,,,,,,

Фарғонадаги «Ўтюраклар» Клуби ташкилоти рахбари Мўътабар Тожибоева 30 июн куни соат 11-30 да ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг Юнусободдаги идорасида оммавий ахборот воситаларига, ҳусусан «Ахборот» кўрсатуви журналисти Мухаммаджон Обидов ва «Хуррият» газетасига бўлган муносабати ҳақида матбуот анжумани уюштирди.

Анжуманда Фарғонадаги Туэл қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси Эркин Қўзиев, Мухаммаджон Обидов томонидан хозирланиб, «Ахборот» кўрсатувида намойиш қилинган «пахта даласида маош тарқатиш» тўқима лавхасида қатнашган аёллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда «Озодлик» ва «Би-би-си» радиоларининг мухбирлари қатнашишган.

Озодлик радиоси: Андижоннинг “намозшомгул” суди

8 июнь куни соат 16 ларга яқин Андижон вилояти жиноят ишлари суди биноси олдида асосан аёллар ва қариялардан иборат қарийб 200 киши норозилик чиқиши уюштирди.

Улар суд жараёнларининг белгиланган вақтда ўтказилмаслигидан норозилик билдирдилар.

Акция иштирокчиларининг сўзларига қараганда, шу куни судда 11 та иш кўрилиши керак эди.

Суд маъмурияти белгилаган вақтда бу ерга жуда кўп киши тўпланган. Бироқ белгиланган вақтдан 5-6 соат ўтса ҳам бирорта суд жараёни бошланмаган. Кишилар бино ичида жой йўқлигидан ташқарида жазирама иссиқда кутиб туришга мажбур бўлган.

Озодлик радиоси: Туэлда ўзгаришлар анчагина

“Озодлик” радиосида Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Туэл қишлоғига оид лавҳа эълон қилингандан сўнг бу ерда анча ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Маълумотларга қараганда, қишлоқда ширкат ишчиларига маош тарқатила бошлаган, ичимлик сув муаммосини ҳал қилиш учун янги қудуқ қазилмоқда.

“Озодлик” мухбири қишлоқда амалга оширилаётган ўзгаришларни ўрганиш учун Туэлда бўлди. Маҳалла масжиди имоми, 80 ёшли ҳожи Абдумажидхўжанинг таъкидлашича, қишлоқ аҳли узоқ йиллардан буён ичимлик сувга муҳтож бўлган.

Кишилар бошқа маҳалладан кечалари навбатда туриб сув олиб келган. Энди эса бу муаммони ҳал қилиш учун қудуқ қазилмоқда. Туэлликлар бундан миннатдор бўлаётир.

Озодлик радиоси: Паспорт қачон қайтариб берилади?

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир нечаси хорижга чиқиш визаси олиш учун паспортларини ички ишлар бўлимига топширганидан буён анча вақт ўтган бўлса-да, ҳалигача паспортларини қайтариб ололмаётир.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари на визага рад жавобини беради, на паспортни қайтаради.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Фарғона вилояти бўлими раҳбари Абдусалом Эргашевнинг таъкидлашича, у жорий йилнинг 11 февраль куни Фарғона вилояти ИИБнинг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқаролик ишлари бўлимига паспорт топширган.