Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Раиси Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповга Очиқ хат

Снимок,,,,,,,

Мелиқўзиев Маҳаммадаминни Хошим Азизов вахшийларча калтаклагани учун суд тиббий экспертизасидан ўтганидан ва Хошим Азизовга жиноят иши қўзғашни талаб қилиб Марғилон шахар прокуратурасига учинчи аризани берганидан 100 кундан кейин, яъни 2003 йил 5–августдан 6–августга ўтар кечаси Тохир Бозоровга қарашли қиморхонада Тўйчиев Карим ва Хакимов Абдумажидни кейинчалик қочириб юборган қиморхона ходимини ёллаб, Мелиқўзиев Маҳаммадаминни ўлдиртириб қиморхонага кўмдириб юборган.

Август ойининг охирларида кўмиб қўйилган мурдани очишга воқеа жойига Хошим Азизов ўзи етиб борган ва жиноятнинг ташкилотчиси эканлиги фош бўлишидан қўрқиб мархумнинг яқинларига фожеа ҳақида маълум қилмаган. Мурдани ёндириб юборгач орадан 20 кун ўтиб, 14–15 сентябрь куни ярим кечаси Хошим Азизов Мелиқўзиев Маҳаммадаминни уйини қонунга зид равишда тинтув қилиб 17–апрель кунги жиноятини фош этувчи ашёвий далилларни йўқотишга харакат қилади.

Фарғона шаҳридаги 10–сонли тергов хибсхонаси махбуси – Ҳалқаро Нобель мукофотининг номинанти мустақил журналист, «Фуқаролик Жамияти» Ҳалқ Харакати асосчиси Мўътабар Таджибаевадан

  О Ч И Қ  Х А Т

Тошкент. “Мустақиллик майдони” метроси. Ўзбекистон Ёзувчилар
Уюшмаси Раиси Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповга

11–январь 2006 йил

Мухтарам Абдулла ака!

Мен бир пайтлар Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Фарғона Вилоят бўлимида тарғибот ташвиқот бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб, «Наврўз оҳанглари», «Ёднома» номли китобчаларни чоп этилишида ташаббускорлик кўрсатган ва Ёзувчилар Уюшмасининг бинолари, боғлари, маблағларини қалбаки хужжатлар билан ўзлаштириб юборган Фарғона вилояти хокимияти амалдорларини фош этиб, Ёзувчилар Уюшмасининг бутун мол–мулки ва миллион–миллион маблағларини суд орқали ундириб берган Мўътабар Таджибаеваман.

Шунингдек, «Ёзувчи» газетасининг Фарғона водийси бўйича мухбири сифатида газетани Фарғона водийсида тарғибот қилган, натижада айни ўша пайтда Фарғонада «Ёзувчи» газетаси муштарийлари сони қисқа муддатларда кескин кўпайишига ҳисса қўшган тарғиботчисидирман.

Бундан ташқари Республикадаги нуфузли матбуотлар билан биргаликда «Ёзувчи» газетасида ҳам ижод намуналарим, шеърларим чоп этилган.

Республика Ёзувчилар Уюшмаси қошидаги «Ёзувчи» нашриёти орқали 2001 йилда мен бошқараётган «Ўтюраклар» Клубининг «Огоҳ бўлайлик» номли рисоласи мени муаллифлигимда чоп этилган.

Ўша пайтларда ҳам Фарғона водийсидан Тошкентга бориб қолган амалдорлар мени талантим, қобилиятим, иқтидоримга ҳасад қилардилар. Шунда сизнинг кўплаб таниқли, Республикада етарли нуфузга эга бўлган Сурхон воҳасилик шогирдларингиз водийлик эркак рахбарларнинг жирканчликларидан нафратланишарди.

Мен ўша пайтларда водийлик эркак ҳамкорларимнинг орсизликлари, ҳамиятсизликларидан ҳазар қилиб улар билан бир водийда, аниқроғи бир вилоятда туғилганимдан ор қилардим. Ўтган йиллар давомида амал курсисини эгаллаган ҳамшаҳарларимни ҳалолликдан умуман юз ўгирганларига жуда кўп марта дуч келдим. Уларнинг ориятсизлиги, фитнакорликлари туфайли мен 7–октябрь 2005 аил кунидан буён қонунга зид равишда хибсга олиниб, узлуксиз қийноққа солинмоқдаман.

Мен бугун Сизга менга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 17–моддаси билан қўйилган сохта айбловлар ҳақида ҳеч нарса демоқчи эмасман.

Чунки мени хибсга олинишим Республика бош прокуратурасининг буюртмаси бўлган. Ўзбекистонда эса прокуратура тизимидаги амалдорларнинг ғайриқонуний ҳатти –харакатларига ҳали ҳеч бир жонзот қарши чиқиб соғ қолмаган.

Мен ўзга бир ҳолат ҳақида Сиз билан фикрлашмоқчиман.

Республика «Моҳият» газетасининг 10–декабр кунги 49–сонида шеърият хиёбони рукни остида «Бугуннинг қадрига етгил, биродар» шеърларингизнинг тўплами чоп этилибди. Шулардан бири, яъни 2004 йил 16–ноябрда ёзилган «Имом» номли тўртлигингиз юрагимга ўрнади.

И м о м

Ҳазратим, аслида Сизга ҳам қийин,
Сомелар кўпинча қилишар ўйин.
Аввал ортингизда намоз ўқишар,
Қатиққа сув қуйиб сотишар кейин.

Мен бу тўртлигингизни Президент Ислом Каримовга атаб ёзганлигингизни дарҳол сездим. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Президентга жуда ҳам қийин, айниқса хозир Президентнинг сиёсатини қўллаб–қувватлаб ҳалқ орасида, Ҳалқаро ташкилотлар вакиллари орасида қонунлар устиворлиги, фуқаролик жамиятини шакллантиришга хукумат рахбарлари эмас, балким қонунларни оёқ ости қилувчи шахслар – амалдорлар тўсқинлик қилаётганликларини билдириб, бундай қонунбузар рахбарларни кирдикорларини фош этган биз сингари фаол фуқароларни жойларимиз қамоқхоналар бўлди.

Мени 14–октябрь куни Фарғона шаҳридаги 10–сонли тергов хибсхонасига олиб келган бўлсалар, вилоятдаги мени айбим билан катта–катта еганларини қайтарган ва ўз вазифасига совуққонлик қилганлиги учун мени саъйи харакатим билан Президент девонига ҳисобот–рапорт ёзишга мажбур бўлган «акахон»ларим фитна уюштириб, 17–18 ноябрь ва 1–декабрь кунлари мени интизомий жазолаш учун қарорлар расмийлаштириб, 6–декабрь куни мени Фарғона вилоят прокуратураси тергов бўлими бошлиғига менга тергов изоляторида қўлланилаётган ваҳшиёна қийноқлар ҳақида 22–ноябрь кунги берган кўргазмам юзасидан хизмат текшируви ўтказиб хулоса билан тасдиқлаб қўйибдилар.

Вилоятнинг куни кеча мен билан хурмат билан муносабатда бўлиб келган амалдорларнинг менга тухмат қилиб ёзган хулосасини ўқиб туриб Сурхон воҳаси йигитларини соғиндим.

Ушбу хулосадан ихтибос келтираман:

«… Юқоридаги холат бўйича хибсхона бошлиғи ҳамда ўринбосарлари билан олиб борилган сухбатлар давомида махбуса М.Тожибоева билан хибсхона бошлиғи ва масъул ўринбосарлари бир неча бор ўтказган тарбиявий–профилактик сухбатлардан махбуса ўзига тўғри хулоса қилмай, ўзининг нотўғри фикр–ғояларидан қайтмасдан, Республикамиз рахбарияти олиб бораётган сиёсатига қарши фикрда эканлигини кўрсатиб келаётганлиги аниқланди»

14–ноябрь куни Президент Ислом Каримов Россия хукумати билан ҳамкорлик қилиш ҳақида шартномага имзо чеккан куннинг эртасига, яъни 15–ноябрь куни Президент И.Каримовга мурожаатнома йўллаб 2004 йил 7–сентябрь куни Россия хукумати ташаббуси билан Россия мамлакатида Ҳалқаро терроризмга қарши митинг ўтказишидан хабар топгач, Россия хукумати ва аҳолиси ўтказаётган митингни қўллаб–қувватлаш мақсадида 5–сентябрь куни Президентга телеграмма юбориб, «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ташаббуси билан ташкилотимиз фаоллари ва

фуқаролар иштирокида «Биз терроризм ва наркобизнесга қаршимиз» шиори остида Олтиариқ тумани марказида 7–сентябрь куни пикет ўтказишимиз ҳақида маълум қилиб, 7–сентябрь куни пикет ўтказганимиз ҳақида ёзгандим.

Шунингдек ушбу пикетда айнан Ҳалқаро терроризм ва наркобизнесга қаршилигимиз ҳақида плакатлар ёзилган бўлишига қарамай, пикет иштирокчилари булган ташкилотимиз фаолларига нисбатан маъмурий ишлар қўзғатилиб, махкамага тортилиб, 2004 йил 27–сентябрь кунги суднинг қарорида «…Ўзбекистон хукумати томонидан олиб борилаётган сиёсатига қарши қаратилган чақириқлар ёзилган «плакат»ларни кўтариб туриб Ўзбекистон Республикаси МЖТК 201–моддасида, яъни юқоридаги айбловдан ташқари рухсат этилмаган намойиш ўтказганликда ҳам айбланганликлари ҳақида ёзгандим.

Президентга ёзган хатимда яна қуйидагиларни баён қилгандим:

«… Мен ҳануз билолмайман, бу терроризмга қарши ўтказган ва Россия хукумати билан аҳолисини қўллаб–қувватлаб ташкил қилган пикетимизни нимаси Ўзбекистон Республикаси хукумати олиб бораётган сиёсатга қарши эди? Ўзбекистон Республикаси хукумати терроризмга қарши эмасми?»

Россия хукумати ва аҳолисини қўллаганлигимиз хукумат сиёсатига қарши хисобланганмикан деган шубҳа–гумоним ҳам кечаги хабардан кейин тарқаб кетди.

Жаноб президент!

Мени фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун олиб борган фаолиятим жиноят, хукумат сиёсатини қўллаб–қувватлаганим –Сиёсатга қарши деб талқин қилинди, лекин амалда, яъни радиокарнайда янграётган ва барча махбуслар бирдек эшитаётган хабарларда хукуматни сиёсати баён қилинмоқда.

Мени олиб борган ишларим, фаолиятимда эса бу сиёсатга қарши ҳеч қандай харакат бўлмаганди. Мен бу жумбоққа жавоб топишга ёрдам беришингизни сўрайман» дегандим.

Президентга ушбу хатни юборганимни эртасидан бошлаб тергов хибсхонасида менга қарши фитналар кучайиб кетди. Узлуксиз равишда мен турган махсус камерага «қулоқлар»ни ташлаб қасддан жанжаллар уюштириб, менга қарши хужжатлар расмийлаштиришди.

Менга қўлланиладиган қийноқлардан арз қилсам юқорида қисқача баён қилинган хулосани тузиш билан чегараланишди.

Яна шеърингизга қайтамиз: Имомни орқасида ўтириб халоллик, покликка, оллоҳга сўз бериб намоз ўқиган сомелар қатиққа сув қўшиб сотишади, Имом эса сомеларга ишонади.

Мени Республика рахбарияти олиб бораётган сиёсатга қарши дея расмийлаштирилган сохта хулосага имзо чекилганидан кейин орадан 15 кун ўтгач, ушбу хулосани тасдиқлаган Фарғона вилоят Ички Ишлар бошқармаси бошлиғининг Жиноят Қидирув ва Терроризмга Қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Хошим Азизов ва Республика Ички Ишлар Вазирлигининг Терроризм ва уюшган жиноятчликка қарши

курашиш бошқармасининг Фарғона водийси бўйича вакили милиция полковниги Юсупали Собиров милициянинг собиқ ходими Улуғбекдан келишилган 8000 АҚШ долларини 3000 долларини пора тариқасида олаётган пайтларида 21–декабрь куни жиноят устида қўлга олинганлар. Унгача Республика ИИБ мансабдори ва вилоят ИИБ рахбарларининг эркатойи собиқ милиция ходимини қўрқитиш мақсадида хужжатларни сохталаштирганлар.

13–май куни Андижонда мудҳиш воқеалар содир бўлаётган пайтда Хошим Азизов уйимга қўнғироқ қилиб унинг ва рахбарларнинг айтганларини сўзсиз бажаришимни айтиб дўқ–пўписа қилди. Мен унга менга буйруқ беришга ҳаққи йўқлигини айтиб сўкдим.

Шу куни кечки пайт Хошим Азизов уйимга келиб рахбарлар 15 минутлик сухбатга чақираётганликларини, ярим соатда қайтариб олиб келиб қўйишини айтиб мени уйимдан олиб чиқиб кетди ва мен 4 кун вилоят Ички Ишлар Бошқармасида ҳеч қандай сабабсиз хибсда сақландим.

Менга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмади, ҳаттоки адвокатлар билан ҳам учрашмадим. Хушимдан кетиб қолганимда ҳам тиббий ёрдам кўрсатилмади. Шу кунлари жисмоний ва руҳий қийнашди. 15–апрель куни Тошкентда мени ўғирлаб кетганлар ҳам Хошим Азизов хизмат қиладиган гуруҳнинг рахбарларидан эди.

13–май куни менга нисбатан қийноқ қўллашаётганлигини кўриб Республика вакили Юсуп Али Хожи Собиров Хошим Азизовга «Алишер акамни укаси Аваз Эргашевни, яъни Фарғона шаҳар хокимини судга берган шу қанчиқмиди?” деб роса устимдан кулишганди.

Юсуп Али Хожи ҳам, Хошим Азизов ҳам фош бўлишди. Улар вилоят миллий хавфсизлик хизмати бошқармасининг хибсхонасида қамоқдалар.

Ўғри ўғри эмас, қўлга тушган ўғри эмиш: Хошим Азизовнинг ўта оғир жиноятлар содир этганлигидан хабардорман ва сиздан ҳалқ шоири–Ўзбекистон Қаҳрамони сифатида бу жиноятларни очишга ўз хиссангизни қўшасиз деб умид қиламан. Ҳеч бўлмаса Президентга сутга қатиқ қўшиб сотувчи биргина соменинг қуйидаги кирдикорларини етказишингизни сўрайман.

Чунки Хошим Азизов ва унинг жиноий шериклари мен тирик эканман эмин эркин юрмасдилар. Чунки уларнинг кўплаб жиноятларидан хабардорлигим туфайли Андижон воқеалари ташкилотчиларидан дея йўқ қилишга тинимсиз интилдилар

1. Хошим Азизов Марғилон шаҳар ички ишлар бўлимида ишлаган пайтида шаҳардаги барча қиморхоналар ва наркотик моддалар савдоси точкаларидан, хусусан «Бомбей» деб танилган Лўлиқўриқ маҳалласидаги наркотик моддалар сотувчи наркобаронлардан доля олиб турарди. Вилоятга кўтарилгач доля оладиган худудлар ҳам кенгайган. Қўлга тушган наркотик моддалар Хошим Азизов орқали такрорий савдога чиқариларди.

Қиморхоналар ва қиморвозлардан хисса олиб ўрганган Петька лақабли қиморбоздан ўзига ва собиқ милиция майори Тохир Бозоровга тегишли Марғилон шаҳар Ал–Фарғоний кўчасидаги чойхонада ўйналган ва ютиб олинган қиморни маълум қисмини сўраган.

Хошим Азизовни талабини бажармаган қиморбозни 2003 йил 17–апрель куни Хошим Азизов аёвсиз калтаклаган.

Марғилон шахар Янги Марғилон шаҳарчаси Янги Фарғона кўчаси 11–уй 35–хонадонда яшовчи Мелиқўзиев Муҳаммадамин 18–апрель куни Марғилон шахар прокуратураси йўлланмаси билан суд тиббий экспертизасидан ўтказилган.

2003 йил 18–апрель кунги 382–сонли эксперт А.Сотволдиев берган экспертиза хулосасида қуйидагилар ёзилган.

«…. 1. Мелиқўзиев Муҳаммадамин Нўмонжонович ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида 17–апрель 2003 йил куни соат 16–30 лар чамасида Янги Марғилон шаҳарчасидаги универмаг магазин орқасида яшовчи таниши уйида ўтирган вақтларида Марғилон шаҳар ИИБ ЖҚБ ходими Хошим Азизов ҳеч бир сабабсиз уни уриб унга тан жароҳати етказганлигини айтиб ИИБ ЖҚБ ходими Хошим Азизовга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган» деган.

Экспертиза хулосасининг якунида эса «Фуқаро Мелиқўзиев М.Н.ни юқори лаб ўнг ташқи қисмидаги ва лунжидаги урилиб йиртилган яралари, юзининг ўнг ён ости соҳасидаги тирналмалари аниқланди. Бу тан жарохатлари қаттиқ тўмтоқ, юзаси нотекис жисмлар таъсирида етказилган бўлиб, етказилиш муддати қарорда кўрсатилган вақтга ҳам тўғри келиши мумкин…» деб расмийлаштирилган.

Мелиқўзиев Маҳаммадамин ўзига етказилган тан жарохати бўйича Хошим Азизовга нисбатан қонуний чора кўриб жиноят иши қўзғашни тўхтамасдан талаб қилаверган. Прокуратура бу ишни бости–бости қилган. Хошим Азизов Мелиқўзиев Маҳаммадаминга агар аризавозликни тўхтатмаса йўқ қилиб юбориши билан қўрқитган. Унинг бу гапини кўпчилик эшитган.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Хошим Азизов ваъдасини бажариб Мелиқўзиев Маҳаммадаминни ўлдиртириб сўнгра ёндиртириб юборган.

Мелиқўзиев Маҳаммадаминни Хошим Азизов вахшийларча калтаклагани учун суд тиббий экспертизасидан ўтганидан ва Хошим Азизовга жиноят иши қўзғашни талаб қилиб Марғилон шахар прокуратурасига учинчи аризани берганидан 100 кундан кейин, яъни 2003 йил 5–августдан 6–августга ўтар кечаси Тохир Бозоровга қарашли қиморхонада Тўйчиев Карим ва Хакимов Абдумажидни кейинчалик қочириб юборган қиморхона ходимини ёллаб, Мелиқўзиев Маҳаммадаминни ўлдиртириб қиморхонага кўмдириб юборган.

Август ойининг охирларида кўмиб қўйилган мурдани очишга воқеа жойига Хошим Азизов ўзи етиб борган ва жиноятнинг ташкилотчиси эканлиги фош бўлишидан қўрқиб мархумнинг яқинларига фожеа ҳақида маълум қилмаган.

Мурдани ёндириб юборгач орадан 20 кун ўтиб, 14–15 сентябрь куни ярим кечаси Хошим Азизов Мелиқўзиев Маҳаммадаминни уйини қонунга зид равишда тинтув қилиб 17–апрель кунги жиноятини фош этувчи ашёвий далилларни йўқотишга харакат қилади.

15–сентябр куни Марғилон шахар ИИБга ўғлининг уйида ўтказилган тинтувни сабабини аниқлаш учун борган Маҳаммадаминнинг онаси Эътиборхон Мелиқўзиевага ўғлининг

5–августда ўлдириб кўмилганлиги, август ойи охирларида мурдани кавлаб олиб ёндириб юборганликларини, шу куниёқ қотиллар ўз жиноятларини тўлиқ тан олганликларини айтишган.

Ўғлининг ўлиги ёндирилган бўлса, қотиллар ўз жиноятини тан олган бўлсалар нима учун марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига дарҳол хабар бермаганликлари ҳақида тушунтиришларини сўраган онаизорга сукут билан жавоб берганлар холос.

Ушбу қотиллик бўйича қўзғатилган жиноят ишини бугунги кунда 5000 АҚШ доллари пора олган пайтида, яъни жиноят устида қўлга олиниб, бугунги кунда вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати бошқармаси хибсхонасида ўтирган махбус – собиқ вилоят прокуратураси терговчиси Улуғбек Бахтиёров олиб борган.

Тергов харакатлари олиб борилаётган пайтда матбуот ҳақидаги қонунларга зид равишда кенг жамоатчиликни фикрини шакллантириш мақсадида вилоят Ички Ишлар Бошқармасига қарашли матбуот маркази вакили журналист Муҳаммадрасул Кимсанбоев «Чойхонадаги ФОЖЕА» номли мақолани маҳаллий матбуотларда чоп этди.

Мақола чоп этилганидан бир ойдан кейин мақолада баён қилинган ҳолатлар акс этган айблов хулосасига прокуратура амалдорлари имзо чекишди.

Ўғлининг ўлимида фақатгина Хошим Азизoв айбдорлиги ҳақида фарёд урган онаизорнинг юқоридаги каби важларига судда ҳеч ким қулоқ солмади.

Жабрланувчи вакили Мелиқўзиева Эътиборхоннинг қонуний манфаатларини Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида мен ҳимоя қилдим. Жиноят иши материаллари орасида Мелиқўзиев Маҳаммадаминни ўлимида айнан Хошим Азизов қўли борлигини исботловчи далиллар етарлича бор эди.

Айни шу пайтда қатиққа сув қўшиб сотувчи соме – Хошим Азизов Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг Жиноят Қидирув ва Терроризмга Қарши Курашиш Бошқармаси бошлиғи лавозимига кўтарилди.

Хошим Азизов Жиноят Кодексининг 97–моддаси 2–қисми «д, ж, и, о, п» бандлари, 112–моддаси, 134, 278 ҳамда 275–моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этганлигини билишимни, бу ҳақда хукумат идораларига бир неча маротаба мурожаат қилганлигим, унинг жиноятларини тўлиғича фош этмагунимча тинчимаслигимни биларди.

Қонунга зид равишда хибсга олинишимдан аввал эса Хошим Азизовнинг яна бир жиноятидан хабар топгандим.

Марғилон шаҳар Ўрам маҳалласида яшовчи Марғилон шаҳар Ижтимоий Таъминот бўлими бошлиғи Адҳамхожи Қурбонов Ўрам маҳалласида яшаган жуҳудларнинг уйини сотиб олиб, қурилиш ремонт ишлари қилаётган пайтда бузилаётган уйнинг орасидан жуда ҳам кўп миқдорда тилло тангалар, заргарлик буюмлари топилганда, бу бойликларни топиб олган қурувчиларга тилло топиб олганликларини сир сақлашлари учун бажармаган ишлари учун катта миқдорда ҳақ тўлаб жўнатиб юборган экан.

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди деганларидек Адҳамхожининг сотиб олган уйини бузилаётган пайтида жуда ҳам кўп миқдорда бойлик, тилла тангалар ва тилла тақинчоқлар чиққанлиги ҳақида бутун шаҳарда дув–дув гап бўлиб кетган. Адҳамхожининг ва унинг оила аъзоларининг яшаш турмуш тарзлари тўсатдан ўзгариб кетгани, айниқса иккинчи қизини турмушга чиқарган пайтида маҳалла аҳлини тўйга таклиф қилмай, Президент Фармонига зид равишда ўта дабдабали никоҳ тўйи ўтказганидан кейин Адҳамхожининг уйига бир гуруҳ шахслар босқинчилик қилиш учун киришган.

Топиб олинган бойликни давлат ихтиёрига топширмасдан ўзлаштириб юборган амалдордан бу бойликларни қандай усуллар билан топганлиги билан қизиқмаган Хошим Азизов аризачидан олган пораси эвазига топилган тилладан олиш учун кирган босқинчиларни топиш илинжида Марғилонга етиб борган. 2005 йил 7–июнь кечаси бўлган босқинчиликда ҳақиқий айбдорларни топа олмай, орадан 8 кун ўтгач бу жиноятни тезроқ ёпиш илинжида айбсиз бир фуқарони Марғилон шахар Ички Ишлар Бўлимига олдириб келиб аёвсиз калтаклаб, босқинчиликни зиммасига олишга мажбур қилган.

Хошим Азизовнинг қийноқларига дош бера олмаган бу фуқаро Марғилон шахар ИИБнинг 3–этажидан ўзини ташлаб юборган. Тез тиббий ёрдам чақирилиб, унга биринчи медицина ёрдами кўрсатилган.

Лекин қийноққа дош бера олмасдан ўзини тепадан ташлагани натижасида қовурғаси синган фуқарони суд тиббий экспертизасидан ўтказилмаган. Камбағал, ортида суянчиғи йўқ бир бечора ногирон булиб қолаверди.

Айтишларича, Адҳамхожи Хошим Азизовга 5 та Николай подшо давридаги тилла тангалардан берган экан.

Мени 7–октябрь куни ғайриқонуний хибсга олинишимда ташаббускорлардан хисобланмиш Хошим Азизов ўзининг мен хабардор бўлган жиноятлари фош бўлишидан қўрқиб узлуксиз равишда мени Ўзбекистон Республикаси Хукумати олиб бораётган сиёсатга, яъни Конституцион тузумга қарши дея талқин қилиш учун хибсга олишгунча чиранди.

У мени террорист сифатида қаматиб юбориш учун тергов хибсхонаси рахбарлари, ходимлари, ҳаттоки маҳбуслардан ҳам фойдаланиб, менга қарши тухмат бўхтонлардан иборат хужжатлар расмийлаштиришди.

19–октябрь куни мени аризачим Маъмиржон Мисиралиевни менга қарши сохта кўргазмалар беришга мажбурлаб аёвсиз калтаклаган Хошим Азизовнинг бу жиноий ҳатти–харакатлари ҳақида Президент Ислом Каримовга, Республика бош прокурорига 20–октябрь куни телеграммалар юборилиб, Хошим Азизов ва у билан бирга Мисиралиевни калтаклаган Вилоят йўл харакати хавфсизлиги бошқармаси ходими Мамадалиев Собирларга жиноят иши қўзғатишни талаб қилинганди.

Аёвсиз калтакланиб шифоханада ётган Маъмиржон Мисиралиевни 28–октябрь куни шифохонадан чиқариб, Олтиариқ туман ИИБда Хошим Азизов сўзма–сўз айттириб туриб, 20–октябр кунги Президент Ислом Каримовга юборилган телеграмма тухмат эканлиги ҳақида ариза ёздириб олиб, мени жиноят ишимга қўштириб қўйган. Алдаш оқибатида ёздириб олинган бу аризани номақбул деб топиш ҳақидаги талабномалар оқибатсиз қолдирилмоқда.

Хошим Азизов тергов изоляторида менга қарши фитна уюштиришда айнан Жиноят Кодексининг 273–моддаси 5–қисми билан жиноят содир этиб қамалган махбуслардан фойдаланган. Уларга берилган ваъда менга қарши тухмат қилиб тушунтириш хати ёзиб беришса, улар судда озодликка чиқариладилар.

Бугунги кунда айнан шундай махбуслардан 97 грамм героин махсулотини эри билан биргаликда сотаётганида қўлга олинган Турдиқулова Омина судда озодликка чиқиб кетишини кутмоқда.

Президентнинг амнистия ҳақидаги Фармони бўйича Турдиқулова ҳам бошқа шериклари каби амнистиядан фойдалана олмайди. Лекин қатиққа сув қўшиб сотувчи сомеларнинг ёрдами орқали қамоқдан озод қилинади.

Мухтарам Абдулла ака!

Сиз нафақат таниқли шоир, ёзувчи, балким Олий Мажлисда етарли нуфузга эга инсонсиз. Сиздан биргина илтимосим имомнинг кетидан туриб намоз ўқувчи ва қатиққа сув қўшиб сотувчи сомелардан бири Хошим Азизов ўз манфаатини жамият манфатидан, давлат манфаатидан устун қўйиб, менга тухмат, бўҳтонлар ёғдирди.

Хозирда унга Жиноят Кодексининг 212–моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Аслида унга 209, 210 ҳамда 228–моддалар бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилиши даркор.

Бундан ташқари у Жиноят Кодексининг 135–моддасидаги жиноят – одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш, 139–модда – тухмат, 231–модда – адолатсиз қарор чиқариш, 236–модда – тергов қилишга аралашиш, 237–модда – Ёлғон хабар бериш каби жиноятларни ҳам содир этди.

Сиздан биргина ўтинчим ўз шеърингизда Имом дея атаганингиз, ўша хозирги кунда қийин ахволда қолган Президентга биргина Соме – Хошим Азизов ва унинг ён атрофдагилар содир этган юқорида мен санаб ўтган ва айтилмаган жиноятлари юзасидан махсус хукумат комиссияси тузиб, махсус текширувлар ўтказиш таклифи билан чиқсангиз.

Ана ўшанда ҳақиқат сув юзига қалқиб чиқади.

Сиздан жиддий харакат кутиб қолувчи:

«Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, «Фуқаролик жамияти» Ҳалқ Харакати асосчиси, мустақил журналист, ижодкор, Ҳалқаро Нобель мукофотининг Номинанти, бугунги кунда Фарғона шаҳридаги 10–сонли хибсхона махбусаси

Мўътабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.