Суянган тоғимдан, менинг ҳимоям учун доимо қалқон бўлган опажонимдан айрилиб қолдим
Опажоним Махаррамхон, дардингизга малҳам бўлолмадим, ғанимлар тахдидлари ва босимларидан сизни ҳимоя қила олмадим, жойингиз жаннатда бўлсин!
Бугун эрталаб қизим Махлиё телефон қилиб, «Аяжон Махаррам холамдан айрилиб қолибмиз» деганида даставвал тушунмадим, кейин эса бирданига миямга қон урди. Ахир охирги марта гаплашганимизда опамни ахволи яхши эди, бемалол гаплашгандик. Яқиндагина 57 ёшга кирганди.
Махаррам опамни мутлоқ соғлом эдилар дея олмайман. 2004 йилнинг иккинчи ярим йиллигида Махаррам опам ва Фарғона вилоятининг мен бошқарадиган «Ўтюраклар Клуби» билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келадиган бошқа адвокатлари бирикиб «Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши» Ташаббус гуруҳини тузганларидан буён мамлакатдаги қийноқларга қарши тинимсиз бонг уриб келаётган ташаббус гуруҳидаги бошқа адвокатлар сингари менинг опажонимга қарши ҳам турли туҳматлар, бўҳтонлар уюштирилиб келинарди. Тинимсиз қилинаётган босимлар сабаб опажонимнинг соғликлари кескин ёмонлашганди.
2005 7 октябрда мени ғайриқонуний хибсга олиб, ҳуқуқларимни топтаб сохта айбларни бўйнимга қўйишга бўлаётган интилишларга қарши биринчи бўлиб бонг урган ҳам менинг опажоним, ҳимоячим Махаррамхон бўлганди. Менинг ҳимоям учун бонг уришдан тўхтамагани ва тинимсиз равишда матбуотларга хабарлар бериб тургани учун опамга нисбатан жиноят иши ҳам қўзғагандилар. Халқаро жахон ҳамжамиятининг ҳимояга қалқиганидан кейин бу қўзғатилган жиноят ишини тугатишга мажбур бўлгандилар.
Ман қамоқдалик пайтимда босимлар ва тахдидлар сабаб бошқа адвокатларим мени ҳимоя қилишдан воз кечган бўлсаларда, биргина опажоним ҳимоям учун харакатини бир дақиқа бўлсада тўхтатмаганди.
Бугунги кунлардаги фаолиятим сабаб нафақат менга, менинг қизимни оиласига, набираларимга балким Ўзбекистондаги оила аъзоларига хусусан адвокат Махаррам опамга ва Расулжон укамга ҳам босимлар давом этаётганди.
Ўтган йили мени опамни уйидан рўйхатдан чиқариш учун опамга босимлар ўтказган бўлсалар, бу йил қизим Маҳлиёни ва унинг турмуш ўртоғи Муроджонни махкамага тортилиши ортидан махкама жараёнига алоқадор хужжатлардан нусхалар олиш учун опамнинг бизнинг адвокатимиз сифатида қилган харакатлари хеч бир натижасиз қолди, яъни ўтган йилдан буён бўлиб ўтган учта суд махкамасининг хужжатлари, суднинг қарорларини опам қўлга кирита олмади. Лекин опамга нисбатан босимлар ортиб борди.
Август ойида Махаррам опам фаолият юритадиган ва махсус хизматларга қулоқлик қилиши ва маъмурий органлар манфаати учун, улар томонидан жиноят ишларига адвокат сифатида киритилиб, ўз мижозларига қарши ишларда тергов органига кўмак бериб келадиган «ёлланма адвокат» Бадриддин Алимов ташаббуси билан у бошчилик қиладиган адвокатлик конторасига ҳар доимгидек фақатгина Махаррам опамни фаолиятини текшириш учун «юқори»дан комиссия келган.
«Текширувчилар» опамнинг ҳар бир хужжатларини, ишларини синчиклаб, тирноқ орасидан кир қидириб бир ҳафтадан ортиқ опамга босим ўтказганлар. Текширув натижада опамнинг фаолиятидан ва хужжатларидан хеч қандай камчилик топа олмаганлар.
Лекин фаолияти учун йиллар давомида босимларга учраб, таҳдидлар, тухматлар қилиниб келиниши ортидан соғлигини йўқотган опам мен хибсга олинганимдан кейин тергов ва суд жараёни пайтида мени ҳимоя қилиши жараёнида биринчи инсультни бошидан кечирган. Қамоқдалик пайтимда эса иккинчи инсультни бошидан кечирганди.
Опажоним 28 август жума куни ишга борган, «текширувчилар»ни кузатган ва ишдан кечқурун қайтиб келгач аҳволи оғирлашиб қолиб, кома холатига тушган. Опамга тез тиббий ёрдам чақирилган ва зудлик билан касалҳонага олиб кетилган. 2 кунлик жонлантириш бўлими шифокорларининг саъйи харакатлари бесамар кетган. Шифокорлар опамнинг миясига қон қуйилганини ва опамни жонини сақлаб қолиш учун қилган барча харакатлари бехуда кетганини афсус билан айтганлар ва опамни кома холида жигарларим қўлига топширганлар. Якшанба 30 август куни тонг сахарда опажоним ўзига келмай жон берган.
Опамнинг ўлими менинг фаолиятим сабаб унга бўлган босимлар ва менинг, қизим Маҳлиё ва унинг турмуш ўртоғи Муроджонга нисбатан қўзғатилган ишлар ва бўлиб ўтган махкама жараёнларига алоқадор хужжатлар, суд қарорлари, хукмларни олиш учун қилган харакатлари кетидан уюштирилган фитналар, босимлар сабаб бўлгани учун ҳам 3 кунгача менга хабар беришдан ўзларини тийганлар.
Опажоним жойларингиз жаннатда бўлсин, охиратингиз обод бўлсин, мен ва мен каби мазлумларни ҳимоя қилиш пайтида ўз ҳаётингизни доимо хавф остига қўйиб келдингиз. Сизни бевақт ўлимингизга сабаб бўлган жиноятчиларга қарши курашимни кучайтиришга сўз бераман.
Бевақт ўлимингизда ўзини айбдор сановчи, 3 та қизингиз ва 3 та набирангизни мехрибон оналари ва бувижонларидан жудо бўлишларига сабабчи бўлмиш синглингиз Мўътабар.
Ассалому алайкум Мўътабархон!
Раҳматли жонкуяр опангиз Муҳаррамни сизга қарши олиб борилган 2006 йилги ноҳақ суд жараёнларида Тошкентда кўргандим.
Мўътабархон, бандалик! Ҳаммамизни Яратган эгам ўз меҳр-муҳаббатини жонкуяр опангиз Муҳаррамдан дариғ тутмасин, жойини жаннатдан қилсин. Омин.
Бандалик, Оллох рози булсин ва узининг суюкли бандаларига аталган жаннатидан жой, сизларга сабр, разил котилларга лаънату балою-офат берсин!