Ғанихон Маматхонов – 65 ёшда, Солижон Абдурахмонов – 66 ёшда


Аввал хабар қилганимиздек, бугунги эшиттиришимиз сиёсий маҳкумлар: Ғанихон Маматхонов ҳамда Солижон Абдураҳмоновларнинг таваллуд айёмларига бағишланади. Ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов 6 май куни ўзининг 65 ёшини ўзбек зиндонида қарши олди. Яна бир сиёсий маҳкум, таниқли журналист Солижон Абдураҳмонов ҳам 66 ёшини панжара ортида кутиб олди. (Дастур 1 июнь куни тайёрланган).

Таниқли ўзбек ҳуқуқ фаоли, Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти вакили Ғанихон Маматхонов 7 йилдан буён қамоқда сақланмоқда.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 221-моддаси (“Пора бериш”) бўйича айбдор деб топилиб, 2009 йилнинг декабрь ойида беш йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2010 йилнинг 5 январь куни эса, Фарғона вилоят апелляция суди ҳуқуқ фаолининг ишини қайта кўриб чиқиб, унинг қамоқ муддатини тўрт йилу беш ойгача қисқартирган.

Шунингдек, суд Ғанихон Маматхоновни қамоқдан манзил колониясига ўтказиш ҳақида ҳам қарор қабул қилганди. Бироқ ўша йилнинг апрелида ҳуқуқ фаоли манзил колониясидан қайта қамоққа ўтказилганди.

Ғанихон Маматхоновнинг қамоқ муддати 2014 йилнинг 10 март куни тугаши керак эди, аммо озодликка чиқиши арафасида ҳуқуқ фаоли Навоийдаги қамоқхона маъмурияти талабларини бажармаганлик айблови билан жарима изоляторига ташланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш халқаро ташкилотлари Ғанихон Маматхоновни Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритган ва шунинг учун унинг вазиятига алоҳида ёндошиш керак, деган фикрни илгари суриб келмоқдалар.

******
Қорақалпоғистонлик мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йили Нукус шаҳрида катта миқдорда гиёҳванд моддаларини сақлаш ва тарқатишда айбланиб, қўлга олинганди. Судда журналистнинг айби ўз тасдиғини топмаган. Бироқ шунга қарамай, ўзбек суди Солижон Абдураҳмоновни ўн йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Суд жараёнини кузатиб борган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари журналистга қарши билдирилган айбловлар сохталаштирилганини иддао қилишганди.

Айни пайтда Солижон Абдураҳмонов Қарши шаҳридаги 64/51-сонли колонияда қамоқ жазосини ўтамоқда. 8 йилдан буён қамоқда қолаётган журналист ошқозон ярасидан азият чекиб келади.

Америкалик сенаторар бир неча маротаба Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга мурожаат қилишиб, ундан бир нечта сиёсий маҳбусни, шу жумладан Солижон Абдураҳмоновни ҳам қамоқдан озод қилишни сўрашган эди.

2014 йилнинг 30 ноябр куни, Германиянинг Шорндорф шаҳрида Йоханн-Филипп Палм номидаги жамғарманинг Сўз ва матбуот эркинлиги – 2014 мукофоти билан Солижон Абдураҳмонов тақдирланган.

“Ўтюраклар” клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти ва “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши ҳамда «Туғён» радиоси ижодий жамоаси ҳар икки жасоратли фаоллар: Солижон Абдураҳмонов ва Ғанихон Маматхоновларни таваллуд айёмлари билан муборакбод этиб, уларга чин дилдан узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ-саломатлик ва тез кунларда қамоқдан озод бўлишни тилаб қолади!

Ғанихон Маматхонов ва Солижон Абдураҳмоновларни яқиндан билган, бирга фаолият олиб борган ҳуқуқ фаоллари: Толиб Ёқубов, Мўътабар Тожибоева ҳамда таниқли журналист Галима Бухарбоевалар билан шу қутлуғ саналар муносабати билан суҳбатлашганмиз. Фаоллар ўз ҳамкасблари ва дўстларини таваллуд айёмлари билан табриклшиб, хотирлари билан ўртоқлашдилар. (Суҳбат).

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.