Эзгулик: Қамоқда қолаётган фуқаролик жамияти вакилларини озод қилинг!
Европа Иттифоқи мамлакатлари ва АҚШ ҳукуматига,
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларига,
Ўзбекистондаги дипломатик корпус ваколатхоналарига
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти баёноти
16.06.2016 йил
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти шу йилнинг 23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари олдидан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматини қамоқда қолаётган фуқаролик жамияти вакилларини озодликка чиқариш, қонун талаби асосида улар билан учрашишга рухсат бериш, монъеликсиз уларнинг соғлиқ ва аҳволидан хабар олишни ташкиллаштиришга чақиради.
Ҳолбуки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2013 йилдан бери Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятига тухтовсиз мурожаат қилиб, фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ташкиллаштириб беришни сўради. Халқаро ташкилотлар, АҚШ сенаторлари ва айрим дипломатик корпус ваколатхоналари аралашувидан сўнггина қамоқда қолаётган Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғунов ҳамда Дилмурод Саййидлар билан ўта қисқа учрашувлар ташкил қилинди. Аммо фуқаролик жамиятининг турли уйдирмалар билан қамоқларда сақланаётган 10 дан ортиқ вакилларининг аҳволи қоронғилигича қолмоқда.
Аслида бир неча йиллардан бери қамоқ жазоларини ўтаётган фуқаролик жамиятининг вакиллари ҳатто айбли бўлганида ҳам ҳар йили эълон қилинадиган амнистиялар шарофати билан ҳозирда озодликда бўлишлари лозим эди. Айниқса, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури муносабати билан қонунчиликка киритилган ўзгаришларга кўра, қамоқда қолаётган Бобомурод Раззоқов, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғунов ҳамда Ғанихон Маматхоновлар 60 ёшдан ошгани туфайли озод қилиниши лозим эди.
Аммо қамоқларда қолаётган фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан айрича муносабат, ёвқараш тенденцияси сақланиб қолмоқда. Жаслиқда Азам Фармоновнинг жазо муддати яна 5 йилга узайтирилиши, Навоийда Исроилжон Холдоровнинг яна 3 йилга қамоқда қолиши шулар жумласидандир. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ШҲТ, ЕХҲТ сингари халқаро тузилмалардаги иштироки туфайли жаҳон жамжамиятига интеграциялашувни истаётган Ўзбекистон ҳукуматини бири журналист, бири ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган дўстларинмизни озод қилиш, улар билан монъеликсиз учрашишга рухсат беришга чақиради!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти
Fikr bildirish