Қозоғистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни яна бажармади
Расмий Остона, БМТнинг талабига қарамасдан, ўзбекистонлик бошпана изловчи Хайрулло Турсуновни Тошкентга экстрадиция қилди. Унинг ватани Қарши шаҳрида эса “Турсунов Қозоғистонда ўлиб кетди”, деган миш-мишлар тарқатилган.
2012 йилнинг апрель ойидан буён Қозоғистондаги ҳибсхоналарнинг бирида ушлаб турилган ўзбекистонлик бошпана изловчи Хайрулло Турсунов 13 март куни соат 10:15 Эйр Астана ширкатига тегишли Олмаота–Тошкент йўналишидаги самолёт билан Тошкентга жўнатиб юборилган.
Қозоғистон расмийлари Турсуновнинг экстрадицияси борасида бирор изоҳ бергани йўқ. Шу билан бирга унинг Ўзбекистонга бериб юборилмаганини ҳам тасдиқламади.
Жорий йилнинг 28 февраль куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Қозоғистон ҳукуматидан бошпана изловчи Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилмай туришни сўраганди.
Бошқарма Қозоғистондан “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти томонидан ёзилган шикоят 6 ой ичида БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасида кўриб чиқилиши ва бу вақтнинг ичида Турсуновга боғлиқ ҳар қандай ҳаракат, шикоят ёки норозилик икки ой ичида билдириш сўраганди.
Қозоғистон ҳукумати ушбу мактуб бўйича ҳам ҳали-ҳамон бирор расмий изоҳ бергани йўқ.
Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси ҳам Турсуновнинг экстрадициясини тўхтатиб туришни сўраб, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат билан чиққан эди.
Аммо қозоқ ҳукумати ушбу чақириқ ва сўровларни бефарқ қолдириб, Хайрулло Турсуновни қарийб бир йил ҳибсда ушлаб турганидан сўнг Ўзбекистонга бериб юборди.
Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси Денис Живага БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси “Турсунов қийноқлар туфайли Ўзбекистонга бериб юборилмасин” деган қарор чиқарса, бу мамлакат обрўсига таъсир қилишини айтади.
– Агар ушбу одамни бериб юбормаслик кераклигини билган ҳолда, бериб юборса, бу Қозоғистоннинг имижига салбий таъсир қилади. Қозоғистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажармаслиги кўриниб қолади. Ғарбда баралла овоз билан бизни “ҳуқуқий давлат эмас” дея гапиришади, – дейди Денис Живага.
Расмий Остона ўзбекистонлик қочқинларни ватанига қайтариши илк бора кузатилаётгани йўқ. 2011 йилнинг июнь ойида 29 нафар ўзбек қочқинининг Олмаотадан Тошкентга экстрадиция қилингани бунга мисол бўлиши мумкин. Бу шахслар БМТдан қочқинлик мақомини сўраган ва учинчи давлатга чиқарилишини кутиб, Олмаотада қолаётган эди.
БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси 29 қочқиннинг шикоятини кўриб чиқиб, уларнинг фойдасига ҳукм чиқарган ва Қозоғистонга уларни ортга қайтариб, товон пули тўлашни сўраганди.
Кузатувчилар қочқинни бериб юбориш орқали Қозоғистон бирор босим ва танқид остида қолмаслигини урғулашади.
Мамлакатнинг табиий энергия заҳираларига бойлиги ва бунга ғарбнинг катта эҳтиёж сезиши Қозоғистонга қўл келмоқда. Инсон ҳуқуқлари топталиши ва сиёсий партияларга тазйиқлар мана шу сабаб туфайли эътиборсиз қолиб кетади.
Ўлим миш-миши
Қарши шаҳридан бўлган Хайрулло Турсунов 2012 йилнинг апрель ойида Ақтўбеда қўлга олинган ва Ўзбекистоннинг талаби билан экстрадиция қилиш учун вақтинчалик тергов изоляторида сақланган.
Ўзбекистонда унга оғир жиноятлар содир этиш, жумладан, конституциявий тузумга тажовуз, террористик гуруҳларга аъзолик ва Олмаота шаҳрида тузилган ноқонуний диний жамоатга алоқадорлик каби айблар қўйилган.
“Жараён”га маълум бўлишича, сўнгги ойларда Турсуновнинг Қаршидаги яқинлари орасида унинг Қозоғистонда ўлгани ҳақида миш-мишлар тарқатилган.
Бу миш-мишлар хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тарқатилгани боис аксар қариндошлари анчадан буён бедарак кетган Турсуновнинг ўлганига ишонган.
Кузатувчилар бундай миш-мишларнинг тарқатилиши хавотирли эканлигини ва бу билан ҳуқуқ-тартибот органлари Турсунов маҳкамасига қариндошларининг эътиборини қаратмасдан, уни ўз билганларича амалга оширишни мақсад қилганини айтишади.
– Бу хавотирли миш-миш. Балки Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати бу миш-мишлар орқали бу жараённи умуман ёпиқ қилиб, ундан кейин бирор-бир маълумот бермасликка интилаётган бўлиши мумкин, деган хавотир бор, – дейди Европада яшаётган қочқинлардан бири.
Турсунов муқаддам 2003 йилда Ўзбекистонда террорчилик ва конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланганди. Ўзбек расмийлари уни ва яна 18 нафар диндорни террористик гуруҳларда иштирок этганликда айблаб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилишганди.
2004 йилнинг февраль ойида Турсунов амнистия туфайли озодликка чиқади, аммо ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқиб ва босимларга учрашда давом этади.
2009 йилнинг август ойида уни яна бир бор туҳмат билан 10 кунга ҳибсга олишади. Ҳибсда бўлган пайтда МХХ терговчилари унга нисбатан қийноқлар қўллаб, ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулла Жалиловнинг қаерда эканини айтиб беришни талаб қилишади.
Ҳибс муддати тугаб, озодликка чиққан Турсунов Россияга қочиб кетади ва у ердан бошпана сўрайди. Аммо 2009 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда қийноқларга тутилган аёли Олмаотага қочиб келгач, Хайрулло Турсунов ҳам оиласининг олдига келади.
Бу ерда у БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлигидан қочқинлик мақоми берилишини сўрайди.
Fikr bildirish