Мўътабар Тожибоева: Ўзбекистон махсус хизматларига алоқаси бўлмаган савиясиз фильмни суратга олишдаги илк ёлғонлар!!!

Ушбу “Мўътабар Тожибоева ким – ашаддий фирибгар!” номли буюртма фильмни кўрарканман шунчалик даражада фаросатсизлик билан ва саводсизларча тайёрланган фильмга мени раво кўрганларидан афсусланиб кетдим.

Ахир хўжайинларингни ашаддий рақибига қарши фильм қиларкансан, интернетдан қидириб маълумотларни аниқ ва тиниқ қилиб мени фош қилмайсанми?

Ёки хожаларингни ҳам мен билан бирга қўшиб шарманда қилмоқчи, бир ўқ билан икки қуённи овламоқчи бўлдингми?

Афсус мени яна бир бора шарманда қилишга қилган уринишинг барбод бўлди. Хожаларингга айт бундан кейин менга хужум қилишни истасалар ўзимга мос бўлган ва ҳам билими, ҳам тажрибаси боридан топишсин менга қарши хуриб берадиганни топиш пайтида.

Ахир журналист ўзининг журналистик суриштирувлари ўтказиш палласида имкон қадар ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотларни, далилларни қидириб топмайдими?

Бу чаласаводларча қилинган “фильм”ни агар буни фильм деб аташ мумкин бўлса хукумат буюртмаси асосида яратилмагани, лекин хукуматни ёмонотлиқ қилишимга асос бўладиган қилиб тайёрланганини аниқладим.

1. Автобиографиямда банк тизимларида фаолият юритган, “Тараққиёт” хусусий фирмаси рахбари, Фарғона вилояти Кизил Хоч жамияти рахбари муовини, Фарғона вилоят Ёзувчилар уюшмаси тарғибот бўлими ходими ва “Чехра” газетаси мухаррири лавозимида ишлаган дейилган. 

Негадир Охунбобоев туманида нотариус идорасида ёрдамчи, Охунбобоев туман Қишлоқ ва сув хўжалик бошқармасида котиба, Ўзбекистон Ҳалқ назорати кўмитасининг Охунбобоев туман бўлими инспектори, шикоят ва аризалар билан ишлаш бўлими бошлиғи вазифаларида фаолият юритганимни, банк тизимларида эса кадрлар бўлими бошлиғи лавозимидан тортиб, кредит бўлимининг бош иқтисодчиси лавозимларида фаолият юритганлигимни унутиб қолдирганлар.

“Фильм”да интервью берган Инсон хуқуқлари халқаро ташкилоти “аъзоси” Мадрахимов Арабнинг айтиши бўйича мен мактабни 8 синфини каоридорда битирган эканман. Агар коридорда 8 синфни битирган бўлсам қандай қилиб юқорида санаб ўтилган лавозимларда ишлаб келган бўлишим мумкин?

2. Мўътабар Тожибоева амалдор шахсларни, хусусий тадбиркорларни қўрқитиш ва шантаж орқали улардан моддий маблағлар ундириш билан шуғулланган.

Шантаж – Бу бирор бир шахсга у ўзининг позициясидан қайтиши ёки уни бўйсундиришга қаратилган хатти харакатларга айтилади. Агарки сен ўзингни қарашингдан, хатти харакатингдан воз кечмасанг, бизга бўйсунмасанг биз сени обрўингни тўкамиз деган информацион оқимга айтилади шантаж деб.

Агар мен амалдор шахсларни, хусусий тадбиркорларни қўрқитиш ва шантаж орқали улардан моддий маблағлар ундириш билан шуғулланиб келган бўлсам нима учун менга нисбатан қўзғатилган жиноят иши хужжатларида, айблов хулосасида ва хукмда, ажримларда бу ҳақда бирор сўз йўқ. Қани менинг жабрланувчиларим???

“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг сайтидаги Архив бўлимидаги қамоққача ва қамоқ давридаги жиноят иши эпизодларига тегишли (қамоққача бўлган давр бўйича – 1999 йилдан 2005 йил 7 октябргача) қисмида 308 та материал, қамоқ даврига ва жиноят иши эпизодларига тегишли 123 та материал чоп қилинган. Менинг бир неча маротаба махкамаларга тортилганлигим ва ҳар доим ўзимни ҳимоя қилишни охиригача олиб борганим учун айбсиз эканлигимни исботлайдиган судларнинг қарорларини, ажримларини чиқаришга эришганларимни сайтда эълон қилинган хужжатлар кўрсатиб турибдику, бу буюртма фильмнинг тухмат эканлигини.

3. Мўътабар Тожибоева 2006 йилда Қуйичирчиқ жиноят ишлари суди томонидан фирибгарлик, товламачилик ва хужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятларни содир этганлиги учун 3 йилга озодликдан махрум этилган. 

Мен Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ суди томонидан суд қилинмаганман. Мени Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг Қуйичирчиқ туманида ўтказган сайёр суди томонидан судланганман. Мендек ашаббий фирибгарни фош қилишга бел боғлаган кимсалар бироз жиддий ёндашмабдиларда фактларни тўплашда, олган муллажирингларини халлоллаш учун.

Менга нисбатан қўзғатилган 41254013-сонли жиноят ишига асосан мени Жиноят Кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари, 140-моддаси 3-қисми “а” банди, 168–моддаси 2–қисми «а, б» бандлари, 165–моддаси 3–қисми «а» банди, 167–моддаси 3–қисми «а» банди, 179-моддаси, 184–моддаси 3–қисми, 189–моддаси 3–қисми, 196 моддаси 1 қисм, 197–моддаси, 209–моддаси 1–қисми, 28–209–моддаси 2–қисми «а» банди, 216–моддаси, 227–моддаси 2–қисм «а» банди 228–моддаси 2–қисми «б» банди, 228–модда си 3–қисми, 229–моддаси, 244–1–моддаси 3–қисми «в» бандидаги жиноятларни содир этганликда айбдор деб топганлар.

Бу “фильм”ни яратган “журналист” Мўътабар Тожибоевани, яъни Фарғона вилоятида барча жиноятларни содир этган ашаддий жиноятчини нима учун қонунга биноан “ўзи жиноят содир этган” худудда эмас Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ тумани судида, яна шу суд биносида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг сайёр ёпиқ суди жараёни ўтказилганини аниқлаши умуман қийин эмасди. Интернетда эса мени 8 йилга қамоқ жазосига хукм қилинганим ҳақида, суд якунида мени Ўзбекистондаги судлов тизимини “Қўғирчоқ ва трагедия” театри деб атаганимни нуфузли халқаро ташкилотлар бот бот ёзгандиларку!

4. “Мўътабар Тожибоева 2008 йилнинг амнистия тўғрисидаги қарорига асосан озодликка чиқарилган”. 

Агар мен 2005 йилнинг 7 октябрида қамоққа олиниб, 3 йил муддатга қамоқ жазосига хукм қилинган бўлсам, қамоқ муддатим 2008 йилнинг 7 октябрь куни нихоясига етиши керак бўлган. Мен эса 2008 йилнинг 2 июнь куни озодликка чиқарилганман. Сенатнинг 2008 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 17 йиллигига бағишланган № 529-1 сонли амнистия қарори шу йилнинг 28 август куни эълон қилинган бўлса қандай қилиб мени Амнистия қарори эълон қилинишидан 2 ой аввал озод қилишлари мумкин? Мантиқ ва маъно қани бу ерда???

5. «Мисиралиев Маъмиржон 2006 – 2008 йилларда Мўътабар Тожибоева рахбарлигидаги “Ўтюраклар Клуби” аъзоси бўлган.»

Агар Мўътабар Тожибоева, яъни мен 2005 йилнинг 7 октябридан бошлаб 2008 йилнинг 2 июнига қадар қамоқда бўлган бўлсам, қамоқдан озод бўлганимдан кейин 13 октябрда Европа давлатларига даволаниш ва Мартин Энналс мукофотини олиш учун кетиб, 2008 йилнинг декабрь ойи охирларида мамлакатга қайтган бўлсам Маъмиржон Мисиралиев қачон ва қандай қилиб қамоқда ётган пайтимда мен бошқарган ташкилотнинг аъзоси бўлган? Мантиқ ва маъно қани бу ерда?

Маъмиржон Мисиралиевни интервьюсига эътибор қаратилса уни ҳимоя қиламан деб узоқ йиллар давомида алдаб юрган эмишман. Ўзим қамоқда бўлсам қандай қилиб алдаб юрганман? Маъмиржонга қамоқхонага кириб мен билан учрашишига имкониятлар яратиб бериб турилганмиди? Мантиқ ва маъно қани бу ерда?

Маъмиржонни ушбу “фильм”да интервью беришга мажбур қилган омиллар ҳамда фильмнинг бошқа «қахрамонлари» берган интервьюлари ҳақида ҳар бирининг қанчалик даражада ҳақиқатни гапирганлигини ўзимнинг қўлимда мавжуд бўлган далиллар билан кейинги мақолаларимда батафсил тўхталаман.

Хозирча ушбу “фильм”ни тайёрлаган “журналист”ни чаласаводлиги ва фаросатсизлигига эътибор қаратмоқдаман холос.
Аслида менга қарши бу «фильм»ни қилган бу кимса ишсиз қолиб хор бўлиб юрганида ман «Қийноқлар ороли асираси» асаримни бергандим таҳрир қилиш учун. Ҳаққини олиб, биринчи тахрирни қилиб бериб, ўша асаримдаги фактлардан фойдаланган фильм учун. Қизиғи мани хужжатларимни суд хукми билан йўқ қилганлари билан тергов пайтида ўзимни умуман ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигимни исботлайдиган далилларимни ўғирлаб олганим ва ўзимда сақланаётгани ҳақида ёзганман асаримда, шуни унутганга ўхшайди.

Агар унутмаганида эди Фарходхон Мухторов айтганидек бу яратган «дурдонаси»га ҳеч бўлмаганда жиноят ишимдаги «жабрланувчи» Тохир Мамадаминовни, «фильм»да жабрланувчи дея эътироф этилган, терговда ҳам кўргазма берган, лекин унинг кўргазмаси мени жиноятчи дея аташ ўрнига мени оқлаши мумкинлигини хис қилганлари учун судга жалб қилинмаган Мавлуда Қўшматовани сайратмаган бўлардилар булбулдек. Бошқа қаҳрамонлар ҳақида ҳам шундай фикрдаман.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan