Сиёсий маҳкум Нураддин Жуманиёзовнинг вафотидан ярим йил ўтгачгина хабардор бўлганимиз шармандали ҳолдир!!!  

Мухолифат фаоли, “Мазлум” ҳуқуқ  ҳимояси маркази асосчиларидан бири, мухолифатдаги “ЭРК” партиясининг 1990 йиллардан буён фаоли хисобланган ва 2012 йилнинг август ойида “Мустақил мардикорлар ташкилоти”га асос солган, мардикорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида олиб борган фаолияти сабаб Ўзбекистон хукуматининг босими остида қолган, 2014 йилнинг 2 январь куни хибсга олиниб, адолатсиз судлов хукми билан 10 йил 8 ойга қамоқ жазосига хукм қилинган Нураддин (Нуриддин) Жуманиёзов 2016 йилнинг 31 декабрь куни вафот этганлиги ҳақида хабар топдик.

https://www.facebook.com/photo.php?fbid=1689643887742501&set=a.1216460305060864.1073741836.100000907174823&type=3&theater

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардикки, Нураддин Жуманиёзовнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида ўлим топганлигини яна узоқ йиллар давомида билмасдан, Мирзиёев хукуматидан озод қилишини талаб қилинаётган сиёсий маҳкумлар рўйхатида уни исми-шарифин ҳам тиркашни давом эттиришимиз мумкин эди.

Лекин ўзи асос солган “Бирдамлик” харакатига умуман алоқаси бўлмаган, аксинча ўзига рақиб хисобланмиш мухолифатдаги “Бирлик” харакати ва “ЭРК” партиясининг қамоқларда қолаётган вакиллари, Қўқонлик Қаҳрамон Ҳамидов, Шовриқ Рўзимуродов сингари чорак аср аввал Каримов режими қурбонларига айланган инсонларнинг яқинлари тақдири билан қизиқиб, уларнинг холидан хабар олишни канда қилмаётган, бугунги кунда Америкада яшаётган Баходир Чориевнинг саъйи харакатлари натижасида Нураддин Жуманиёзовнинг бундан ярим аввал вафот этгани маълум бўлди.

Баходир Чориевнинг баъзи бир хатти-харакатлари натижасида ўртамизда пайдо бўлган қарама-қаршиликлар борлигини эслатган ҳолда, унинг ота-оналари қари ва қамоқдаги сиёсий маҳкум саналмиш жигарларининг холидан хабар олишга яқинларининг имконияти чекланган курашчиларнинг тақдирларига бефарқ бўлмасдан, уларнинг холидан хабар олиш, уларга моддий кўмак бериш мақсадида тинимсиз изланишларига қойил қолмасдан, унинг қўпчилигимизда учрамайдиган бундай одамгарчилигини эътироф этмасдан имконимиз йўқ.

Баходир Чориев учун қамоқда ёлғизланиб қолган, дунё жамоатчилигининг ва бизларнинг ёдимиздан кўтарилган сиёсий махкумлар хисобланмиш дўстларимизнинг тақдирларини ўйлаб, уларнинг вазиятлари ҳақида маълумотлар олиш илинжида қилаётган саъйи-харакатлари, бизлар унутганимиз сафдошларимизнинг унутмасдан, уларга моддий ва маънавий кўмаклар бериш мақсадида уларнинг оила-аъзоларини, қариндош-уруғларини қидириб, топиб ўз вакилларини бундай инсонларнинг яқинлари билан учрашувларини ташкил қилиб бераётгани учун ўз миннатдорчилигимизни билдиришимиз шартдир.

Бир неча йиллардан буён қамоқларда қолаётган ва борган сари аҳволлари оғирлашаётган Ғанихон Маматхонов, Ғайбулло Жалилов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саид, Аъзам Турғунов, Азам Фармонов сингари инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар, демократия ғояларини тарғиб қилиш эвазига ўзбек зиндонининг зах камераларида умидсизлик билан, минг азобларда кунини ўтказаётган миллат жонкуярларининг яқинларига моддий ва маънавий кўмак бериши керак бўлган инсонпарварлик жамғармалари вакиллари номидан, сиёсий маҳкумларнинг озодлиги учун тинимсиз курашиши керак бўлган халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари номидан ҳам Баходир Чориевга миннатдорчилик билдиришимиз керак деб хисоблаймиз.

Чунки Баходир Чориев бизларнинг барчамиз қилишимиз керак бўлган инсонпарварлик намунаси кўрсатиб келмоқда ўзининг бу саъйи харакатлари билан. Қамоқда қолаётган ўз фаолларини тақдири билан қизиқиб, уларнинг озодлиги учун курашишни унутган рақибларининг ғоялари қурбонлари бўлган инсонларнинг тақдирига бефарқ бўлмагани, уларни унутмагани учунгина биз бугун Нураддин Жуманиёзовнинг қамоқдаги охирги йиллардаги ўта аянчли тақдиридан хабардор бўлдик.

Баходир Чориев Нураддин Жуманиёзовнинг яқинларини қидирув ишларни узоқ вақт давомида олиб борганлиги, Нураддин ака  турмуш ўртоғи билан ажрашиб кетгани, қариб, мункиллаб қолган отасигина қолганлигини билгани учун фарзандининг қамалиб кетгани натижасида ёлғизланиб қолган отахонни қўллаб, қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, Нураддин Жуманиёзовнинг холидан хабар олишлари учун керакли маблағ билан таъминлаш мақсадида қилган изланишлари натижасида Нураддин Жуманиёзовнинг ўтган 2016 йилнинг декабрь ойида Сангородда жарроҳлик амалиёти ўтказилгани ва 31 декабрь куни вафот этганлиги ҳақида хабарни қўлга киритган. У ушбу хабарни қўлга киритганидан кейин, мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоли Дилором опа Исхоқовадан Жуманиёзовнинг ўлими тафсилотлари ҳақида тўлиқроқ маълумот тўплашини сўраган экан.

Фиғони фалакка чиққан Дилором опа Исҳоқова билан бўлган сухбатимиз давомида Нураддин Жуманиёзовнинг вафот этгани ҳақида Баходир Чориевдан эшитгандан кейин қилган харакатлари натижасида қўлга киритган маълумотларни менга баён қилар экан, у кўз ёшларини тия олмас, бор овози билан фарёд чекиб, йиғларди.

Дилором опанинг Нураддин Жуманиёзов оиласини яқиндан таниган инсонлардан аниқлашича қандли диабет билан касалланган Жуманиёзов қамоқхонада кўп азоб чеккан, ўтган йили Сангородда жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Нураддин Жуманиёзовнинг энг яқинларидан қариб, мункиллаб қолган отасигина қолгани сабабли қандли диабет билан касалланган Жуманиёзовга етарли дори-дармонлар, муолажалар учун керакли нарсаларни, унинг организмини қувватловчи озиқ-овқатлар ва бошқа керакли нарсаларни етказиб берадиган яқинлари йўқлиги сабабли унинг ўзбек қамоқхонасидаги аянчли кечган ҳаётини кўз олдимизга келтиришимиз мушкул эмас.

2016 йил охирги кунида қамоқхона рахбарияти Нураддин Жуманиёзовнинг мурдасини қариндошларига берганларида унинг ўлимига сил касали билан оғриганлиги сабаб бўлганлиги айтишибди. Дилором опа барча қилган саъйи харакатларига қарамасдан Жуманиёзовнинг отаси тақдирига алоқадор маълумотни қўлга кирита олмаганлигини, отахоннинг бугунги вазияти қандайлиги, унинг тирикми ёки йўқлиги ҳақида ҳам умуман маълумот йўқлигини айтаркан, йиғидан ўзини тия олмасдан, ўксиб-ўксиб йиғларди.

Шу йилнинг 23 апрель санасида Баходир Намозовнинг фесбок сахифасида Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Хусаиновнинг вафот этганлиги ҳақида хабар тарқатилди. Унда ёзилишича Владимир Хусаинов саратон хасталигининг оғир формаси билан касалланган экан. Биз охирги йилларда содир бўлаётган воқеалар, ходисалардан келиб чиққан ҳолда касбий фаолияти сабаб босимларга учраган ва доимий босимлар натижасида оғир саратон хасталигига учраган ҳуқуқ фаолини даволаниши учун бирор бир моддий кўмак уюштирилгани йўқ. Владимир Хусаиновнинг ўлими ҳақида ҳам бирорта матбуотда ёзилмади.

Мана инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, демократия тарғиботчиларининг аянчли якун топган курашлари меваси!!!

Биз Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари қамоқхоналарда қолаётган ўз фикрдошларимиз, мамлакат ичкарисида фаолиятини давом эттираётган сафдошларимизнинг тақдирларига дунё жамоатчилиги эътиборини етарли даражада қарата олмаётганимиз учун айбдормиз деб хисоблаймиз.

Статистик маълумотларга кўра 2017 йилнинг 1 январь кунига Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони 32 121 100  кишини ташкил қилади, таққосласак қўшни Қирғизистонда 6 089 859 одам, Қозоғистонда — 18 044 724 Тожикистонда —  8 769 221 киши истиқомат қилади. Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони юқорида кўрсатилган уч давлатнинг аҳолиси йиғиндисига тенг, яъни учта қўшни давлатларнинг аҳолиси сони 32 903 804 тани ташкил этади.

Бунга мисол қилиб қуйидагиларни келтириш мумкин:

Ўзбекистондаги ягона давлат рўйхатидан ўтган «Эзгулик» жамияти 2010 йилдан буён, фаолият бошлаганига 17 йилдан ошган «Ўтюраклар Клуби» ИҲҲҚТ турли баҳоналар билан йиллар давомида молияланмасдан келаркан, оддий фаолият юритишлари учун шарт-шароитлар яратиб берилмас экан, айни шу пайтда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг атига 19 фоизини ташкил қиладиган Қирғизистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари учун инсон ҳуқуқлари мавзусида халқаро кинофестиваллар ўтказишлари учун шароитлар яратиб берилмоқда.

Қирғистонлик ҳамкасбларимизга уюштираётган босимлар ва тахдидларга жавоб тариқасида уларнинг маҳкамаларга мурожаатлар қилишларига шароитлар яратиб берилаётган бир пайтда босимларга қарши овоз чиқарган Ўзбекистонлик фаолларни овозларини ўчириш учун бошқа мамлакатлардаги касбдошларимизни қўллаганларнинг ўзлари бизларга қарши кампанияларда бош-қош бўлмоқдалар.

Охирги йилларда жазо муддатлари қўшиб берилаётган сиёсий ва диний маҳкумлар, қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳимоя ҳуқуқларини таъминлаш учун умуман имкониятлар чекланиб қолган. Албатта матбуотларда бот-бот Ўзбекистондаги кимларнингдир озодлиги ёки ҳимояси учун ГЛОБАЛЬ КАМПАНИЯлар бошлангани ҳақида баъзи бир матбуотлар журналистлари ва бошқалар ҳақиқатга тўғри келмайдиган, ёлғон хабарлар тарқатиб туришади. Лекин мана шу глобал кампаниялар аслида ташкил қилинадими, йўқми бу ҳақда ҳам ўзбек жамоатчилиги хабар топиб, ўз муносабатини билдириш вақти етиб келди деб хисоблаймиз.

Ўзбекистон сиёсий маҳкумлар сони бўйича ҳам минтақада етакчи ўринда. Шунга қарамай, кўп йиллардан бери Ўзбекистонда маҳаллий фуқаролик жамияти ривожини қўллаб-қувватловчи халқаро дастур ва ташкилотлар фаолият юритмаётир. Ўзбекистон учун ажратилаётган халқаро ёрдам ва грантлар Ўрта Осиё давлатларига ажратилаётган шу ёрдам туридан бир неча бор камлиги билан ва бу маблағлар асосан ўзбек жамоатчилигига нотаниш бўлган ва фаолиятидан ҳеч бир фуқаролик жамияти вакиллари бехабар бўлган «ташкилотлар» ҳамда «грант дастурлари»га ажратилаётгани билан ҳам ажралиб туради. 

Қамоқда қолаётган қисматдошларимизнинг аҳволларидан хабар олишлари учун моддий имкониятлари йўқлиги сабабли уларнинг холидан хабардор бўлишлари учун оила-аъзоларига, яқинларига моддий ёрдамлар ташкил қилиб бера олмаётган эканмиз, жазо муддатлари қўшилиб берилаётган ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва бошқа сиёсий маҳкумларнинг малакали юридик ёрдам олишлари учун имконият ярата олмаётган эканмиз бизлар айбдормиз уларнинг аянчли тақдирларига. Юқорида санаб ўтганимиз холатларнинг пайдо бўлишига бизлар ҳам айбдормиз ва қамоқдаги сиёсий маҳкумнинг вафот ўтганидан ярим йилдан кейингина хабар топганимиз, бу – ўзбек фуқаролик жамиятининг ҳам фалаж холатга келиб қолганини исботидир.

Саратон касали билан оғриб ўлган, сиёсий махкумларнинг ҳимояси ва озодлиги йўлида умрининг охирги дақиқасигача курашган таниқли Бахтиёр Ҳамроевнинг қадри ўтмоқда шу бугун. Лекин унинг вафотидан кейин фарзандлари қандай кун кўрмоқдалар, моддий ва маънавий кўмакка мухтожмилар йўқми, бу билан қизиқиб кўришга ярамаймиз.

8 йил муддат қамоқда қолиб, сохта айбловлар билан жазо муддати қўшиб берилган, қийноқларга солингани ҳақида бонг уришдан қўрқмаган, саратоннинг оғир формаси билан касалланган бўлсада озодликка чиқарилмаган, зах камераларда сақланиб, ўлими яқинлашганда оила-аъзоларига хабар бермасдан, Тошкентдаги сил касалликлар шифохонасига ташлаб кетилган Абдурасул Худойназаровнинг аянчли ўлим топиши ҳам бизлар – баланд овозларда инсон ҳуқуқи, демократия ғоялари йўлида курашамиз дея бонг урадиганлар учун дарс бўлиши керак эди.

Абдурасул Худойназаровнинг касалхонага ташлаб кетилганидан кейин орадан бир неча кун ўтгач, айнан 26 июнь – қийноқ қурбонларини ҳимоя қилиш халқаро кунида вафот этганидан кейин халқаро ташкилотлар томонидан бир неча сатргина таъзиянома билдиришга раво кўрилмагани ўз умрини демократия ғояси учун қурбон қилган таниқли ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаровга нисбатан бехурматлик, беписандлик эди.

Ислом Каримов яратиб кетган диктатура режими қурбонлари бўлмиш сиёсий маҳкумларни зудлик билан озод қилишни сўраб Ислом Каримов ўлимидан кейин қилган бир қанча талабларимизга қулоқ тутмаётган Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги хукуматни ҳам айбдор санаймиз дўстларимизнинг ҳамон зиндонларда қолаётганларига, Нураддин Жуманиёзовнинг аянчли ўлим топишида.

Қамоқдан озод этилишига атига саноқли кунлар қолганида учинчи марта қамоқ муддати узайтирилган Фарғоналик таниқли ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг ҳимоясига қўшма баёнот ёки пресс релиз тайёрлаб, ўзбек хукумати ва дунё жамоатчилиги эътиборини унинг тақдирига қаратишни сўраб, бир нуфузли халқаро ташкилотнинг вакилига 2016 йилнинг август ойидан бошлаб 2017 йилнинг январигача 16 марта ёзма равишда қилган мурожаатларимиздан кейингина ўша ташкилотнинг йиллик хисоботида атига 4 сатргина, ҳақиқатга тўғри келмайдиган, ёлғон маълумотни киритиб қўйиш билан чекланиши ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, инсон ҳуқуқи, демократия ғоялари учун курашган Ғанихон Маматхонов сингари инсонларга нисбатан ҳиёнат деб хисоблаймиз.

Бугунги кунгача Галима Бухарбоева бошчилигидаги Центр1 интернет сайтигина Ғанихон Маматхонов тақдирига жиддий эътибор қаратиб, унинг ва оила-аъзоларининг вазиятлари ҳақида бонг уриб, бир нечта материаллар тайёрлаган. Ғанихон Маматхоновнинг ўзини унутмасликларини, учинчи марта ҳам адолатсиз судлов хукми билан қамоқ жазоси узайтирилгани юзасидан юридик харакатлар қилиш учун адвокатлар ёллашга кўмак беришни сўраб қилган илтижоларига бирор-бир кимса қулоқ тутгани йўқ. Унинг оила-аъзолари ва у билан учрашган касбдошлари орқали етказган муждаси халқаро ташкилотлар ва жамғармалар вакилларининг тош юракларини эритмади, бугунги кунгача унга ўзини айбсизлигини исботлаш ва ҳимоя ҳуқуқини таъминлаб, озод этилиши учун курашига адвокат ёллашга молиявий кўмак берилгани йўқ. 

Почему никого не интересует судьба моего отца – Ганихона Маматханова?

“Эзгулик” жамияти вакиллари Васила Иноятова ва Абдурахмон Ташановларнинг 2016 йилнинг 22 октябрь куни Ғанихон Маматхонов билан учрашганларидан кейин унинг аҳволи ниҳоятда оғирлиги ҳақида урган бонглари ҳам на Ўзбекистон хукумати вакилларини, на халқаро институтлар вакилларини юракларидаги музни эрита олмади. “Эзгулик”нинг Ғанихон Маматхоновнинг вазияти ўта оғирлиги ҳақида урган бонги ҳам уларни сескантирмади.

“Эзгулик” фаоллари Шайхали қамоқхонасида Ғанихон Маматхонов билан учрашдилар

Сиёсий маҳкум Ғайбулло Жалилов отасининг ўлимидан оиласидагилар ёзган хат орқали хабар топганидан кейин иккинчи марта инсультга чалинган. Унинг оила-аъзолари нихоятда камбағалликда яшашлари натижасида бир йилдан ортиқ муддатдан буён нафақат уни қамоқхонага бориб кўра олмаганлар, балким узоқ муддат давомида унга керакли озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар, дори-дармонларни ҳам қамоқхонага жўнатиш имкониятига эга бўлмаганлар.

Афсуски болалаган миш-мишларга қараганда ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсий маҳкумларни молиявий қўллаб-қувватлаши керак бўлган, аслида эса баъзи бир нуфузли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари вакилларининг ўзлари танимаган кимсаларни фуқаролик жамияти вакиллари эканлигини эътироф этиб, уларни молиялашни сўраб берган қўлловлари (рекомендациялари) натижасида инсон ҳуқуқи ҳимоясига умуман алоқаси бўлмаган номаълум кимсалар номларига доимий равишда молиявий кўмаклар бериб келаётганликда қораланган баъзи бир жамғармалар инсон ҳуқуқи, демократия ғоялари йўлида олиб борган мардонавор курашлари сабабли қамоқларга солинган, қийноқларга тутилган сиёсий маҳкумларни қўллаб-қувватлашга шошилаётганлари йўқ.

Сиёсий маҳкумлар ҳимояси ва озодлиги йўлида йиллар давомида кураш олиб борган, халқаро ташкилотлар ва сиёсий маҳкумлар оила-аъзолари ўртасида кўприк вазифасини бажариб келган, касбий фаолияти сабабли босимлар натижасида бундан 5 йил муқаддам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган 62 ёшли “Виждон тутқунларини озод қилиш кўмитаси” асосчиси ва рахбари Баходир Намозовнинг тақдири ҳақида ҳам бонг уришга асос бор деб хисоблаймиз.

Баходир Намозов Ўзбекистонни тарк этганига 5 йил бўлган бўлсада хали-хануз уни бирор бир демократик мамлакатга жўнатилиш масаласи ҳал этилгани йўқ.

Бугунги кунда Баходир Намозов Украинада яшаб, касалликларга чалинар экан, 5 йил давомида бир неча марта бир нечта халқаро жамғармалардан яшаши ва ижара тўловлари учун моддий ёрдамлар олгани ҳақиқат. Шунинг учун ҳам бугунги кунда молиявий кўмак олиш учун қилган мурожаатларига аввал уни молияганликларини айтиб, рад жавоблари берилмоқда.

Ахир 5 йил муддатдан буён қочқинлик масаласи ҳал қилинмасдан келинаётган бўлса, қочқинлик мақоми сўровчи сифатида бирор-бир халқаро институтлардан, масалан БМТнинг Украинадаги ваколатхонасидан ёки бошқа бир ташкилотлардан яшаб турган жойига ижара ҳақи тўлаш ва кундалик эхтиёжларига сарфлаши учун маблағ ажратилмаётган бўлса Баходир Намозов қандай йўл тутсин? Қайси маблағ хисобига яшасин, ижара ҳақи тўласин? Кимга бош уриб борсин?

Бир пайтлар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, халқаро институтлар томонидан ажратилган маблағларни сиёсий маҳкумларнинг оилаларига тарқатиб, уларнинг тақдирларига алоқадор янгиликларни ўзи бошқараётган “Виждон тутқунларини озод қилиш кўмитаси” номидан баёнотлар қилиб, тарқатиб, сиёсий маҳкумлар тақдирига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратиб келгани ортидан босимга учраб, оиласини, ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган, бугунги аянчли аҳволида ҳам сиёсий маҳкумлар озодлиги учун курашини давом эттираётган Баходир Намозовнинг кейинги тақдири нима бўлади?   

Биз Шавкат Мирзиёевдан Ислом Каримов қатағони қурбони бўлмиш сиёсий маҳкумларни зудлик билан озодликка чиқариш ва уларнинг йиллар давомида йўқотилган соғликларини тиклашлари учун хукумат миқёсида амалий ишларни бошлашни қайта-қайта талаб қилишдан тўхтамаслигимиз, Ўзбекистонга ташриф буюрган ва Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги хукуматнинг сиёсатидан қониққанликлари ҳақида бонг ураётган Европа Иттифоқи, БМТ мансабдорларига мурожаатлар қилишдан тўхтамаслигимиз, Абдурасул Худойназаров, Нураддин Жуманиёзовларнинг янчли тақдирлари яна такрорланмаслиги учун курашимизни кучайтиришимиз шарт деб хисоблаймиз.

Биз Нураддин Жуманиёзовнинг вафоти муносабати билан нафақат “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти номидан, балким Ўзбекистон фуқаролик жамияти “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши сафига кирган ташкилотлар, ҳамкорларимиз ва барча фаоллар номидан ҳам таъзиямизни билдирамиз. Нураддин аканинг қаттол режимга қарши ўз сўзини айта олишдан ҳайиқмагани, бу режимга қарши кураша олгани унинг охирати учун, жойларини жаннатдан бўлиши учун кафорат қилишини Оллоҳдан тилаб қоламиз.

Ҳар қандай босимларга қарамасдан йиллар давомида диктатура режимига қарши кураш олиб борган, бир неча марта махкамаларга тортилган, ваниҳоят ўзбек зиндонида ўлим топган Нураддин Жуманиёзов сингари жасоратли инсонларнинг тақдирлари келажак авлод учун намуна, ўрнак бўлишига ишонамиз.

Бугунги кунда унутилган ва оила-аъзолари, фарзандлари тақдири билан бирортамиз қизиқиб кўрмаганимиз, бугунги кунда сафларимизни тарк этган Бахтиёр Хамроев, Абдурасул Худойназаров, Нураддин Жуманиёзов ва бошқа фаолларнинг яқинлари холидан хабар олиш, уларни тақдир чархпалаги рўпарасида ёлғизланиб қолмасликлари учун Баходир Чориевдан ўрнак олайлик!

Мўътабар Тожибоева
«Ўтюраклар Клуби»
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
халқаро ташкилоти рахбари,
мустақил журналист

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan