Улуғбек Бакир: Профессор Ботир Норбой 70 ёшда!

Ўзбекистон демократик мухолифати дарғаларидан таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Ботир Норбой 70 ёшга тўлди.

Шу муборак айём муносабати билан устоз адибни чин дилдан самимий қутлаймиз!

Ботир Норбой 1947 йил 28 декабрда Хива шаҳрида таваллуд топган.

1971 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тугатган ва Тошкентдаги Ғафур Ғулом нашриётида фаолият юритган.

М.С.Горбачёвнинг қайта қуриш, ошкоралик сиёсатидан руҳланган зиёлилар қаторида Ботир Норбой ҳам 1930 йилларда қатағон қилинган истеъдодли ўзбек ижодкорлари Чўлпон ва Фитратнинг асарларини нашр этиш керак, деб ҳисоблайди ва Ўзбекистон коммунистик фирқаси раҳбариятининг мафкура сиёсатини минбарларда ошкора танқид қилади.

Тошкентда ташкил этилган «Оролни асраш қўмитаси»нинг фаоли сифатида Орол денгизининг қуриб бораётгани оқибатлари ва Оролни қутқариб қолиш зарурлиги ҳақида жамоатчиликни огоҳ этиш ҳаракатларида фаол иштирок этади.

«Москвадаги Сув вазирлигида махсус мажлис ташкил этиб, сизлар Оролни қуритдингиз, деб СССР вазирларига дўқ-пўписа ҳам қилганмиз», деб эслайди Ботир Норбой.

Ўзбекистонда 1988 йили ташкил этилган биринчи мухолифат ташкилот – «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг сафига Ботир Норбой биринчи кунлариданоқ қўшилади.

Бир неча марта қисқа муддатларга қамалган, сабаби «одамларни митингларга чиқишга даъват қилганим, Тоғли Қорабоғни озод қилиш қўмитасининг аъзоси бўлганим», дейди Ботир Норбой.

Ботир Норбой «Бирдамлик» Халқ Демократик Ҳаракати сафларида ҳам фаоллик билан хизмат қилган.

Қозоғистонда чоп этилган “Туркистон тонги” газетасининг Бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритган.

2011-2013 йилларда «Замондош» интернет телерадиосига ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий мавзуларда кўплаб интервьюлар берган.

Филология фанлари доктори Ботир Норбой 1990 йилларнинг охирларидан Қозоғистондаги олий ўқув юртларида ўзбек тилидан сабоқ беришни бошлайди.

У бугун ҳам педагогик фаолият билан шуғулланиб келмоқда.

Ботир Норбой адабий мунаққидликка бағишланган қатор китоблар муаллифи.

Адабиётшунос олим Ўзбекистонда ижоди тақиқланган шоир ва ёзувчилар ижоди ҳақидаги китоб устида ишламоқда.

Шу пайтгача (2017 й.) жами 9 та китоби чиққан.

Айни дамда Туркияда талабаларга ўзбек тили ва адабиётидан таҳсил бермоқда.

Устоз адибнинг 70 йиллик юбилей айёмлари билан чин дилдан қутлаб, домлага узоқ умр, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, ижодий ишларида улкан омадлар тилаймиз!

Ҳамиша саломат бўлинг, азиз Устоз!

Кейинги 75, 80, 90, 100 ёшли айёмларингизни жонажон она Ватанимизда халқимиз билан бирга қарши олишлик барчамизга насиб айласин!

ТАВАЛЛУД КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Сафдош дўстларингиз,
шогирдларингиз номидан,
Улуғбек Бакир
28 декабрь, 2017 йил,
Норвегия

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan