Ҳуқуқ фаоли: Журналист Жамшид Каримов ҳукумат ҳимоясига олинди!

Бугун 28-феврал куни тахминан 11.30ларда Жамшид Каримов телефон орқали ўта ваҳимали ва ташвишли ҳолатда Жамшид Каримов менга қўнғироқ қилди. Жамшиднинг айтишича уни Жиззах вилоят ҳокимлигига унинг вазияти бўйича кўмак бериш мақсадида деб чақиртиришибди.

У бундан 12 йил муқаддам худди шундай, ёрдам қиламиз деб алдаб, телефон орқали чақириб, Хокимликка борганида ўша ерни ўзида қўлларини қайириб, машинага тиқиб олиб кетишганини эслаб, ўзини қўйгани жой  топа олмаётганини, уни яна қамашларини айтиб, жуда оғир шок холатига тушиб қолди.

Унинг қўнғироғидан кейин биз тезлик билан Жамшид Каримовни уйига етиб бордик. Эшикни қаттиқ ёпиб олган Жамшид Каримов дастлаб ҳатто бизларга, ҳаммаслаклари, дўстларига ҳам эшикни очишни истамади. Биз унга ёнимизда ўзимизникилардан бошқа ҳеч ким йўқлигини тушунтирганимиздан сўнггина Жамшидни қизи Евгения эшикни очиб, бизни ичкарига киритди.

Жамшиднинг олдига кириб борганимизда у ўз жонига қасд қилишга тайёр турганлигини кўрдик. Чунки, яна қайтадан руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий юборишларидан қаттиқ қўрқиб кетган эди. Биз уни томирларини кесиш учун олволган лезвияларни бир амаллаб, унинг қўлидан олиб, тинчлантирдик.

Жамшид Жиззах вилоят Ҳокимиятига борадиган вазиятда эмасди. Биз бир қарорга келдик ва Жамшиднинг мобил телефонига қилинган қўнғироқ рақамига қайтадан телефон қилиб, боғландик. Ўзини вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Темур деб таништирган йигит Жамшид Каримов ва уни оиласига ёрдам қилишга қарор қилингани ва айнан шунинг учун уни чақиртирилганлигини айтди.

Биз унга Жамшиднинг хадиги ва хозирги вазиятини тушунтирдик ва беминнат ёрдам қилмоқчи бўлсалар ўзлари Жамшидникига келишларини таклиф қилдик. Биз Жамшидни ёлғиз қолдирмасдан ёнида турган палламизда унинг уйига Жиззаҳ вилояти ҳокими муовини бошчилигида бир гурух вакиллар келишди. Жамшид уларнинг ёнига чиқишни истамас, уйни ичида яширинган ҳолатда турар ва тинмасдан “Булар яна мени алдаб олиб кетишади ва қамашади, шунинг учун келишди” деб фарёд қилар, ибодат қилиб, Аллоҳдан ўзини қутқаришини ёлвориб сўрарди.

Айни шу пайтда хоким ўринбосари етовидаги гуруҳ билан бирга ИСУЗУ юк машинасида Жамшид Каримов ва уни оиласига ёрдам сифатида олиб келинган нарсаларни юк машинасидан тушириб, унинг уйига ташишга кўмак беришимизни сўрашди. Улар олиб келган нарсаларни юк машинасидан тушира бошладик.

Бу олиб келинган нарсалар бир талай маиший техникалардан иборат рўзғор буюмлари бўлиб, музлатгичдан тортиб кир ювиш машинасигача, телевизору, кондиционер, чангютгичдан тортиб бир оилага кундалик ҳаётда керак бўладиган барча турдаги идиш-товоқлар ва бошқа майда чуйдаларгача бор эди.

Буюмларни юк машинасидан тушириб бўлганимиздан кейин ҳокимият вакиллари таклифи билан юклар олдида эканлигимизда суратга тушдик.

Шунча воқеалар содир бўлаётган бир пайтда Жамшид Каримов хануз ўзини қўлга ололмас, саросимада эди ва нарсаларни қабул қилиб олиш учун ташқарига чиқишни истамасди. Унинг яшаш шароитини яхшилаши, кийим кечаклар сотиб олиши учун берилиши керак бўлган моддий ёрдам пулини ҳам олишга розилик бермаётганди. Биз бундай вазиятда келтирган нарсаларини қайтариб олиб кетеверишларини айтишга ҳам мажбур бўлдик.

Шунда вилоят ҳокимининг ўринбосари ташқарида машинада президент девонидан шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Жамшид Каримов билан учрашишга келган вакил кутиб турганлигини, у албатта Жамшид билан учрашиши шартлиги ва у билан қилинган мулоқот ҳақида Шавкат Миромоновичга хисобот бериши кераклиини айтиб, Жамшидни ўша инсон билан учрашиб, суҳбатлашишига розилигини олиб беришга кўмак беришимизни сўради.

Маҳалла фаоллари, ҳокимият вакиллари қанча тушунтиришмасин Жамшид Каримов рад қилиб тураверганидан кейин биз – Жамшид Каримовнинг дўстлари, маслакдошлари, ҳуқуқ ҳимоячилари Азам Формонов ва Ўктам Пардаевлар Жамшид билан узоқ муддат музокаралар олиб бордик. Шундан сўнг Жамшид Каримов Президент девонидан келган вакил билан учрашишга розилик билдирди. Улар ёпиқ эшиклар ортида узоқ суҳбатлашдилар. Биз суҳбат айнан қайси мавзуларни ўз ичига олганини тахмин қилишимиз мумкин холос. Чунки бугунги воқеалардан кейин Жамшид Каримов қизи билан ёлғиз қолиши кераклигини хис қилганимиз учун уни безовта қилмадик.

Лекин Жамшид Каримов билан Президент девони вакили суҳбатлашаётган пайтда биз ҳуқуқ фаоллари билан мулоқот қилган Вилоят ҳокими ўринбосари у яшаётган уй подъездни ва уйини ички ва ташқи тарафини тўлиқ таъмирлаб беришларини ва уй ичига керак бўладиган барча жиҳозлар билан таъминлашларини ваъда берди.

Ўз навбатида бизлар ҳам Жамшид Каримовнинг ҳозирги пайтдаги моддий аҳволи ўта оғир эканлигини, қизи Евгения ҳам ҳеч қаердан иш топа олмаётганлигини, унга иш топишига ҳам ёрдам беришларини сўрадик.

Бундан ташқари Жамшид Каримовни фуқаролик паспорти билан боғлик муаммо ечилмаётганлигини билдирдик. Ташриф буюрган меҳмонлар унинг барча муаммоларни ҳал қилиб беришлари ҳақида айтди.

Жамшид Каримов руҳий касалликлар шифохонасидан чиққанидан буён бир неча бор давлат идораларига тинимсиз мурожаат қилган бўлишига қарамай, унга нисбатан ҳукумат томонидан ҳеч қандай ёрдам қилинмай келаётган эди.

Муаммолар гирдобига чўккан Жамшид дуч келаётган муаммолари, ташвишлари ҳақида ўз дўстларига айтиб, улардан муаммоларини ечимида кўмак беришларини сўрамаган ҳам. Унинг айнан шу муаммолар ҳақида журналист Улуғбек Бакир билан қилган суҳбатлари орқали хабар топгач, дарҳол унга ёрдам қўлимизни чўзишга қарор қилдик.

Чунки Жамшид Каримов билан узоқ муддатли интервьюларини тайёрлаш жараёнида Улуғбек Бакир унинг боши атрофидаги, ечимини топиш имконияти бўлмаган жиддий муаммолар ҳақида топган хабарини биз, ҳаммаслакларига, дўстларига етказганди.

Бундан ташқари Улуғбек Бакирнинг Жамшид Каримов молиявий муаммоларини ҳал этиш учун ижтимоий тармоқлар орқали олиб борган ҳайрия кампаниясидан ҳам жамоатчилик тўлиқ хабардор бўлган. Улуғбек Бакирнинг саъйи ҳаракатлари билан олиб борилган ҳайрия кампанияси доирасида йиғилган маблағ кўмагида Каримовнинг Белорусиялик таниш аёли иккиси дуч келган муаммолари ўз ечимини топгани ҳеч кимга сир эмас.

Шундан сўнг «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари, ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳамда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Сирдарё вилояти бўлими раиси Азамжон Формоновлар биргаликда  “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят  қилиш тўғрисида»ги Қонун”га асосан  Жамшид Каримовнинг руҳий касалликлар шифохонасидаан чиққанидан буён унинг қонунда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини бузилишига сабаб бўлган мансабдорлар устидан судга бериш учун тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик.

Шунингдек мамлакатни чорак асрдан ортиқ бошқарган ва ўз жиянини ўн йилдан ортиқ руҳий касалликлар шифохонасида ғайриқонуний тарзда ушлаб турган Ислом Каримовнинг жияни Жамшидни бузилаётган барча ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, унинг ҳуқуқларини бузган мансабдорлар жиноятларига чек қўйишга амалий кўмак беришини сўраб, у дуч келаётган барча муаммолар баён қилинган 10 февраль кунги “Ҳуқуқ фаоли: Тайёр туринг, Жамшид Каримовни ўлими яқин…” номли танқидий материални Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига йўлладик.

Биз судга шикоят ариза топшириш жараёни билан банд бўлиб турган палламизда Жамшид Каримовнинг аянчли тақдири муаммоларини мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ўз назорати олиши ортидан Жамшид Каримовни ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти харакатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилинишига хожат қолмади.

Жамшид Каримов муаммолари юзасидан қилинган амалий саъйи-харакатлар ва мурожаатлар сабаб ваниҳоят Ўзбекистон ҳукумати Жамшид Каримов ва унинг оиласига ижобий ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Бу ўз навбатида ҳуқуқ фаоллари мурожаатларини оқибатсиз қолдирмасдан, амаки хисобланмиш мамлакат Президенти Ислом Каримовнинг ўз жиянига қарши қилган жиноятлари изини тозалаш ва 11 йиллик руҳий касалликлар шифохонасида умрини ўтказган оддий бир фуқарони оҳини тинглаб, унинг келгуси ҳаётини инсонлардек яшаб, ўтказиши учун барча шароитларни яратиб берган Шавкат Миромоновичга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Биз Шавкат Миромонович Президентлик даврида йигирмадан ортиқ ҳуқуқ фаоллари ва журналистлардан иборат сиёсий маҳкумларни озод қилингани мамлакатдаги сиёсий ислохотларнинг олиб борилаётганини исботи тариқасида қабул қилар эканмиз, шу билан биргаликда бугунги кунда ҳам сиёсий қатағон қурбони бўлиб, Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари Юсуфбой Рўзимуродовни, Ғайрат Михлибоевни, Йўлдош Расуловни, Ғайбулло Жалиловни, Меҳринисо Ҳамдамовани, Чўян Маматқуловни, Фаҳриддин Тиллаевни, Бобомурод Абдуллаевни ҳамда бошқа диний ва сиёсий маҳкумларни озод қилиш масаласини ҳам ўз назоратига олишини Шавкат Мирзиёевдан сўраб қоламиз. Чунки ушбу жабрдийдалар ҳам адолат қарор топишини ва озодликка чиқишларини интиқлик билан кутмоқдалар

Ҳуқуқ фаоли Азамжон Формонов

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.