Шуҳрат Мусиннинг дараги Андижон қамоқхонасидан чиқди
Қарийб икки ой аввал Қирғизистон пойтахтида бедарак йўқолган ўзбек қочқини Шуҳрат Мусиннинг қариндошларига кўра, айни пайтда у Ўзбекистондаги қамоқхоналардан бирида сақланмоқда.
Шуҳрат Мусин қариндошларидан бирининг 12 апрель куни “Жараён” мухбирига телефон орқали маълум қилишича, ҳозир у Андижондаги қамоқхонада ушлаб турилибди.
– Шуҳратнинг Андижонда яшайдиган холаваччаси 15 суткага қамалиб қолибди. Озодликка чиққач эса у Шуҳратнинг ҳозирда Америкада қочқинликда яшаётган ота-онасини ўғиллари ўша қамоқхонанинг ертўласида сақланаётганидан хабардор қилибди. Кейин Шуҳратнинг ота-онаси бу ҳақда келинлари Барно ва унинг акаси Исломга билдиришибди. Аммо Барно эрининг Андижон қамоқхонасида сақланаётгани ҳақидаги хабарга қарамай, Бишкекда қолиб, уни қидиришда давом этмоқчи, – дея маълум қилди Шуҳрат Мусиннинг қариндоши.
Эслатиб ўтамиз, 29 ёшли асли андижонлик қочқин Шуҳрат Мусин шу йилнинг 18 февраль куни Бишкек шаҳрида бедарак йўқолган эди. Мусинга яқин бўлган кишиларнинг аввалроқ “Жараён”га айтишларича, ўша куни қочқиннинг қўл телефонига қўнғироқ бўлган, у қўнғироқ қилган киши билан учрашиш учун уйдан чиқиб кетган ва шу кетганча уйга қайтиб келмаган.
Шуҳрат Мусин БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Бишкекдаги ваколатхонаси томонидан берилган қочқинлик мандатига эга бўлган ўзбекистонликлардан эди.
Ўзбекистон томони Шуҳрат Мусинни мамлакат Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилганлик) ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига (ЎИҲ) аъзоликда айблаганди. Аммо қочқиннинг яқинларига кўра, Мусин дўстлари билан 2005 йили Андижонда содир бўлган воқеалар акс этган CD-дискни кўргани учунгина Миллий хавфсизлик ходимлари эътиборига тушган.
Махфий хизматларнинг доимий таъқиби ва босимларидан сўнг Шуҳрат Мусин 2008 йили Ўзбекистонни тарк этиб, қўшни Қирғизистонга қочиб ўтишга мажбур бўлган ва ўшандан бери оиласи билан Бишкек шаҳрида яшаб келганди.
2010 йил октябрида Шуҳрат Мусин Ўзбекистон расмийларининг экстрадицион талабномаси бўйича Бишкекда Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган. Аммо 2011 йил февралида БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонаси ҳамда қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари аралашуви билан Мусин қўйиб юборилган.
Шуҳрат Мусин бедарак йўқолгач, унинг Бишкекда вояга етмаган икки боласи билан яшаб келаётган хотини Барно эрини топишда кўмаклашишни сўраб, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганди.
Шу йил март ойи ўрталарида “Жараён” мухбири билан суҳбатда Барно Мусина эрини излаб прокуратура, Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси, милицияга мурожаат қилгани, шаҳардаги касалхона ва ўликхоналарни бирма-бир айланиб чиққанини айтганди.
– Аммо ҳеч ким эримнинг қаердалигини билмаяпти. У ҳеч қаерда йўқ, – деган эди Барно Мусина.
Ўшанда у ўзи яшаб келаётган Бишкек шаҳрининг Свердлов туман ички ишлар бўлими ходимлари бир ҳафта ичида аёлга 18 февраль куни эрининг телефонига бўлган кириш ва чиқиш қўнғироқлари рўйхатини тақдим этишга ваъда қилганларини ҳам айтиб берганди.
“Жараён” мухбирининг бу гал Барно Мусина билан телефон орқали боғланишга қилган уринишлари самара бермади. Аммо унга яқин манбанинг айтишича, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳалигача бу борадаги ўз ваъдаларини бажаришмаган.
Аввалроқ айрим ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Мусин ишига ўзбек махфий хизматлари аралашган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишганди. Улар буни Қирғизистонга Қўқондан 2012 йил қишида келган Абдурауф Раҳмонов исмли ўзбекистонлик қочқиннинг Бишкекка келиши ва бу ердаги диндор қочқинлар билан яқиндан мулоқотда бўла бошлагани билан боғлагандилар. Бундан аввал ҳам ўзбек қочқинларининг МДҲ мамлакатларидан ўғирланиши ҳолатлари кўп кузатилган. Масалан, ўтган йил декабрь ойида Россияда яна бир андижонлик диндор қочқин Юсуп Қосимохунов бедарак йўқолганди.
Куни кеча эса Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вакиллари Қосимохунов Россия пойтахтидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкатига тегишли самолетда Тошкентга жўнатилгани ҳақида маълумот тарқатишди. Ҳозирда Андижондаги тергов ҳибсхоналаридан бирида сақланаётган бу қочқиннинг ҳам, россиялик ҳуқуқ фаолларига кўра, у ерда қийноқларга дучор қилинаётгани эҳтимоли каттадир.
Ҳуқуқ фаоллари иккала ҳолатда ҳам қочқинларни ўзбек махфий хизматлари ўғирлаганлари ва бунда уларга қўшни мамлакатдаги ҳамкасблари яқиндан ёрдам беришларини ҳам таъкидлаб келишади.
– Бугунги кунда ўзбекистонлик қочқинларнинг ҳуқуқлари истаганча поймол қилинмоқда. Қозоғистон ҳукумати халқаро ҳуқуқ меъёрларига итоат этмасдан, қочқинларни Ўзбекистонга топшириб юбораётган бўлса, Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати вакилларининг мамлакат ҳудудида бемалол ҳаракатланиши учун шароит яратиб бермоқда. Бундай ҳолатни Россияда ҳам учратиш мумкин. Менимча, бу каби қочқинлик мақоми сўровчиларни ўғирлаб кетилиши юзасидан нафақат Ўзбекистон ҳукуматига эътироз билдиришимиз, балки қочқинларни ўз мамлакатидан ўғирлаб кетилишига шарт-шароит яратиб бераётган ҳукуматларнинг ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари ҳақида ҳам халқаро ҳамжамиятни кўпроқ хабардор қилишимиз керак, деб ўйлайман.
Қарийб икки ой муқаддам Қирғизистон ҳудудида йўқолиб қолган қочқин Шуҳрат Мусин бугунги кунда Ўзбекистонда, аниқроғи, Андижон тергов ҳибсхонасида эканлиги, биринчидан, Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг қочқинни ўғирлаб кетиш жиноятига шерик эканлигини исботласа, иккинчидан, Мусин аллақачон қийноқ қурбонига айланганлигини исботлайди, – дейди “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева.
Fikr bildirish