Ўзбек расмийлари журналист Юсуф Рўзимуродовнинг қамоқ муддатини яна узайтирдилар
Ўзбек расмийлари журналист Юсуф Рўзимуродовнинг қамоқ муддатини яна уч йилга узайтирдилар. Бу ҳақда “Жараён”га мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова маълум қилди.
Унинг айтишича, 54 яшар журналист Юсуф Рўзимуродов шу йилнинг май ойида озодликка чиқиши керак бўлган, аммо унинг қамоқ муддати тугашига оз қолганда Тошкент вилоятининг Товоқсой туманидаги УЯ 64/3-сонли колония маъмурияти Рўзимуродовга “қамоқхона ички тартиб-қоидаларини бузганлик” айбини қўйиб, унинг қамоқ муддатини яна уч йилга узайтириб берган.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон расмийлари сиёсий ва диний сабаблар билан қамалган маҳбусларнинг қамоқ муддати тугаган бўлса-да, уларни озодликка чиқармаслик учун кўпинча мана шу айбловдан фойдаланиб келадилар.
– Биздаги маълумотларга кўра, Юсуф Рўзимуродовнинг соғлиғи жуда ёмонлашган. У сил касалига чалинган. Унинг ўз оиласи йўқ, журналистнинг отаси 2010 йилда вафот этган, онаси эса ундан бир йил аввал дунёдан кўз юмган. Демак, Юсуф Рўзимуродовнинг Ўзбекистонда уни қамоқдаги аҳволидан хабар оладиган яқин қариндошлари йўқ ҳисоби. Бу эса унинг ҳозирги вазиятини янада оғирлаштиради, – деди “Жараён”га Дилором Исҳоқова.
Шунингдек, мухолифат фаоли халқаро инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Ўзбекистон расмийларини қамоқдаги журналистни зудлик билан озод қилишга даъват этишлари лозимлигини қўшимча қилиб ўтди.
Эслатиб ўтсак, журналист Юсуф Рўзимуродов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг асосий рақибларидан бири бўлган Муҳаммад Солиҳнинг мухолифатдаги “Эрк” партиясига тегишли газетанинг ходими бўлган.
1999 йили Тошкент содир бўлган портлашлардан сўнг мамлакатда махсус хизмат ходимлари томонидан мухолифатчилар, мустақил журналистлар, ҳуқуқ фаоллари, оддий диндорлар ва баъзи ҳолатларда уларнинг қариндошларини ҳам таъқиб қилиш ҳолатлари кучайиб кетди. Шу боисдан журналист Юсуф Рўзимуродов ва Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжон мамлакатни тарк этиб, Киевдан бошпана излашга мажбур бўлгандилар. Бироқ ўзбек махсус хизматлари “Эрк” газетасининг икки ходимини ноқонуний равишда Украина ҳудудидан ўғирлаб, уларни Тошкентга олиб келгандилар.
1999 йилнинг августида Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов Тошкентдаги терактларга алоқадорликда айбланиб, бири 8 ва иккинчиси 15 йилга озодликдан маҳрум этилгандилар.
Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов бу айбловларни тан олмаганлар ва тергов жараёни давомида қийноққа солинганларини маълум қилганлар.
Муҳаммад Бекжон дунё бўйлаб судланган журналистлар ичида энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналистлардан бири бўлиб ҳисобланади. Ҳозир у Косон шаҳридаги қамоқхонасида сақланмоқда. Бекжон қариндошларининг билдиришларича, қамоқхонадаги аёвсиз муомала туфайли унинг аҳволи оғирлигича қолаётир, у сил касалидан азият чекмоқда. Ўтган йилнинг 27 ноябрида Страсбургда “Чегара билмас мухбирлар”Муҳаммад Бекжонни “Матбуот эркинлиги” бўйича мукофотга лойиқ, деб топганлар.
Ўзбек расмийлари бу икки журналист жиноий ҳаракатлари учун қамоққа ташланганликларини иддао қилиб келсалар-да, халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Юсуф Рўзимуродов ва Муҳаммад Бекжон айнан ўзларининг сиёсий қарашлари туфайли узоқ йиллардан буён қамоқда азият чекаётганларини билдириб келадилар.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish