Нидерландия: Қозоқ мусулмон қочқинлари депоратацияси суд қарори билан тўхтатилди

Қозоғистонлик қочқинлар 2014 йилнинг 24 июль куни Нидерландиянинг Мидделбург шаҳар судида, кичик бўлса-да, муҳим ғалабани қўлга киритдилар. Мазкур маҳкамада уларнинг ватанларига депортация қилиш масаласи кўриб чиқилганди.

Қозоғистонлик қочқинлардан бўлган Шакиевлар оиласи (уч фарзанди билан) ва уларнинг бир қариндоши Шакиев Н. 2012 йилнинг май ойида Ҳолландия пойтахти Амстердам шаҳри аэропортида сиёсий бошпана сўраганди.

Улар бир неча йил давомида Қозоғистон махсус хизматлари томонидан ўз диний қарашлари сабаб таъқиб қилиб келинганлар, пировардида мамлакатни махфий суръатда тарк этиб, Нидерландия қироллигидан бошпана сўрашга мажбур бўлганлар.

Бироқ, мутлақо асоссиз ва шубҳали сабабларга кўра, 2012 йилнинг ноябрида Нидерландия миграция хизмати (IND) уларга сиёсий бошпана беришдан бош тортган. Қарийб бир йил ўтгач, қозоғистонлик қочқинлар бошпана сўраб, мазкур идорага қайта мурожаат қилганлар, аммо IND “қочқинлар ўз ватанларида таъқибга учраганларига ишонтира олмаган” ларини қайд этган ҳолда, қозоқ қочқинларига яна бир бор рад жавоби берди. Сўнг IND Қозоғистон фуқаролари қисқа муддат ичида Ҳолландия ҳудудини тарк этиши лозимлиги ҳақида қарор чиқарган.

Умидсиз ва иложсиз вазиятга тушган қозоқ қочқинлари ёрдам илинжида Франциядаги “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага мурожаат қилганлар.

Ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева ва “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси” фаоллари қозоқ қочқинларининг Ҳолландиядаги адвокати Моник ван дер Марк (Monique van der Mark) билан боғланганлар, адвокат хоним эса ҳуқуқ фаоли ва қўмита аъзоларининг судда гувоҳ сифатида чиқиш қилишларига рухсат олишга муваффақ бўлган.

24 июль куни Мидделбург шаҳрида бўлиб ўтган маҳкамада қозоқ қочқинларининг Қозоғистонга депортация қилиш масаласи кўриб чиқилди. Бу судга ҳуқуқ фаоли М. Тожибоева ҳамда «Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмита”си фаоллари ҳам таклиф қилиндилар. Мўътабар Тожибоева ва қўмита фаоллари қозоқ қочқинларининг ёнини олиб, судда чиқиш қилдилар. Жумладан, улар маҳкамада шу кунда Қозоғистонда мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчли аҳволда эканини, диндорлар бу мамлакатда таъқибга учраётганлари, уларга қарши сохта жиноий ишлар очилаётгани, қийноқлар ва қамоқдаги ўлим ҳолатлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Судга қозоқ расмийлари томонидан ўз касбий фаолияти учун таъқиб этилиб, қамоққа олинган қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Вадим Курамшиндан ҳам ҳужжатлар тақдим қилинди. Улар ичида, хусусан, Қарағанда вилоятининг Долинка посёлкасидаги АК-159/7 қамоқхонасида ваҳшийларча ўлдирилган мусулмон Шамил Ярославлев жасади сурати ва бошқа материаллар ҳам бор эди.

Ҳуқуқ фаоли М. Тожибоева ва қўмита фаоллари томонидан Ҳолландия судига тақдим қилинган материаллар орасида Ақтўбе вилоятидаги чоғроқ мусулмон жамоаси етакчиси Азамат Каримбоевнинг Арқалиқ қамоқхонасида ўлдирилганини тасдиқловчи ҳужжатлар ва суратлар ҳамда унинг турмуш ўртоғи гувоҳлиги ҳам бўлган.

Шунингдек, Ҳолландия судига қозоғистонлик муслима Наталья Войтенкованинг қамоқ жазосига ҳукм қилинган турмуш ўртоғига нисбатан қўлланилган қийноқлар ва ғайриинсоний муносабат, аёл бу ваҳшиёна муносабатни тасдиқловчи видеоёзувни ошкор қилгани учун Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан таъқиб учрагани ҳам тақдим қилинди. Буларнинг барчаси Наталья Войтенковага нисбатан жиноий иш очилишига сабаб бўлиб, пировардида унинг уч нафар вояга етмаган фарзанди ота-онасиз, ёлғиз қолиб кетган эди.

Ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева ва “Меҳнат муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси” фаоллари Ҳолландия судига Марказий Осиё диктаторлари Назарбоев ва Каримов раҳбарлик қилаётган мамлакат махсус хизматлари ўзаро ҳамкорликда тинч мусулмонларни таъқиб қилаётганлари ҳақида ҳам сўзлаб бердилар. Бунга қозоқ расмийларининг мамлакатдан бошпана сўраган 29 нафар ўзбек мусулмон қочқинларини Ўзбекистонга мажбуран бериб юборгани мисол тариқасида келтирилди.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистонга қочқинларни депортация қилишни маън қилганига қарамай, қозоқ расмийлари ўз халқаро мажбуриятларига зид равишда ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга мажбуран депортация қилгандилар. Айни пайтда бу қочқинларнинг деярли барчаси сохта айбловлар билан узоқ муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилинганлар ва Ўзбекистон қамоқхоналарида мунтазам равишда қийноқларга дучор қилинмоқдалар.

Тақдим қилинган ҳужжатлар билан танишиб чиққан Мидделбург суди қозоқ қочқинларини юртига депортация қилинишини тўхтатиб туриш, IND вакилларига эса қочқинлар ишидаги янги маълумотларни 2-4 ҳафта давомида рад қилиш учун имконият бериш ҳақида қарор чиқарди. Агар IND қозоқ қочқинларини юртига депортация қилиниши кераклиги бўйича асосли сабаблар тополмаса, Қозоғистон фуқароларига сиёсий бошпана берилиши керак бўлади.

Бу ишда жуда муҳим ролни ўйнаган нидерландиялик адвокат Моник ванн дер Марк қозоқ қочқинлари билан биргаликда суд чиқарган қарордан мамнунлигини яширмади. Адвокат хоним суд қочқинлар депортациясини бекор қилгани ўз амалиётида илк бора кузатилаётгани, аксар ҳолларда бундай ишлар IND фойдасига ҳал бўлишини билдирди.

Иш судда кўриб чиқилгач, Мўътабар Тожибоева ва “Меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси” фаоллари Амстердамга, Amnesty International ташкилотининг Нидерландиядаги офисига йўл олдилар.

У ерда ҳуқуқ фаоли ва қўмита аъзолари халқаро ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича координатори Хенк Хулшоф билан учрашдилар. Суҳбат давомида Amnesty International вакиллари ҳам қозоқ қочқинларига ҳар томонлама ёрдам қилишга ваъда бердилар.

Ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти қозоқ қочқинлари бўлмиш Шакиевлар оиласи ва қариндошининг бундан буёнги тақдирини яқиндан кузатиб боришини билдирди.

Руслан МАЙТАНОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.