Ёдгор Турлибеков ва Дилмурод Саййид таваллуд кунига махсус дастур
Бугунги дастуримиз мухолифат фаоллари – Ёдгор Турлибеков ҳамда Дилмурод Саййидларнинг таваллуд айёмларига бағишланади.
Ёдгор Турлибеков 1937 йил 29 апрелда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган.
1980 йилдан 1997 йилгача Қарши шаҳрида махсус касб ўқув юртида радио ва электротехника муаллими бўлиб ишлаган.
1997 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий” номига сазавор бўлган. Олий таълим вазирлиги топшириғига мувофиқ ўзбек тилида радиотехника ва электроника бўйича дарслик тайёрлашда иштирок этган.
1998 йилдан бери ҳуқуқ ҳимояси ва журналистика билан шуғулланиб келган.
Журналист сифатида Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш бўйича институти билан ҳамкорлик қилган.
1976 йилдан 2007 йилгача Қарши шаҳрида истиқомат қилган.
69 ёшида Ёдгор Турлибеков 2006 йилнинг 16 июнида ҳибсга олинган ва 6 октябрда «фирибгарлик» айблови билан Қарши шаҳар суди қарорига кўра, 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Олти ой қамоқда сақланиб, 2006 йилнинг 24 декабрида Ўзбекистон конституцияси байрами муносабати билан эълон қилинган авф этиш фармони бўйича озодликка чиқарилган.
БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссарлиги томонидан берилган сиёсий муҳожир мақоми билан узоқ йиллардан бери АҚШда яшайди.
*****
Ўтган ҳафта 54 ёшини ўзбек қамоқхонасида қарши олган таниқли журналист Дилмурод Саййидни Би-Би-Си радиоси ўзбек хизмати эсга олиб ўтган. Унга кўра, Дилмурод Саййид 1962 йил 29 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган.
Низомий номли Тошкент давлат педагогика институти Ўзбек филологияси бўлимида таҳсил олган.
Бир қатор нашрларда фаолият кўрсатган. “Адвокат Пресс” рўзномасида чоп этилган “Йўқ ҳақида бадиҳа” ҳамда қатор публицистик ва насрий асарлар муаллифидир.
2009 йил февралидан буён қамоқда. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Пен Клуб ва “Чегара билмас шифокорлар” Дилмурод Саййидни журналистик фаолияти учун қамоққа ташланганини айтиб, уни озод этишга чақириб келадилар.
Дилмурод Саййид оғир сил касалидан азоб чекади.
Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳақлари ташкилоти унинг соғлигидан хавотир изҳор қилган.
2009 йил ноябрида журналист билан учрашиш учун Навоийдаги қамоқхонага бораётган рафиқаси Барно Жуманова ҳамда беш ёшли қизи Рухшона Тошкент-Самарқанд йўлидаги автоҳалокатда ҳаётдан кўз юмганлар…
Fikr bildirish