Мўътабар Тожибоева: Танамдан тарқалган олов ва тафт миллатимизни, ҳалқимизни юрагини карахт қилиб қўйган қўрқув музини эритиш учун ҳисса қўшади деб ишонаман

Снимок,,,,,,,

«Моҳият» газетаси бош муҳаррири, Олий мажлис депутати, шоири замон Ғулом Мирзаевга

Фарғона вилоятидаги «Ўтюраклар» Клуби рахбари,
мустақил журналист Мўътабар Тожибоевадан

О Ч И Қ  Х А Т

15 октябрь 2003 йил

                                     Мухтарам бош муҳаррир!

Мен ушбу очиқ хатимни «Маҳалла» газетаси бош муҳаррири Чори Латипов номига ёзишга ва у билан «Ҳалқ сўзи», «Народное слово», «Ҳуқуқ» ва «Маҳалла» газеталарида «Муносабат» рукни остида чоп этилган «ҚОНУНБУЗАР КИМ… МАҲАЛЛАМИ ЁКИ «ХЬЮМАН РАЙТС ВОТЧ» ВАКИЛИ?» деб номланган буюртма асосида ёзилган танқидий мақоласини муҳокама этмоқчи эдим.

Чунки бу мақола хукуматнинг ўзининг оддий ҳалқига, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига, қонунга итоат этгувчи зиёлиларга нисбатан қўллаётган репрессиясини Ҳалқаро жаҳон ҳамжамиятидан уялмаган ҳолда Ҳалқаро журналистларга ва ҳаттоки Ҳалқаро миқёсдаги нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ҳам очиқ ошкора бошлаганидан далолат беради.

Шу билан биргаликда сиз бошқараётган газетани 10–октябрь кунги сонида чоп этилган «Таҳлил- Обод маҳалла йилининг охирги чорагида» рукни остидаги «ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ САРИ – Одимлар, муаммолар, ечимлар» мақоласини ўқиб хўрлигим келди.

Унда фуқаролик жамиятини шакллантириш учун айнан маҳаллалар фаолиятини кучайтириш ҳақида мақола муаллифлари Марат Ғуломов ва Содиқ Мўминовларни амалга оширилаётган ижобий ишлар сифатида Фарғона вилоят прокуратурасининг 1999, 2000 ва 2001 йилларда олиб борган савобли ишларини мисол тариқасида келтирилган.

Жаноб бош муҳаррир! Сиз нафақат газета рахбари, балким ҳалқнинг дардини барчадан аввалҳис қилиши керак бўлган шоирсиз-ку. Бундан ташқари минглаб инсонлар ўз тақдирларини сизга ишониб депутатликка сайлаганлар. Сиз эса ҳануз сукутдасиз. Юксак минбарларда қарсак чалиб қабарган қўлларингиз қачон ҳақиқатни ёзиш учун қалам ушлайди, айтинг ўша умидли кунларни яна қанча кутайлик.

Фуқаролик жамияти сари олға қадам ташлаяпмиз дея сизлар нафақат ўз ҳалқингизга ҳиёнат қилаяпсиз, уларни алдаяпсиз. Балким бутун дунё ҳамжамиятини ҳам алдамоқдасиз-ку. Бундай алдовларга, ёлғонларга қачон чек қўясизлар? Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуриш учун қачон амалий иш бошлайсизлар? Эртанги кунда ҳалқнинг кўзига қандай қарайсиз, ҳеч бу ҳақда ўйлаб кўрдингиз-ми?

Сизнинг газетангизда чоп этилган мақола муаллифлари «Фуқароларимиз оддий ҳақ ҳуқуқларини талаб қилмасликларига яна бир сабаб бор. Ўзбекчилик, юз хотир, андиша деган тушунчалар мавжуд. Қолаверса, «ёзғувчи», «иғвогар», «жанжалкаш» деган номдан хазар қилишади. Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб тортишган инсонга кулманг. Ундан ўзингизни тортманг.

Унинг учун уялманг, андиша қилманг. Аксинча ундан ўрганинг. У ўз харакати билан адолатсизликка, тўрачиликка, лоқайдликка муросасизлик қиляпти, ҳуқуқини талашаяпти, жамиятда қонун устиворлиги, адолат мезони бузилмаслигига хисса қўшяпти» дейишган. Нақадар теран фикр. Мақола муаллифларининг айнан шу фикрлари тақсинга лойик.

Лекин айнан мана шу мақола чоп этилишидан бир кун аввал, яъни 9–октябрь куни кеч соат 18.00да Фаргона вилояти Олтиариқ туман Ҳамза шаҳри Навоий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мавжуда Отақулова Олтиариқ туман ИИБга жабрланувчи тариқасида терговга чақирилган ва ИИБ биносида қўлига кишан солиб айнан Сиз газетангизда кўкларга кўтариб мақтаганингиз Фарғона вилоятидаги прокурор тўралар томонидан ЖПКнинг 221–моддасига асосан хибсга олинган. 221–модда эса ушлаб туриш асослари бўлиб: Унда жиноятни содир этишга гумон қилинган шахс қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ушлаб турилиши мумкин:

1) Шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этгандан кейин қўлга тушса: (Мавжуда Отақуловани 14–август куни жиноят содир этганликда айбламоқдалар, хибсга эса орадан 55 кун ўтгандан кейин оляптилар)

2) Жиноят шоҳидлари, шу жумладан жабрланувчилар (барча «жабрланувчи» фоҳиша ва қўшмачиларни шахсига, ижтимоий ҳаётдаги ўрнига, оила аъзолари, ота-оналари, ака–укалари олдида хурмат эътиборлари қандайлигига эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўларди) уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар: («Жабрланувчи» бечора қўшмачи ва наркоман Машрапова Махпуза 4–март куни участка нозири кўзи ўнгида маҳалла рахбари Мавжуда Отақуловани аёвсиз калтаклаб усти бошини йиртиб ташлаганди (4–март кунги суд қарорини ҳавола қиламан) 20–август куни ҳам вахшийларча калтаклаганди (бу вахшийлик ҳақида деярли барча Ҳалқаро матбуотларда, интернет сайтларида ёритилган. 7–октябрь куни ҳам Мавжуда Отақуловани ўта маст холатда калтаклаган)

3) Унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса: («Жабрланувчи» Машрапова Махпуза Маҳалла оқсоқолини кўйлагини йиртиб ташлагани учун эркатойини кечиришни сўраб вилоят ИИБ бошлиғи Аминжон Тошхўжаев Мавжуда Отақулованинг йиртилган кўйлаги ўрнига унга 7–март куни туман ИИБ рахбар ходимлари гувоҳлигида қимматбаҳо материал совға қилганди.

Бундан ташқари «Жабрланувчи» Мавжуда Отақулованинг деразаси ойнагини кечаси 4ларда тошбўрон қилиб синдирганди ва телефон симларини пичоқ билан кесиб ташлаганди. Шунингдек Мавжуда Отақулованинг хонаднига тинимсиз қўнғироқ қилиб «Бугун ювиниб тайёр бўлиб тур, бугун сени ўлдиришади» деб тинимсиз тайзиқ ўтказганди. Бу воқеалар ҳақида Мавжуда Отақулова вилоятдаги барча маъмурий органларга аризалар берганди. Лекин наркоман ва қўшмачи хонимни мушугини пишт дейдиган мард вилоят бўйлаб топилмаганди).

4) Шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи ёхуд шахси аниқланмаган бўлса дейилган. (Мавжуда Отақулованинг жиноятчилиги ҳақидаги барча маълумотларни фақат Мавжуда Отақулова айби билан тирикчилигидан махрум бўлаётган хукуматнинг шериклари бўлган фоҳиша ва қўшмачиларнинг кўргазмалари асос қилиб олинган. Мавжуда Отақулова ҳеч қачон қочмоқчи бўлмаган ва унинг доимий яшаш жойи барчага маълум эди. У очиқ ошкора маиший бузуқ ва жиноятчи маъмурий органлар рахбарларининг кирдикорларига қарши курашган эди).

Мавжуда Отақулова бошқараётган маҳаллада айнан Олтиариқ туман ИИБ рахбар ходимлари фоҳишахона-ю, қўшмачихоналар ташкил этганлар. Натижада бу ер Фарғона вилоятидаги қўшмачихона-ю, фохишахоналар макони бўлиб, бутун мамлакатга танилган Хожиобод деб аталгувчи Киргули тумани ва Фарғона шаҳрининг Охунбобоев даҳасини ҳам аро йўлда қолдириб кетган.

Бундай чиркин иллатларга қарши курашиб тинимсиз юқори органларга ёзма мурожаатлар қилиб чарчаган Мавжуда Отақулова 20–август куни Олтиариқ туман прокуратураси биноси рўпарасида туман маҳалласида фохишалар ва қўшмачиларни ёшларни тарбиясини бузаётганликлари, фохишаларни қўллаб қувватлаётган туман прокурори Ғайрат Умурзақовни ва фохишахона-ю, қўшмачихоналар рахбарлари, қўшхотинли туман ИИБ бўлими рахбарларини истеъфога чиқарилишларини талаб қилиб пикет ўтказаётган пайтида хукумат томонидан топшириқ олган юзга яқин Олтиариқ, Киргули ва Фарғонадан тўпланган фохиша-.ю, қўшмачилар, Мавжуда Отақуловани, мени ва «Би-Би-Си» мухбири Матлуба Азаматовани тошбўрон қилиб, аёвсиз калтаклаб тан жарохати етказган эдилар.

Айнан шу куни маъмурий органлардаги хомийларининг қўллаб қувватлашларидан рухланган бу жиноятчи аёллар Навоий маҳалласи фуқароларидан бир неча кишини уйига бостириб кириб уларни ҳам вахшийларча калтаклаганлар. Ҳаттоки 13 ёшли гўдак қизчани ҳам фоҳиша-ю, қўшмачилар ўртага олиб тепкилаб , оғир буюмлар билан урганликлари туфайли ёш гўдак мия чайқалиши билан касалхонага тушган.

Маъмурий органларнинг тайзиқи билан оғир аҳволдаги гўдакни шу куниёқ Олтиариқ туман шифохонасининг шифокорлари касалхонадан чиқариб юборганлар. Ҳатто калтакланиб шифохонага тушган ёш гўдак қизчани аҳволини кўриб била туриб шифокорлар криминал очмаганлар ва судмедэкспертизасидан ўтказмаганлар.

Ушбу босқинчилик ва бошқа жиноятларнинг асосий бошлиғи Ҳамза шаҳарчаси Навоий кўчаси 23–а уйнинг 26–хонадонида яшовчи, оила аъзолари, ота-оналари оқ қилган 32 ёшли, муқаддам Жиноят Кодексининг 173–моддаси–мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш ва 131–моддаси – Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш жиноятлари содир этганликда айбланиб икки марта судланган, Олтиариқ туман маъмурий органлари ва вилоят Ички Ишлар бошқармаси бошлиғи Аминжон Тошхўжаевнинг эркатойи Машрапова Маҳфуза бўлишига қарамай 20–август кунги жиноятни «номаълум шахсларга» нисбатан (албатта кейинчалик жиноят таркиби бўлмаганлиги учун жиноят ишини тугатиш мақсадида) жиноят иши қўзғатилган эди. Мавжуда Отақуловани айнан мана шу иш бўйича жабрланувчи тариқасида алдаб, ИИБга чақирганлар ва у ердан хибсга олганлар.

Мавжуда Отақуловага ЎзР.ЖКнинг 229-моддаси – Ўзбошимчалик ва 277 моддаси –Безорилик 2 – қисм “б” банди – бир гуруҳ шахслар томонидан ва “г” банди – ўз мазмунига кўра умум эътироф этган аҳлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан (ўйланиб қоласан киши ўтакетган беҳаё фохиша–ю, қўшмачиларми, ҳалқдан уялмай уларнинг маконига маишатпарастлик қилиш учун ярим кечалари маст-аласт келадиган формали, қорни катталарми-ю, ўз маҳалласи фуқароларини тинчини, номус орини ҳимоя қилган Мавжуда Отақуловами) жиноятларини содир этганликда айблаб Ҳамза шаҳрига турли ердан асосан ота-оналари томонидан қувғин қилиниб ҳайдалиб келиб тўпланган ва Олтиариқ туман ИИБ рахбарлари томонидан ташкил этилган қўшмачихоналар ва фохишахоналарнинг айнан уша бизларга хужум қилган қўшмачи-ю, фохишалариниг тухмат бўхтонларига асосланиб жиноят иши қўзғатилган.

Отақуловани бирон маротаба чақирув коғози билан терговга чақирмасдан туриб 20–август куни туман ИИБ терговчиси И.Исмоилов Мавжуда Отақуловани мажбурий тартибда келтириш ҳақида, яъни милиция кучи билан келтириш ҳақида қарор чиқариб фохиша-ю, қўшмачиларига калтаклаткизишиб, ушбу жараённи иккитадан видеокамерада видеотасвирга олиб кейин уни тутиб кетишган. (20–август кунги мажбурий тартибда келтириш қарорини ҳавола қиламан).

Қалбаки хужжатларга асосланган бўлсада 229– ва 277–моддалардаги жиноятларни содир этганликда гумонланганларни ЖПКнинг 345–моддасига асосан милиция органи тергов қилиши керак эди. Афсуски «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидек айбсиз фуқароларни аввал хибсга тиқиб олиб, кейин қийноқлар билан бўйнига қўйиб жиноятчига чиқаришга ўрганиб қолган чаласавод ва порахўр туман прокурори Ғайрат Умурзақов Отақуловани хибсда сақлаб тергов қилиб безорилик ва ўзбошимчалик жинояти содир этганини бўйнига қўя олмай Отақулованинг қизига айтишича 206–модда хокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва 242–модда жиноий уюшма ташкил этиш жинояти содир этган дея айбловларни Отақулова зиммасига юкламоқда.

Бу чаласавод прокурорнинг Мавжуда Отақулова билан алоҳида хисоб китоби бор эди. Чунки Отақулова унинг жиноий кирдикорларига қарши очиқ ошкора курашиб келарди. Республика прокуратурасига Ғайрат Умурзақовни вазифасидан четлатишни талаб қилиб бир неча марта ёзма мурожаатлар қилганди.

Мавжуда Отақулованинг Ғайрат Умурзақовнинг жиноий кирдикорлари баён қилинган Республика бош прокурори номига ёзган аризалари ва тушунтириш хатлари, шунингдек «Давр овози» газетасидаги мақоласига раддия беришни талаб қилиб ёзган аризасини ҳам маълумот тариқасида Сизга ҳавола қиламан.

Ж у м л а д а н:

2002 йил 8–декабрь Конституция байрами куни Ўзбекистонда Конституция ва қонунлар ишламаётганлиги учун Тошкентда Олий мажлис биноси рўпарасида юзлаб Фарғоналиклар билан пикет ўтказиш ҳақида мурожаатнома эълон қилганимдан сўнг 2002 йил 25–ноябрь куни Республика прокуратурасидан Фарғонага текшириш (йиғиштириш) учун борган «Болалар» гуруҳи қўшиқчиси Баходир Пўлатов билан маҳалла фуқаролари билан биргаликда учрашиб Республика бош прокурори Рашид Қодиров номига ариза ва тушунтириш хати ёзиб берганди.

2003 йил апрель ойи охирида эса яна менинг талабим билан, яъни Республика бош прокурори Рашид Қодировни конституцион тузумга ва давлат сиёсатига қарши фаолият олиб борганлиги учун уни исътефога чиқарилиши ва унга нисбатан ЖКнинг 159–моддаси билан жиноят иши қўзғатилишини талаб қилиб бош прокуратура биноси рўпарасида пикетлар ўтказганимдан сўнг бош прокурор номига ёзган очиқ хатим бўйича энди йиғиштирувчиларнинг катталари, яъни номини айтганда оёғи қалтираб дарҳол чўнтак кавлашга мажбур қиладиган даражадаги ҳайбатли кимсалар:

– Республика прокуратураси Ички Ишлар идораларида тергов ва суриштирув ишларини назорат қилиш бошқармаси бошлиқ ўринбосари Химмат Оқбўтаев рахбарлигида Республика прокуратураси ташкилий назорат бошқармаси вакили Абдулҳай Қаҳҳоров,

– Республика прокуратурасининг прокуратура идораларида терговни назорат қилиш бошқармаси прокурори Нормурод Ҳафизов,

– Республика прокуратураси умумий назорат бошқармаси вакили Рустам Нишонов ҳамда;

– Республика ички ишлар вазирлиги шахсий таркиб бўйича махсус инспекция катта тезкор вакили – милиция подполковниги Олимжон Абировларга ҳам маҳалласидаги вояга етмаган 15 ёшли қиз Сагатова Севарани номусига теккан Мадалиев Отабекни ҳимоя қилиб қонуний чора кўрмаётгани ва Олтиариқ туманидаги ўнлаб жиноятлар содир этганлиги ва жиноятчиларни қўллаб қувватлаб Олтиариқ ҳалқига ҳиёнат қилаётган чаласавод прокурорни хизмат вазифасидан четлатишни қатъий талаб қилиб Республика бош прокурори Рашид Қодиров номига ёзма аризалар берганди.

Ҳаттоки йиғиштирувчилардан бири Нормурод Хафизов Навоий маҳалла фуқаролар йиғини идорасига ҳам борганди ва кўплаб фуқаролар билан сухбатлар ўтказган эди. Йиғиштирувчилардан уларнинг текширув якунлари бўйича хулосаларини матбуот ҳақидаги қонунга таянган ҳолда Республика бош прокуратурасидан сўраб олишингизни қатъий талаб қиламан.

Мен ушбу очиқ хатимга қўшиб Республика прокуратурасидан йиғиштириш учун борган ва мени Республика бош прокурори Рашид Қодиров номига ёзган тушунтириш хатларимни 2 маротаба олиб кетиб биринчисида, яъни 2002 йил якунида ҳеч қандай жавоб берилмаган, 2003 йилнинг май ойида эса «важларингиз тасдиғини топмади» деб берилган жавобларга сабабчи бўлганим Рашид Қодиров хабардор бўлган вилоят миқёсидаги рахбарларнинг жиноятлари, ўзбошимчаликлари ва ўта даражада қонунни оёқ ости қилишлари фактлари қисман баён қилинган тушунтириш хатларимни Сизга маълумот учун илова қиламан.

Ушбу тушунтириш хатимдаги баён қилинган фактлар барчаси ҳақиқат ва текширув материалларим бисёр. Кўплаб текширув натижаларим бўйича республика ва маҳаллий матбуотларда танқидий мақолалар чоп эттирганман. Бу танқидий мақолаларни ҳам важим тасдиғини топмаганлигини айтилган бош прокуратуранинг хати билан биргаликда сизга маълумот учун юбораман. Тарозига солиб ҳақиқатга ойдинлик киритиш эса сиз шоири замон ва олий мажлис депутатини виждонига хавола.

Ушбу материалларни бош прокуратурадаги порахўрлар ёлғон деганидан кейин бутун дунё ҳамжамиятига ошкор қилишга мажбур бўлдим. Айниқса чаласавод ва порахўр прокурор Ғайрат Умурзақовнинг 2002 йил 10–ноябрь кунги менга йўллаган 139 ш–02 рақамли жавоб хатини ўқиб, Мамлакатимизни ҳуқуқий демократик давлат сифатида юз кўрсатиши учун масъул бўлган рахбарнинг асл башарасини ойна тутгандек бўласиз.

Бундан ташқари Олтиариқлик инсон ҳуқуқлари фаоли Аюбжон Янгибоевнинг Республика бош прокурори номига 2002 йил декабрь ойида ёзган Ғайрат Умурзақовни афт ангорини номоён қиладиган мактубини ва шунга алоқадор бошқа хужжатларни ҳам маълумот тариқасида Сизга хавола қиламан. Чунки бу фактларга ҳам юзлаб Фарғоналик фуқароларнинг ёзган аризалари ва тушунтириш хатлари сингари умуман бош прокуратура томонидан ҳеч қандай реакция бўлгани йўқ.

Ўз сирлари фош бўлишини тўхтатиш мақсадида прокуратура тизимидагилар Мавжуда Отақуловани хибсга тиққач, прокуратура терговчиси 2002 йил 8–декабрь куни Отақуловани уйига бостириб кириб, уйини тинтув қилган ва Отақуловани яқинда қамалиши ҳақида башорат қилган ўта хавфли жиноятчи (!!!) (исботини бош прокурор номига ёзган тушунтириш хатимдан топасиз) Бахтиёр Пўлатов хозир Отақуловани оила аъзоларига Отақулова айнан мен – Мўътабар Тожибоева, яъни «Ўтюраклар» Клуби рахбари билан яқин бўлганлиги боис хибсга олинганини, ҳали бу куни ҳолва эканлигини очиқ – ошкора айтмоқда.

Республика прокуратурасининг оммавий тарғибот воситаси хисобланмиш «Ҳуқуқ» газетасида Чори Латиповнинг «Қонунбузар ким… « мақоласи ёнида яъни, маҳаллалар юзасидан ёзилган тухмат мақола билан ёнма-ён Олтиариқ тумани ҳалқининг бошига бало хисобланмиш прокурор Ғайрат Умурзақовнинг мақоласи чоп этилибди. Ярим вароқ ёзишмасида 80 та хато қиладиган бу чаласавод прокурорга унинг номидан ким ва қанча маблағ эвазига ёзиб берди экан, худо билади.

Мен Сиздан Фуқаролик жамияти сари олға қадам қўйгани, мамлакатни инқирозга юз тутишига сабаб бўлаётган чиркин иллатларга қарши курашгани, маҳалласини «Обод маҳалла йилида» маънан обод маҳаллага айлантириш учун харакат қилиб бунинг эвазига Ички Ишлар бўлимининг ертўласидан жой олган 53 ёшли аёлга нисбатан маъмурий органларнинг жирканчликлари бўйича журналистик суриштирувлар ўтказишингизни талаб қиламан.

Менинг қўлимда эса Отақуловани хибсга тиқиш кимга керак бўлганлигин фош этгувчи ўта муҳим қўшимча хужжатлар мавжуд. Бу хужжатлар нусхаларини Ҳалқаро ташкилотлар ва элчихоналар вакилларига ўрганиш учун топширдим. Шунинг билан биргаликда таниқли журналист Турсунали Акбаровнинг Ғайрат Умурзақовнинг ҳомийси ва жиноий шериги вилоят прокурори ўринбосари Маъруф Усмоновнинг жиноий кирдикорларини фош этиб журналистик суриштирувлари натижасида ёзган «ОҒИР ЖАЗО – ҲАЛОЛЛИК БЕЛГИСИМИ?» номли танқидий мақоласини ҳам газетангизда чоп этиш учун ҳавола қиламан.

Ҳозир Фарғона вилояти маъмурий органлари рахбарлари ва маҳаллий хокимият рахбарлари мени айбим билан бир инсон – аёл киши қамоққа олинганини, мен билан яқин бўлган ҳар бир инсонни шундай фожеа кутиб турганини талқин қилиб фуқароларни қўрқитмоқдалар. Прокуратура тизимидагилар эса Ички Ишлар тизимидагилар орқали менга алоқаси бор бўлган барча фуқаролардан йиғилишларда, намойишларда иштирок этмасликлари, иштирок этсалалар хибсга олинишлари ҳақида тушунтириш хатлари олиб огоҳномалар бермоқдалар. Айникса бундай ёзишмалар Ғайрат Умурзақов томонидан изчиллик билан тўпланяпти.

Мен эса адолатсизликка қарши исён кўтариб хон хузурига бостириб борган Кумушбиби ва ўзига ўлим хавф солиб турсада биринчи бўлиб паранжи ташлаган Нурхоннинг ҳамшаҳриман. Душман кундасига бошини мағрур қўйиб берган Нодирабегимни руҳига сажда қилган ижодкорман. Қурмонжондодхох , Тўмарис момоларимиз ҳам биз сингари аёл зотидан бўлганлар.

Оддийгина чўпон Широқ ўз ҳалқини босқинчилардан озод қилиш йўлида жонини берган. Мен ҳам порахўру, коррупционер рахбарларнинг жиноий кирдикорларига қисман бўлсада чек қўйиш, Мавжуда Отақуловани озодликка чиқариш ва жиноятчи, айбдор кимсалар хоҳ у фохиша бўлсин, хоҳ у фохишаларининг шериги прокурору, милиционер бўлсин ушбу қабоҳатга қўл урганлиги учун қонун олдида жавоб бериши учун ўзимни қурбон қилишга тайёрман. Мен 17–октябрь муборак жума куни соат 11да Республика бош прокуратураси биноси рўпарасида усти бошимга бензин қуйиб ўзимга ўт қўйишга қарор қилдим.

Мени танамдан тарқалган олов ва тафт миллатимизни, ҳалқимизни юрагини карахт қилиб қўйган қўрқув музини эритиш учун ҳисса қўшади деб ишонаман. Мен бу жирканч рахбарлар айтганидек ўз яқинларимни оғир пайтдларида ҳеч қачон ташлаб қўймайман, аксинча улар учун жон фидо қиламан. Бу сўзларим исботини эса 17–октябрь жума куни бош прокуратура биноси рўпарасида ўз кўзингиз билан кўрасиз ва гувоҳ бўласиз.

Чунки охирги пайтлардаги ҳалқнинг норозилик кайфияти кескинлашишига айнан бош прокурор Рашид Қодировни айбдор деб биламан. Мени ўз жонимга қасд қилишимга ҳам унинг топшириғи билан қутурган қўл остидагиларнинг жиноий кирдикорлари сабабчи бўлди. У дунё бу дунё менинг қўлим унинг ёқасида, мен ўз жонимга қасд қилар эканман, биламанки мени руҳим ҳам жирканч кирдикорли рахбарларни таъқиб қилаверади ва тинч қўймайди.

Мўътабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan