Янис Галанос озодликка чиқди

Қирқ кундан ошиқроқ вақт ичида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Реабилитация марказида тутиб турилган Греция фуқароси Янис Галанос ниҳоят озод бўлди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Галанос Италиянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан Грецияга қайтиш учун берилган сертификат асосида 24 декабрь куни соат 12.10 да «Тошкент-Истанбул-Афина» рейси билан Грецияга депортация қилинган.

Бироқ «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева билан сўзлашган Янис Галаноснинг яқинлари унинг Тошкентдан кеча эмас, балки бугун (25 декабрь куни) учиб кетганини ҳамда Янис бир неча соат олдин Истанбулдан туриб оила аъзоларига қўнғироқ қилганини маълум қилишди.

Мўътабар Тожибоева билан кечаги мулоқотлари чоғида грециялик йигитнинг яқинлари Янис Галанос 24 декабрь оқшомида Тошкентнинг Шимолий вокзалида онаси билан учраштирилгани ҳақида маълум қилгандилар.

Уларнинг айтишларича, Янис кеча онасига телефон қилиб, вокзалга иссиқ кийим-кечак олиб келишни илтимос қилган ва бир одам келиб, кийимларни олиб кетишини айтган.

Бу гапдан кейин синглисининг уйида ўтирган онаизор ҳушини йўқотар даражага тушган, унга дори ичириб ўзига келтирганлар, шундан сўнг Яниснинг яқинлари қўлларига илинган нарсаларни олиб (холасининг уйида Янисга тегишли айтарли кийим ҳам бўлмаган), вокзалга ошиққанлар.

Шимолий вокзалга боргач, Яниснинг онаси оломон орасида грек тилида қичқириб, ўғлини қидира бошлаган.

Бироз ўтгач, унинг ёнига келишиб, транспорт милицияси назорат-ўтказиш пунктига боришни айтишган. Яниснинг яқинлари айтилган жойга боришгач, унинг олдига фақат онасини қўйишган.

Она-бола дийдорлашуви бир неча дақиқагина чўзилган. Онаси Янисга бир нечта савол беришга улгурган, холос.

«Унинг (Яниснинг – ЖАРАЁН) олдида милиционер ўтирган экан, у онанинг ўғли билан қучоқлаб кўришишига ҳам изн бермаган», дейишади Яниснинг яқинлари.

Онага Янис эртага ёки бир-икки кундан кейин Ўзбекистондан депортация қилинишини, ўзини (яъни онани) эса, ҳали ҳужжатлари тайёр бўлмагани учун, кейинроқ мамлакатдан чиқариб юборишларини айтишган.

Шундан сўнг Яниснинг онаси ўғлининг кийимларини олиб келиш учун уйга чопган, аммо аёл ашёлар билан вокзалга қайтиб келган пайтда у ердан Янисни ҳам, унинг атрофидаги милиционерларни ҳам тополмаган.

Эслатиб ўтамиз, Греция фуқароси Янис Галанос шу йилнинг 13 ноябрь куни Тошкент марказида қуролланган шахслар томонидан тутиб кетилганди.

Бу воқеадан кўп ўтмай, Гулнора Каримова Твиттер микроблогида Галанос иқрорлик кўрсатмаси олиш мақсадида қийноққа тутилганини ёзиб чиққанди.

4 декабрь куни Янис Галанос Тошкентдаги Реабилитация марказида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти фаоллари билан учраштирилган. Бу учрашув чоғида жаноб Галанос видеокамера олдида ўзининг қийноққа солинганини рад этган.

Яниснинг бу раддияси Ўзбекистон куч ишлатар тузилмаларининг иш услуби билан яхши таниш бўлган фаоллар томонидан мажбурий қадам ўлароқ баҳоланганди.

31 ёшли Янис Галанос 2009 йили Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечиб, Греция фуқаролигини қабул қилган.

Галаноснинг озод бўлгани ҳақида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам Твиттердаги ўз саҳифасида ёзиб чиқди. Ўзининг собиқ ҳамкори ҳибсдан қутилгани юзасидан қувончи билан ўртоқлашган Гулнора Каримова Яниснинг озод қилинишига ҳисса қўшган барча-барчага ўз миннатдорчилигини билдирган.

 

Асад БОЙМУРОДОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.