Гулнора Каримова ўз туҳматлари учун жавоб бериши лозим

“Бўҳтон қиличдан ҳам мудҳишроқ қуролдир, чунки унинг ярасини умрбод даъволаб бўлмайди”, деган эди буюк алломалардан бири Г.Филдинг.

Инсонга нисбатан қилинган биргина бўҳтон унга қанчалар даражада руҳий ва жисмоний азоб беради. Агар у бўҳтон минглаб муштарийга эга бўлган нуфузли нашрда эълон қилинса-чи?

Туркиянинг кўп ададли “Ҳуррият” газетасида киборлар дунёси ҳақидаги мақолалари билан танилган журналист Асли Бориш “Ҳаётим Муҳташам юз йил каби”, “Ўзбекистоннинг биринчи қизи сўнгги пайтдаги иддаоларга жавоб қайтарди” деб номланган материал учун мулоқот жараёнида Гулнора Каримовадан махфий ва шифрланган электрон почтада ўзига мактуб келгани ва мактубда “Интервью бераман, фақат нима гапирсам, айнан шуни ëзинглар… Аммо  интервьюни зудлик билан эълон қилишларингиз шарт, чунки бироздан сўнг нима бўлишини биз ҳам билмаймиз”, деган сўзлар бўлганини ёзган.

“Газетанинг туркча саҳифасига Гулноранинг “юлдуз”лик пайтидаги 22 та фотосуратини жойлаган Асли Бориш Ислом Каримовнинг тўнғич қизини бу шаклда реклама қилишдан қандай манфаат топди экан?” деган савол ўша мақолани кўрганимдан бери хаёлимдан кетмаяпти ва мен ҳали ҳам бу саволга жўяли бир жавоб топишга умид қилиб турибман.

“Ҳуррият”да чоп қилинган интервьюдаги менинг шахсимга қилинган туҳмат ва ҳақоратлардан кейин газетанинг тарихи билан қизиқдим ва мазкур нашрга оид Фейсбукдаги маълумотлар билан танишдим.

1961 йилнинг 15 мартидан бошлаб фаолият юритиб келаётган “Ҳуррият” нашри асосчиси Илҳан Саваш иддаосича, газетанинг асосий принципи одиллик, холислик ва тарафкашликдан тийилиш экан.

Лекин отаси диктатор бўлган Гулноранинг “зудлик билан эълон қилишларингиз шарт” деб берган интервьюсида “оғир жиноятларда айбланаётган” кишиларга алоқадор маълумотларга аниқлик киритиши керак бўлганжурналист бу маълумотларнинг тўғри-нотўғрилигини текширмагани “ҳурриятчиларнинг холислиги” борасида ҳар қандай кишида шубҳа уйғотиши табиий.

Чунки техника ривожланган ҳозирги замонда Интернет орқали керакли ҳар қанча маълумотни топиш мумкин. Масалан, Гулноранинг бошига тушган барча кулфатларнинг асосий айбдорларидан бири сифатида талқин қилинаётган Мўътабар Тожибоева ҳақида маълумот олмоқчи бўлиб, google қидирув тизими орқали Mutabar Tadjibaeva деб қидирилса, бир неча сония ичида 197 мингта, Mutabar Tadjibayeva деб қидирилса, 4180 та маълумот топиш мумкин экан.

Агар Асли Бориш хоним газетасининг принципларига риоя қилиб, бирозгина вақтини сарфлаб, Гулнора Каримовага қарши курашаётган “жиноий  уюшманинг пешволаридан бири бўлмиш” Мўътабар Тожибоеванинг аслида кимлиги ва унинг аянчли тақдири ҳақидаги маълумотларни қўлга киритганида эди, бугунги кунда ўзини ҳам, газета жамоасини ҳам шарманда қилмаган бўларди.

Мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида мамлакатдаги амалдорларни қонунга риоя қилишларини талаб қилгани, 2005 йилнинг 13 май куни тинч намойишчилар ўққа тутилгани важидан халқаро мустақил текширув ўтказиш талаби билан чиққани учунгина қийноқ ва зўравонликларга рўбарў қилинган, ўзбек зиндонида йиллаб ваҳшиёна қийноқларга солиб келинган бир аёлга туҳмат қилишга шерик бўлишдан кўра Гулнора Каримованинг ёлғонларини фош қилишда иштирок этганида бу журналист хонимнинг эътибори нафақат туркиялик муштарийлар, балки зулмдан қадди дол бўлган ўзбек ҳалқининг олдида ҳам ошган бўларди. Таассуфки, Асли Бориш бундай йўл тутмаган.

“Ҳуррият”да эълон қилинган интервьюнинг учинчи – менга алоқадор бўлган қисмидаги саволдан кўриниб турибдики, Асли Бориш хоним Янис Галанос воқеасидан тўлиқхабардор бўлган. Яъни у Гулнора Каримовага: “Сиз томондан айтилган айбловларни бошқа бир шахслар рад қилиб келмоқда. Масалан, ўтган ҳафтада Твиттерда Янис Галаносни ўзбекистонлик терговчилар қийноққа солгани ҳақида хабар тарқатгансиз. У эса буни рад этган”, деган мазмунда савол берган.

Туркиялик журналист хоним Янис Галаноснинг Гулнора Каримова иддаоларини рад қилгани ва ўзига нисбатан қийноқ қўлланилмагани ҳақидаги маълумотни интервью олишдан аввал қўлга киритган экан, демак, Греция фуқароси Галаноснинг ўзига қийноқ қўлланилмагани ҳақидаги видеолавҳани тайёрлаш ва чоп қилишда Мўътабар Тожибоеванинг умуман алоқаси йўқлигини ҳам олдиндан билган.

Чунки 4 декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Реабилитация марказида Янис Галанос билан учрашиб, у билан суҳбатлашган ва суҳбатни видеотасвирга олган Ўзбекистонда фаолият юритувчи “Эзгулик” жамиятининг матбуот хизмати “ЯНИС ГАЛАНОС: “МЕНИ ҚИЙНОҚҚА СОЛИШАЁТГАНИ ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР ЁЛҒОН!” деб номланган пресс-релиз тарқатган.

Бу ҳақда “Озодлик” радиоси орқали 5 декабрь куни “Гулнора Каримованинг ҳамкори Янис Галанос ўзининг қийноққа солинганини рад қилди” номли мақола эълон қилинган ва айнан Янис Галанос билан учрашиб, у билан суҳбатлашган “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятовадан 4 минутлик интервью ҳам олинган. Янис Галанос билан учрашув акс этган видеолавҳа ҳам дастлаб “Озодлик” радиосида эълон қилинган.

Аввало шуни эслатиб ўтиш лозимки, Гулнора Каримова менга бўҳтон қилганини Твиттерда у билан мулоқот қилган журналист Галима Бухарбаева айтганидан кейин Асли Бориш хоним ва у фаолият юритаётган “Ҳуррият” газетасининг раҳбарияти туҳмат ва бўҳтонлардан иборат интервьюни бироз юмшатганлар ҳамда газетанинг интернет вариантига бироз ўзгартиш киритганлар. Жумладан, улар Гулнора Каримованинг “Бунинг ҳаммасини Мўътабар Тожибоева уюштирган” деган жумласини олиб ташлаганлар.

Янги вариантда абзац қуйидагича бошланган:  “Келинг, ҳаммасини бошидан муҳокама қиламиз. Нодавлат ташкилотлари, элчихоналар, хорижий оммавий ахборот воситалари ва блоггерлар Янис Галаносни Тошкент марказида таксида кетаётганда иккита автомобилдаги қуролланган гуруҳ томонидан ўғирлаб кетилгани, унинг оила аъзолари ва фарзанди ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги ҳақида хабар бердилар”.  Ваҳоланки, интервьюнинг аввалги вариантида хабар бердилар (reported) ўрнига ўйлаб топдилар (came up with info) деб ёзилганди.

Аслида Янис Галаноснинг ўғирлаб кетилгани ҳақида ҳеч қандай нодавлат ташкилоти, элчихона ва ё блоггерлар маълумот тарқатгани йўқ.

Фақатгина 16 ноябрь куни Центразия вебсайтида рус тилида “В Узбекистане похищен неизвестными гражданин Греции Янис Галанос” деб номланган қисқача хабар чоп қилинган. Бу вебсайт на нодавлат ташкилотларига, на элчихоналарга алоқаси йўқ мустақил нашр ҳисобланади. Мазкур сайтда 13 ноябрь куни соат 11.30 да президент трассасида иккита автомашинада қуролли кимсалар келиб, Янис Галанос кетаётган таксини бурчакка қисиб, Янисни тутиб, ўғирлаб кетгани ҳақида ёзилган.

Хабарда Янис Галаноснинг нималар билан шуғуллангани ҳақида ҳам маълумот берилган. Яниснинг онаси Греция фуқароси ва гўдак фарзанди қўлида қолган аёли унинг тақдиридан хавотирда экани ва тегишли органларга мурожаат қилганини ёзган. Унда: «Ҳеч бўлмаганда, мана шу хабаримизни чоп қилиб, бизга ёрдам қилинглар» дейилган ва Яниснинг онасига тегишли мобил телефони рақами (+998911621313) эълон қилинган.

30 ноябрь куни эса Гулнора Каримова Твиттердаги ўз саҳифасида Янис Галанос Ўзбекистон МХХ ертўласида “айбига иқрор бўлгунига қадар қийноққа тутилгани”ни иддао қилган.

У:»Янис Галаносни жуда қаттиқ калтаклашган ва у камера олдида кўрсатма беришга мажбур бўлган – қандай даҳшат, бу каби ҳолатларни аввал фақат фильмлардагина кўрардик», деб ёзган. Яна унинг ёзишича, Янис қийноқлар оқибатида Каримова Twitter-фолловерларининг 90-99 фоизи сохта, дея айтишга мажбур бўлган.

Гулнора Янис қийноқлар воситасида МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаев тўқиб берган матнни видеокамера олдида ўқишга мажбур бўлгани ва Янис Галаноснинг видео кўрсатмасини МХХ ичидагилар унга сиздирганини маълум қилган ҳамда “Галанос қийноқлар натижасида 20 килограммга озиб кетган ва унинг видеосида юзидаги кўкарган ва шишган жойлари билиниб турибди», деб таъкидлаганди.

Гулнора ўз интервьюсида бизнинг шу йил март ойида унинг Женевадаги кошонасига борганимизни ҳам эслатган. Мен ҳам эслатиб ўтмоқчиманки, Гулнора мазкур ташрифимиз юзасидан Женева полициясига арз қилиб, бизни Женевадаги истиқоматгоҳига ноқонуний бостириб борганликда айблаган ва менга қарши жиноят иши қўзғатишни талаб қилиб, ариза берган.

Бу туҳматларни у ўзининг шахсий блогида ва уни қўллаб-қувватловчи сайтларда чоп қилдирган ҳамда унинг кошонасига ҳужум қилганлигимизни исботловчи видео борлигини иддао қилган. Женева полицияси билан сўроқ-савол пайтида бу видеони талаб қилганимда полиция вакиллари менга: “Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий миссияси раҳбари айнан ўша куни видеокамералари улаб қўйилмаганини айтди”, дея жавоб қилишган. Биз ўзимиздаги видеолавҳани эълон қилиб, Гулноранинг қанчалик даражада ёлғон гапирганини, менга ва сафдошларимга нисбатан туҳмат қилганини фош этгандик.

Орадан кўп ўтмай, Гулнора Каримова мени Ўзбекистоннинг БМТ миссияси биноси гаражида турган машина ойнасини синдирганликда айблаб, менга нисбатан иккинчи марта туҳмат қилди. Женева полицияси эса миссияга қарашли автомашина ойнаси Женева халқаро аэропорти яқинидаги автостоянкалардан бирида синдирилгани, бу ҳодиса сиёсий ҳужум эмас, оддий безорилик бўлганини айтиб, Гулноранинг навбатдаги туҳмат ва бўҳтонини фош қилганди.

Янис Галаносга оид можаро бўйича ҳам Гулнора ўзига видеолавҳа сиздирилганини маълум қилса-да, ўша видеони жамоатчилик эътиборига ҳавола қилмаган. Бу эса бундай бир видео Гулнора Каримова тасарруфида борлигини ҳам савол остига қўяди.

Гулноранинг Твиттердаги хабари ортидан Греция Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароси Я.Галаноснинг тақдири билан қизиқиб қолганидан кейин МХХ, Ички ишлар вазирлиги ва Республика бош прокуратураси Янисни ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашувини ташкил қилиб берганлар. Айни пайтда улар учрашувдан олдин маҳбус билан “тарбиявий соат” ўтказганларининг ҳам эҳтимоли юксак.

Ўзбекистон қамоқхоналарида 970 кун ўтирган маҳкума сифатида бунақанги воқеаларга ўзим ҳам шоҳид бўлганман. Ўзбекистон ҳукуматининг қийноқларга оид жиноятлари ҳақида тинимсиз бонг ураётган ҳуқуқ фаоли ўлароқ расмийларнинг бундай ўйинларида ҳеч қачон иштирок этмаслигимни исботлаб ўтиришимнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

“Ҳуррият”даги интервьюнинг давомида Гулнора Каримова, жумладан, қуйидагича ёзғиради: “Қизиғи, чет эл фуқароси Янис Галанос тақдири бўйича Ўзбекистон хукуматига қаратилган бир қанча савол пайдо бўлган бир пайтда Мўътабар Тожибоева “Замондош” сайти билан биргаликда Яниснинг бахтли ва унинг хавфсизлигига қизиқиб турган оила аъзолари ва дўстларининг саволлари устидан кулиб берган жавобларини видеотасвирга олиб, бутун дунёга ёйинлади.

Кўплаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва мустақил блоггерлар аллақачон бу Миллий хавфсизлик хизмати ва унинг малайлари томонидан билимсизлик билан тайёрланган ёлғондан иборат ёзувни танқид қилдилар…

Видеолавҳада “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси”нинг қандай сўроқ-саволга тутаётгани кўринмайди: камера фақатгина Янисни кўрсатади…

Мўътабар ўзи таърифлайдиган “ваҳшийлар мамлакати”да имконсиз нарсага эришди: жуда осон ва тезликда (бир кеча ичида) учрашувга рухсат олиб, бутун дунё инсонларини тинчлантириш учун уч ҳафта олдин ўғирлаб кетилган одам хурсандчилик билан майда ҳуқуқбузарлик, яъни рўйхатдан ўтиш муддати бузилиши сабабли қамоқда ўтиришга рози экани ҳақидаги воқеани баён қилган. Лекин бу видеолавҳада уни нима учун қамоқда сақлаётганлари ва бу яна қанча давом этиши ҳақида битта ҳам сўз йўқ.

Ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган бир ҳуқуқ фаоли бизга буларнинг ҳаммаси Мўътабар Тожибоева муҳим ўринни эгаллаган катта бир жиноий уюшма қилмишларининг бир қисми эканини айтди…”

Гулноранинг бу гаплари ғирт ёлғондан иборат: 4 дақиқаю 38 сониялик бу видеолавҳанинг тўртинчи дақиқасидан бошлаб Янис Галанос билан суҳбатлашаётган Васила Иноятова яққол кўринган.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий миссияси собиқ раҳбари, Ўзбекистоннинг Испаниядаги собиқ элчиси, Ўзбекистондаги ёшларнинг “етакчиси” бўлмиш бу хонимнинг савияси шу қадарки, у ўзига алоқадор маълумотларнинг тўғри-нотўғрилигини текширмасдан, ёлғон маълумотларни етказаётган қўл остидаги югурдакларининг алдовига учиб, ўзини ўзи бутун дунё олдида шарманда қилмоқда.

Отаси Ислом Каримовнинг босими туфайли Ўзбекистонга қайтиб бора олмайдиган бўлиб қолган, Франциядан сиёсий бошпана олган ва ўз фаолиятини давом эттириб, режим жиноятларига қарши кескин курашиб келаётган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоеванинг Тошкентга бемалол бориши мумкинлиги, устига устак, уни ҳибсда сақланаётган қийноқ қурбони билан учраштиришлари мумкинлигига бировларни ишонтиришга уринишнинг ўзи ақлсизлик, деб биламан. Ватанни ташлаб чиқиб кетганимга беш йил бўлганига қарамасдан, шу кунда нафақат Ўзбекистонга, балки қўшни давлатларга ҳам бориш имконим чекланганини кўпчилик ҳамкорларим яхши билишади.

Бундан ташқари, Гулнора Каримова зикр этган видеолавҳа тасвирга туширилган кун – 4 декабрнинг эртаси, яъни 5 декабрь куни эрталаб мен Париждаги Франция Ташқи ишлар вазирлиги биносида Инсон ҳуқуқлари бўйича элчи Патрициана Спарасино-Тиллэй хоним билан учрашиб, айнан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид муаммолар ҳақида сўзлашганимни нафақат шу тадбирда иштирок этган ФДШ вакили Александра Кулаева ва “Ўтюракли талабалар” ҳаракатининг етакчиси Марина Лебедева, балки шу ҳақда сайтимизда чоп қилинган хабар ҳам тасдиқлайди.

 Ҳозир Ўзбекистонда жиноий аймоқларнинг ҳокимият учун кураши кучайгандан кучайди. Биз уларнинг бир-бирларига қарши фитналарига билиб-билмай аралашиб қолишдан ўзимизни эҳтиёт қиламиз, шу билан бирга, уларнинг жиноятларини фош қилувчи ҳар қандай материални бошқа сайтларда эмас, “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро ташкилоти муассис ҳисобланмиш www.jarayon.com сайтида уч тилда чоп қилишда давом этаверамиз.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Гулнора Каримованинг “Ҳуррият”га берган интервьюсида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, менинг шаъним, қадр-қимматимга доғ туширадиган ва фаолиятимга шак келтирадиган маълумотлар берилган.

Шаъним ва фаолиятимга нисбатан таҳқирли маълумотлар  ёйинлагани учун мен “Ҳуррият” газетасидан зудлик билан газетанинг ўша саҳифасида ва Гулнора Каримова берган интервью катталигида  инглиз ва турк тилларида раддия чоп қилишни (бу материал мен билан интервью шаклида ҳам берилиши мумкин), Гулнора Каримова, газета раҳбарияти ва Асли Бориш хонимнинг мендан газета орқали кечирим сўрашларини талаб қилишга қарор қилдим.

Раддиянинг туркча версиясида эса Гулнора Каримованинг 22 та расми ўрнига, фикримча, Ўзбекистонда қийноқ қурбони бўлган ва сиёсий сабабларга кўра қамалган 22 маҳкум фотосурати босилиши лозим. Менинг бу талабларим зудлик билан бажарилмаган тақдирда газетани ва Гулнора Каримовани менга қилган туҳматлари учун маҳкамага тортиш, менга етказилган маънавий зарарни ундириш учун Гулноранинг Франциядаги мол-мулкини менинг фойдамга мусодара қилиш талаби билан чиқишга мажбур бўламан.

Ўзининг жиноятларини яшириш мақсадида менга туҳмат қилган Гулнора Каримова “Ҳуррият”даги ёлғон-яшиқларидан завқланиб, Твиттерда обрў-эътиборимни тўкадиган хабарларни тарқатишни давом этмоқда. У мени гоҳ томларда учиб юрадиган Карлсонга ўхшатса, гоҳида “Мўътабар – ПАРИ” (Мутабар – ФЕЯ), дея калака қилмоқда.

Балки бу билан Гулнора Каримова ўзининг Женева полициясига ва Женева бош прокуратурасига менга нисбатан жиноят иши қўзғатишни талаб қилиб ёзган шикояти қаноатлантирилмаганлиги, Швейцария депутатига Гулнора ва Лола Каримоваларнинг Женевадаги кошоналарини қандай йўллар билан топилган маблағ эвазига сотиб олганларини текшириш ташаббуси билан чиқишни таклиф қилиб, мурожаат қилганимиз учун ўч олмоқчи бўлгандир?  Балки Гулнора БМТнинг Женевадаги вакили лавозимидан кетишга мажбур бўлгани, яъни дахлсизлик мақомидан айрилишида мени айбдор, деб ҳисоблар ва шунинг учун туҳмат уйдираётгандир?

Балки бу Гулнора уюштирган “Санъат ҳафталиги”га таклиф қилинмиш қўшиқчи Лара Фабианни диктаторнинг оиласи учун қўшиқ айтмасликка ундаганимиз, Гулноранинг таклифини рад қилишни сўраш ташаббуси билан чиққанимиз, бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган Франциядаги ҳамкоримиз АСАТ ташкилоти баёнотидан хабар топган Лара Фабиан диктаторнинг оиласи учун куйламаслигини расман эълон қилганидан кейинги шармандагарчилик ортидан пайдо бўлган аламдир?

Унинг айнан Туркиядаги “Ҳуррият” газетасига интервью беришига эса яқинда ташкилотимиз томонидан Гулноранинг холаси Тамара Сабировага қарашли Истанбулдаги кўчмас мулкни аниқлаганимиз ва бу борада Туркия адлия вазири жаноб Саъдуллоҳ Эргинга (Sadullah Ergin) мурожаат қилиб, диктаторнинг қариндошлари ва оила аъзоларининг Туркиядан сотиб олаётган кўчмас мулкларини назоратга олишни сўраганимиз ҳам асос бўлган бўлиши мумкин.

Мен ўзимга қилинган туҳматга алоқадор Янис Галаноснинг бугунги вазияти ҳақида маълумот олиш учун Центразия сайтида чоп қилинган телефон рақамига қўнғироқ қилдим ва унинг турмуш ўртоғи билан гаплашдим. Саволларимга жавоб берган аёлнинг айтишича, Янис Галаноснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун унинг оиласи томонидан адвокат ёлланган, лекин адвокат ҳанузгача Галаноснинг қаердалигини аниқлай олмаган. Оила аъзолари Янис ҳибсга олинган кундан то бугунги кунгача уни кўрмаганлар, унинг қаердалигини билмайдилар ва унинг вазияти ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслар.

Мен Ўзбекистон қамоқхонасида 2 йилу 8 ой узлуксиз қийноққа солинган инсон сифатида Янис Галаноснинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилмагани ва ҳеч қандай муаммолари йўқлиги ҳақидаги видеолавҳа ёйинланишига мутлақо алоқам йўқлигини, лекин у видеони кўрганимни, у шундай деб жавоб беришга мажбур қилинганини билиб турганимни айтганимда, аёл уларга “Замондош”даги видеоролик менинг аккаунтимдан қўйилганлигини айтишганини маълум қилди. Лекин мен “Замондош” вебсайтининг асосчиси Ризо Обид билан гаплашганимда, у мазкур видеоролик унинг электрон почтасига “Эзгулик” жамияти электрон почтасидан келганини айтди.

Мен Янис Галаноснинг турмуш ўртоғига зудлик билан Греция Ташқи ишлар вазири номига мурожаатнома билан чиқиш ва ўз фуқаросининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини талаб қилиш кераклигини тушунтира бошлаган пайтимда алоқа узилди ва у аёл билан қайтиб боғлана олмадим.

Мен Гулнора Каримованинг интервьюсидаги биргина фикрга қўшила оламан – у ҳам бўлса, Ўзбекистонни қароқчилар гуруҳлари бошқараётгани, мамлакатда қийноқлар мунтазам кўринишга эгалиги ва Янис Галаноснинг ҳаёти хавф остида эканига.

Франциянинг “Озодлик, тенглик, биродарлик” мукофоти совриндори бўлмиш “Ўтюраклар Клуби” номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари, қийноқ қурбони, собиқ сиёсий маҳкума, Мартин Энналс мукофоти совриндори Мўътабар Тожибоева.

2013 йилнинг 12 декабри. 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.