Жаноб Абдукарим Шодиев, Акмал Саидов жаноблари бошчилигидаги Женевада БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасининг навбатдаги тадбирида кўрсатган саҳна кўринишларингизга қойил бўлмаган инсоннинг ўзи қолмади. Халқаро миқёсдаги ҳуқуқшунослар, экспертлар, халқаро ташкилотлар вакилларининг барча-барчасини оғзингизга қаратиб қўйиб, уялмай-нетмай ёлғонларни гапирдинглар. Мен Ўзбекистон ҳукуматининг жиноятларини хаспўшлаш учун жон куйдириб, жазавага тушган Акмал Саидовга эмас, айнан сизга мурожаат қилишга қарор қилдим.
Бунга менинг сиз билан икки марта ва турли вазиятларда юзма-юз келганим ҳам асосий туртки бўлди. Ўша учрашувларимиз пайти ва ҳозирги БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси вакилларининг саволларига ёлғонлардан уялмаган ҳолда жавоб бераётган паллангизни, қийноқ қўллашда шахсан ўзингизнинг асосий ричаг сифатидаги ролингизни билганим учун ҳам бу икки ҳолатни солиштира туриб, “наҳотки инсон шунчалар даражада мунофиқ бўлиши мумкин бўлса”, деб ўйлаб қолдим.
Фарғонадаги 10-сонли тергов изоляторининг 6-сонли камерасида аёллар қамоқхонасидан менга нисбатан қийноқ қўллаш учун “махсус хизмат сафари”га жўнатилган маҳкумалар Бондаренко Марина ва Минзулина Зулфиялар билан камерадалигимда сиз бошчилигингиздаги махсус комиссия вакиллари камерага кириб келгандинглар. Ташрифингиз Марина Бондаренконинг 2005 йил 24 октябрь куни менинг бўйнимга пичоқ тираб, қийноқ қўллагани сабабли очлик эълон қилган кунимдан икки кун кейин, яъни 26 октябрга тўғри келганди.
Шунда Бондаренко сизга алоҳида мурожаати борлигини айтганди ва уни олдингизга солиб, олиб чиқиб кетгандингиз. Шу куни тушдан кейин Марина Бондаренкога адвокати унинг учун “передача” топшириб кетганлиги ҳақида постовой милиционерлар хабар қилишди ва Бондаренкога пачка-пачка сигаретлар, шашка-ю радиоприемникдан тортиб бир қанча буюмлар топширишди. Кейин билишимча аёллар қамоқхонасида туғилган ва хеч кими йўқ, диний ва сиёсий маҳкумларга қийноқ қўлловчилар гуруҳининг энг ашаддийси бўлмиш “қулоқ” Бондаренко менга нисбатан қийноқ қўллаш ҳақидаги топшириқни ортиғи билан бажаргани учун бу сизнинг унга қилган совғангиз экан.
Иккинчи марта эса сизни 2007 йилнинг 15 август куни аёллар қамоқхонасида кўрганман. Шу куни 3-туркум 31-бригада маҳкумаси Ўринова Лобар қамоқхонадаги очликка дош беролмай, қўшни маҳкумаларнинг егуликларини сумкаларидан ўғирлагани фош бўлганидан кейин маҳкумалар томонидан қийноққа тутилганди.
Навбатдаги жазо ҳақида хабар топганидан кейин қийноқлардан чўчиган Лобар эрта тонгда медсанчастнинг томидаги қумлар орасига ўзини кўмиб яширинганди. Лобарни топиш учун жалб қилинган итлар, спецназлар ва бошқа органлар вакиллари томонидан олиб борилаётган қидирув ишлари фойда бермаётган, Лобарнинг қочгани ёки ўлдирилганига айбдор, деб ҳисобланаётган маҳкумаларни жазо изоляторига олиб кириб, ваҳшиёна қийноқлар қўлланилаётган паллада сиз бошчилигингиздаги амалдорлар аёллар қамоқхонасига кириб келгандинглар.
Шу куни на нонушта, на тушлик қилишга рухсат берилмаётган ва эрталабдан буён қуёш жазирамасида сафларда тик турган, очлик ва ҳолсизлик туфайли ҳолдан тойиб, бирин-кетин ҳушидан кетаётган маҳкумаларнинг ёнига келиб, қамоқхона маъмурларига ҳеч бир маҳкумани сафдан чиқармасликни, “улар ўлса ҳам сафда туриб ўлишлари” топшириғини берганингиз ҳамон эсимда. Шунда қамоқхона раҳбари Раъно Тошхўжаевага нимадир деганингизда, Тошхўжаева: “маҳкума Мўътабар Тожибоева олдинги сафга чиқсин”, деб топшириқ берди.
Ҳолсизликдан икки маҳкумага суянган ҳолда олдинги қаторга чиққанимда, гўё Ўринованинг қотилига рўпара келгандек, менга нафрат билан тикилиб, “Ўринованинг қаердалигини айтишмас экан, бу ҳайвонларга сув ҳам берманглар! Оч қўйинглар!” дея ўшқиргандингиз. Шу куни кечки 19 ларга яқин Лобар топилди, унгача маҳкумаларга, сиз айтгандек, ҳатто сув беришни ҳам таъқиқлашди. Қуёшнинг жазирама иссиғига дош беролмасдан қанчадан-қанча маҳкуманинг аҳволи оғирлашди, бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Ҳушидан кетган маҳкумалар эса дарахтлар тагига қатор қилиб ётқизиб қўйилди, холос.
Женевадаги барча ёлғонларингиз сингари менга боғлиқ ёлғонларни гапирганингизни видеороликдан кўриб, ўша эски учрашувларимизни эсладим.
Сиз бошқа шерикларингиз сингари Ўзбекистондаги тергов изоляторларида, маъмурий органлар ертўлаларида, қамоқхоналарида маҳкумларга қийноқлар қўлланилмаслиги ҳақидаги афсонага ҳаммани ишонтиришга ҳаракат қилаётган паллангизда бу ёлғонларингиз бир кун фош бўлишини била туриб, афсона тўқишдан ўзингизни тия олмаганингизни тушуна олмадим.
Сиз Женевадаги анжуманда мени Ўзбекистон қамоқхонасида оғир касалликка, ракка чалинганимни баралла овоз билан баён қилдингиз. Мен сиздан: “Бу афсонангизни исботлайдиган ҳужжат тақдим қила оласизми?” деб сўрамоқчиман. Эҳтиросларни бир четга қўйиб, сизнинг фикрларингизга ҳуқуқий томондан баҳо берайлик! Ана шунда сизнинг қанчалар даражада мунофиқлик қилиб, Ўзбекистонда кенг қўлланилаётган мажбурий стерилизациялаш жиноятини яшириш мақсадида Женева тадбири иштирокчиларини алдаганингиз яна бир бор ўз исботини топади. Чунки қўлимдаги ҳужжатлар сизнинг гапларингиз ёлғон эканини тўлалигича исботлайди.
Масалан, 2008 йил 18 январида Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси Тошкент вилоят махсус прокурори М.М.Салихов ўзининг № 5/М-08 рақам билан оиламдагиларга йўллаган жавоб хатида қуйидагиларни баён қилган:
“… Аниқланишича, опангиз М.И.Таджибаева суд томонидан тайинланган жазони УЯ 64/7- сонли муассасада 7 июль 2006 йилдан ҳозирги вақтга қадар ўташ давомида турли касаллик бўйича мутахассислар кўригидан ўтказилган ва даволанган.
Жумладан: қайд қилинган вақт давомида касалликларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида унинг қон таркиби 10 маротаба текширилган, 4 марата рентген текширувидан ўтказилган, 17 марта гинеколог, стоматолог, терапевт, психиатр ва бошқа шифокор мутахассислар кўригидан ўтказилган. 12 маротаба амбулатория шароитида ва 4 маротаба касалхонада даволанган, охирги марта 2007 йилнинг 18 ноябридан 7 декабрига қадар касалхонада сурункали трахеид, ОРЗ ва цистит ташхиси билан даволанишга ётқизилиб, малакали даволаш чоралари кўрилиб, яхши ҳолатда касалхона ҳисобидан чиқарилган ва туркумга ўтказилган.
Опангиз жазо муддатини ўташ давомида юрак ва буйрак касалликлари, бўғинларнинг оғриши ҳамда оёқ шиши юзасидан тиббий қисмга мурожаат қилмаган ва бундай касалликлар унда аниқланмаган.
Аризага илова қилинган “Тиконли сим ортидаги нидолар” сарлавҳали маълумотномада келтирилган ҳолатлар текшириш чоғида ўз исботини топмади…”
Агар 2008 йилнинг 17 март куни саратон касаллигига чалинганим учун жарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, нима учун 18 январда оила аъзоларимга мутлақо соғломлигим ҳақида расмий ҳужжат тақдим қилинди? Ёки саратон касаллиги шунчалик тез ривожланадими? Икки ой муқаддам соғлом бўлган шахс орадан икки ой ўтгач, саратон касали билан оғригани сабабли жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлиши мумкинми?
Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси президенти сифатида 1996 йил 29 август куни имзолаган 265-1-сонли “Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига (“Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш”) кўра, “Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади ва доимий тиббий кузатув таъминланади.
Ижтимоий аҳамиятга молик касалликлар рўйхати ва бундай касалликларга чалинган шахслар учун имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам турлари ва ҳажмини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда белгилайди”.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 март кунги “Ижтимоий аҳамиятли касалликлар рўйхатини тасдиқлаш ва бундай касалликларга дучор бўлган шахсларга имтиёзлар белгилаш тўғрисида”ги 153-сонли қарорининг 1-иловасига кўра, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар ижтимоий аҳамиятли касалликлар рўйхатига киритилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 153-сонли қарорида эса:
“2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, муассасалар ва ташкилотлар ижтимоий аҳамиятли касалликларга дучор бўлган шахслар учун назарда тутилган барча имтиёзлар берилишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий аҳамиятли касалликларга дучор бўлган шахслар учун тиббий ёрдам ҳажми ва турларини бир ой муддатда белгиласин”, дейилган.
Агар мен ҳақиқатан ҳам саратон касаллигига чалинган бўлсам ва шунинг учун зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кўзда тутилган бўлса, нима учун “ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли даволаш-профилактика муассасаларида” менга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилмади ва доимий тиббий кузатув таъминланмади?
Ахир мен қамоқдан озод қилинган куним 2 июндан то 13 сентябргача мамлакатда бўлганман-ку. Нима учун 100 кун ичида ижтимоий аҳамиятга молик касалликка чалинган беморнинг қонунда кўрсатилган ҳуқуқларини таъминламадинглар?
Аксинча, 2008 йилнинг 9 июнь куни аҳволим оғирлашган паллада сизларнинг топшириқларингизни бажаришга бел боғлаган Марғилон шаҳар ипак комбинати поликлиникасининг гинеколог врачи Рўзиматова Гулнора мени қабул қилиш ва медицина хизмати кўрсатишдан кескин бош тортганди. Бир неча марта аҳволим оғирлашган паллада чақирилган тез тиббий ёрдам вакиллари мени касалхонага олиб борганларида касалхоналардаги навбатчи шифокорлар мени қабул қилишга ва медицина ёрдами кўрсатишга юраклари дош бермаганди. Бунинг натижасида аҳволим баттар ёмонлашганди.
“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасида (“Фуқароларнинг ўз соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумот олиш ҳуқуқи”) айтилишича, “Ҳар бир фуқаро ўз соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумот, шу жумладан, текшириш натижалари, қандай касали борлиги, қандай ташхис қўйилганлиги, касалликнинг бундан буён қандай кечишига оид тахминлар, даволаш усуллари ва бу усуллар билан боғлиқ хавф-хатар, тиббий аралашувнинг эҳтимол тутилган турлари ва уларнинг оқибатлари, амалга оширилган даволашнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.
Фуқаронинг соғлиғи ҳақидаги маълумотни унинг ўзига, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахслар ҳамда қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз, деб топилган фуқаролар соғлиғи тўғрисидаги маълумотларни эса уларнинг қонуний вакилларига даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори, бўлим мудири ёки текшириш ва даволашда бевосита қатнашаётган бошқа мутахассислар беради.
Фуқаронинг талабига мувофиқ, унга соғлиғининг ҳолатини акс эттирувчи тиббий ҳужжатлардан кўчирмалар берилади.
Фуқаронинг тиббий ҳужжатларида акс этган маълумотлар шифокорлик сири бўлиб, у фақат ушбу Қонун 45-моддасинингучинчи қисмида назарда тутилган асослардагина фуқаронинг розилигисиз тақдим этилиши мумкин”.
Қамоқдан кейин аҳволим оғирлашгани сабабли 16-26 июнь кунлари Марғилон шаҳридаги “Қалби солим” хусусий шифохонасига ётқизилган палламда эса қамоқда қилинган операция ҳужжати йўқлиги, қандай касаллик сабабли операция қилинганимни билмаганликлари учун ташхис қўйишга, даволашга қийналганлари ҳамон эсимда. Тошкент шаҳрига бориб, жарроҳлик амалиёти ўтказган онкология диспансерига учрашга рухсат бермаган Марғилон шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи Камолиддин Обидов эса мени шаҳардан ташқарига чиқармаслик мақсадида паспортимни олиб қўйганди.
2008 йил 17 март куни ўтказилган операцияга алоқадор ҳужжатларни беришларини сўраб, Тошкент шаҳар Онкология касалхонаси хирургия бўлимига ва аёллар қамоқхонаси маъмуриятига, қамоқхона бош врачи Юлия Кумаринага тинимсиз қилинган ёзма мурожаатлар оқибатсиз қолдирилди.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг орадан 3 ойдан ортиқроқ муддат ўтганидан кейингина, 2008 йил июнь ойи охирларига бориб Тошкент шаҳар Онкология диспансери хирургия бўлими бошлиғи профессор Наргиза Атаханова, касалхона бош врач ўринбосари Д.М.Исақов ва даволовчи врач Наргиза Негматжоновна Захирова имзоси билан расмийлаштирилган бир варақдан иборат бўлмиш № 1046/110-сонли касаллик тарихидан кўчирмани қўлга киритишга эришдим.
Ушбу касаллик баённомасидан кўчирмада қуйидагилар баён қилинганди: “Больной произведена операция – Лапаратомия. Разъединение спаек. Ампутация матки с придатками. Ушивание десерозированных участков прямой кишки”.
Агар мен саратон касаллигига чалинган бўлсам ва айнан шунинг учун жарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, нима учун кейинчалик соғлиғимни тиклашим учун ва шифокорлар назоратида туришим учун касаллик тарихим нусхаси шу бугунги кунчага берилмади? Нима учун касаллик тарихидан қўчирмани ҳам орадан уч ўтгандан кейингина берилди? Нима учун касаллик тарихидан кўчирмада саратон касаллигига чалинганим сабабли жарроҳлик амалиёти ўтказилгани ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган?
Сизнинг ёлғонингизга назар ташлайдиган бўлсак, мен кўзда ёш билан ёрдам сўраб, ариза билан мурожаат қилганмишман. Белгиланган қоидага кўра, маҳкумдан тиббий муолажа учун ёзма равишда розилик олишга мажбур эмишсизлар.
“Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига (“Тиббий аралашувга розилик бериш”) кўра, “Фуқаронинг ўз касалига доир маълумотларни билган ҳолда ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки зарур шартидир.
Фуқаронинг аҳволи ўз хоҳиш-иродасини изҳор этишга имкон бермайдиган, тиббий аралашувни эса кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда фуқаронинг манфаатини кўзлаб, тиббий аралашувни амалга ошириш масаласини консилиум ҳал қилади, башарти консилиумга йиғилишнинг иложи бўлмаган тақдирда эса, кейинчалик даволаш-профилактика муассасасининг мансабдор шахсларини хабардор қилиш шарти билан бевосита даволовчи (навбатчи) шифокор ҳал этади”.
Агар мен саратон касаллигига чалинганимдан хабардор бўлган ва жарроҳлик амалиёти ўтказишга, бачадоним олиб ташланишига ёзма равишда розилик берган бўлсам, менинг ўз қўлим билан ёзилган ва шахсан мен имзо чеккан ҳужжат нусхасини БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси вакилларига тақдим қила оласизми? Бир неча марта миннатдорчилик билдириб, сизларга мурожаат қилганимни қандай хужжатлар билан исботлайсиз?
Сизнинг фикрингизча, мен муддатидан олдин озодликка чиқарилганимдан ва даволанишни давом эттиришим учун мамлакатдан чиқишимга рухсат берилгандан кейингина ҳалқаро ташкилотлар вакиллари эшитишни хоҳлаган керакли кераксиз гапларни тарқата бошлаганмишман.
2008 йилнинг май ойида узоқ муддатли учрашувга кирган қизим Маҳлиёга: “Қийноқлар ороли асирасини қутқаринглар!” номли мурожаатномамни жамоатчиликка етказиш мақсадида бир амаллаб олиб чиқиб кетиши учун берганимда, ушбу мурожаатимни набирам Зебонинг памперси орасига қўйиб, олиб чиқиб кетаётган паллада тинтув қилиб топиб олганларида менга биринчи марта ҳаққоний интизомий жазо белгиланганди, яъни мен биринчи марта қамоқхона ички тартиб-қоидаларини бузгандим.
Мени интизомий жавобгарликка тортиш учун ҳужжат расмийлаштириш пайтида ҳолсизликдан қатор қилиб териб қўйилган стуллар устига ётиб, сўроқларга жавоб бергандим. Мени сўроқ қилаётган қамоқхонанинг тезкор бўлими бошлиғи Александра Якубовичга ноқонуний ва ўзимнинг ихтиёримсиз ўтказилган жарроҳлик амалиёти сабабли аҳволим борган сари оғирлашаётгани, ушбу амалиёт туфайли дунёдан кўз юмсам, мустақил суриштирувлар ўтказишни сўраб, кечаси билан қийналиб ёзиб чиққаним хабарни ташқарига чиқара олмаганимдан афсусдалигимни айтганим ҳамон ёдимда.
Лекин қамоқдан чиққан кунимдан бошлаб оммавий ахборот воситалари орқали ўзимга нисбатан ўтказилган шубҳали жарроҳлик амалиётидан норозилигимни айтиб, шу кунгача жарроҳлик амалиётига оид ҳужжатларни тақдим қилмай келинаётганида Ўзбекистон ҳукуматини айблаб, интернет нашрларида чиқишлар қилиб келмоқдаман. Бунинг исботи тариқасида Фарғона.Ру сайтида 2008 йил 5 июль куни чоп қилинган “Тожибоева расмийлар унинг соғлигига қасддан зарар етказишган, дея шубҳаланмоқда” номли мақолани мисол қилиб келтириш мумкин.
“Ўзбекистон турмаларида уч йилга яқин ўтирган ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева 4 июль куни очиқ хат ёйинлади. Унда айтилишича, Мўътабар қамоқда ўтирган пайтида расмийлар унинг соғлиғига қасддан зарар етказишган.
Тожибаевага кўра, қамоқдан чиққанидан кейин унинг саломатлиги кескин ёмонлашган. Турмада унга қандайдир гинекологик операция қилишган. Тожибоеванинг гумон қилишича, расмийлар назорати остида ўтган жарроҳлик операцияси унинг умрини қисқартирувчи оқибатларга олиб келган.
Тожибоева озодликка чиққанидан кейин хусусий клиникада соғломлаштирувчи даволаниш муолажаларини ўтаган. Лекин маҳаллий гинекологлар турмадаги операциядан кейинги шифокор варақчасининг йўқлиги важидан уни батафсил текширувдан ўтказа олишгани йўқ”.
Жаноб Шодиев!
Сиз таъриф берганингиз каби мен қийноқ қурбони бўлмаган бўлсам, қамоққа олингунча мутлақо соғлом бўлган инсон оғир касаллик – саратонга чалиниб, жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезадиган даражага тушиб қолган бўлсам, бунга ким айбдор? Менда бу касаллик нима сабабдан пайдо бўлди? Музлама тергов изоляторларида юпун ёзги кийим билан ушлаб туриб, бир йил муддат ичида 112 сутка жазо изоляторларига қамаб, пайдо қилмадингларми мени жисмимда саратонни?
2013 йилнинг февраль ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқларга қарши қўмитасига ФДШ ва РЕДРЕСС ташкилотларининг ҳуқуқшунослари ёрдамида ёзган шикоятимнинг ҳар бир сатри, сиз таърифлагандек, афсоналарга эмас, ҳақиқатга ва ҳақиқатни исботловчи далилларга, ҳужжатларга асосланган ҳолда ёзилган.
Ўзбекистон ҳукуматига ёзилган шикоятда келтирилган важлар юзасидан ўз жавобини 2013 йил 6 августигача БМТга ҳавола қилиши керак эди. Сизлар жавоб бериш муддатини 16 сентябрга кўчиришни сўрагансизлар. Лекин сизлар сўраган такрорий муддатнинг ўтганига ҳам мана икки ойдан ошди.
Нима учун менинг шикоятимда келтирилган важларнинг ёлғонлигини далиллар билан исботлаш ўрнига менга қарши руҳий қийноқ қўллашга, менинг саратон касалига чалинганимга ишонтиришга ҳаракат қилаяпсизлар? Нима учун 68 варақдан ва 240 пунктдан иборат шикоят важларининг ёлғонлиги ҳақидаги хужжатларни тақдим қилмадинглар шу кунгача? Сизларга бу йўлда нима тўсқинлик қилмоқда?
Жаноб Шодиев!
Сиз раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ қурбони бўлиб, вафот этган маҳкумлар сизларнинг ваҳшиёна жиноятларингиз ҳақида ҳеч қачон гувоҳлик бера олмайдилар ва жиноятларингиз учун жавоб беришларингизни талаб қилолмайдилар. Бугунги кунда сизларнинг қийноқ тегирмонингизда азоб тортаётган сиёсий маҳкумлар ва диний эътиқоди учун азият чекаётган виждон тутқунлари жиноятларингиз ҳақида гувоҳлик беришга ожизлар, чунки жамоатчилик уларнинг дод-фарёдини эшитиш имкониятидан маҳрум.
Лекин қийноқ қурбонларидан бири, собиқ сиёсий маҳкум сифатида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси йиғилишида қўмита вакилларининг сизларга берган 41 та ёзма саволига берган жавобларингизни қанчалар даражада ёлғонлигини исботлаб берадиган далиллар билан махсус журнал чоп қилиш ва келаси анжуманда ўз қўлим билан журналларни ҳар бир давлат вакилига, қўмитанинг ҳар бир аъзосига тарқатиб чиқиш, анжуманда шахсан ўзим иштирок этиб, сизларнинг жиноятларингизни исботловчи ҳужжатларни тақдим қилиш ва Ўзбекистон ҳукуматининг жиноятлари ҳақида гувоҳлик беришни ваъда қиламан. Сизларнинг зулмингиздан озод бўлган собиқ маҳкумлар – қийноқ қурбонлари ҳам мен билан бирга сизларни фош қилишга ўз ҳиссаларини қўшадилар, деб умид қиламан.
Шодиев жаноблари!
Биласизми, шундай кунлар келадики, менинг набираларим Мўътабар Тожибоеванинг авлоди эканини фахр билан айтаётган паллада сизнинг набираларингиз айнан қийноқ механизмининг бош ихтирочиларидан бири бўлмиш қўли қонга ботган Абдукарим Шодиевнинг набираси эканларини имкон қадар яширишга ҳаракат қиладилар. Мен шундай кунлар келишига ишонаман!
Ўзим ёзганим ва бугунги кунда инглиз тилига таржима қилиниб, чоп этиш масаласи муҳокама қилинаётган “Қийноқлар ороли асираси” номли асаримда сиз ва сиз хизмат қилаётган ҳукуматнинг жиноятларини батафсил очиб берганман. Умид қиламанки, ҳали бу китоб асосида фильмлар яратилади ва бу фильмнинг бош қаҳрамонларидан бири сиз бўласиз, албатта.
Собиқ маҳкума, қийноқлар қурбони Мўътабар Тожибоева
Fikr bildirish